Ерларни қайта тиклаш бўйича олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида мамлакатимизда ўрмонлар майдони олти миллион гектарга кўпайтирилди, унинг учдан бир қисми Орол бўйи ҳудудига тўғри келади.
Ботирали ШОДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎЭП фракцияси аъзоси:
– Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессиясида Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича глобал сай-ҳаракатлари бежиз изчил қўллаб-қувватланмади. Президентимиз нутқида ҳам алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистон ўз тараққиёт моделини «яшил» технологиялар асосида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда қурмоқда.
Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш борасидаги мақсадини муддатидан олдин бажарди. Сўнги 10 йилда иқтисодиётимизда сув сарфи деярли икки бараварга, ҳавзалардан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайди. Ерларни қайта тиклаш бўйича олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида мамлакатимизда ўрмонлар майдони олти миллион гектарга кўпайтирилди, унинг учдан бир қисми Орол бўйи ҳудудига тўғри келади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат юртимизни, балки бутун минтақани яшилликка буркаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва иқлим мувозанатини сақлаш, сув танқислигини бартараф қилиш, қолаверса, бу одамларимиз соғлиғи, фарзандларимиз келажаги ҳамда камоли йўлидаги яна бир улкан ва муҳим қадам дейиш мумкин.
Наврўзбек ЮСУПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
– COP31 саммити халқаро экологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим сиёсий майдон бўлди. Президентимиз мамлакатимизнинг глобал иқлим кун тартибидаги фаол позицияси, экологик масъулияти ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатъий сиёсий иродасини яна бир бор намоён этди.
«Яшил» технологиялар, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорлик тамойилларига ўтиш бугун ҳар мамлакат тараққиёти асосига айланиши шарт. Энди иқтисодий ўсишни фақат ишлаб чиқариш ҳажми, инвестициялар ёки ялпи ички маҳсулот кўрсаткичлари билан эмас, балки табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги, энергия тежамкорлиги ва атроф-муҳитга таъсир даражаси билан ҳам баҳолаш зарур.
Мисол учун, Марказий Осиё шароитида иқлим ўзгаришининг энг жиддий оқибатларидан бири сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларда намоён бўлмоқда. Музликларнинг қисқариши, дарёлар сув оқимининг ўзгариши, қурғоқчилик ва сувга бўлган талабнинг ортиши минтақадаги экологик ҳамда иқтисодий барқарорликка жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шундай шароитда Президентимиз томонидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилгани бежиз эмас. Хусусан, сўнгги ўн йилда иқтисодиётимизда сув сарфи қарийб икки бараварга камайгани, ҳавзалардан олинаётган сув миқдори беш баравар қисқартирилгани, суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилгани муҳим натижалардир. Бу борадаги ислоҳотларнинг аҳамияти шундаки, сувни тежаш фақат қишлоқ хўжалиги ёки ирригация соҳасининг вазифаси эмас. Бу – мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлиги, саноат ривожи ва келажакдаги иқтисодий имкониятларини таъминлашнинг асосий шартларидан биридир.
Президентимиз нутқида ерларни қайта тиклаш, ўрмонзорлар майдонини кенгайтириш ва Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган ишларга алоҳида урғу берилди. Мамлакатимизда ўрмонлар майдонининг 6 миллион гектарга кўпайтирилгани, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келиши экологик тикланиш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг муҳим натижасидир. Орол фожиаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун умумий экологик сабоқдир.
Саммитда қўйилган мақсад ва ташаббуслар мамлакатимизда экологик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериш билан бирга, парламент вакиллари, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари олдига ҳам муҳим вазифаларни қўймоқда. Энг аввало, экологик қонунчиликни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ҳуқуқий механизмларни кучайтириш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш зарур. Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси вакиллари сифатида биз учун мазкур вазифалар алоҳида масъулият касб этади. Чунки экологик хавфсизликни таъминлаш фақат тегишли давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Бу борада парламент назорати имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларда экологик муаммоларни ўрганиш, аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиш, муаммолар ечимига қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари суриш ва давлат дастурлари ижроси устидан таъсирчан назоратни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
– Ўзбекистон раҳбари мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан бирга, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган аниқ таклифларни ҳам баён этди.
Марказий Осиё иқлим интеграцияси моделини ишлаб чиқиш таклифи бугуннинг энг долзарб масаласидир. Бу ташаббус минтақадаги экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва умумий ҳаракат механизмларини шакллантиришга қаратилган. Зеро, иқлим ўзгариши маъмурий ёки давлат чегараларини тан олмайди. Бир мамлакатда юзага келган экологик муаммо бутун минтақага таъсир кўрсатиши мумкин.
Биргина сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласини олайлик. Марказий Осиё учун сув танқислиги бугуннинг ўзидаёқ жиддий муаммога айланган.
Президент нутқида экологик таълим ва тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Чунки табиатни асраш фақат давлат идоралари ёки мутахассисларнинг вазифаси эмас. Бу ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёти, маданияти ва масъулияти билан боғлиқ. Экологик билим ва кўникмаларни оила, маҳалла, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаб шакллантириш зарур. 2050 йилга қадар мамлакат аҳолисининг тўртдан уч қисмида етарли экологик билим ва маданиятни шакллантириш мақсади ҳам узоқ муддатли тараққиёт учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки экологик маданият қонун ва қарорлар билан бир қаторда, ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти орқали ҳам мустаҳкамланади.
Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё давлатларининг умумий мақсад атрофида бирлашиши сув, ер, ҳаво ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишда янги имкониятлар очади.
Ойбек РАҲИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
– Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар мамлакатимизнинг экологик барқарорлик борасидаги мақсадлари аниқ ва узоқ истиқболга йўналтирилганини кўрсатади. Айниқса, Марказий Осиёнинг Иқлим интеграцияси моделини яратиш таклифи бугунги минтақавий воқеликдан келиб чиққан, катта стратегик аҳамиятга эга ташаббусдир.
Нега бу масала бугун ниҳоятда муҳим? Чунки Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг оқибатлари тобора кескинлашмоқда. Музликлар қисқармоқда, сув ресурсларига босим кучаймоқда, қурғоқчилик ва чўлланиш жараёнлари кенгаймоқда. Бу ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатяпти.
Айниқса, сув масаласи минтақамиз учун стратегик аҳамиятга эга. Сув ресурсларининг тақчиллиги келгусида иқтисодий ўсиш суръатлари, аҳоли бандлиги ва ижтимоий барқарорликка ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун бугунданоқ сувдан фойдаланиш маданиятини ўзгартириш, замонавий тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ва трансчегаравий сув ресурсларини ҳамкорликда бошқариш бўйича қатъий механизмларни шакллантиришимиз зарур.
Ўзбекистоннинг келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиши ҳам мамлакатимиз зиммасига катта масъулият юклайди. Орол фожиаси бутун инсоният учун жиддий сабоқ бўлди. Унинг оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи ҳудудида экологик ва ижтимоий муҳитни яхшилаш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳамкорликни кучайтириш умумий вазифамиздир.
Ўзбекистон Экологик партияси ушбу жараёнларда фаол иштирок этиш, минтақавий экологик ҳамкорлик ғояларини жамоатчиликка етказиш, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашни ўзининг муҳим сиёсий вазифаларидан бири деб билади.
Нилуфар МАТКАРИМОВА,
ЎЭП Марказий Кенгаши раисининг Ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари:
– Анқара саммити Ўзбекистоннинг экологик сиёсати шиорларга эмас, балки аниқ рақамлар ва ўлчанадиган натижаларга таянишини яна бир бор кўрсатди. Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият олдида мамлакатимиз эришган ютуқларни очиқ баён этиш билан бирга, келгуси йиллар учун янада юксак марраларни белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар орасида икки йўналиш – яшил ҳудудларни кенгайтириш ва чиқиндиларни бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки айнан шу соҳалардаги ўзгаришларни ҳар бир фуқаро ўз маҳалласи, шаҳри ва кундалик ҳаётида бевосита ҳис этади.
Нутқда тилга олинган, 3 миллиард доллардан ортиқ инвестицияни назарда тутувчи Чиқиндиларни бошқариш стратегияси катта аҳамиятга эга. Маиший ва саноат чиқиндилари бугун нафақат экологик, балки иқтисодий масалага айланган. Чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва улардан энергия олиш тизимини шакллантириш тупроқ ва сув ҳавзаларининг ифлосланишини камайтиради, полигонлардан чиқадиган иссиқхона газларини қисқартиради, янги иш ўринлари ва ишлаб чиқариш тармоқларини юзага келтиради. Бу, ўз навбатида, 2035 йилгача зарарли чиқиндиларни 50 фоизга қисқартириш мақсадига эришишга ҳам бевосита ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Экологик партияси давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Партиямиз депутатлик гуруҳлари орқали яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш, дарахтларни ноқонуний кесишнинг олдини олиш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашни рағбатлантиришга оид қонунчиликни такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги давлат дастурлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ишларини изчил давом эттиради. Шу билан бирга, маҳаллаларда чиқиндиларни саралаш одатини шакллантириш, янги барпо этилган яшил ҳудудларни асраб-авайлаш борасида фуқароларимиз билан елкама-елка ишлашни ўзимизнинг асосий вазифамиз деб биламиз.