Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилМетронинг бир маромидаги гувиллаши, автомобиллар оқими, автобус тормозининг овози, йўл ёқасидаги одамларнинг шовқин-сурони...
Бугун пойтахтимиз ҳаётини ана шундай динамик товушларсиз тасаввур қилиш қийин. Аммо бир зумга шаҳар ғала-ғовуридан хаёлан узоқлашиб, атрофга қулоқ тутсак, бутунлай ўзгача бир дунё очилади: баргларнинг майин шивирлаши, қушларнинг хониши, дарахт шохлари орасидан ўтаётган шабада нафаси, ариқларда жилдираётган сув ва узоқдан эшитилаётган болалар кулгиси... Буларнинг барчаси Тошкентнинг биз кундалик югур-югурда кўпинча пайқамайдиган, кўз билан эмас, қулоқ билан ҳис этиладиган яширин қиёфасини намоён қилади.
Замонавий экологияда ушбу ҳодиса «soundscape», яъни акустик ландшафт деб аталади. Бу – муайян ҳудуддаги барча табиий ва сунъий товушларнинг яхлит мажмуаси. Мазкур муҳитда табиат овозлари (қушлар, ҳашаротлар, шамол ва сув товушлари), инсон фаолиятига хос ижтимоий ифодалар (суҳбатлар, қадамлар, спорт машғулотлари) ҳамда шаҳар техносферасига оид шовқинлар (транспорт, қурилиш ва техника) бир вақтнинг ўзида ўзаро уйғунлашади. Шу боис истироҳат боғи ёки яшил ҳудудни фақат дарахтлар сони, гуллар тарҳи ва ландшафт дизайни орқали баҳолаш бирёқлама ёндашувдир. Ҳар бир яшил ҳудуднинг кўзга кўринмас, аммо бевосита эшитиладиган ўзига хос экологик атмосфераси мавжуд.
Бугунги кунда жаҳон экологлари шаҳар паркларининг акустик муҳитини махсус сезгир қурилмалар ёрдамида узлуксиз ёзиб олиб, компьютер дастурлари орқали таҳлил қилмоқда. Илмий тадқиқотларда қушлар фаоллиги ва биологик хилма-хиллик даражасини ўлчаш учун махсус акустик индекслар қўлланади. Бу эса товушлар шунчаки фон эмаслигини, балки шаҳар экотизимининг соғломлик даражасини кўрсатувчи муҳим биоиндикатор эканлигини тасдиқлайди.
Тошкент паркларининг ҳақиқий нафасини ҳис қилиш учун энг қулай вақт – эрта тонг. Соат 6:00 атрофида шаҳар ҳали тўлиқ уйғониб улгурмаган, транспорт ва бошқа антропоген шовқинлар минимум даражада бўлган паллада қушлар ўз сайрашининг энг фаол босқичига киради. Халқаро акустик тадқиқотларда ҳам эрталабки 6:00-9:00 оралиғи парк ва яшил ҳудудларда табиий биофонни тоза эшитиш учун энг мақбул вақт сифатида қайд этилади. Кун ёришиб, оқшом тушиши билан товуш манзараси яна ўзгаради: ҳашаротлар хониши кучаяди ва парк ўзининг кунлик табиий ритмини ҳосил қилади.
Тошкент шаҳрида 2024 йилда ўтказилган орнитологик тадқиқотлар давомида 52 турдаги қуш рўйхатга олинган. Қушлар хилма-хиллиги саноат зоналари билан солиштирганда, шаҳар парклари ва кўкаламзор ҳудудларда бир неча баробар юқори экани аниқланган. Тошкент вилояти бўйича 2014-2022 йиллардаги баҳорги кузатувлар таҳлилига назар ташласак, табиий биотопларда қарийб 186 тур, қишлоқ хўжалиги ландшафтларида эса 162 тур қуш қайд этилган. Демак, пойтахт паркларида янграётган ҳар бир қуш овози шунчаки майин оҳанг эмас, балки ҳудуднинг экологик ҳолати, ҳавонинг тозалиги ва биохилма-хиллик даражасидан хабар берувчи муҳим ахборот манбаидир.
Парклардаги дарахт ва буталарнинг вазифаси фақат соя бериш, ҳавони чангдан тозалаш ёки кислород ишлаб чиқариш билан чекланмайди. Улар шаҳарнинг товуш муҳитини соғломлаштиришда ҳам табиий ҳимоя девори вазифасини бажаради. 2025 йилда эълон қилинган нуфузли экологик изланишлар шаҳар паркларидаги ўсимлик қатламининг зичлиги қушлар хилма-хиллигига бевосита ижобий таъсир кўрсатишини, шу билан бирга, кўчалардан келаётган оғир транспорт шовқинини сезиларли даражада ютишини исботлади. Айниқса, ўсимликларнинг пастки ва ўрта қатламидаги бутазорлар кучли акустик тўсиқ ҳисобланади. Шу сабабли ҳақиқий экологик паркни нафақат кўз, балки қулоқ билан ҳам баҳолаш зарур.
Одамлар шаҳар боғларига, одатда, осойишталик ва руҳий дам олиш илинжида қадам ранжида қилади. Аслида эса шаҳар парки ҳеч қачон мутлақ сукунатга чўммайди: кимдир югуради, болалар қийқиради, хиёбон бўйлаб велосипедлар ғилдирайди, шох-шаббаларда эса қушлар сайрайди. Бу ерда асосий мезон – табиий ва ижтимоий товушлар ўртасидаги мувозанат. Тадқиқотлар тасдиқлашича, қушлар хониши, барглар шитирлаши ва сув оқими каби табиий товушлар инсон асаб тизимини тинчлантиради, стресс даражасини пасайтиради ва ақлий тетиклик бағишлайди. Паркдаги «сокинлик» – бу товушларнинг йўқлиги эмас, балки уларнинг руҳиятга ором берувчи табиий уйғунлиги.
Шаҳарнинг айрим яшил гўшаларида кўча шовқини устунлик қилиши мумкин, бироқ қалин дарахтзорлар қаърига кирганингиз сари транспорт ғала-ғовури ўрнини қушларнинг оҳангдор симфонияси эгаллайди. Ўсимликларнинг турлари ва вертикал қатламдорлиги акустик хилма-хилликни бойитади. Эрталаб қушлар хониши устунлик қилса, туш пайтида болалар шўхлиги ва инсонлар ҳаракати сезиларли бўлади, кечаси эса шаҳар бутунлай бошқа – тунги акустик қиёфага киради.
Агар Тошкент харитасини анъанавий бинолар ва кўчалар ўрнига товуш тўлқинлари орқали тасаввур қилсак: қизил ранг транспорт ва саноат шовқини юқори бўлган гавжум магистралларни, яшил ранг қушлар ва дарахтлар нафаси устун бўлган сокин хиёбонларни, мовий ранг анҳор ва фавворалар бўйидаги сув жилдирашини, сариқ ранг эса инсонлар гавжум ижтимоий майдонларни ифодалаган бўларди. Бундай акустик харита мегаполисга янги экологик нигоҳ билан қараш, қайси ҳудудларда табиат овози шовқин остида қолиб кетаётганини ва қаерда мувозанат сақланиб турганини аниқ кўрсатиб берган бўларди.
Шаҳарни тўлиқ англаш учун доим ҳам унга фақат кўз билан қараш кифоя қилмайди. Баъзан бир дақиқага тўхтаб, унинг нафасига қулоқ тутиш керак. Тошкентнинг улкан бинолари, равон йўллари ва автомобиллар оқими ортида барглар шивири, шабада эпкини, зилол сув нафаси ва қушлар навосидан тўқилган тирик бир олам бор. Агар биз шаҳар шовқини орасидан она табиатнинг бу сокин овозини эшита олсак, пойтахт бизга ўзининг энг гўзал сирларини сўзлаб беради.
Шаҳноза ҚУЛМАТОВА
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилОлимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.
БатафсилЙўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.
Батафсил