Табиат      Бош саҳифа

Дарахтларга санитар ишлов бериш илмий ва ҳуқуқий асосларга таяниши зарур

Яшил ҳудудларни сақлаш ва уларни оқилона бошқариш экологик сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Дарахтларга санитар ишлов бериш  илмий ва ҳуқуқий асосларга таяниши зарур

Ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳудудларидаги мавжуд дарахтларга тўғри профилактик ишлов берилмаса, нобуд бўлиш жараёни тобора тезлашади. Шу сабабли уларни санитар қисқартиришда ҳам бир қанча талабларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Дарахт ва буталарни санитар мақсадида кесиш (шакл бериш) ишларини ўтказишнинг муҳим вазифаларидан бири бу – дарахт ва бута ўсимликларнинг фитосанитар ҳолатини таъминлаш, ўсимликлар карантини объектларини бартараф этиш ҳисобланади. Шакл беришда уларнинг ёши ўзгариб бориши, ўсимликнинг тури ва биологик ўсиши, ривожланиши ва танасининг хусусияти, шохланиш тури, уйқудаги куртакларнинг уйғониши, шунинг­дек, қирқишни кўтара олиш динамикасини албатта ҳисобга олиш зарур.

Яшил ҳудудларнинг муҳим таркибий қисми бўлган дарахт ва буталар нафақат эстетик аҳамиятга эга, балки улар ҳавони тозалаш, микроиқлимни тартибга солиш, шовқин даражасини камайтириш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлашда муҳим роль ўйнайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, битта етук дарахт йилига ўртача 20-30 кг карбонат ангидридни ютиб, кислород ажратади. Шу сабабли, дарахтлар билан боғлиқ ҳар қандай бошқарув фаолияти, жумладан, санитар кесиш ишлари ҳам илмий асосланган ва эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши шарт.

Санитар кесиш бу – касалланган, қуриб қолган, зараркунандалар билан зарарланган ёки инсон ҳаёти ва инфратузилмага хавф туғдирувчи дарахт шохларини олиб ташлаш ёки қисқартиришга қаратилган агротехник тадбирдир. Ушбу жараённинг асосий мақсади яшил ҳудудларнинг соғломлигини таъминлаш ва экологик барқарорликни сақлашдан иборат. Бироқ амалиётда санитар кесиш ишлари кўпинча нотўғри талқин қилиниб, ортиқча ва асоссиз кесиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ҳозирги вақтда дарахтларга санитар ишлов бериш соҳасини тартибга солувчи 23 та қонун ҳужжати мавжуд бўлиб, уларнинг 65 фоизи маҳаллий даражада, 35 фоизи рес­публика даражасида қабул қилинган. Бироқ, бу ҳужжатларнинг 42 фоизида бир-бирига зид қоидалар мавжуд бўлиб, ҳуқуқий тартибга солишда муаммолар юзага келмоқда. 2025 йилда Ўзбекистонда дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 328 та ҳуқуқбузарлик аниқланди. Ушбу ҳолатларда 953 та қимматли ва 2 388 та кам қимматли дарахтларнинг ноқонуний кесилгани қайд этилган.

Инсон ва фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўсимликларга зарар етказмаслик, дарахтларни санитар кесиш ишларини тартибга солиш бугун жуда долзарб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу йўналишдаги илмий тадқиқот натижаларидан фойдаланиш, санитар кесиш  механизмлари самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи таклифларни амалиётга жорий этиш муҳим.

Биринчидан, ҳар бир санитар кесиш мақсадида қирқилаётган дарахтга керакли воситалар орқали профилактик ишларни олиб бориш лозим. Бир дарахт ортидан келувчи кўплаб фойдалардaн экологиянинг маҳрум бўлиши орқали кўплаб зарарлар вужудга келади. Жумладан, ҳаво сифатининг ёмонлашуви, ҳарорат даражасининг ошиши, чанг миқдорининг кўпайиши ва шу каби бошқа кўплаб салбий оқибатлар юзага келади.

Иккинчидан, мамлакатимизда электрон ҳукуматнинг ривожланиши турли соҳаларнинг рақамли тизимга ўтаётгани орқали ўз исботини топмоқда. Шу сабабли, ҳар бир кесилиши режалаштирилган дарахт учун QR-кодли «Электрон экологик паспорт» тизимини жорий этиш зарур.

Учинчидан, шаҳарсозлик лойиҳаларида дарахтларни кесиш учун маҳалла фаолларининг иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Бу орқали мамлакатда соҳани тартибга солишда жамоатчилик назоратининг ўрни янада аҳамиятли бўлиб боради.

Тўртинчидан, кесилган ҳар бир дарахт ўрнига ўша ҳудуднинг ўзида камида 10 та соғлом кўчат экиш ва уларни 3 йил давомида парвариш­лаш масъулиятини юклаш. Бунда дарахтларнинг сони янада ортиши ва экилган дарахтлар қуриб қолишининг олди олинган бўлади.

Санитар кесиш ишларини нотўғри ташкил этиш экологик мувозанатга салбий таъсир кўрсатади ва аҳолининг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини чеклаши мумкин. Хусусан, асоссиз дарахт кесиш натижасида яшил ҳудудлар қисқариб, ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошиши кузатилади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, яшил ҳудудлар 10-20 фоизга камайган ҳудудларда ҳаводаги зарарли моддалар миқдори сезиларли даражада ортган.

Шунингдек, дарахтлар кесилиши натижасида микроиқлим ўзгариши, яъни ҳаво ҳароратининг ошиши ва намлик даражасининг пасайиши­ аниқланган. Бу эса айниқса шаҳарларда яшовчи аҳолининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Тадқиқот давомида аниқланишича, яшил ҳудудлар камайган жойларда нафас олиш касалликлари билан касалланиш ҳолатлари ҳам ортган. Бундан ташқари, айрим ҳудудларда санитар кесиш ишлари экологик экспертизасиз амалга оширилаётгани, жамоатчилик фикри етарли даражада инобатга олинмаётгани маълум бўлди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, санитар кесиш ишлари, электр тармоқлари хавфсизлиги учун шохларни қисқартириш, шакл бериш, ободонлаштириш ишлари кенг амалга оширилмоқда. Жумладан, бу бўйича бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Бироқ амалиёт таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, дарахтларни санитар кесиш ишларидан кейин уларни муҳофаза қилиш бўйича аниқ ҳуқуқий механизмлар тўлиқ шакл­ланмаган. Соҳа олимлари, дендрологлар ва фитопатологлар тадқиқотларига кўра, дарахт танасида ҳосил бўлган очиқ кесим юзаси дарахт учун биологик стресс нуқтаси ҳисобланади. Бу ҳолат камбий қатламининг шикастланишига, регенерация жараёнининг секинлашишига, намлик киришига, фитопатоген замбуруғлар киришига, зараркунанда ҳашаротлар жалб қилинишига олиб келади.

Маҳаллий олимларимиз томонидан ҳам бу жараёнлар атрофлича тадқиқ қилинган. Жумладан, дарахт ва буталарни санитария мақсадида кесиш табиий омиллар ёки ўсимлик зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланганда, биологик ёшини ўтаб бўлганда, қуриётган ёки қуриб қолганда ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётганда, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, шунингдек, авария ҳолатида бўлган ҳолларда амалга оширилади.

Дарахт ва буталарни шакл бериш учун қирқиш қуйидаги мақсадларда: яхши ривож­ланган новда ва шохларнинг сунъий шаклини яратиш ва сақлаш учун; ўсимликларнинг ўсиш белгиларини ўзгартириш, шу жумладан, новда ва шохларни кўтариш ва баландлигини чеклаш мақсадида амалга оширилади.

Барча турдаги шохланган дарахтларни қирқишда уларнинг табиий кўринишини ҳисобга олиш керак. Дарахтнинг ҳар бир турига хос бўлган танасининг табиий баландлиги ва шаклини кескин ўзгартириш тавсия этилмайди.

Юқорида келтирилган илмий-назарий тадқиқотларга амал қилинмаган ҳолларда турли хил  муаммолар юзага келади. Мисол учун: дарахтларнинг барвақт қуришига, шаҳарларда яшил ҳудудлар камайишига, экологик барқарорлик пасайишига, аҳоли хавфсизлигига таҳдид юзага келишига сабаб бўлмоқда. Илмий кузатувлар шуни кўрсатадики, очиқ кесим юзалари муҳофаза қилинмаган дарахтларда касалланиш эҳтимоли 2-4 баробар ортиши мумкин. Шу сабабли ана шу ҳар бир санитар қирқишга учраган дарахт танасида жароҳатлар ҳосил бўлиши ва чиришининг олдини олиш мақсадида диаметри 2 см дан ортиқ барча кесмаларни боғ суртмаси ёки олифа асосидаги ёғли бўёқ билан қоплаш тавсия этилади. Ўзидан кўп миқдорда қатрон (смола) чиқарувчи игнабаргли дарахтлар новдасининг қирқилган жойига боғ суртмаси суртиш зарур эмас. Бу шуни кўрсатадики, мамлакатдаги кўп­лаб дарахтларни санитар қирқиш давомида уларга керакли профилактик ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Лекин охирги йилларда Тошкент шаҳар ва бошқа кўплаб ҳудудларда дарахтлар мутахассислар томонидан етарли даражада ўрганилмасдан қирқилиши оқибатида кўп йиллик дарахт ва буталар нобуд бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бизнинг бугунги шароитимизда «санитар кесиш» тушунчаси кўпинча асл моҳиятидан узоқлашиб, соғлом дарахтларни қурилиш майдонлари очиш ёки тижорат мақсадларида йўқ қилиш учун ҳуқуқий «ниқоб» бўлиб хизмат қилаётгани ачинарли ҳақиқатдир. Ҳар бир кесилаётган дарахт бўйича бериладиган хулоса шунчаки идоравий қоғозбозлик бўлиб қолмаслиги керак. Жараённинг қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлаш учун ҳар бир ҳолат реал ҳаётда мустақил экологик аудитдан ўтказилиши шарт. Фақатгина холис мутахассислар томонидан берилган ва жамоатчиликка очиқланган экспертиза хулосасигина аҳолининг конституциямизда белгиланган ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини амалда кафолатлай олади.

Шундай экан, санитар кесиш ишлари шубҳали қарорлар асосида эмас, балки шаффоф ва мустақил назорат остида амалга оширилиши шарт. Токи, табиатимизнинг «ўпкаси» ҳисоб­ланган яшил ҳудудларимиз «санитар тозалаш» қурбонига айланмасин. Зеро, халқнинг соғлом муҳитда яшаш ҳуқуқи ҳар қандай моддий ёки қурилиш манфаатларидан устундир.

 

Жамшид ОДИЛОВ,

ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти

мустақил изланувчиси




Ўхшаш мақолалар

Навоийлик талабаларнинг  ободликка  қўшган ҳиссаси

Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси

🕔14:37, 22.10.2026 ✔18

Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлак­лар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.

Батафсил
Ноёб  кўршапалак тури топилди

Ноёб кўршапалак тури топилди

🕔14:33, 22.10.2026 ✔17

Олимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.

Батафсил
Йўллар –  ёввойи табиатга  дахл қилмасин

Йўллар – ёввойи табиатга дахл қилмасин

🕔14:26, 22.10.2026 ✔22

Йўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Навоийлик талабаларнинг  ободликка  қўшган ҳиссаси

    Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси

    Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлак­лар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.

    ✔ 18    🕔 14:37, 22.10.2026
  • Ноёб  кўршапалак тури топилди

    Ноёб кўршапалак тури топилди

    Олимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.

    ✔ 17    🕔 14:33, 22.10.2026
  • Йўллар –  ёввойи табиатга  дахл қилмасин

    Йўллар – ёввойи табиатга дахл қилмасин

    Йўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.

    ✔ 22    🕔 14:26, 22.10.2026
  • Салар каналида сувнинг ифлосланиши  сабаби нима?

    Салар каналида сувнинг ифлосланиши сабаби нима?

    Сув – табиатнинг энг муҳим бойликларидан бири. Инсон ҳаёти ҳам, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам бевосита унга боғлиқ.

    ✔ 105    🕔 13:18, 15.10.2026
  • Экологик «парковка»:  яшилликни асраб, қулайлик яратиш  имкони

    Экологик «парковка»: яшилликни асраб, қулайлик яратиш имкони

    Автомобиль бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Аммо автомобиль сони кўпайгани сари уларни қаерга ва қандай жойлаштириш масаласи ҳам тобора мураккаблашмоқда.

    ✔ 122    🕔 14:53, 08.10.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар