Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар бугун нафақат икки мамлакат учун, балки Марказий Осиё ва Шарқий Осиёни ўзаро боғлаб турувчи муҳим ҳамкорлик йўналишларидан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи, унинг доирасида ўтказилган учрашув ва тадбирлар, олий даражада имзоланган ҳужжатлар бунинг яққол ифодаси бўлди.
Бу муносабатларнинг мустаҳкам тарихи бор. Корея Республикаси Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бири ҳисобланади. 1992 йил 29 январда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилиши эса ўзаро алоқаларнинг расмий ва барқарор пойдеворини яратди.
Ўтган давр мобайнида сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланди. 2019 йилда муносабатларнинг алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилиши эса бу жараённинг мантиқий давоми бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи муносабати билан мамлакатнинг нуфузли нашрлари – «The Chosun Daily» ҳамда «The Korea Herald» газетасида давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик» мақоласи чоп этилди. Унда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми беш баробарга ошди. Кореянинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган инвестициялари 8 миллиард доллардан ошган. Айни пайтда юртимизда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF билан ҳамкорликдаги лойиҳалар портфели эса 3,5 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Бу рақамлар, аввало, ўзаро ишончнинг иқтисодий пойдевори нақадар мустаҳкамлигини намоён этади. Қолаверса, ҳамкорликни фақат инвестициялар ва савдо кўрсаткичлари билан баҳолаш тўғри бўлмайди. Энг муҳим жиҳат – икки мамлакат муносабатлари янги технологик мазмун касб этмоқда.
Корея Республикасининг қисқа тарихий даврда инновация ва юқори технологияларга таянган илғор иқтисодиётга эга бўлгани бутун дунёда эътироф этилган тараққиёт тажрибасидир. Ўзбекистонда эса Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида иқтисодиётни модернизация қилиш, рақамлаштириш, саноатни технологик янгилаш, илм-фан ва инновацияни ривожлантиришга устувор аҳамият берилмоқда. Шу нуқтаи назардан Корея тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим амалий аҳамият касб этади.
Айниқса, икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги келгусида янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имкониятлар очмоқда.
Ўзбекистоннинг табиий ресурслари, географик имкониятлари, катта бозори ва ёш меҳнат салоҳияти Кореянинг илғор технологиялари, инвестицияси ва инновацион тажрибаси билан уйғунлашиши натижасида янги қўшма ишлаб чиқариш занжирлари шаклланади. Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, энди алоҳида соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш босқичига ўтиш вақти келди.
Бу ёндашувнинг стратегик аҳамияти жуда катта. Чунки замонавий дунёда технологияга эга бўлишнинг ўзи эмас, уни яратиш, такомиллаштириш ва экспорт қила олиш мамлакат иқтисодий рақобатбардошлигининг муҳим омилига айланмоқда. Шу боис сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармацевтика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги ва «ақлли шаҳар» каби йўналишлар Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг янги устувор соҳалари сифатида белгиланаётгани айни муддаодир.
Бу лойиҳаларнинг яна бир муҳим самараси – янги авлод кадрларини тайёрлаш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ва инсон капиталини ривожлантиришдир. Зеро, технология ва инновацияларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи билим ва малака ҳисобланади. Шу сабабли таълим, академик алмашинув, қўшма илмий тадқиқотлар, мутахассислар тайёрлаш ва касбий таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш стратегик шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Ўзбекистон – Корея муносабатларининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – халқларимиз ўртасидаги инсонпарварлик ришталари. Юртимизда истиқомат қилаётган корейс миллати вакиллари Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бўлса, Кореяда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган юртдошларимиз икки мамлакат ўртасидаги ўзига хос «инсонлар кўприги» вазифасини бажармоқда. Демак, стратегик шерикликнинг пойдевори нафақат давлатлар ўртасидаги ҳужжатлар ва келишувлар, балки халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга ҳам таянади.
Сеулда илк бор ўтказилган «Марказий Осиё – Корея Республикаси» саммити минтақавий ҳамкорлик нуқтаи назаридан муҳим тарихий воқеадир.
Бугун Марказий Осиё давлатларининг умумий иқтисодий салоҳияти ошиб, минтақа халқаро иқтисодий муносабатларда тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Шундай шароитда Кореянинг технологик, инвестициявий ва инновацион салоҳиятини Марказий Осиёнинг имкониятлари билан уйғунлаштириш янги иқтисодий лойиҳалар, транспорт йўлаклари, рақамли ечимлар, «яшил» технологиялар ва юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш учун кенг имконият яратади. Ўзбекистоннинг ушбу форматда сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги самарали механизмларни шакллантиришга қаратилган ташаббуслари мамлакатимизнинг минтақавий жараёнлардаги фаол ва конструктив позициясини кўрсатади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Корея муносабатларида инновация, юқори технология, инсон капитали ва минтақавий тараққиёт марказий ўринга кўтарилди. Бу жараённи «дўстликдан – ишончга, ишончдан – стратегик шерикликка, стратегик шерикликдан – умумий тараққиёт ва технологик ҳамкорликка» олиб бораётган изчил йўл сифатида баҳолаш мумкин. Энг муҳими, бу шерикликда икки томоннинг манфаатлари бир-бирини тўлдирмоқда.
Корея учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим ва ишончли ҳамкор бўлса, Ўзбекистон учун Корея – технология, инновация, инвестиция ва инсон капитали соҳасида улкан тажрибага эга стратегик шерикдир.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада юқори босқичга кўтариш, янги келишув ва лойиҳаларга йўл очиш билан бирга, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт стратегиясида Корея билан шериклик қандай муҳим ўрин тутишини ҳам намоён этмоқда. Ишончимиз комилки, бугун шаклланаётган янги ҳамкорлик модели нафақат Ўзбекистон ва Корея халқлари фаровонлигига, балки Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, инновациялар ва умумий тараққиёт учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, Марказий Осиё ва Корея Республикаси тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган ҳамкорликнинг янги маконини шакллантириши мумкин. Бу келажак авлодлар учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган стратегик мақсаддир.