Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БОЛАНГИЗ НИМАНИ ОРЗУ ҚИЛЯПТИ?

Фикрлар, инкор этиб бўлмас далиллар, хулосалар

Болалик — орзуларга лиммо-лим давр. Бола улғайган сари орзулари ҳам кўпайиб, катталашиб боради.

БОЛАНГИЗ НИМАНИ ОРЗУ ҚИЛЯПТИ?

Космонавт ёки учувчи бўлишни, сеҳргарга айланишни орзу қилмаган бола бўлмаса керак. Психологларнинг айтишича, боланинг орзуларига қараб ҳам унинг нималар ҳақида ўйлаши, келажакда танлайдиган йўлини аниқлаш мумкин экан.

Бунга янада аниқлик киритиш мақсадида 3-6 ёш оралиғидаги яшаш шароити, муҳити ва тарбияси турлича бўлган болалар ўртасида кичик сўров-тадқиқот ўтказдик. Берилган савол эса битта эди: «Нимани орзу қиласиз?» Жавоблар деярли ўхшаш бўлиб чиқди. Масалан, ўғил болаларнинг аксарияти машина, велосипед, компьютер, қўл телефонига эга бўлишни орзу қилишини айтган бўлса, қизлар кўпроқ саҳнада қўшиқ айтишни, чиройли келин кўйлаги ёки гапирадиган қўғирчоқлар ҳақида гапиришди. Аммо болаларнинг умуман бир-бирига ўхшамайдиган, ўйлантириб қўядиган жавобларига ҳам дуч келдик.

— Бугунги болаларнинг орзулари олдингиларникидан тубдан фарқ қилади, — дейди Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани 321-сонли МТМ мудири Васила ­ЙЎЛДОШЕВА. — Орзулари ҳам даврга мос, улар кўпроқ техникага, компьютерга қизиқишади. Шунингдек, болаларнинг орзулари ҳаётга тақлид қилиш орқали ҳам ривожланяпти, деб ўйлайман. Улар орасида артист, раққоса бўлишни орзу қиладиганлари талайгина. Бошқа томондан, улар жуда ҳам реал. «Шифокор, адвокат, прокурор, олим, тадбиркор бўламан», деб баралла айтишади. Муҳити ҳаминқадар бўлган оилада ўсаётган бола ҳам яхши нарсаларни орзу қилади. Яқинда бир бола кутилмаганда: «Катта бўлсам, яхши дада бўламан», деб жавоб берди. Эътибор беринг, болакай ўз ҳаётидаги ҳозирги муаммони катта бўлса ечиш орзусида. Бу унинг дунёқараши нақадар кенглигидан дарак. Аммо биз катталар улардаги шу орзуларни ривожлантиришимиз, кўмак беришимиз даркор. Чунки бола шахс сифатида боғча ёшидаёқ ўз «мен»ига эга бўлади, келажакка тайёрланади. Уларнинг орзуларини ҳурмат қилишимиз, келажакда шу орзулари рўёби учун қўллаб-қувватлашимиз керак.

Сўровда болаларнинг ҳаммасиям бир хил орзу қилавермаслиги аниқланди. Паркентлик тўрт яшар Шоҳиста шифокор бўлмоқчи. Онасининг айтишича, қизалоқнинг отаси оғир хасталикдан вафот этгани учун шифокор бўлишни орзу қиларкан. Беш яшар Комрон эса чемпион бўлиш орзусида экан. Бувиси буни унинг дадаси спорт устаси экани билан изоҳлади. Бундан кўринадики, оилавий муҳит ҳам боланинг ўй-хаёлларига, орзуларига ўз таъсирини кўрсатади. Тўрт ёшли Зарнигор эса «Онам боғча опа бўлишини», дея жавоб берди. Сабабини сўраганимизда дугоналаридан бирининг онаси боғча опа эканини, доим ёнида бўлишини, қизига кўпроқ вақт ажратишини айтди. Кўринадики, тарбиячи ўз қизига кўпроқ вақт ажратган, бошқа болалар ёнида ўз фарзандини эркалаган. Бу эса Зарнигорнинг ҳавасини келтириши билан бирга, тарбиячи болаларни тенг кўрмаётганидан ўксишни ҳам пайдо қилган.

— Яқинда болаларга қоғоз ва қалам бердим-да, «Ҳар ким истаган расмини чизсин», дедим, — дейди Хоразм вилояти Янгибозор тумани 7-сонли МТМ тарбиячиси Инобат ЖУМАНИЁЗОВА. — Кимдир гул, кимдир машина, яна кимдир айиқнинг расмини чизибди. Уларнинг ичида жуда чиройли чизилган икки қаватли, ҳашаматли уй эътиборимни тортди. Уни чизган боладан «Нега уйнинг расмини чиздинг?» деб сўрадим. Шунда бола ижара уйда яшашларини, ота-онаси уй олиш учун тинмай ишлаётганини айтди. Кўриниб турибдики, боланинг орзу қилиши шароитга, эҳтиёжга ҳам боғлиқ.

Эҳтиёжлар сабаб ҳам орзу туғилар экан. Бироқ болага барча шароит муҳайё қилинганда унинг орзулари бошқачароқ бўлади. Буни аниқлаш учун эса барча шароитлар яратилган қўшнимизнинг олти яшар қизига шу саволни бердим. «Камалакни кўришни», деб жавоб берди. «Камалакни кўрмаганмисан?» «Йўқ, фақат мультфильмларда кўрганман. Ёмғир ёққанида доим осмонга қарайман, аммо камалак кўринмайди». Шаҳарлик бу қизчанинг сўзлари ҳайратимни оширди. Унга қараб туриб, гўзалликни ва санъатни нозик англовчи бўлажак рассомни кўргандек бўлдим. Дугонамнинг беш яшар тўполончи ўғлини саволга тутдим. «Робот», деди. Кейин қўлидаги қайсидир мультфильмдан андоза олиб ясалган робот ўйинчоғини ўйнашга тутинди. Бир қизчанинг жавоби эса жуда антиқа бўлди — «Маша». Уч ярим яшар қизча худди мультфильмдаги қаҳрамонга ўхшаб тантиқланиб лабини бурди. Унинг бу ҳолатидан уялинқираган онаси «Шу мультфильмни кўп кўради, борган сари Машадек қулоқсиз бўлиб боряпти», деди.

Аммо бугун биз катталарнинг эътиборсизлигимиз сабаб боламизнинг орзулари бошқа ўзанга бурилиб кетаётгани бор гап. Дейлик, техникага қизиқадиган, келажакда яхши инженер чиқиши мумкин бўлган бола «автомобил устаси бўламан», деса, отаси ё онаси дарров қарши чиқади: «бир умр қора мойга ботиб яшамоқчимисан? Сен прокурор ёки солиқчи бўлишинг керак!..» Ёки мурғак қалби билан мусиқани теран англайдиган фарзандимизга ўйинчоқ олишда негадир кичкина чолғу асбоби эмас, катта танк моделини танлаймиз.

Бу масала бугун кўпчилик учун кичкина, арзимасдек туюлиши мумкин. Бироқ шу эътиборсизлик эртага улканроқ муаммоларга олиб келмайдими? Бир соҳани гуллатиши мумкин бўлган одамнинг бошқа бир жойда «кун ўтсин»га ишлаб юргани ана шу йигирма йил олдинги эътиборсизлик оқибати эмасмикан?

Орзу — мақсаднинг калити. Гоҳида ота-оналар боласини ҳеч нарсага қизиқмайди, деб қолади. Демак, боланинг ичида орзуси шаклланмаган.

Аслида орзу қилишни болага ўргатса бўлади. Буни эртак, ҳикоя, ривоят, буюк қаҳрамонлар ҳақида сўзлаб бериш орқали амалга ошириш мумкин. Ота-онанинг бунда асосий вазифаси боланинг орзуси, қизиқишларини аниқлаш ва қизиққан нарсасига йўналтиришдир. Натижада у ўз ҳаракатлари билан нафақат ўзи ва ота-онасига, балки жамиятга ҳам фойда келтиради.

Агар болани орзу йўлида қўрқмасдан, иккиланмасдан дадил юришга ўргатсак, демак, унинг келажакда бахтли яшашига замин яратган бўламиз.

Худойберди ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси:

— Беш-олти ёшлардаги бола эдим. Маҳалламизда Қобилов деган муаллим бўларди. Қўнғироғи бор велосипед миниб кўчамиздан ўтар, «Қўнғироғингизни бир чалай», деб чувиллашганча ўнтача бола изидан югурардик. Аммо муаллим бирон марта ҳам қўнғироғини чалдирмасди. Велосипедга ё қўлим тегарди, ё тегмасди, муаллим ўтиб кетаверарди. Ўшанда катта бўлсам, муаллим бўламан, велосипед оламан, унинг қўнғироғи бўлади. Изимдан югурган болаларга қўнғироғини чалишга бераман, деб орзу қилардим.

Иккинчи орзум эса бобом билан боғлиқ. Мен етим қолиб, чолларнинг қўлида катта бўлганман. Бобом турли дарахт ниҳолларини экарди парваришларди. Мен уларнинг қайси дарахт эканини-ю, қачон қайсиси гулга киришини, мева тугишини, қачон пишишигача билардим. Шунда боғбон бўламан, деб орзу қилардим. 14 ёшга киргунча 14 хил касбни орзу қилганман. Сартарош, этикдўз, ҳатто, носфуруш бўлишни ҳам орзу қилганман. Аммо энг катта орзуим ўқитувчи, маорифчи, ёзувчи бўлиш эди. 1949 йилда Қўқон давлат педагогика институтини битирдим. 17 ёшимда муаллим бўлдим. Умримни мактаб билан боғладим. Ўзбеклардан Саид Аҳмад акадек, чет эл адибларидан Марк Твен, Жонатан Свифтга ўхшашни орзу қилдим. Жаҳоннинг 28 мамлакатида китобларим чоп этилди. Ҳозир ҳам ёзувчиларнинг ичида энг яхшиси бўлгим келади.

Дилором САЪДУЛЛАЕВА,

Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 149-сонли МТМ психологи:

— Дунёда қанча бола бўлса, ҳаммасининг дилида ўз орзуси бор. Улар бир-бирига ўхшаш ёки умуман бири-бирини такрорламайди. Қалбида орзу уйғониши муҳитга, шароитга, тарбияга боғлиқ. Болаларда орзу қилиш уч ёшдан бошланади. Онг шаклланиш жараёнида бўлгани учун кўрган нарсаси ҳақида орзу қилаверишади. Масалан, қизлар келинларни кўрганида келин бўлишни, ўғил болалар эса машинани орзу қилади. Бора-бора қиз болалар кўпроқ мультфильмлардаги, эртаклардаги каби малика, ўғил болаларнинг эса қаҳрамон, шаҳзода бўлгиси келади. Баъзан уларда салбий қаҳрамонларга ўхшаш орзуси ҳам пайдо бўлади. Бу боланинг бошқаларнинг ўзидан қўрқишини исташи билан боғлиқ. Қўрқинчли мультфильмлар, фильмлар кўриш ҳам болаларда айни истакни уйғотади. Бундай пайтда ота-она болага тўғри тушунча бериши, уни ёмонлик томонга чалғитаётган ҳолатни бартараф этиши зарур.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔5

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔70

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 5    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 70    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 74    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 103    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар