Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
БатафсилМамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Расмий статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 4 миллионга яқин енгил автомобиль мавжуд. Мутахассислар прогнозларига қараганда, 2030 йилга келиб бу кўрсаткич 6-7 млн бирликкача ошиши кутилмоқда. Бундай ўсиш суръати экологик муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бирига айланиши аниқ.
Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда йилига ўртача 84 000 тонна автомобиль шинасидан иборат чиқинди ҳосил бўлади. Агар 2030 йилгача автомобиллар сони кутилганидек ошса, бу кўрсаткич йилига 120-130 минг тоннагача етиши мумкин. Савол туғилади: ушбу улкан миқдордаги чиқиндилар қаерга кетмоқда?
Автошина чиқиндилари масаласи нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида ҳам катта муаммо ҳисобланади. Дунё бўйича йилига тахминан 1,5 млрд дона шина ишлаб чиқарилади ва ишлатиб бўлингандан кейин чиқинди сифатида тўпланади. Ривожланган мамлакатларда бу масалани ҳал этиш учун турли технологиялар ишлаб чиқилган бўлса-да, ривожланаётган давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам самарали ечимлар излаш давом этмоқда.
Шиналарнинг таркибий тузилиши уларнинг табиатда чиришига умуман йўл қўймайди. Шиналар таркибида резина, металл толалар, синтетик матолар, турли кимёвий қўшимчалар мавжуд бўлиб, улар сув ва тупроққа сингиб, атроф-муҳитни узоқ вақт давомида ифлослантириб туради. Чиқинди шиналарнинг очиқ ҳавода тўпланиши ҳашаротларнинг кўпайиши, ёнғин чиқиш хавфи, сув ҳавзаларининг ифлосланиши каби бир қатор экологик хавфларни келтириб чиқаради.
Агар бу муаммога тўғри ечим топилса, у иқтисодий фойда келтира бошлайди. Нефть ва нефть маҳсулотлари нархи ошаётган, табиий ресурслар чекланган шароитда чиқинди шиналарни қайта ишлаш орқали қимматбаҳо хомашё ва энергия манбаларини олиш иқтисодий жиҳатдан жуда самарали ҳисобланади.
Кўрилаётган чоралар – самарасиз
Автошиналарнинг ўртача хизмат муддати ҳаракат шароитлари, йўл сифати ва парваришлаш даражасига қараб 3-5 йилни ташкил этади. Ўзбекистон шароитида, йўлларнинг кўп қисми ҳали ҳам такомиллаштиришга муҳтожлиги сабаб, шиналарнинг эскириш суръати нисбатан юқори. Шунининг учун ҳам йилига тахминан 84 000 тонна, яъни 15-18 миллион дона шина чиқинди сифатида табиатга ташланяпти.
Афсуски, бу чиқиндиларнинг асосий қисми ҳозирда самарасиз ва экологик хавфли усулларда «утилизация» қилинмоқда. Энг кенг тарқалган усул – шиналарни ёқиш. Кўпчилик ҳолларда қишлоқ жойларда, қурилиш майдончаларида ва ҳатто шаҳар четларида чиқинди шиналар оддий ёқилғи сифатида ёқиб юборилади. Бу жараёнда эса атмосферага юқори даражада токсик моддалар чиқади.
Резинанинг ёниши давомида атмосферага азот ва олтингугурт оксидлари, қўрғошин бирикмалари, бензопирен ва бошқа канцероген моддалар ажралиб чиқади. Илмий тадқиқотларга кўра, 1 тонна резинани ёқишда атмосферага тахминан 450 кг углерод оксиди, 50 кг азот оксидлари, 20 кг олтингугурт оксидлари ва кўплаб бошқа зарарли моддалар чиқади. Бу эса атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига жиддий таҳдид солмоқда.
Иккинчи кенг тарқалган усул – шиналарни чиқинди полигонларида тўплаш. Бироқ, шиналарнинг ўлчамлари катта бўлгани сабабли, улар полигонларда жуда кўп жой эгаллайди. Шу билан бирга, шиналар табиий шароитда юзлаб йиллар давомида деградация қилинмайди. Улар чирмайди, пaрчаланмайди, балки атроф-муҳитга доимий равишда зарарли моддалар ажратаверади.
Чиқинди полигонларида тўпланган шиналар ўз-ўзидан ёниш хавфини ҳам келтириб чиқаради. Бундай ёнғинларни ўчириш қийин бўлиб, улар бир неча ой давом этиши мумкин.
Учинчи муаммо – шиналарнинг майда қисмларга ажралиб, атроф-муҳитга тарқалиши. Чиқинди полигонларида тўпланган шиналар вақт ўтиши билан парчаланиб, резина заррачалари шамол орқали атрофга тарқалади, ёмғир сувлари билан сув ҳавзаларига тушади, тупроққа сингади. Бу резина микрозаррачалари экин майдонларига тушиб, ҳосилдорликка таъсир қилиши, сув манбаларини ифлослантириши мумкин.
Иқтисодий жиҳатдан қаралганда, чиқинди шиналарни утилизация қилмасдан тўплаш катта иқтисодий зарарга олиб келади. Биринчидан, полигонларни сақлаш ва бошқариш харажатлари ошади. Иккинчидан, чиқинди шиналарда мавжуд бўлган қимматли хомашё ресурслари – углеводородлар, металл, углерод – бефойда йўқолади. Учинчидан, экологик зарар келтириши оқибатида соғлиқни сақлаш тизимига юклама ошади, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги камаяди.
Давлат томонидан чиқинди шиналарни йиғиш ва қайта ишлаш бўйича айрим тадбирлар амалга оширилмоқда. Баъзи шаҳарларда махсус йиғиш пунктлари ташкил этилган, тадбиркорларга чиқинди шиналарни қайта ишлаш бўйича имтиёзлар берилмоқда. Бироқ, бу чора-тадбирлар ҳали муаммонинг фақат кичик қисмига ечим бўла олади, холос. Комплекс ёндашув ва замонавий технологияларни жорий этиш зарурлиги кундан-кунга ошиб бормоқда.
Жаҳон тажрибаси ва замонавий технологиялар
Ривожланган мамлакатларда чиқинди шиналарни қайта ишлаш масаласи узоқ йиллар давомида ўрганилиб, турли самарали технологиялар ишлаб чиқилган. Жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатларида чиқинди шиналарнинг 95 фоизи қайта ишланади.
Германияда, масалан, шиналарни чиқинди полигонларига ташлаш қонун билан тақиқланган. Бу мамлакатда йилига тахминан 600 минг тонна чиқинди шина тўпланади ва улардан 30 фоизи энергия олиш учун, 27 фоизи резина гранулалар ишлаб чиқариш учун, 23 фоизи цемент ишлаб чиқариш саноатида, қолган қисми эса бошқа соҳаларда қўлланилади.
АҚШда ҳар йили 300 миллион дона шина чиқинди сифатида ҳосил бўлади. Улардан асосан резина гранулалар, ёқилғи ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.
Япония шиналарни қайта ишлашда илғор технологияларга эга мамлакатлардан бири. Бу ерда чиқинди шиналарнинг 90 фоизи қайта ишланади. Япон технологиялари асосан юқори ҳароратли пиролиз усулига асосланган бўлиб, ундан суюқ ёқилғи, газ ва қаттиқ углерод қолдиқлари олинади.
Умуман, дунёда чиқинди шиналарни қайта ишлашнинг бир неча асосий усуллари мавжуд:
Механик қайта ишлаш усули – шиналарни майдалаш ва резина гранулалар олиш. Бу усул нисбатан содда ва арзон, аммо олинган маҳсулотларнинг қўлланиш доираси чекланган. Резина гранулалардан асосан спорт майдончалари қопламалари, йўл қопламаларига қўшимчалар, гидроизоляция материаллари ишлаб чиқарилади.
Криоген майдалаш усули – шиналарни жуда паст ҳароратда (-80°C ва ундан паст) музлатиб, кейин майдалаш. Бу усул резинани майда кукунга айлантириш имконини беради, лекин энергия сарфи юқори.
Пиролиз усули – шиналарни кислородсиз муҳитда юқори ҳароратда (400-600°C) қиздириш орқали қайта ишлаш. Бу усул энг самарали ҳисобланади, чунки ундан бир вақтнинг ўзида бир неча қимматли маҳсулотлар олинади: суюқ ёқилғи, газ, металл ва углерод қолдиқлари.
Регенерация усули – резинани махсус кимёвий реагентлар ёрдамида ишлов бериб, янги резина ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин бўлган хомашёга айлантириш. Бу усул технологик жиҳатдан мураккаб ва қиммат.
Ўзбекистон учун энг мақбул усул пиролиз технологияси ҳисобланади. Бунга бир неча сабаблар мавжуд. Биринчидан, пиролиз усули чиқиндисиз технология бўлиб, барча компонентлар самарали қўлланилади. Иккинчидан, олинган маҳсулотларнинг бозор қиймати юқори. Учинчидан, технологиянинг нисбатан оддийлиги ва автоматлаштириш даражасининг юқорилиги.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, шиналарни қайта ишлаш корхоналари одатда катта шаҳарлар яқинида жойлашади, бу чиқинди шиналарни йиғиш ва транспортировка қилиш харажатларини камайтиради. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари йилига 5 мингдан 50 минг тоннагача бўлиши мумкин. Ўзбекистон шароитида ҳар бир йирик шаҳарда (Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманган) шундай корхоналарни барпо этиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Инновацион технология: катализаторли пиролиз
Ўзбекистон олимлари томонидан ишлаб чиқилган янги технологиянинг жаҳон тажрибасидан асосий фарқи – махсус синтез қилинган катализаторлардан фойдаланиш. Бу технологик янгилик пиролиз жараёнининг самарадорлигини сезиларли даражада оширади ва олинган маҳсулотларнинг сифатини яхшилайди.
Анъанавий пиролиз жараёнида шиналар 400-600°C ҳароратда қизитилади ва натижада суюқ ёқилғи, газ ва қаттиқ қолдиқ олинади. Бироқ, бу жараёнда ёқилғининг чиқиши нисбатан паст (29-32%) ва унинг сифати юқори даражада бўлмайди. Янги технологияда махсус синтез қилинган катализаторлардан фойдаланиш бу кўрсаткичларни кескин яхшилайди.
Тадқиқот натижаларига кўра, катализаторларни қўллаш орқали ёқилғининг чиқиши 29,5 фоиздан 42,5 фоизгача, яъни 13 фоиз пунктга ошган. Бу ўсиш жуда муҳим иқтисодий аҳамиятга эга. Агар 1 тонна чиқинди шинадан анъанавий усулда 295 кг ёқилғи олинган бўлса, янги технология ёрдамида 425 кг, яъни 130 кг кўпроқ ёқилғи олиш мумкин.
Катализаторлар таъсирида нафақат ёқилғи миқдорини оширади, балки сифати ҳам сезиларли даражада яхшиланади. Кимёвий таҳлиллар шуни кўрсатдики, катализаторларнинг қўлланиши ёқилғи таркибидаги сифатни белгиловчи моддаларнинг концентрацияси ошишига олиб келади.
Технологиянинг яна бир муҳим афзаллиги – ёқилғи таркибидаги зарарли қўшимчаларнинг камайиши. Биргина олтингугуртли бирикмаларнинг камайиши алоҳида таъкидлашга арзийди. Шиналар таркибида вулканизация жараёнида қўлланиладиган олтингугурт мавжуд бўлиб, пиролиз жараёнида у турли олтингугурт бирикмаларига айланади. Катализаторлар ёрдамида олтингугуртли бирикмалар қаттиқ қолдиқларда тутилади ва суюқ ёқилғига деярли ўтмайди. Натижада экологик жиҳатдан тозароқ ёқилғи олинади.
Технологик жараённинг ўзи ҳам бир қатор афзалликларга эга. Қурилмада ҳаракатланувчи қисмлар ва уларни бириктириб турувчи мосламалар деярли йўқ. Бу қурилманинг ишлаш муддатини анча узайтиради, таъмир ишларини соддалаштиради ва эксплуатация харажатларини камайтиради. Жараён тўлиқ ёпиқ тизимда амалга оширилгани учун атмосферага зарарли чиқиндилар чиқмайди.
Тайёр қимматбаҳо маҳсулотлар
Суюқ ёқилғи – дизель ёқилғисига ўхшаш хусусиятга эга бўлиб, электр станцияларида, саноат печларида, иситиш тизимларида ва бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин. Катализаторлар ёрдамида олинган ёқилғи сифати яхшироқ бўлгани учун уни автомобиль ёқилғиси таркибига қўшимча сифатида ҳам қўшиш мумкин.
Пиролиз гази – жараённинг ўзини қувватлаш учун фойдаланиш мумкин. Яъни технология қисман ўз-ўзини энергия билан таъминлайди.
Металл қолдиқлари – шиналар таркибидаги пўлат толалар ажратиб олиниб, металлургия саноатида хом ашё сифатида қўлланилади. Бунда металл улуши тахминан 10-15 фоизни ташкил этади.
Углерод қолдиқлари – юқори сифатли адсорбент (сирт-фаол модда) сифатида қўлланилиши мумкин. Бу углерод кукуни сув тозалаш тизимларида, ҳаво фильтрларида, кимё саноатида ва бошқа соҳаларда ишлатилади. Махсус ишлов берилгандан кейин у фаол кўмирга айланади, бу эса унинг қийматини янада оширади.
Технологиянинг яна бир муҳим жиҳати – унинг чиқиндисиз бўлиши. Пиролиз жараёнидаги барча маҳсулотлар у ёки бу шаклда фойдаланилади, ҳеч бир детал исроф бўлмайди. Бу замонавий чиқиндисиз технологиялар концепциясига тўлиқ мос келади.
Иқтисодий самарадорлик
Янги технологиянинг иқтисодий самарадорлиги бир неча жабҳаларда намоён бўлади. Биринчи навбатда, табиий ресурсларни тежаш ва импорт ўрнини босиш имкониятларини таҳлил қилиш керак.
Ўзбекистон ҳозирда нефт маҳсулотларининг айрим турларини импорт қилади. Мамлакат энергетика мустақиллигини таъминлаш учун ички ишлаб чиқаришни ошириш ва муқобил энергия манбаларини излаш муҳим вазифалардан биридир. Чиқинди шиналардан олинган ёқилғи нефт маҳсулотлари импортини қисман камайтиришга хизмат қилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 тонна чиқинди шинадан янги технология ёрдамида тахминан 425 кг суюқ ёқилғи олиш мумкин. Агар Ўзбекистондаги йиллик 84 000 тонна чиқинди шинанинг камида 50 фоизи қайта ишланса, йилига тахминан 17 850 тонна суюқ ёқилғи олиш мумкин. Бу, масалан, 10-15 минг дона автобусни бир йил давомида ишлатиш учун етарлидир.
Мисол учун, бир тонна шинани йиғиш ва қайта ишлаш корхонасига етказиш тахминан 50-70 минг сўмга тушади. Пиролиз жараёнига кетадиган харажат (энергия, хизмат кўрсатиш, амортизация) тахминан 150-200 минг сўм. Жами харажат 1 тонна учун 200-270 минг сўм атрофида.
Олинган маҳсулотларнинг умумий қиймати эса анча юқори. 425 кг суюқ ёқилғи (дизель эквиваленти) бозор нархида тахминан 400-450 минг сўм, 100-120 кг иккиламчи металл 30-40 минг сўм, 250-300 кг углерод қолдиқлари (адсорбент сифатида) 100-150 минг сўм қийматга эга. Жами даромад 1 тонна чиқинди шинадан 530-640 минг сўм. Соф фойда тахминан 260-370 минг сўм ёки тоннасига 130-180 долларни ташкил этади.
Агар йилига 40-50 минг тонна чиқинди шинани қайта ишловчи корхона очилса, йиллик соф фойда 10-18 миллиард сўмни ташкил этади. Бунда корхонани барпо этишга кетадиган бошланғич инвестиция тахминан 50-70 миллиард сўм (4-6 миллион доллар) атрофида бўлиб, 4-5 йил ичида ўзини қоплайди. Бу замонавий саноат корхоналари учун жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Технологиянинг иқтисодий самарадорлиги нафақат бевосита фойдада, балки кенгроқ макроиқтисодий таъсирда ҳам кўринади. Биринчидан, нефть маҳсулотлари импортини камайтириш давлат бюджетидан валюта оқимини тежайди.
Иккинчидан, янги иш ўринлари яратилади. Бир корхонада тахминан 50-80 киши доимий иш билан таъминланади. Агар мамлакатда 5-7 та шундай корхона ишга туширилса, 300-500 га яқин янги иш ўринлари пайдо бўлади.
Учинчидан, бюджет даромадлари ошади. Йиллик 10-18 миллиард сўм фойда берадиган корхона бюджетга тахминан 3-5 миллиард сўм даромад келтиради.
Қолаверса, Ўзбекистон минтақада биринчи бўлиб замонавий шина қайта ишлаш технологиясини эгалласа, қўшни мамлакатларга хизмат кўрсатиш ёки технология экспорт қилиш имкониятлари пайдо бўлади. Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонда ҳам ушбу муаммо мавжуд ва улар технологик ечимларга муҳтож.
Экологик таъсир ва афзалликлар
Янги технологиянинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг экологик самарадорлигидир.
Биринчи ва энг муҳим афзаллик – токсик чиқиндилар хавфсиз усулда утилизация қилинади. Қайта ишлаш жараёни атроф-муҳитга зарар етказмайди. Ажралиб чиқадиган барча газлар махсус фильтрлар орқали тозаланади, суюқ маҳсулотлар маҳкам идишларда сақланади, қаттиқ қолдиқлар эса хавфсиз ва фойдали материалларга айланади.
Иккинчи – чиқинди полигонларда шиналар тўпланиши олди олинади. Ҳозирда мавжуд чиқинди шиналарнинг ярми қайта ишланса ҳам 42 000 тонна ёки тахминан 7-8 миллион дона шина чиқинди полигонларига тушмайди. Бу тахминан 5-6 футбол майдони юзасига баравар бўлган ҳудуд бўшайди деганидир.
Учинчи – ўз-ўзидан ёниш хавфини бартараф этиш. Чиқинди полигонларида тўпланган шиналар турли сабабларга кўра (қуёш нурининг таъсири, кимёвий реакциялар, одамларнинг эҳтиёткорсизлиги) ўз-ўзидан ёниши мумкин. Шина ёнғинларини ўчириш жуда қийин – улар ер остида ҳам давом этади, сувга чидамли.
Ўзбекистонда агар йилига 40-50 минг тонна шина очиқ ҳавода ёқилса (ҳақиқатда бу рақам тахминан шунча), атмосферага 20 минг тоннадан ортиқ токсик моддалар чиқаяпти. Пиролиз технологияси бу чиқиндиларни тўлиқ бартараф этади.
Тўртинчи – сув ҳавзалари ва тупроқнинг ифлосланиши олди олинади. Полигонларда тўпланган шиналар атмосфера таъсирида аста-секин емирилади, майда заррачаларга айланади. Бу заррачалар шамол орқали атрофга тарқалади, ёмғир сувлари билан дарёлар тушади, тупроққа сингади.
Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, 1 тонна чиқинди шинани экологик жиҳатдан тоза усулда қайта ишлаш, уни ёқиш ёки полигонга ташлаш билан таққослаганда, тахминан 2-3 тонна СО2 эквивалентини атмосферага чиқмасдан сақлайди. Ўзбекистонда йилига 40-50 минг тонна шина қайта ишланса, бу йилига 80-150 минг тонна иссиқхона газлари чиқиндилари камайишини билдиради.
Ҳуқуқий асослар керак
Чиқинди шиналарни қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий база зарур. Ўзбекистонда сўнгги йилларда экология ва чиқинди бошқарув соҳасида қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Бироқ, махсус равишда чиқинди шиналар масаласига бағишланган алоҳида қонун ҳужжати ҳозирча мавжуд эмас.
Ривожланган мамлакатларда чиқинди шиналар бошқарувининг қонунчилик асослари жуда мустаҳкам. Улардаги асосий механизм – Кенгайтирилган ишлаб чиқарувчи масъулияти (КИЧМ) тамойилидир. Бу тамойилга кўра, шиналарни ишлаб чиқарувчилар ёки мамлакатга олиб кирувчилар (импортчилар) ўз маҳсулотларининг фойдаланиш муддати тугагандан кейинги қайта ишланишини таъминлаш ёки молиялаштириш учун мажбурият оладилар. Бу, одатда, ҳар бир сотилган шина учун махсус экологик йиғим ундириш орқали амалга оширилади. Бу йиғимлар чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлаш инфратузилмасини яратишга йўналтирилади.
Ўзбекистонда чиқинди шиналар муаммосини самарали ҳал қилиш учун КИЧМ тамойилини жорий этиш муҳим қадам ҳисобланади. Бунинг учун алоҳида қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, «Чиқиндиларни бошқариш тўғрисида»ги қонунга автошина чиқиндиларини бошқаришга оид қисмлар ва Ҳукумат қарорини қабул қилиш зарур бўлади.
Шунингдек, солиқ имтиёзлари, субсидиялар ва арзон кредитлар ҳам ушбу экологик муаммони бартараф этиш сари асосий қадам бўлади.
Бундай ҳуқуқий ва иқтисодий чоралар маҳаллий тадбиркорларни ушбу соҳага инвестиция киритишга рағбатлантиради ҳамда чиқинди шиналарнинг экологик жиҳатдан хавфсиз утилизация қилинишини таъминлайди.
Ғуломқодир МИРЗАҚУЛОВ,
Фарғона давлат техника университети
кимё-технология факультети декани,
техника фанлари бўйича фалсафа доктори
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
БатафсилМамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
БатафсилБугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.
Батафсил