Табиат      Бош саҳифа

Экологик «парковка»: яшилликни асраб, қулайлик яратиш имкони

Автомобиль бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Аммо автомобиль сони кўпайгани сари уларни қаерга ва қандай жойлаштириш масаласи ҳам тобора мураккаблашмоқда.

Экологик «парковка»:  яшилликни асраб, қулайлик яратиш  имкони

Айниқса, мегаполисларда бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиш, шу билан бирга мавжуд яшил ҳудудларни асраб қолиш зарурати кучайган вазиятда автомобиль тўхташ жойларини қуриш қарама-қарши фикрларни келтириб чиқараётгани бор гап.

Одатда автомобиль учун жой керак бўлса, биринчи навбатда хаёлга асфальт, бетон ёки шағал қопламали майдон келади. Бу билан яшил майдонлар қисқаради. Аммо икки томонлама эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда таклиф этилаётган экологик «парковка», яъни эко-паркинг ўзига хос ва амалий ечим сифатида кўплаб мамлакатларда қизиқиш уйғотмоқда.

Хўш, у қандай бўлади? Эко-паркинг ташқи кўринишидан оддий яшил майдонни эслатади. Бироқ унинг остида автомобиль оғирлигини кўтара оладиган махсус майсазор панжараси жойлашади. Панжара катаклари унумдор тупроқ билан тўлдирилиб, унга майса экилади. Натижада ҳам автомобиль учун тўхташ жойи, ҳам яшил ҳудуд вазифасини бажарувчи майдон ҳосил бўлади.

Майсазор панжарасининг асосий вазифаси автомобиль ғилдиракларидан тушадиган босимни бир нуқтага тўпламасдан, кенгроқ майдонга тақсимлаш орқали тупроқнинг ботиб кетишини камайтиради ва ўсимлик илдизларини маълум даражада ҳимоя қилади. Айрим полимер панжаралар ишлаб чиқарувчилар маълумотига кўра, 20 тоннагача бўлган юкка мослаштирилиши мумкин. Албатта, бу барча турдаги панжараларга тегишли эмас. Шунинг учун маҳсулот танлашда унинг техник хусусиятлари ва майдонга тушадиган юклама албатта ҳисобга олиниши керак.

Чунки шахсий енгил автомобиль учун мўлжалланган майдон билан юк машинаси мунтазам кириб-чиқадиган ҳудуднинг талаби бир хил эмас. Масалан, хусусий уй олдида бир кунда бир неча марта ҳаракатланадиган енгил автомобиль учун мўлжалланган эко-паркингда бир хил талаблар қўйилса, омборхона ёки ишлаб чиқариш корхонаси олдида оғир транспорт воситалари ҳаракатланадиган майдон учун анча мустаҳкам асос ва панжара керак бўлади.

Оддий майсазор устига автомобиль қўйишнинг салбий томонлар кўпчиликка маълум. Ғилдираклар босими тупроқни зичлайди, ўсимлик илдизларига ҳаво ва намлик етиб боришини қийинлаштиради. Машина бир жойда узоқ вақт турса, унинг остидаги майса қуёш нури ва ҳаво алмашинувидан маҳрум бўлади. Оқибатда майсазор сарғайиши, сийраклашиши ва ҳатто бутунлай қуриб қолиши мумкин. Кейин эса уни қайта тиклаш учун яна вақт, меҳнат ва маблағ талаб этилади.

Эко-паркингда бундай босимнинг таъсири анча камаяди. Панжара автомобиль оғирлигини тақсимлаб, тупроқнинг чуқур ботиб кетишидан асрайди. Шу билан бирга, майсазор панжара катаклари ичида ўсгани учун ғилдираклар таъсиридан ҳимояланган бўлади.

Бугун бундай конструкциялардан фақат хусусий ҳовлилар эмас меҳмонхоналар, рес­торанлар, дам олиш масканлари, савдо объектлари ва турли жамоат ҳудудларида ҳам фойдаланиш мумкин.

Эко-паркингнинг имкониятлари автомобиль тўхташ жойи билан ҳам чекланиб қолмайди. Майсазор панжаралари айрим ҳолларда қияликларни мустаҳкамлаш, тупроқнинг емирилиши ва ювилишини камайтириш мақсадида ҳам қўлланиши мумкин. Масалан, ҳовлига олиб кирадиган автомобиль йўли қияликда жойлашган бўлса, кучли ёмғирдан кейин тупроқнинг ювилиши кузатилиши мумкин. Тўғри ўрнатилган панжара эса бундай ҳудудда тупроқни ушлаб туришга ёрдам беради. Айрим технологиялар 20 даражагача бўлган қияликларда қўлланиши мумкин экан.

Конструкцияларнинг қайси турини танлашда эса, аввало, майдоннинг ҳолати ҳисобга олиниши керак. Бу ерда «энг яхши панжара қайси?» деган саволдан кўра, «менинг ҳудудим учун қайси панжара мос?» деган савол муҳимроқ. Чунки материални танлашда транспорт тури, ҳаракат интенсивлиги, туп­роқнинг хусусияти, майдоннинг қиялиги ва фойдаланиш муддати ҳисобга олиниши керак.

Эко-паркингнинг сифатли чиқиши панжаранинг ўзигагина эмас, унинг остидаги асосга ҳам боғлиқ. Намлик юқори, чўкиш эҳтимоли бўлган жойларни шағал билан мустаҳкамлаган маъқул.

Яна бир муҳим жиҳат, эко-паркингга оддий майса уруғини танлаш билан иш битмайди. Автомобиль ҳаракати бўладиган майдон учун босилишга чидамли, маҳаллий иқлимга мос ва парвариши нисбатан осон майса турларини танлаш зарур. Суғориш ва дастлабки парвариш ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Ўсимликлар яхши илдиз отиб олгандан сўнг майдон аста-секин яхлит яшил қопламага айланади.

Эко-паркингнинг афзалликлари кўп бўлса-да, бу юз фоизлик ечим эмас. Масалан, автомобиль ҳаракатланганда панжара катак­лари атрофидаги майсалар сийраклашиши, шикастланиши аниқ. Машинани бир жойда жуда узоқ вақт қолдириш эса ўтнинг сарға­йишига олиб келади. Шунинг учун бундай майдонда автомобилни имкони борича бир жойда узоқ қолдирмаган маъқул.

Автомобилдан тўкиладиган мой, ёқилғи ва бошқа техник суюқликлар ҳам майсазор учун хавф туғдириши эҳтимоли бор.

Эътибор қаратилиши зарур бўлган яна бир жиҳат, дренаж тизими ҳисобга олинмаса ёки панжара юкламага мос танланмаса, энг сифатли материал ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин. Эко-паркинг келажак шаҳар муҳитининг барча муаммоларини бир ўзи ҳал қиладиган мўъжизавий ечим эмас албатта. Унинг ҳам ўз талаблари, чекловлари ва фойдаланиш қоидалари бор. Лекин тўғри танланган материал, пухта тайёрланган асос, яхши дренаж, мос ўсимликлар ва оқилона фойдаланиш шароитида у транспорт инфратузилмаси билан яшил муҳитни уйғунлаштиришнинг самарали усулларидан бири бўлиши мумкин.

Аслида, экологик «парковка»нинг моҳияти ҳам шунда – инсон эҳтиёжи билан табиат имконияти ўртасида мувозанат топиш. Автомобиль ҳаракати учун мустаҳкам майдон керак, аммо бу ҳар доим ҳам яшилликдан воз кечиш эвазига бўлмаслиги керак. Асфальт ва бетон зарур бўлган жойда ўз вазифасини бажаради. Бироқ яшил ҳудудни сақлаб қолиш мумкин бўлган жойда эса экологик ечимларга мурожаат қилиш оқилона танловдир.

 

Камолиддин РЎЗИМАТОВ




Ўхшаш мақолалар

Навоийлик талабаларнинг  ободликка  қўшган ҳиссаси

Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси

🕔14:37, 22.10.2026 ✔15

Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлак­лар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.

Батафсил
Ноёб  кўршапалак тури топилди

Ноёб кўршапалак тури топилди

🕔14:33, 22.10.2026 ✔15

Олимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.

Батафсил
Йўллар –  ёввойи табиатга  дахл қилмасин

Йўллар – ёввойи табиатга дахл қилмасин

🕔14:26, 22.10.2026 ✔19

Йўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Навоийлик талабаларнинг  ободликка  қўшган ҳиссаси

    Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси

    Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлак­лар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.

    ✔ 15    🕔 14:37, 22.10.2026
  • Ноёб  кўршапалак тури топилди

    Ноёб кўршапалак тури топилди

    Олимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.

    ✔ 15    🕔 14:33, 22.10.2026
  • Йўллар –  ёввойи табиатга  дахл қилмасин

    Йўллар – ёввойи табиатга дахл қилмасин

    Йўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.

    ✔ 19    🕔 14:26, 22.10.2026
  • Салар каналида сувнинг ифлосланиши  сабаби нима?

    Салар каналида сувнинг ифлосланиши сабаби нима?

    Сув – табиатнинг энг муҳим бойликларидан бири. Инсон ҳаёти ҳам, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам бевосита унга боғлиқ.

    ✔ 103    🕔 13:18, 15.10.2026
  • Экологик «парковка»:  яшилликни асраб, қулайлик яратиш  имкони

    Экологик «парковка»: яшилликни асраб, қулайлик яратиш имкони

    Автомобиль бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Аммо автомобиль сони кўпайгани сари уларни қаерга ва қандай жойлаштириш масаласи ҳам тобора мураккаблашмоқда.

    ✔ 122    🕔 14:53, 08.10.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар