Табиат      Бош саҳифа

Саҳронинг сирли мушуги

Чўл ва саҳро бағрида ҳаёт кечирадиган ёввойи ҳайвонлар орасида қорақулоқ (каракал) ўзининг чаққонлиги, гўзал ташқи кўриниши ва ноёб хусусиятлари билан ажралиб туради.

Саҳронинг  сирли  мушуги

Саҳронинг қумранг манзарасида уни пайқаш осон эмас. У кўпинча тун қаърида ҳаракатланади, ўлжасини сезиб, бир зумда ҳужум қилади ва яна саҳро сукутига сингиб кетади. Шу боис ҳам қорақулоқни чўлнинг сирли жониворларидан бири дейиш мумкин. Аммо унинг аҳамияти фақат ташқи кўриниши ёки овчилик маҳорати билан чекланмайди. Қорақулоқ табиатдаги озиқ занжирининг муҳим бўғини бўлиб, экотизимдаги табиий мувозанатни сақлашда ўз ўрнига эга.

Қорақулоқ – мушуксимонлар оиласига мансуб йиртқич ҳайвон. У асосан чўл, ярим чўл, қумли ва сийрак ўсимликлар ўсадиган ҳудудларда яшайди. Ўзбекистонда эса унинг тарқалиш ҳудуди анча чекланган бўлиб, асосан Устюрт платоси ва Амударёнинг қуйи оқимида учрайди. Қум барханлари, мустаҳкамланган қумликлар, гипслашган текисликлар, айрим ҳолларда саҳролашган тоғолди ҳудудлари ва тўқайзорлар ҳам унинг яшаш муҳити ҳисобланади. 2026 йилда Оролқум миллий табиат боғи ва Борсакелмас давлат қўриқхонасида ўрнатилган фототузоқлар қорақулоқни қайд этгани ҳам ушбу ноёб ҳайвоннинг мамлакатимиз табиат ҳудудларида ҳануз сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Унинг танаси бақувват, оёқлари узун, ҳаракатлари эса жуда чаққон. Танаси одатда сарғиш-­қумранг тусда бўлиб, саҳро муҳитида ниқобланишига ёрдам беради. Қорақулоқнинг энг диққатга сазовор белгиси – қулоқлари учидаги узун қора тукларидир. Айнан шу хусусияти туфайли уни бошқа ёввойи мушуклардан осон ажратиш мумкин. Қулоқлари ниҳоятда сезгир бўлиб, бу унга атрофдаги товушларни илғаш ва ўлжасининг ҳаракатини аниқлашда қўл келади. Қорақулоқ асосан тунги ҳайвон ҳисобланади, айниқса ёз фаслида тунги фаоллиги кучаяди. Бошқа фаслларда эса кундузи ҳам ов қилиши мумкин.

Қорақулоқнинг ов қилиш маҳорати ҳам ўзига хос. Унинг озиқ рационини асосан қуёнлар ва кемирувчилар ташкил этади. Бундан ташқари, қушлар, типратиканлар, тулкилар, судралиб юрувчилар, илонлар ва турли бўғимоёқлилар ҳам унинг ўлжаси бўлиши мумкин. Камдан-кам ҳолларда туёқли ҳайвонлар ва ўлимтиклар билан ҳам озиқланади. Тез ҳаракатланиши ва сакраш қобилиятининг юқорилиги унга ўлжани қувиб етишда катта устунлик беради. Шу жиҳатдан қараганда, қорақулоқ саҳро экотизимида кемирувчилар ва бошқа майда ҳайвонлар сонини табиий тарзда тартибга солиб турувчи йиртқичлардан биридир.

Қорақулоқнинг яна бир қизиқ хусусияти – унинг узоқ вақт давомида табиатда кўзга ташланмай яшай олиши. Саҳро ранг­ларига мос туси, тунги ҳаёт тарзи ва эҳтиёткорлиги уни инсон кўзидан узоқ сақлайди. Шунинг учун ҳам айрим ҳудудларда унинг борлиги айнан фототузоқлар орқали аниқланмоқда.

Оролқум миллий табиат боғи 2022 йил 4 мартда Мўйноқ туманида ташкил этилган бўлиб, бу ҳудудда 25 турдаги ҳайвонот дунёси вакиллари мавжуд, уларнинг тўрт тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Қорақулоқнинг ушбу ҳудудда фототузоққа тушиши чўл экотизимларини муҳофаза қилишда бундай табиий ҳудудларнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатади.

Хўш, нега қорақулоқни асраш муҳим? У Ўзбекистонда камёб ва муҳофазага муҳтож ҳайвонлардан бири ҳисобланади. Қорақулоқ Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўлиб, халқаро миқёсда йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган тур сифатида CITES конвенциясининг I иловасига ҳам киритилган. Унинг тарқалиш ҳудуди парчалангани, табиий яшаш жойларининг қисқариши, инсон фаолияти натижасида табиий ҳудудларнинг ўзгариши ва ноқонуний ов каби омиллар турнинг сақланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бугун мамлакатимизда биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш, нодир ҳайвонларнинг табиий яшаш муҳитини сақлаш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Қизил китоб» нодир ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларни муҳофаза қилишнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. Мамлакат фаунасида умуртқали ҳайвонларнинг 706 тури мавжуд бўлиб, уларнинг 107 тасини сутэмизувчилар ташкил этади, Ўзбекис­тон Қизил китобида эса 30 турдаги сутэмизувчи қайд этилган.

Қорақулоқ – нафақат чўлнинг гўзал ва сирли жонивори. У саҳро табиатининг ўзига хос қисми, табиий озиқа занжирининг муҳим бўғинидир. Устюртнинг кенгликларида, Амударёнинг қуйи оқимида ва Оролқум сингари табиий ҳудудларда унинг излари сақланиб қолган экан, демак, саҳронинг қадимий ҳаёти ҳали ҳам давом этмоқда. Қорақулоқни асраш эса фақат бир ҳайвон турини муҳофаза қилиш эмас, балки у билан боғлиқ бутун табиий муҳитни, чўлнинг ўзига хос ҳайвонот дунё­сини келажак авлодларга етказиш демакдир.

 

Нодир УМИРОВ,

«Оқтоғ-Томди» давлат

қўриқхонаси илмий ишлар бўйича директор ўринбосари




Ўхшаш мақолалар

Навоийлик талабаларнинг  ободликка  қўшган ҳиссаси

Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси

🕔14:37, 22.10.2026 ✔18

Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлак­лар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.

Батафсил
Ноёб  кўршапалак тури топилди

Ноёб кўршапалак тури топилди

🕔14:33, 22.10.2026 ✔17

Олимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.

Батафсил
Йўллар –  ёввойи табиатга  дахл қилмасин

Йўллар – ёввойи табиатга дахл қилмасин

🕔14:26, 22.10.2026 ✔22

Йўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Навоийлик талабаларнинг  ободликка  қўшган ҳиссаси

    Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси

    Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлак­лар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.

    ✔ 18    🕔 14:37, 22.10.2026
  • Ноёб  кўршапалак тури топилди

    Ноёб кўршапалак тури топилди

    Олимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.

    ✔ 17    🕔 14:33, 22.10.2026
  • Йўллар –  ёввойи табиатга  дахл қилмасин

    Йўллар – ёввойи табиатга дахл қилмасин

    Йўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.

    ✔ 22    🕔 14:26, 22.10.2026
  • Салар каналида сувнинг ифлосланиши  сабаби нима?

    Салар каналида сувнинг ифлосланиши сабаби нима?

    Сув – табиатнинг энг муҳим бойликларидан бири. Инсон ҳаёти ҳам, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам бевосита унга боғлиқ.

    ✔ 105    🕔 13:18, 15.10.2026
  • Экологик «парковка»:  яшилликни асраб, қулайлик яратиш  имкони

    Экологик «парковка»: яшилликни асраб, қулайлик яратиш имкони

    Автомобиль бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Аммо автомобиль сони кўпайгани сари уларни қаерга ва қандай жойлаштириш масаласи ҳам тобора мураккаблашмоқда.

    ✔ 122    🕔 14:53, 08.10.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар