Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

ЗУҲРА АШУРОВАНИНГ ЭГИЗАГИ ҚАЕРДА?

Унинг ним табассумли чеҳрасида ҳақиқий ўзбек аёлини кўрасиз. Берилиб, тўлқинланиб гапиришида ўзбекона жозиба яққол акс этиб туради. Театр ва кинодаги кўпгина ижроларида миллий образларни моҳирона гавдалантириб келаётган Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Зуҳра АШУРОВА билан суҳбатни айни шу мавзуда бошладик.

ЗУҲРА АШУРОВАНИНГ ЭГИЗАГИ ҚАЕРДА?

— Кўпинча менга миллий қаҳрамонларни ижро этиш вазифаси топширилади, — дейди актриса. — Режиссёр Мақсуд Юнусовга шу саволни беришганда, «Зуҳранинг ташқи кўринишида миллийлик уфуриб туради», деб жавоб берган эди.

Болалигимда «Ўткан кунлар» фильмини томоша қилиб, Гулчеҳра Жамилованинг ижросидан роса таъсирланганман. Актрисанинг гўзаллиги ва нафислигига жуда ҳавас қилардим. Кумушнинг ҳаё-ибоси қалбимда чексиз из қолдирган…

Мактаб давримда эса «Юлдузли тунлар» асарларини мароқ билан ўқиб, қаҳрамон аёллардаги ўзига хос миллий руҳ қалбимга жо бўлган. Лекин ўша пайтда келажакда актриса бўлиб, Хонзода образини  ижро этиш хаёлимга ҳам келмаган.

Мактабни тамомлагач, дадам «Энди қаерда ўқиймиз?» деб сўради. Мен санъат соҳасини хоҳлаётганимни айтдим. Дадам бироз ўйланиб турди-да, «Майли, қайси соҳада бўлса ҳам ўқигин», деб розилик берди. Болаликда қалбимда уйғонган ҳавас секин-аста мақсадга айланиб, рўёбга чиқа бошлади. Имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, санъат олийгоҳига кирдим.

«Шундан кейин хонзодалар кўпайди...»

— Ҳавас ортидан санъатга кириб келган қиз учун илк ижроларнинг ҳаяжони ҳам ўзгача бўлгандир?..

— Биринчи ролим олийгоҳ саҳнасида ижро этган «Қутлуғ қон» романидаги Гулнор образи. Ҳақиқатан, саҳнанинг ўз салобати бўлар экан. Бошида жуда ҳаяжонга тушдим.

Кейинчалик рус драматургининг асарида она образини ўйнадим. Бу ролим битирув ишимда ҳам катта ёрдам берди. Ўқиб юрганимда «Илҳом» театр студиясида Шароф Бошбековнинг «Оқ отлар учун вальс» драмасида Зумрад ролини ўйнадим. Театрга келганимда эса «Зебинисо» спектаклини саҳналаштириш жараёни кетаётган экан. Бу асарда канизак эпизодини ижро этдим. Мени  элга танитган асар Ўлмас Умарбековнинг «Кузнинг биринчи куни» драмаси бўлди. Бу спектакль телевидениеда намойиш этилгач, кўпчиликдан илиқ фикрлар эшитдим.

1990 йилда «Бобур» видеофильмида Хонзода образини ўйнадим. Шундан кейин кўпчилик қизларига шундай исм қўя бошлади.

— «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» туркумидаги пьесаларда ижро этган ролларингизни севиб томоша қилганмиз. Уларда аёлларнинг дарди ва қувончини моҳирона очиб беришингизга бирор нарса туртки бўлганми?

— 1998 йили кўрсатув режиссёри таклифи билан илк бор ёш келин ролини гавдалантирдим. Ижром маъқул келди шекилли, кейин бошқа ролларга ҳам таклиф қила бошлади. Аниқ бирор турткини айтолмайману, аммо ҳар бир ролни мароқ билан ўйнардим. Чунки кўтарилган мавзуларда ҳаётийлик, инсонлар қалбига яқинлик бор эди. Шунинг учун ҳам халқ бу кўрсатувни севиб кўрарди.

Оила ва ижод муштараклиги

— Эркак киши аёлининг фарзанд тарбиясига кўпроқ вақт ажратиши, уларга эътиборли бўлишини истайди. Сизнинг оилангизда-чи?

— Бизнинг оилада ҳам турмуш ўртоғим фарзанд тарбияси ва уларни қаровсиз қолдирмасликка жиддий қарайди. 

«Бобур» видеофильмидаги уруш саҳналарини тасвирга тушириш учун Ўшга боришимизга тўғри келган. Шунда болалар кимда қолади, деган масала кўтарилди. Шундай вақтларда онам, қайнонам катта ёрдам беришган. Айниқса, қайн­опамнинг хизматлари беқиёс. Сафарларга кетадиган бўлсам, «ҳеч нарсани ўйламанг, мен қарайман болаларга, сиз халқ хизматида бўлинг», деб олиб қоларди.

— Турмуш ўртоғингиз оилага эътибор борасида анча талабчан кўринади. Санъатнинг масъулияти ҳам жуда оғир. Тарозининг бу икки палласини мувозанатда ушлашнинг сири нимада?

— Гарчи оиламизда санъаткорлар бўлмаса-да, ижоднинг ичида юрган, унинг паст-баландини тушунадиган оилага келин бўлдим. Қайнонамнинг отаси Ҳамидулла Наримонов шу театрда ишлаган. Қолаверса, куёвлари, қизлари санъаткор бўлгани учун мени ҳам тўғри тушунган. Турмушдаги турли вазиятларда болалигимда онамдан ўрганган сабр-қаноат ва хушмуомалалик каби хислатлар менга жуда катта ёрдам беради.

...Ота-онам бизнинг олдимизда сан-манга борганини эслолмайман. Балки уларнинг орасида ҳам гап-сўзлар бўлгандир. Лекин буни бизга билдиришмаган. Эсимда қолгани, дадамнинг жаҳли чиққанда, ойим «тўппа-тўғри», деб турарди. Бироз вақт ўтиб, ҳовуридан тушгач, «унинг мана бу томони ҳам бор», деб фикрини билдирарди. Шундай тарбия олганим учун ҳам оила саҳнасида сабрли аёл образини ижро этишга ҳаракат қиламан.

— Бугун баъзи ёшларнинг оилага жуда енгил қараб, ҳатто, ажрашишгача бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Нега бундай воқеалар кўпайяпти, деб ўйлайсиз?

— Аслида уларнинг ажрашиб кетаётганига биз ота-оналар ҳам айбдормиз. Буви-буваларимиз, ота-оналаримиздан олган сабоқларимизни етказиб бера олмаяпмиз. Ҳар бир ота-она ўзига яраша қийинчиликларни бошдан ўтказган. Энди улар «фарзандим қийналмасин», деб енгил ҳаётга ўргатиб қўйяпти. Болаларга ёшлигидан сабр-қаноатли бўлишни ўргатмаяпмиз. Назаримда, уларнинг ажрашиб кетишидаги энг катта айбимиз шу.

— Сизни экранда, саҳнада кўрган томошабин фақат ижод билан машғул инсон, деб ўйлайди. Лекин ҳар бир аёлнинг оилада бажарадиган вазифалари бор. Уй бекаси сифатида бу ишларни бажаришга улгурасизми?

— Кичик қизим анча дастёр. Овқатларни ҳам жуда ширин қилади. Лекин вақтим бўлди дегунча, уй ишларини ўзим қиламан. Ҳовли супуриш, идиш ювиш кабиларни завқ билан бажараман. Баъзан ишдан, сафардан чарчаб келганимда, шу ишларни қилиб, ҳордиқ чиқараман.

«Онага етказганига шукр»

— Баъзи актёрлар ролни танлаб ижро этишади. Сиз саҳналаштирилаётган спектакль ва суратга олинаётган фильмларда хоҳлаган ролингизни топа оляпсизми?

— Кўнглимдагидек роллар баъзида бор, баъзида ўйлаб кўришга тўғри келади. Умр шафқатсиз экан, кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. «Менинг ролим келмади», деб кутиб ўтираверган киши замондан ортда қолиб кетади. Баъзан шуларни ўйлаб, рози бўламан. Қолаверса, ҳар бир нарсанинг вақти-соати бўлади. Ҳозир кўпроқ она ролини ижро этяпман. Онага етказганига шукр, деб қўяман баъзида. Шу кунларда суратга олинаётган «Эзгулик ҳудуди» ва «Дугонажонлар» сериалларида ҳам онани ўйнаяпман. Аслида  ролнинг катта-кичиги бўлмайли. Кичкина эпизод билан ҳам томошабиннинг кўнглини забт этиш мумкин.

— Театр ва кино — икки олам. Сизнинг кўнглингизга қай бири яқинроқ?

— Театр барибир бошқача. Битта спектакль тайёр бўлгунча олти ой, бир йилгача ишлаймиз. Масалан, «Яраланган оққуш ноласи» спектакли устида олти ойдан ортиқ ишладик. «Иймон» спектаклига ҳам шунча вақт кетди. Мен театрни иқтидорни чархловчи маскан деб биламан. Чунки ролни бехато ижро этиш, саҳнада бир пайтнинг ўзида ҳам йиғлаб, ҳам кулишни уддалаш керак. Бундай синовдан ўтиш анча меҳнат талаб қилади. Тўкилган пешона тери эса янги қирраларимизни намоён этишга имкон беради.

Саҳнада актёр бевосита томошабиннинг қаршисида туриб роль ўйнайди. Бу билан унинг қалбига кириб бориш, баъзан кино етказиб бера олмайдиган дардларни бериш имкони бор. Мен театрни ҳақиқий ҳаёт деб биламан.

— Бугунги театр ва кинонинг оғриқли нуқталарини нималарда кўрасиз?

— Театрда, назаримда, ҳаммаси жойида...

— Драматургия борасида қандай фикрдасиз?

— Драматургияда ҳам анча ўзгаришлар бор. Қолаверса, ўқиганда оддий кўринган драма устида маҳоратли режиссёр жиддий ишласа, чиройли асар чиқиши мумкин.

— Кино масаласида-чи?

— Бугун миллий кинематографияда ижобий томонга ўзгаришлар сезиляпти. «Новда», «Ватан», «Ўтов» фильмларини қайта-қайта кўриб зерикмайсиз. Бачкана қилиқларсиз ҳам одамларнинг меҳрини қозониш мумкин экан-ку. Бу борада томошабиннинг ҳам диди анча ошди. Нимани кўриш кераклигини ўзи ажратиб оляпти.

— Ижодкор яхши санъат асарини яратишида ҳамкасбларнинг  кўмаги катта, албатта. Саҳнада бир-бирингизга нечоғли ёрдамлашасиз?

— Ролнинг яхши чиқиши фақат актёрга эмас, у билан ишлаётганларга ҳам боғлиқ. Қаҳрамон Абдураҳимов билан «Тун албатта ўтади» драмасида бирга роль ижро этганмиз. Саҳнада менга кўз қарашлари билан ёрдам бериб турарди. Абдураим Абдуваҳобов, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Фатҳулла Маъсудов билан ўйнаган ролларимда ҳам уларнинг кўмаги катта. Ҳамкасбингиз ёниб турса, сиз ҳам мароқ билан роль ижро этасиз.

— Кўпинча аёл актрисалар ўртасида кучли рақобат борлиги ҳақида эшитамиз. Бу фақат саҳнадами ёки...

— Рақобат бўлмаса, ўсиш бўлармиди (кулади). Ижроларимизни бир-биримизникидан яхшироқ чиқаришга ҳаракат қиламиз. Вақти келса, хатоларимизни айтиб, камчиликларимизни тўғрилаймиз. Ҳаётда эса қадрдон дугоналармиз. Бир-биримизнинг ютуқларимизга ҳавас қиламиз. Ҳамиша елкадошмиз. Мана, ортимиздан фарзандларимиз ҳам бир-бири билан дўстлашиб олишган. 

— Зуҳра опа, сизнинг эгизаги­нгиз ким? Касб-кори, дегандай...

— Менинг эгизагим йўқ-ку (кулади)?! Аслида бир холамнинг Зуҳра исмли қизи бефарзанд бўлгани учун унинг номи ўчмасин, дея менга шу исм қўйилган...

 — Мана, Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирландингиз. Юртнинг, халқнинг билдирган ишончи нечоғли залворли экан?

— Бу мукофотни театримиз учун катта эътибор деб биламан. Қолаверса,  ижодкор учун бундан ортиқ бахт йўқ. Юртим ва халқимнинг ишончи мени янада гўзалроқ ижролар қилишга илҳомлантирди. Ахир, санъаткор халқ учун яшайди.  

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар