Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилЯнги Ўзбекистон шароитида чиқиндиларни тўғри утилизация қилиш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш энг муҳим ва долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бугунги иқтисодий кўрсаткичлар, аҳоли саломатлиги, экологик барқарорликни таъминлаш бевосита мазкур мезонлар билан чамбарчас боғлиқ.
Жамият тараққиётининг ҳар бир босқичида ўзига хос ютуқлар билан бир қаторда янги муаммолар ҳам юзага чиқиши табиий. Бугунги кунда шаҳарларимиз ва қишлоқларимиз қиёфаси ўзгараётган, ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, истеъмол маданияти янгича мазмун касб этаётган бир шароитда шундай муаммолардан бири чиқиндиларни тўғри ва оқилона бошқариш масаласидир.
Бир қарашда маиший чиқиндилар оддий маиший масаладек туюлади: уйда тўпланади, махсус идишга ташланади ва олиб кетилади. Аммо масаланинг моҳиятига чуқурроқ назар ташласак, бу жараён ортида инсон саломатлиги, атроф-муҳит муҳофазаси, шаҳарсозлик, иқтисодиёт, ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳатто жамиятнинг маданий савияси каби кўплаб муҳим масалалар турганини кўрамиз.
Бугун Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш соҳаси оддий «тозалаш» тизимидан босқичма-босқич замонавий, рақамлаштирилган ва қайта ишлашга асосланган тизимга айлантирилмоқда. Эътибор беринг: 2025 йилда мамлакатда 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган. Шу йили санитария-тозалаш хизматлари 8 105 та маҳаллага етказилган, бу 9 452 та маҳалланинг 87 фоизини ташкил этган; аҳоли қамрови эса 23,9 миллион киши, яъни 64 фоиз бўлган. Бу рақамлар бизга бир ҳақиқатни кўрсатади: чиқинди масаласи энди фақат коммунал хизматлар ёки экологик ташкилотларнинг иши эмас. У бутун жамиятнинг кундалик ҳаётига дахлдор масаладир.
Инсоннинг табиатга муносабати маданиятнинг энг оддий, аммо энг таъсирчан кўрсаткичларидан бири. Кўчада қоғоз парчасини ерга ташлаш ёки чиқиндини белгиланмаган жойга чиқариб қўйиш кимгадир арзимас ишдек кўриниши мумкин. Лекин минглаб одамлар худди шу муносабатни такрорласа, у катта экологик муаммога айланади. Шу нуқтаи назардан, «чиқинди қаерга ташланади?» деган саволдан олдин «уни яна бир марта ресурсга айлантириш мумкинми?» деган саволларни бериш муҳимроқдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда айнан шу ёндашувга ўтиш томон катта ҳаракат бошланди. 2025 йилда қабул қилинган чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларда 2030 йилгача мавжуд чиқинди полигонларини 50 фоизга қисқартириш, янги ҳосил бўладиган чиқиндиларни имкони борича қайта ишлаш ёки энергия олиш мақсадида қайта ишлаш, чиқиндиларни иқтисодий айланмага қайтариш ва «ноль чиқинди» тамойилини жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Аслида бу оддий технологик ўзгариш эмас, халқнинг тўғри иродаси асосидаги тафаккур ўзгаришидир.
Узоқ йиллар давомида чиқиндилар билан боғлиқ энг оддий ечим уни бир жойга йиғиш ва кўмишдан иборат бўлиб келди. Аммо бу ёндашув масалага тўла-тўкис ечим бўлолмаслиги ҳаммамизга яхши аён. Полигонлар йиллар давомида катта ҳудудларни, тўғрироғи, бир неча гектар унумдор ерларни банд қилиб туради. Улар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши бугун ҳудудлардаги кўплаб аҳоли мурожаатларида акс этяпти. Айрим чиқиндилар ўнлаб, ҳатто юзлаб йиллар давомида парчаланмаслиги муаммони янада кескинлаштирмоқда.
Мамлакатимизда кейинги пайтларда ушбу соҳада амалга оширилаётган фаолиятни якуний марра эмас, катта тизимли ислоҳотнинг дастлабки босқичи сифатида баҳолаш тўғри бўлади.
Асосий вазифа чиқиндини фақат тезроқ олиб кетиш эмас, унинг ҳосил бўлишини камайтириш, саралаш, қайта ишлаш ва иқтисодий қийматга эга маҳсулотга айлантиришдир. Полигонга юборилган ҳар бир пластик идиш, металл буюм, қоғоз ёки шиша қайта ишлаш мумкин бўлган ресурснинг йўқотилиши ҳамдир. Шунинг учун ҳозирги пайтда чиқиндига «иккиламчи хомашё» сифатида қараш энг тўғри ёндашув ҳисобланади.
Пластик, қоғоз, картон, металл, шиша, резина, текстиль чиқитлари каби кўплаб материаллар қайта ишланиши мумкин. Улар полигонга кетмасдан, янги маҳсулот ишлаб чиқаришга хизмат қилиши зарур. Мутахассислар чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 10 фоизга етказиш орқали қоғоз, пластик, резина, шиша ва текстиль каби иккиламчи хомашёдан бир триллион сўмлик маҳсулот олиш мумкинлиги қайд этишмоқда. Бу рақамнинг ўзиёқ чиқиндига муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини кўрсатади. Шундай экан, экологик маданиятни иқтисодий саводхонлик билан уйғунлаштириш лозим.
Биринчи навбатда чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг барқарор механизмини кучайтириш масаласи долзарб бўлмоқда. Ҳар бир ҳудуд, туман ва маҳаллаларда чиқиндиларни қабул қилувчи пунктлар ташкил қилиб, уларни қайта ишлашга жўнатиш орқали аҳоли маиший чиқиндиларнинг катта қисмини қайта ишлашга жалб қилиш имконияти пайдо бўлади. Етарли ва қулай даражада қабул қилувчи субъектларнинг бўлмаслиги маиший чиқиндилар муаммосини кун сайин ўсиб боришига олиб келади. Мазкур соҳа жозибадорлигини ошириш кечиктириб бўлмас вазифалардан биридир.
Қабул қилувчи субъектлар учун иккинчи хомашё сифатида олинадиган маҳсулотнинг сараланган бўлиши талаб этилади. Бунинг учун эса, аввало, аҳоли чиқиндиларни саралаб ажратиш кўникмасига эга бўлиши зарур. Сараланмаган чиқинди фақат полигонлар учун ортиқча муаммони юзага келтиради холос. Бунинг учун чиқиндиларни сараланган ҳолатда олиб кетиш тизимини йўлга қўйиш зарурати юзага келади. Бу эса, аҳолининг экологик маданияти билан бирга, мавжуд инфтатузилмани ҳам тақозо этмоқда. Ҳар бир оилада чиқиндиларни сараланган ҳолатда ажратишга йўналтирилган тарбия механизми ишлаган тақдирда қабул қилувчи субъектларга чиқиндилар турига кўра алоҳида-алоҳида топшириш катта самара беради. Аммо яқин ҳудудда қайта ишлаш, ақалли қабул қилиш билан шуғулланадиган пунктлар бўлмаслиги оилада шаклланган экологик қадрият ва анъаналарга уйғун бўлмай қолади.
Эҳтимол, мамлакатимизнинг етти миллиондан ортиқ оилалардаги барча маиший чиқиндиларни сараланган ҳолда олиб кетиш бир қадар мураккаб бўлиши мумкин. Лекин ўн мингдан ортиқ мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида бундай фаолиятни йўлга қўйиш у қадар мураккаб бўлмаса керак. Боиси, оилада экологик тарбия ва кўникмаларга одатлантирилган фарзандлар ҳаётда, айниқча боғча ва мактабда унга зид фаолиятнинг гувоҳи бўлиши уларга катта таъсир кўрсатади.
Бугун барча мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида чиқинди ташлаш пунктлари мавжуд. Эндиликда уларни сараланган чиқиндилар учун мослаштириш унча катта ҳаракат ва харажат талаб қилмайди. Шу билан бирга, бу фаолият ўсиб келаётган авлоднинг экологик қадриятлари қатъий шаклланишига мустаҳкам асос вазифасини бажаради.
Мактаб ўқувчиси пластик идишни алоҳида контейнерга ташлар экан, у нафақат табиатни асраётганини, балки муайян ресурсни иқтисодий айланмага қайтараётганини ҳам тушуниб боради. Бу ташаббусларни тизимли таълим дастурлари билан уйғунлаштириш зарур. Бола «чиқиндини ерга ташлама» деган гапни эшитибгина қолмасдан, унинг қаерга боришини, табиатга таъсирини, қайта ишлаш жараёнини ва ўзининг кичик одати катта натижага олиб келишини тушуниши лозим.
Мактабларда экологияга оид дарслар ана шундай амалий машғулотлар билан бойитилиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, қоғозни алоҳида йиғиш, пластикдан фойдаланишни камайтириш, эски электрон қурилмаларни махсус қабул қилиш пунктларига топшириш, мактаб ҳудудида компост тайёрлаш каби оддий лойиҳалар болада масъулият ҳиссини шакллантиради. Шундагина экологик таълим китобда қолиб кетмасдан кундалик одатга айланиб боради.
Бугун Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш соҳасида катта ўзгаришлар даври кечмоқда. Янги техникалар ва қайта ишлаш корхоналари, рақамли тизимлар, энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари, хавфли чиқиндиларни назорат қилиш механизмлари – буларнинг барчаси замонавий тизимни шакллантиришга қаратилган. Аммо энг катта ўзгариш техникада эмас, инсон онгида, экологик кўникма ва маданиятида содир бўлиши керак. Мамлакатни тоза қиладиган нарса фақатгина технологик механизмнинг жорий қилинганида эмас. Экологик ислоҳотларни ўз мустақил иродаси асосида англаб етган ва қадрлайдиган инсоннинг муносабатидир. Мамлакат тараққиётининг ҳақиқий кўрсаткичларидан бири – унинг она табиатга бўлган тўғри ва оқилона муносабатидир.
Бугун биз ташлаган ҳар бир чиқинди эртанги куннинг экологик манзарасига ўз таъсирини ўтказади. Бугун шакллантирган ҳар бир яхши одат эса фарзандларимизга қоладиган энг оддий, аммо энг қимматли мерослардан бири бўлади.
Абдукарим АВАЗБЕКОВ
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилОлимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.
БатафсилЙўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.
Батафсил