Экология      Бош саҳифа

Марказий Осиё: «Тоза ҳаво» йўлида минтақавий ҳамкорлик

Шу ўринда «Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» консорциумини ташкил этиш кейинги пайтларда жамоатчиликни энг кўп қизиқтираётган ташаббус, деб аташ мумкин.

Марказий Осиё:  «Тоза ҳаво»  йўлида минтақавий ҳамкорлик

Бу ташаббус илк бор Ўзбекистон раҳбари томонидан 2026 йилда Остонадаги Минтақавий экологик саммитда эълон қилинган бўлиб, шу йил 8 октябрда Туркманис­тонда бўлиб ўтган навбатдаги Маслаҳат учрашувида янада чуқурлаштирилган асос­лар билан илгари сурилди. Унинг мақсади саноатни модернизация қилиш, атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш ва трансчегаравий ҳаво ифлосланишига қарши ҳамкорлик қилишдан иборат.

 

Илғор экологик амалий ташаббус

Яқинда, 8 октябрда Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида Президентимиз бу ташаббусни амалий ишлар билан ҳаётга татбиқ этиш зарурлиги тўғрисида фикрлар билдирди. Мазкур консорциум фаолиятини аниқ пилот дастурдан бошлаш таклиф этилиб, Марказий Осиё саноат зоналари, агрокластерлар ва транспорт узелларини экологик модернизация қилиш масаласи илгари сурилди.

Ташаббусда Консорциум асоси ҳисобланган «тоза ҳаво учун ҳамкорлик» умумий ғояси эндиликда аниқ объектларда қўшма экологик лойиҳаларни амалга ошириш механизми сифатида амалий ишларга кўчиши таклиф этилди.

Мамлакатимиз етакчисининг дастлабки таклифига кўра, консорциумни «яшил» молия­лаштиришнинг қўшма оператори сифатида ташкил этиш мумкин. 2026 йил июнида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида бундай консорциумни шакллантириш, кейинчалик уни бутун Марказий Осиё бўйлаб кенгайтириш масаласи муҳокама қилинган эди.

Консорциум фаолиятида аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар, масъулият ва жавобгарлик белгилаш асосида аъзоларнинг умумий экологик манфаатларини қондириш энг муҳим масала ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, консорциумнинг бир қанча вазифалари, жумладан, ҳаво ифлосланишини минтақавий мониторинг қилиш; ифлослантирувчи моддалар бўйича маълумот алмашиш; давлатлар учун умумий экологик стандартлар ва мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш; ифлосланишнинг трансчегаравий таъсирини баҳолаш; қўшма экологик лойиҳаларни молия­лаштириш ва амалга ошириш белгиланади.

 

Умумий манфаат йўлида бирлашиш

Таклиф этилаётган консорциум ўзига хос юридик мақомга эга. Уни оддий халқаро ташкилот ёки маслаҳат органи билан тенг­лаштириб бўлмайди. «Консорциум» атамасининг этимологик маъноси лотин тилидаги «consortium» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «умумий иштирок», «шериклик», «биргаликда эгалик қилиш», «умумий манфаат ёки мақсад йўлида бирлашиш» каби маъноларни англатади.

Консорциумнинг моҳиятини учта асосий жиҳат орқали очиб бериш мумкин. Биринчиси, умумий манфаат, яъни иштирокчиларни бирлаштирувчи муштарак эҳтиёж ва мақсад. Иккинчиси, ҳамкорликдаги иштирок, яъни белгиланган вазифаларни бажаришда ҳар бир иштирокчининг ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари. Учинчиси эса, ресурсларни бирлаштириш ва умумий натижага интилиш, яъни молиявий, илмий, техник ва бошқа имкониятларни сафарбар этиш орқали кўзланган мақсадга эришиш ҳисобланади.

Консорциумнинг юридик мақоми Марказий Осиё давлатлари томонидан муқаддам қабул қилинган ҳужжатларнинг умумий тамойилларига мос келади. Маълумки, 1992 йилда Марказий Осиё давлатлари ўртасида қабул қилинган «Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларини биргаликда бошқариш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида»ги битимида минтақа сув ресурслари умумий ва ягона, деб тан олинган. Шунга кўра, Марказий Осиёда умумий ва ягона «ҳаво макони»ни ифлосланишдан муҳофаза қилиш бўйича таклиф этилаётган консорциумни ташкил этиш давлатлар ўртасида тузилган тарихий келишувларни бажариш сари қўйилган муҳим қадам, деб ҳисоблаш мумкин.

 

Халқаро экологик ҳаракатга муносиб ҳисса

Таъкидлаш жоизки, ҳавони муҳофаза қилиш соҳасидаги давлатлараро ҳамкорликни тартибга соладиган халқаро ҳуқуқий меъёрлар талайгина. Шу ўринда 1979 йилги Узоқ масофаларга трансчегаравий ҳаво ифлосланиши тўғрисидаги конвенцияни асосий намуна қилиб кўрсатиш мумкин.

Конвенциянинг асосий тамойили шундан иборатки, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши давлат чегаралари доирасида чекланиб қолмайди ва унинг салбий таъсири бир нечта мамлакат ҳудудига тарқалиши мумкин. Шу боис ифлосланишнинг олдини олиш, унинг манбалари ва оқибатларини баҳолаш, зарарли чиқиндиларни камайтириш давлатлар ўртасида мувофиқлаштирилган ҳамкорликни тақозо этади. Конвенция ушбу вазифаларни амалга ошириш учун миллий экологик чора-тадбирлар билан бир қаторда, ахборот алмашиш, илмий тадқиқотларни ҳамкорликда олиб бориш, атмосфера ҳавоси ҳолатини қўшма мониторинг қилиш ва экологик сиёсат чораларини ўзаро мувофиқлаштириш механизмларини ҳам назарда тутади.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, унинг олдини олиш ва салбий таъсирини камайтириш давлатлараро ҳамкорлик, ахборот алмашинуви ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни тақозо этади. Ушбу ёндашув БМТнинг Атроф-муҳит бўйича ассамблеяси томонидан 2024 йилда қабул қилинган 6/10-сонли «Глобал миқёсда ҳаво сифатини яхшилаш учун ҳаво ифлосланиши бўйича минтақавий ҳамкорликни рағбатлантириш» резолюциясида ҳам ўз ифодасини топган. Ҳужжат минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, билим ва тажриба алмашиш, шунингдек, ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган сиёсат ва чора-тадбирларни мувофиқлаштиришнинг аҳамиятини таъкид­лайди.

Муҳим методологик жиҳат шундаки, «ҳаво консорциуми» атамаси халқаро экологик ҳуқуқда барча давлатлар учун бир хил ҳуқуқий мақомга эга бўлган универсал институционал шаклни англатмайди. Шу боис мазкур тушунчанинг назарий-ҳуқуқий мазмунини очиб беришда амалдаги халқаро конвенциялар, минтақавий экологик ҳамкорлик механизмлари ва консорциумларнинг ҳуқуқий табиатига оид илмий адабиётларни қиёсий таҳлил қилиш зарур. Бундай ёндашув «ҳаво консорциуми»нинг асосий хусусиятларини аниқлаш, унинг халқаро экологик ҳамкорлик тизимидаги ўрнини белгилаш ҳамда таклиф этилаётган институционал механизм­нинг ҳуқуқий асосларини илмий жиҳатдан асослаш имконини беради.

 

Халқаро тажрибага таяниш

Жаҳонда консорциум тузиш асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тажрибасига мисол бўладиган ҳолатлар мавжуд. Бироқ, уларнинг мақсади бир бўлгани билан юридик мақомида фарқи бор.

Жаҳон тажрибасида экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган кўп мамлакатли илмий-экспертлик консорциумлари алоҳида аҳамиятга эга. Бунга мисол сифатида Биохилма-хиллик ва экотизимлар бўйича Европа мавзувий маркази (ETC BE) консорциумини келтириш мумкин. У 25 та ҳамкор ташкилотни бирлаштирган бўлиб, улар қаторига Норвегия, Германия, Португалия, Греция, Дания, Нидерландия, Австрия ва бошқа мамлакатларнинг экологик идоралари, илмий муассасалари ҳамда эксперт ташкилотлари киради.

Мазкур консорциумнинг ўзига хос жиҳати унинг фаолияти давлатлараро сиёсий қарорлар қабул қилишдан кўра, экологик маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, биохилма-хиллик ҳамда экотизимлар ҳолатини баҳолаш ва илмий-экспертлик кўмагини таъминлашга йўналтирилганидадир. Ушбу тажриба экологик муаммоларни ҳал этишда турли мамлакатларнинг илмий салоҳияти ва институционал имкониятларини ягона ҳамкорлик механизми доирасида бирлаштириш мумкинлигини кўрсатади.

Яна бир муҳим мисол – Ёввойи табиатга қарши жиноятларга қарши курашиш халқаро консорциуми (ICCWC). У бешта халқаро ташкилотнинг ҳамкорлиги асосида фаолият юритиб, ёввойи ҳайвонот ва ўсимликлар, шунингдек, ўрмон ресурсларига қарши жиноятларга қарши курашишда миллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Мазкур тажрибанинг муҳим жиҳати шундаки, консорциум халқаро ташкилотларнинг ҳуқуқий ваколатлари, амалий тажрибаси ва экспертлик салоҳиятини умумий мақсад йўлида бирлаштиради. Бу ёндашув табиатга қарши трансмиллий жиноятларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва тергов қилиш, шунингдек, миллий идоралар ўртасида ахборот алмашинувини такомиллаштириш учун мувофиқлаштирилган институционал механизм яратиш имконини беради.

Марказий Осиёда ҳаво сифати масалалари бўйича ҳамкорликнинг мавжуд механизмларидан бири – Марказий Осиё ҳаво сифати платформаси (Air Quality Central Asia – AQCA) ҳисобланади. У 2022 йил март ойида минтақадаги ҳаво сифати муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар ташаббуси асосида ташкил этилган бўлиб, 2026 йил ҳолатига кўра 30 дан ортиқ ташкилотни бирлаштирган. Платформада давлат органлари, илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа манфаатдор тузилмалар иштирок этади.

Платформанинг асосий вазифалари Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳаво сифати бўйича мулоқотни ривожлантириш, атмосфера ифлосланишига оид илмий тадқиқотлар ва маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган технологиялар ҳамда амалий чора-тадбирлар тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Шунингдек, у ишончли экологик маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

AQCA тажрибасининг аҳамияти ҳаво ифлосланиши муаммосини ҳал этишда давлат идоралари, олимлар ва жамоатчилик вакилларини умумий мулоқот майдонида бирлаштириш имконияти билан белгиланади. Шу билан бирга, платформани тўлақонли давлатлараро консорциумдан фарқлаш лозим: у, аввало, ахборот алмашинуви, илмий ҳамкорлик ва тажриба ўрганишга хизмат қилувчи кўп томонлама ҳамкорлик механизми ҳисобланади. Бу жиҳат Марказий Осиё учун таклиф этилаётган «Тоза ҳаво» консорциумининг вазифалари, институционал тузилиши ва ҳуқуқий асосларини белгилашда AQCA таж­рибасидан фойдаланиш имконини беради.

Шу билан бирга, мазкур тузилмани давлатлараро консорциумдан кўра, минтақавий экспертлик ва ҳамкорлик платформаси сифатида тавсифлаш аниқроқ бўлади.

 

Йўлдош ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари

институти бош илмий ходими,

юридик фанлар доктори




Ўхшаш мақолалар

Марказий Осиё:  «Тоза ҳаво»  йўлида минтақавий ҳамкорлик

Марказий Осиё: «Тоза ҳаво» йўлида минтақавий ҳамкорлик

🕔14:44, 22.10.2026 ✔22

Шу ўринда «Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» консорциумини ташкил этиш кейинги пайтларда жамоатчиликни энг кўп қизиқтираётган ташаббус, деб аташ мумкин.

Батафсил
Сувнинг ифлосланиш навбати  Салардан кейин  Чирчиққами?

Сувнинг ифлосланиш навбати Салардан кейин Чирчиққами?

🕔14:32, 22.10.2026 ✔18

Салар каналида балиқларнинг оммавий нобуд бўлиши билан боғлиқ хабарлар ҳали унутилмасидан (Газетамизнинг ўтган сонида ушбу мавзу бўйича мақола эълон қилинган – таҳр.), ижтимоий тармоқларда Чирчиқ дарёсининг қизил тусга киргани акс этган видеолар тарқалди.

Батафсил
Ёшлар минбарида янграган  дадил фикрлар

Ёшлар минбарида янграган дадил фикрлар

🕔13:19, 15.10.2026 ✔94

Сиёсатчининг кучи нафақат ислоҳотлар самарасини олдиндан кўра билиш, балки унинг аҳамиятини жамоатчиликка ишончли далиллар билан тушунтира олиш, одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштириш маҳоратида ҳам кўринади. Бунинг учун теран тафаккур, аниқ мақсад ва чинакам нотиқлик маҳорати зарур.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Марказий Осиё:  «Тоза ҳаво»  йўлида минтақавий ҳамкорлик

    Марказий Осиё: «Тоза ҳаво» йўлида минтақавий ҳамкорлик

    Шу ўринда «Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» консорциумини ташкил этиш кейинги пайтларда жамоатчиликни энг кўп қизиқтираётган ташаббус, деб аташ мумкин.

    ✔ 22    🕔 14:44, 22.10.2026
  • Сувнинг ифлосланиш навбати  Салардан кейин  Чирчиққами?

    Сувнинг ифлосланиш навбати Салардан кейин Чирчиққами?

    Салар каналида балиқларнинг оммавий нобуд бўлиши билан боғлиқ хабарлар ҳали унутилмасидан (Газетамизнинг ўтган сонида ушбу мавзу бўйича мақола эълон қилинган – таҳр.), ижтимоий тармоқларда Чирчиқ дарёсининг қизил тусга киргани акс этган видеолар тарқалди.

    ✔ 18    🕔 14:32, 22.10.2026
  • Ёшлар минбарида янграган  дадил фикрлар

    Ёшлар минбарида янграган дадил фикрлар

    Сиёсатчининг кучи нафақат ислоҳотлар самарасини олдиндан кўра билиш, балки унинг аҳамиятини жамоатчиликка ишончли далиллар билан тушунтира олиш, одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштириш маҳоратида ҳам кўринади. Бунинг учун теран тафаккур, аниқ мақсад ва чинакам нотиқлик маҳорати зарур.

    ✔ 94    🕔 13:19, 15.10.2026
  • Бухорода экологик  плоггинг акцияси

    Бухорода экологик плоггинг акцияси

    Бухоро давлат техника университетида ЎЭП Бухоро вилоят кенгаши ҳамкорлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудлар тозалигини таъминлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган экологик плоггинг акцияси ташкил этилди.

    ✔ 93    🕔 13:16, 15.10.2026
  • PM 2.5  камаймоқда, Тошкент ҳавоси яхшиланяпти(ми?..)

    PM 2.5 камаймоқда, Тошкент ҳавоси яхшиланяпти(ми?..)

    Пойтахт Тошкент шаҳар ҳавоси яхшиланяптими? Кўпчиликни бирдек қизиқтирадиган бу саволга янги рақамлар ижобий жавоб бермоқда. 2026 йилнинг 1 январидан 21 сентябригача Тошкентда PM 2.5 майда заррачаларининг ўртача концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга камайган. Яхши ҳаво кузатилган кунлар сони эса 81 кундан 147 кунга етган.

    ✔ 115    🕔 14:57, 08.10.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар