Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Сапаргул ЎТЕМУРАТОВА: Жамиятда масъулият шаклланмаса, энг қатъий қонунлар ҳам кутилган натижани бермайди

Бугунги суҳбатдошимиз – Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси ҳамда қуйи палатанинг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Сапаргул ЎТЕМУРАТОВА.

Сапаргул  ЎТЕМУРАТОВА:  Жамиятда масъулият  шаклланмаса, энг қатъий қонунлар ҳам кутилган натижани бермайди

— Сапаргул Шамшетовна, Сиз қарийб 25 йил илмий-педагогик муҳитда фаолият юритиб, эндиликда парламентдасиз. Илмда ўрганилган ҳуқуқ билан амалда қонун яратиш жараёни ўртасида сиз кутмаган қандай фарқларни кўрдингиз?

– Ростини айтсам, бу жараёнда мен учун мутлақо кутилмаган фарқ бўлди, деб айтмаган бўлардим. Чунки қарийб 25 йил давомида университетда талабаларга дарс бериб, илмий-педагогик фаолият билан шуғулланганман. Қонунларнинг яратилиши, уларнинг назарий ва ҳуқуқий асослари биз учун яхши таниш эди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида айрим қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнларида эксперт сифатида иштирок этиб келганман. Шу маънода, қонун ижодкорлиги жараёни мен учун бутунлай янги йўналиш эмас эди.

Университетни мен доимо илм маскани, деб биламан. Бу ерда биз талабаларга билим бериш билан бирга, илмий изланишлар олиб борамиз, ҳаётдаги муаммоларни ўрганиб, уларга ечим излаймиз. Шу жараёнда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ҳам таклифлар бериб борганмиз. Бугун парламентда ишлаётганимда эса ана шу илмий ёндашувлар ва таклифларнинг қонунларда ўз аксини топаётганини кўриш мен учун жуда аҳамиятлидир.

Менимча, илм ва қонунчилик бир-бирини тўлдириб бориши керак. Илм муаммони чуқур ўрганиб, унинг ечимини кўрсатиб берса, қонунчилик ана шу ечимларни амалиётга татбиқ этиш учун ҳуқуқий асос яратади. Шу боис қабул қилинаётган қонунлар ҳаётга яқин, халқ манфаатига хизмат қиладиган ва амалиётда ўз самарасини берадиган бўлиши муҳим.

— Жиноят ҳуқуқи ва криминология соҳасида узоқ йиллар ишлаган олимсиз. Қонун қанчалик мукаммал бўлмасин, унинг ижроси кутилган натижани бермайдиган ҳолатлар учрайди. Бугун бизда муаммо кўпроқ қонунларнинг ўзидами ёки уларни қўллаш амалиётидами?

– Бу масалага фақат қонуннинг ўзи ёки уни қўллаш амалиёти нуқтаи назаридан қараш етарли эмас. Криминология жиноятчиликнинг сабаб ва шароитларини, шунингдек, унинг олдини олиш йўлларини ўрганади. Шунинг учун жиноятчиликка қарши курашда бу жиҳатларни биргаликда кўриш муҳим.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жиноят ва жазо соҳасида либераллашув жараёни изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини қўллаш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Бу эса жазога фақат жазолаш воситаси сифатида эмас, балки инсонни тузатиш ва унинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш воситаси сифатида қарашни тақозо этади.

Шунинг учун қонун қанчалик мукаммал бўлмасин, унинг ҳаётда қандай ишлаши ва тўғри қўлланилиши муҳим. Бироқ энг асосий эътиборни жиноят содир бўлганидан кейин жазолашга эмас, балки унинг сабаб ва шароитларини ўрганиш ва олдини олишга қаратиш керак.

Яъни, жиноятчиликка қарши курашишда яхши қонун, унинг тўғри ижроси ва профилактика ишлари бир-бирини тўлдириши лозим. Жамиятда ҳуқуқий маданият ва масъулиятни ошириш, жиноятчиликнинг сабабларини бартараф этиш орқали унинг олдини олиш муҳим.

— Ҳудудлардаги одамларнинг реал муаммолари парламентда қабул қилинаётган қонунларда етарлича акс этаяптими, нима деб ўйлайсиз? Олис Қорақалпоғистонда туғилиб, олим ва педагог сифатида шаклланган, бугун эса республика миқёсида қонун ижодкорлиги билан шуғулланаётган инсон сифатида айтингчи, сизнингча, депутат халқ билан қонун ўртасидаги масофани қандай қисқартириши керак?

– Қорақалпоғистон – мен туғилиб, вояга етган юрт. Шу ерда олим ва педагог сифатида шаклландим. Шунинг учун бу ҳудуддаги одамларнинг ҳаёти, уларни ўйлантираётган масалалар мен учун бегона эмас.

Депутат, аввало, халқ вакилидир. Шунинг учун депутатнинг вазифаси халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммо ва таклифларини эшитиш, жойлардаги реал ҳолатни ўрганиш ва уларни қонунчиликда ифодалашдан иборат.

Президентимиз томонидан илгари сурилаётган «халқни рози қилиш» ғояси ҳам, аввало, одамларнинг ҳаётидаги муаммоларни ҳал этиш, улар учун муносиб шароит яратиш билан боғлиқ. Бу вазифада депутатларнинг ҳам масъулияти катта.

Қонун, аввало, ҳаётдан келиб чиқиши керак. Шунинг учун одамлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш ва зарур бўлса, уларнинг ечимини қонунчиликда акс эттириш муҳим.

Халқ билан қонун ўртасидаги масофани қисқартиришнинг энг тўғри йўли – халқни эшитиш, муаммони тушуниш ва унинг ечими учун амалий ҳаракат қилиш. Натижада қабул қилинаётган қонунлар одамларнинг ҳаётига қанчалик яқин бўлса, уларнинг самараси ҳам шунчалик сезилади.

— Парламентда тадбиркорлик бўйича қўмита раи­си ўринбосарисиз. Бугун Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган энг жиддий ҳуқуқий ёки тизимли муаммо, сизнингча, нима? Уни ҳал қилиш учун қонунчиликда нимани ўзгартириш керак?

– Сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида Олий Мажлис томонидан кўплаб қонунлар қабул қилинди, амалдаги қонунларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда, айрим фаолият турлари билан шуғулланувчиларга солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда, айрим ҳудудларда эса қўшимча имтиёзлар берилмоқда.

Президентнинг ҳар йили тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ҳам бу борада муҳим майдонга айланди. Тадбиркорларнинг ўз муаммолари ва таклифларини бевосита билдириш имконияти бор.

Мен фаолият юритаётган қўмитанинг асосий вазифаларидан бири ҳам тадбиркорлик соҳасидаги қонунларнинг амалиётда қандай ишлаётганини ўрганиш, тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларини эшитиш ҳамда улар асосида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборатдир. Шу мақсадда тадбиркорлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказамиз, жойлардаги ҳолатни ўрганамиз ва назорат тадбирлари орқали мавжуд муаммоларни аниқлаймиз.

Яъни, қўмита фаолияти фақат қонун қабул қилиш билан чекланмайди. Қонун қабул қилинганидан кейин унинг ҳаётда қандай ишлаётгани, тадбиркор учун яратилган имкониятлардан амалда фойдаланиш имкони бор-йўқлиги ҳам ўрганилади.

Менимча, бугун тадбиркорлик учун ҳуқуқий асос ва имкониятлар тобора кенгайиб бормоқда. Энди энг муҳими – шу имкониятларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш. Чунки тадбиркор ривожланса, янги иш ўринлари яратилади, инвестициялар кўпаяди ва ҳудудлар иқтисодий жиҳатдан ривожланади.

— Рақобат ҳақида кўп гапирамиз. Аммо бозорда кичик тадбиркор йирик бизнес билан ҳақиқатан ҳам тенг рақобатлаша оляптими? Депутат ва ҳуқуқшунос сифатида бу борада қайси нуқталар сизда хавотир уйғотади?

– Менимча, бу масалага фақат кичик ва йирик бизнесни бир-бирига солиштириш нуқтаи назаридан қарамаслик керак. Асосий мақсад – кичик бизнесга ўзини ривожлантириш, рақобатбардош бўлиш ва босқичма-босқич ўрта, кейин эса йирик бизнесга айланиши учун шароит яратиш.

Чунки ҳақиқий рақобат, аввало, истеъмолчи учун натижа бериши керак. Рақобат бўлса, тадбиркор маҳсулот ва хизмат сифатини оширишга, нархни мақбуллаштиришга, янги технология ва ёндашувларни жорий этишга ҳаракат қилади. Натижада истеъмолчининг танлови кенгаяди, сифат ошади ва бозорда соғлом муҳит шаклланади.

Шу билан бирга, кичик тадбиркорнинг бозорга кириб қолиши эмас, балки унда барқарор ишлаб, ўз бизнесини кенгайтириши муҳим. Бунинг учун молиялаштириш, кредит олиш, инфратузилма, солиқ ва маъмурий тартиб-таомиллар қулай бўлиши билан бирга, бозорда барча тадбиркорлар учун тенг ва шаффоф қоидалар таъминланиши керак.

Қонунчиликда ҳам тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда уларнинг ҳуқуқлари устуворлиги каби муҳим принцип­лар белгиланган.

Менимча, рақобатнинг энг муҳим натижаси – тадбиркорнинг ўсиши, янги иш ўринларининг яратилиши, инвестицияларнинг кўпайиши, маҳсулот ва хизматлар сифатининг ошиши ҳамда истеъмолчининг танлов имконияти кенгайишидир. Шу нуқтаи назардан, кичик бизнесни шунчаки қўллаб-қувватлаш эмас, балки унинг ўсишига йўл очиш керак. Бугунги кичик корхона эртага ўрта бизнесга, кейин эса йирик бизнесга айланса, бу тадбиркорнинг ҳам, жамиятнинг ҳам манфаатига хизмат қилади.

— Яқинда докторлик диссертациянгизни ҳимоя қилдингиз. Илм билан сиёсий-ижтимоий фаолият бир-бирини қай даражада тўлдиради? Илмий хулосаларингизнинг қонунчилик ташаббусларига айланган аниқ мисоллари борми?

– Илм билан шуғулланишни тўхтатдим, деб айтолмайман. Бугунги кунда ҳам илмий мақолалар ёзиб, тадқиқотлар олиб боряпман. 2025 йилда ҳимоя қилган докторлик диссертациям ҳам кўп йиллик илмий изланишларимнинг натижаси бўлди. Диссертация мавзуси – экология соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик масалаларига бағишланган. Ҳимоядан кейин ушбу мавзу бўйича монография ҳам чоп эттирдим.

Бу йўналишдаги тадқиқотларим давомида экология соҳасидаги жиноятларнинг латентлиги, яъни содир этилган бўлса-да, ҳар доим ҳам аниқланавермайдиган ҳолатлари юқори эканига эътибор қаратдим. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Табиатнинг ўзи келтирилган зарар ҳақида шикоят қила олмайди. Қолаверса, экологик зарар кўп ҳолларда бирданига намоён бўлмайди, унинг оқибатлари вақт ўтиши билан юзага чиқиши мумкин. Баъзи ҳолларда бу оқибатлар инсон саломатлиги ва ҳаётига жиддий таъсир қилади.

Экология соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик масаласида жиноий оқибатнинг юзага келиши алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, табиатга катта миқдорда зарар етказилиши, ҳайвонларнинг нобуд бўлиши, ҳавонинг ифлосланиши, сувдаги тирик организмларнинг қирилиши ёки ерларнинг деградацияга учраши каби ҳолатлар шундай оқибатлар бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, экологик зарар етказилганининг ўзи автоматик равишда жиноий жавобгарлик келиб чиқади, дегани эмас. Бу ерда жиноят таркибининг барча белгилари ва қонунда белгиланган шартлар ҳисобга олинади.

Яна бир муҳим жиҳат – шахс жавобгарликка тортилган тақдирда ҳам, бу уни табиатга етказилган зарарни бартараф этиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Айни пайтда илмий фаолиятимни парламентдаги фаолиятим билан уйғунлаштириб келяпман. Илмий изланишлар давомида аниқланган муаммоларни амалиёт билан боғлаш, улар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва қонунчиликни такомиллаштиришга ҳисса қўшиш – илм ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлайди.

— Қорақалпоғистонда Орол фожиасининг оқибатлари ҳали ҳам аҳоли ҳаётига – экология, саломатлик, ичимлик сув ва турмуш сифатига таъсир кўрсатмоқда. Сизнингча, бугун Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш учун амалга оширилаётган чораларнинг қайси бири реал натижа беряпти ва қайси йўналишда ҳали ҳам кескинроқ қарорлар қабул қилиниши керак?

– Орол фожиаси нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун минтақа учун катта экологик ва ижтимоий муаммо бўлиб қолмоқда. Оролбўйи – ўзига хос табиий-географик ҳудуд. Бу ердаги экологик вазият, иқлим шароити ва табиий ресурслардан фойдаланиш масалалари бошқа ҳудудлардан бирмунча фарқ қилади. Шунинг учун Оролбўйини ривожлантиришга ҳам комплекс ёндашиш, экологик вазифаларни иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт билан уйғунлаштириш зарур.

Сўнгги йилларда бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида қарийб 2 миллион гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди. Бу ишлар чанг-тўзон ва туз кўтарилишини камайтириш, ерларни мустаҳкамлаш ҳамда экологик муҳитни яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, Оролбўйида яшил энергетикани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шамол ва қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш, шамол электр станция­ларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Нукус-1 ва Нукус-2 шамол электр станциялари ишга туширилди. Ишлаб чиқарилган энергияни аккумулятор тизимида сақлаш имкониятининг яратилиши эса қайта тикланувчи энергия манбаларидан янада самарали ва барқарор фойдаланиш учун муҳим қадамдир.

Бундай лойиҳаларнинг аҳамияти фақат экологик тоза энергия ишлаб чиқариш билан чекланмайди. Улар ҳудудга янги инвестиция­ларни жалб қилиш, замонавий технология­ларни жорий этиш, саноат тармоқларини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш учун ҳам имконият яратади. Шу маънода, экологик лойиҳаларни иқтисодий ривожланиш билан уйғунлаштириш Оролбўйининг келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.

Албатта, ҳудудда ичимлик сув таъминоти, аҳоли саломатлиги, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларнинг деградациясига қарши курашиш каби масалалар ҳам доимий эътиборда бўлиши керак. Чунки Оролбўйидаги экологик муаммоларни биргина йўналиш орқали ҳал этиб бўлмайди.

Бугун Оролбў­йида амалга оширилаётган ишлар ҳам айнан шу мақсадга – экологик вазиятни яхшилаш билан бирга, аҳоли учун муносиб яшаш ва ишлаш шароитларини яратиш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган.

— Экологик муаммоларни фақат қонунлар, жарималар ёки давлат дастурлари билан ҳал қилиб бўлмайди – жамиятда экологик маданият ҳам шаклланиши керак. Сизнингча, бугун аҳолимизнинг экологик маданияти қай даражада ва уни юксалтиришни қаердан – оиладан, мактабдан ёки қонунчиликдан бошлаш керак?

– Экологик муаммоларни фақат қонунлар, жарималар ёки давлат дастурлари орқали ҳал қилиб бўлмайди. Албатта, қонунчилик экологик хавфсизликни таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Лекин инсоннинг табиатга муносабати, уни асраб-авайлаш одати ва шахсий масъулияти шаклланмаса, энг қатъий талаблар ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Шу маънода, экологик маданиятни, аввало, оиладан бошлаш керак, деб ҳисоблайман. Бола табиатга қандай муносабатда бўлишни биринчи навбатда оилада кўради: чиқиндиларни қаерга ташлаш, сув ва электр энергиясини тежаш, дарахт ва ўсимликларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш каби оддий кўникмалар айнан оилада шаклланади. Кейин бу тарбия мактаб ва таълим тизимида билим билан бойитилади.

Бу борада давлат сиёсатида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 15 майда қабул қилинган ПҚ-184-сон қарори билан 2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Унда экологик маданиятни мактабгача таълимдан бошлаб шакллантириш, таълим ташкилотларининг ролини кучайтириш, шунингдек, оилада экологик тарбияни ривожлантириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланган.

2026 йил 25 мартда қабул қилинган ПҚ-110-сон қарорда эса «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни янада кучайтириш вазифалари белгиланди. Жумладан, ҳудудларда «яшил» техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш, экологик таълим ва малакали кадрлар тайёрлашни ривожлантириш назарда тутилган.

Шунинг учун «экологик маданиятни қаердан бошлаш керак?» деган саволга мен оила, мактаб ва қонунчиликни бир-биридан ажратмаган ҳолда жавоб берган бўлардим. Оила – одат ва тарбияни, мактаб – билим ва онгни, қонунчилик эса масъулият ва аниқ қоидаларни шакллантиради. Булар бир-бирини тўлдирсагина барқарор натижага эришиш мумкин.

Бугун аҳолининг экологик маданияти ошиб бораётганини кўриш мумкин, лекин бу борада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар ҳам кўп. Энг муҳими, экологик маданиятни фақат акция ёки бир марталик тадбир эмас, балки кундалик ҳаёт тарзига айлантиришимиз керак. Инсон табиатни асрашни мажбурият сифатида эмас, ўзининг фуқаролик масъулияти ва маданияти сифатида қабул қилса, шунда ҳақиқий ўзгариш бўлади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Сапаргул Ўтемуратова

1977 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаб, узоқ йиллар ушбу билим даргоҳида стажёр-ўқитувчиликдан кафедра профессори лавозимигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси ҳамда қуйи палатанинг Тадбиркорлик, рақобатни ривож­лантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

Юридик фанлар доктори (DSc), юздан ортиқ илмий ишлар муаллифи сифатида соҳа ва таълим ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

«Oila va TABIAT» мухбири

Саида ИБОДИНОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Сапаргул  ЎТЕМУРАТОВА:  Жамиятда масъулият  шаклланмаса, энг қатъий қонунлар ҳам кутилган натижани бермайди

Сапаргул ЎТЕМУРАТОВА: Жамиятда масъулият шаклланмаса, энг қатъий қонунлар ҳам кутилган натижани бермайди

🕔13:23, 15.10.2026 ✔129

Бугунги суҳбатдошимиз – Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси ҳамда қуйи палатанинг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Сапаргул ЎТЕМУРАТОВА.

Батафсил
Экологик хавфсизлик  таъминланмаган иқтисодиёт инқирозга юз тутади

Экологик хавфсизлик таъминланмаган иқтисодиёт инқирозга юз тутади

🕔16:50, 04.06.2026 ✔352

Ўзбекистон «яшил» иқтисодиётга батамом ўтиши учун яна нималарга эътибор қаратиш керак? Бу борада етакчи давлатлар тажрибалари қандай? Бугунги кунда қонун ижодкорлиги қай даражада шаффоф ишламоқда?

Батафсил
Ишонч, масъулият ва уйғоқлик – Экопартия депутатларининг виждон иши

Ишонч, масъулият ва уйғоқлик – Экопартия депутатларининг виждон иши

🕔17:43, 23.08.2024 ✔1552

Ҳар бир сиёсий партиянинг омма орасидаги ҳурмати, обрў-эътибори депутатлик корпусининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, катта сиёсий жараён арафасида депутатларнинг ўтган муддатдаги фаолияти яна бир бор сарҳисоб қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилиши табиий.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар