Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Рустам АБДУЛЛАЕВ: МУСИҚА — МУҲАББАТ ДЕГАНИ!

Бу кишининг оддий одам эмаслиги дарров сезилади. Чунки унинг нафақат ташқи кўриниши, балки гап-сўзлари ҳам мусиқа оламининг вакили эканини билдиради. Бугун ана шундай инсон, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, композитор Рустам АБДУЛЛАЕВ билан суҳбатни ҳавола этмоқчимиз.

Рустам АБДУЛЛАЕВ: МУСИҚА — МУҲАББАТ ДЕГАНИ!

— Гоҳо тадбирларда бошловчилар, ҳатто, журналистларнинг бастакор билан композиторни аралаштириб юбораётганига гувоҳ бўламан, — дейди композитор. —  Яқинда бир журналист «Бастакорлик ҳам қиларкансиз», деб қолди. Ҳа, дедим ва беш дақиқалик бир овозли бастакорлик ишини ёзиб бердим. Бундан бошқа иложим ҳам йўқ эди-да! (Кулади). Куламиз-у, аммо шу пайтгача композитор ким, бастакор ким ажрата олишмаётганларидан хавотирланиш керак. Бастакорлик халқимизда қадимдан шаклланган. Мусиқа яратишнинг юқори чўққиси бўлган. Бугун бастакорлик композиторликка етгунча бўлган бир поғона. Бастакор бир овозли қўшиқни нотага туширади. Кўп овозда мусиқа яратган киши эса композитордир. Бастакор бир овозда ижод қилса, композитор опера, балет, симфоник оркестр, камер оркестр учун ҳам мусиқа ёзади.

— Поғонама-поғона кўтарилиш жуда мураккаб жараён бўлса керак? Композиторликка етиб келгунча ўзингиз қандай мураккабликларни бошдан кечиргансиз?

— Болалигимда Ҳожихон Болтаев келган тўйларга бир неча километр йўл босиб, қўшиқ эшитишга борардим. Шу муҳаббат туфайли Хивадаги мусиқа мактабига ўқишга кирганман. Ўн икки ёшимдан Хивадаги халқ театри оркес­трида рубоб чала бошладим. Мусиқа мактаби етти йиллик эди, бироқ вақтидан олдин ўқув режасини тугатдим. Бир куни газетада Тошкент мусиқа билим юртига қабул бўлаётганини ўқиб қолдим. Уйдагиларни бир амаллаб кўндириб, етти сўмлик синиқ рубобимни қўлтиқлаб, 13 ёшимда Тошкентга келганман. Аммо изимга қайтиб кетишимга бир баҳя қолган.

— Имтиҳондан ўтолмадингизми?

— Э, йўқ. Билим юртини зўрға топиб келсам, ҳеч ким йўқ. Кираверишда бир одам Моцартнинг «Рондо»сини чалаётган экан. Кейинчалик бу одам Аҳмад Одилов деган таниқли чангчи эканини билдим. Аҳмад ака чалишдан тўхтади-ю, «Келинг, бўтам», деди. Газетадаги эълон бўйича келганимни айтдим. «Кеча имтиҳон ўтди-ку, кеч қолибсиз-да», деди. Қарангки, эълондаги имтиҳон санасига эътибор бермаган эканман. Домла: «Майли, қуруқ қайтманг, бирон нима чалиб беринг. Уйга борганингизда Аҳмад Одиловга чалиб бердим, дейсиз. Ўқишга эса янаги йил келасиз», деди. Моцартнинг «Рондо»сини ҳаяжон зўридан меъёридан тез чалдим. Домла ҳам менга жўр бўлиш учун пианинони тезроқ чалишга ҳаракат қилди. Мусиқа тугагач, «Яна нима чаласан?» деди. Ўзим басталаган мусиқамни чалиб бердим. Изидан кичкина пъеса учун ёзган мусиқамни чалдим. Домла: «сен ўтириб тур, мен ҳозир», деди-ю, ғойиб бўлди. Икки соатлар ўтиб қайтиб келди. «Ўқишга кирдингиз, бўтам», деди. Шу билан билим юртига рубоб йўналишига ўқишга кирдим.

— Демак, композиторликка қадамни рубоб чалишдан бошлагансиз?

— Композиторлик бўлимида Вилданов синфида ўқидим. Фортепианода Гайдннинг «Ре мажор» концертини чалдим. Бетховеннинг биринчи, учинчи концерти, Рахманиновнинг биринчи концертини ижро қилдим. Шундан сўнг билим юртини тугатмасимданоқ консерваторияга олиб кетишди. У ерда Борис Фёдорович Гиенкодан сабоқ олдим. Гиенко ўзи рус бўлса ҳам, бизни миллий анъаналар, қадриятлар асосида тарбиялади. Айнан ўша ерда соната, трио, поэмалар ёздим. Консерваторияни фортепиано ва оркестр учун биринчи концерт билан тугатдим. Бу концертимни Қозоғистон, Грузия, Банкокда чалганман.

— Ўша пайтларда «Шодимулк» номли опера ёзган экансиз. Театр ҳам олган экан, аммо негадир саҳнага чиқмаган...

— Тўғри. Бунга сабаб операда мураккаб образларнинг кўплиги эди. Театр олди, тай­ёргарлик ҳам бошланди, аммо мен фикримдан қайтдим. Назаримда, бунинг чиқишига ҳали ўзим ҳам, томошабин ҳам тайёр эмасди.

— Аммо ундан кейинги ижодий ишларингиз саҳна юзини кўрди...

— Ҳа, Бастакорлар уюшмасига аъзо бўлганимдан кейин замонавий мавзудаги «Садоқат» операсини ёздим. Самарқанд театрида бу саҳна юзини кўрди. Сўнгра «Қуёшга таъзим» номли балет ёздим. Бернара Қориева ижро этди. Балет жуда муваффақиятли чиқди. Ҳозирда «Садоқат» операсининг янгиланган варианти театрда қўйиляпти.

— «Садоқат»дан кейин сал тўхталгандексиз?

— Нега энди? Ўлмас Умарбековнинг «Шошма қуёш» асари асосида яратилган «Жасорат» балетини чиқаряпман. Бу онанинг букилмас иродаси ҳақида. Бундан ташқари, Пушкин шеърлари асосида сонетлар яратдим. Ҳозир Сергей Есенин шеърлари асосида ишлаяпман. Ҳофиз Шерозий, Огаҳий ғазалларига ҳам тўхталяпман.

— Режангизда тарихий руҳдаги асарлар яратиш ҳам кўпми дейман?

— Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди», Омон Матчоннинг «Паҳлавон Маҳмуд» асарига қўл урганман. Аммо иш ҳали охирига етгани йўқ. Замонавий опера яратиш катта меҳнатни талаб этади. Балки шунинг учун ҳам замонавий асарлар жуда кам яратилар.

— Одатда, барча санъаткорлар биринчи концертига катта тайёргарлик кўради. ­Албатта, сиз ҳам биринчи концерти­нгизни ёшлик шижоати билан яратгансиз, аммо унга ниманингдир турткиси бўлган, шундаймасми?

— Асли ижод завқи икки нарсадан пайдо бўлади. Биринчиси, миллий қадриятларни яхши билиш, шу асосда асар яратиш. Менинг бахтим Комилжон Отаниёзов санъатини ва мактабини яхши билганим, халқ мусиқаларини болалигимданоқ театрда чалганимда эди. Болалигимда Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, халқ бахшилари, халфаларининг услуб ва ижро маҳоратини ўрганганман. Иккинчиси, билим юртида ва консерваторияда Европа ҳамда жаҳон мусиқасини  ўрганганим. Ўн тўрт йил давомида фақат концерт ёздим. Ўргандим, етарлича билимга эга бўлгач, барчасини синтез қилиб, ўзимнинг миллий руҳга йўғрилган концертимни яратдим. 

— Эшитишимизча, иккинчи концертингизни Москвада, учинчисини Таиландда чалгансиз...

— Бангкоклик пианино устаси Нат Тарарак билан дўст бўлиб қолган эдик. У мендан «Байрам мадҳияси» ёзиб беришимни сўради. Шу сабаб бўлиб, Таиландга 1993—1998 йиллар давомида ҳар йили бир ойга мени таклиф этарди. Учинчи концертим ўша ерда беш мингга яқин нуфузли одамлар қаршисида илк бор чалинган.

— Аждодларингизда мусиқага алоқадор одамлар бўлганми?

— Онам тарафдан Матюсуф Харратовга боғлиқ томонимиз бор. Мусиқашуносдан дутор қолган. Унинг оиласидагилардан дуторни сўрадим, аммо бу катта ёдгорликни сақлашни афзал билишди. Балки бу бир томондан яхшидир.

— Демак, мусиқани танлашингизга оила муҳити сабаб бўлган?

— Албатта, чунки келажак оилавий муҳитдан яралади. Назаримда, ичимда қандайдир оҳанглар қалашиб ётарди-ю, мен уларни сиртга чиқаришга қийналардим. Мактабда ичимдаги оҳангларни ўзимча партани чертиб чиқаришга ҳаракат қилардим. Синфдошларим мени кўриб: «Ана, композитор келяпти», деб ҳазиллашарди. Тақдир менга боя айтганимдай ажойиб устозларни туҳфа қилди.

— Юқорида ўзи рус бўла туриб, миллий қадриятларни сингдирган устозингиз ҳақида яхши фикр билдирди­нгиз. Ўзингиз шогирдларингиз тўғрисида нима дейсиз?

— Шогирдлар тўғрисида гапиришдан кўра, уларга айтадиган гапим бор. Ижод дунёси ниҳоятда мураккаб, улкан меҳнат талаб қилади. Табиат одамга истеъдодни синаш учун беради, қолганини меҳнат билан юзага чиқариш керак. Агар меҳнат қилинмаса, табиат берган инъомини тортиб олади. Бугун ижод қилиш учун ҳамма нарса муҳайё, аммо кимнидир лол қолдириш, ҳеч кимникига ўхшамайдиган асар яратиш учун, аввало, миллий мусиқани, сўнгра жаҳон мусиқасини мукаммал билиш даркор. Шундагина, ниманидир кашф этиш мумкин.

— Шогирдлар билан ишлаш осонми?..

— Ёшлар билан ишлаш жуда яхши. Чунки улар билан ишласангиз, ҳеч қачон қаримайсиз, ёддан чиқмайсиз. Тарихда қоламан, ёдланаман деган киши ёшларни юзага чиқариши керак. Бу анъанани Комилжон Отаниёзовдан ўрганганмиз. Комилжон ака доим саҳнага ёшларни чиқарарди, қараб, уларни кузатиб ўтирарди. Концерт тугагач, хатоларини бир-бир тушунтириб, йўл-йўриқ кўрсатарди. Бизнинг вазифамиз ҳам билганларимизни ёшларга ўргатиб, келажакка қолдириш. Ўзим ҳам доим ёшлар ичидан истеъдодлиларни излайман.

— Бастакорлар уюшмаси раиси сифатида бугунги кун бастакорларининг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

— Бугун давлатимиз томонидан бастакорларга катта имконият ва шароитлар яратилган. Асли мусиқанинг яралиши шароитга ҳам боғлиқ эмас. Чунки бир пайтлар устозларимиз оғир шароитларда ҳам яхши мусиқалар яратган. Шундай бир пайт бўладики, мусиқачи ишида пастга тушиш кузатилади.  Чунки замон жаҳоншумул асарлар яратишни талаб этади. Бунда энг катта тўсиқ халқ миллий мусиқа маданиятини билмаслик. Бизда композиторлар симфония яратади. Симфония дегани бу товушлар орқали яратилган роман. Халқ тилида, самимий ёзилган романни ўқиш бошқаларидан кўра осон бўлганидек, симфония ҳам миллий руҳда ёзилса, уни тинглаш, ҳазм қилиш мароқли кечади.

— Бугун халққа тақдим этилаётган қўшиқларнинг бастакорлари ҳақида нима дея оласиз?

— Дониёр, Шуҳрат Зокиров, Зоир Отабоев каби бастакорлар бор. Бу ерда икки йўналиш — композиторлар ва бастакорларни санаб ўтиш мумкин. Бу икки йўналишни қўшиб бўлмайди. Маълум пайтда композиторлар фаолияти пасайиб кетганидек, бастакорлар фаолиятида ҳам оқсаш бўлганди. Аммо энди бастакорлар ҳам секин-секин юзага чиқяпти. Композитор ҳам, бастакор ҳам бирданига туғилиб қолмайди, бундан ташқари, улар фаолияти бир-бирига умуман ўхшамаслиги ҳам мумкин. Масалан, Вердининг симфониялари саноқли бўлгани ҳолда, фақат опера ёзган. Бетховеннинг эса битта операси бор, қолгани симфония.

— Консерваторияда ўтказилган концертларингизни кўп кузатганмиз. Аммо афсуски, бу тор доирада. Бу каби концертларни нега катта санъат саройларида ўтказмайсиз?

— Саволингизга жавобни узоқроқдан бошласам. Яқинда Венага борганимда бир ҳолат мени жуда дилимда қолди. Хиёбонлардан бирида Моцарт мусиқалари янграб турарди, одамлар қаҳва ичиб, суҳбатлашиб, мусиқа тинглашарди. Шаҳарнинг бирон бир хиёбонида шовқин-суронли мусиқани эшитмадим. Шундай сокин, шундай оромбахш мусиқа янграши, одам руҳиятини аллалайди. Бизда эса сал бошқачароқ. Дилни энг хира қиладигани, ҳатто, ўзимизнинг мақомни баъзилар эшитишмайди. Камер мусиқа эшитаман деган одамлар-ку, жуда кам. Чунки бунга болаликдан кўникма шаклланмаган. Мактаблар ёки коллежлар у ёқда турсин, университетларимизда бу мусиқага кўникма берилмайди. Миллий мақомларимиз, халқ оҳангларимизни болалар онгига сингдира олмаяпмиз. Бунинг сабаби эса битта, уларда кўникма шакллантиришга уринмасликда. Болалар, ёшлар мақомни эшитмайди, деб фақат уларни айблашдан кўра, ўзимиз уларда кўникма шакллантира оляпмизми, деган саволга жавоб топиш керак.

Мен хизмат сафари, тадбирлар, кўрик-танловлар юзасидан вилоятларда кўп юраман. Бирон бир мактаб ёки коллеж раҳбарияти: «Бир келиб қолибсиз, бир соат вақт ажратиб, маъруза ўқиб беринг», дейишмайди. Ваҳоланки, мен бир соатмас, соатлаб уларга маъруза ўқишим, учрашувларга боришим мумкин. Ахир, жаҳон мусиқаси билан болаларни биз таништирмасак, ким таништиради?! Қизиғи, мусиқа мактабларида мен ҳақимда дарс қўйилган. Ҳали тирик бўлсам, мен ҳақимда дарс ўтганларидан кўра, ўзим бориб маъруза ўқиганим яхшимасми? Майли, бу йилда бир марта бўлсин. Агар хорижга борсам, дарров «Талабаларимизга миллий мусиқангиз ҳақида маъруза ўқиб берсангиз», дейишади...

— Оилада фақат мусиқа ҳақида гапириш, у ҳақида ўйлаш сизга қандай ёқимли сонияларни туҳфа этган ёки ноқулай аҳволга солган?

— Турмуш ўртоғим ҳам фортепиано йўналишини тугатган. Тонгда кўз очишимиздан тортиб, уйқуга кетганимизда, ҳатто, тушларимизда ҳам мусиқадан гаплашамиз. Чунки мусиқанинг чегараси, сарҳади йўқ. Қанча ўйласангиз ҳам, гапирсангиз ҳам, ўргансангиз ҳам охирига етмайсиз. Ишга келсам ҳам ижод, уйга борсам ҳам ижод, ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки турмуш ўртоғим ҳам мусиқачи, қизим ҳам, ўғлим ҳам. Мусиқага оилавий муҳаббат қўйганмиз.

— Ўғлингиз Берлин консерваториясида таҳсил олган. Унинг мусиқачи сифатида сизни лол қолдирган жиҳатлари борми?

— Америкадаги Ван Клиберн исмли пианино чалувчининг иккита асиссенти ҳам Ўзбекистондан бўлган. Берлин консерваторияси жаҳондаги энг зўр пианино ижрочиларини талабаларига дарс бериш учун чақиради. Фазлиддин Ҳусанов, Беҳзод Абдураҳимов бугун жаҳонда танилган. Чунки ўзбек болаларида ўрганиш, илғаб олиш, ўргатиш кўникмаси тез шаклланади.

Мени композитор сифатида ўғлимнинг пианино чалиши лол қолдиради. Беҳзод Моцарт ижодидан «Лист» номидаги кўрик танловида чалганида совриндор бўлган. Бу катта халқаро танлов эди, ўшанда лол бўлиб қолганман.

— Сизни танқид қилган пайтлари ҳам бўладими?

— Тан олишим керак, ҳа. Баъзан чалишимни танқид қилади. Албатта, мусиқачи сифатида мен буни тўғри тушунаман. Чунки у Европада дарс беради. Европа эса биздан бу борада анча олдинлаб кетган. Ғурурланадиганим, биз 25 йил ичида уларга етиб олдик. Чунки халқаро танловлардаги ғолибларимиз бугун 600 дан ошди. Бу яхши кўрсаткич. 

— Неваралар-чи, улар бобоси изидан боришга иштиёқмандми?

— Ҳозирча буни ўзларига ташлаб қўйяпмиз. Чунки менинг ота-онам ҳам шундай йўл тутишган.

— Халқ учун ижод қилаётган композиторсиз. Шу ўринда муштарийларга айтадиган гапингиз?

— Халқимиздан чексиз миннатдорман. Меҳрли, муҳаббатли, садоқатли, вафодор... Истагим, доим юртимизда муҳаббат ва шодлик мусиқалари жаранглаб тураверсин!

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

cуҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 05-Август  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Заковат

Қаерда учраши мумкин?

Вақти-вақти билан минг­лаб инсонлар жўр овоз билан ушбу предметни сўрашади ва ҳаттоки талаб ҳам қилишади. Одатда ўша минглаб инсонлар ўзлари талаб қилаётган предметдан махсус конструкция орқали ҳимоя қилинади. 
 


Ҳаммасини кўриш 

Пазандалик

Нокли пирог

Нок ва йогурт қўшиб пишириладиган бу пирог иссиқ чой билан ичишга жуда яхши. Бу пирог ўз навбатида жуда юмшоқ, мазали ва ноклар солиниши сабаб ҳам хушбўй ҳидли чиқади.
 


Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар