Замон шиддат билан илгариламоқда. Кечагина ахборотни газета саҳифалари ёки эфир орқали қабул қилган жамият бугун уни бир вақтнинг ўзида видео, аудио, инфографика ва турли рақамли платформалар орқали истеъмол қилмоқда. Ахборот майдони кенгайди, имкониятлар ортди. Аммо бу кенгайиш ўз-ўзидан янги бир масъулиятни, тезлик ортидан қувиш жараёнида ишончлиликни йўқотмасликни ҳам талаб қилади.
Бугун ахборот нафақат тез, балки хилма-хилдир. Ана шу шароитда ҳақиқатни сақлаб қолиш, холисликни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланмоқда. Ҳолбуки, ишонч йўқолган жойда ахборот қиймати ҳам пасаяди.
Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ўтказилган «Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл» мавзусидаги илмий-амалий халқаро конференция айнан шу масалаларга жиддий эътибор қаратди. Анжуман нафақат муаммоларни кўтарди, балки ечим ва таклифларга бой мулоқот майдонига айланди. Бу ерда матбуот трансформацияси, ахборот муҳитининг бугунги ҳолати, унинг эртанги йўналишлари, таҳлил зарурати каби замонавий журналистиканинг масъулияти кенг муҳокама қилинди.
«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари ҳам ана шу ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб тобланмоқда. Улар фақат ахборот тарқатувчи эмас, балки меҳнаткаш инсоннинг дарди, ҳуқуқи ва орзу-интилишларини жамиятга етказувчи муҳим минбар сифатида шаклланмоқда.
Бу нашрлар саҳифаларида инсон қадри, меҳнат шаъни ва адолат масалалари ўз аксини топмоқда.
Энг муҳими, газета тушунчаси энди фақат қоғоз билан чекланмасдан унинг веб-сайт, Telegram, YouTube, Instagram каби рақамли платформалар билан уйғунлашиб, жонли ва динамик медиа муҳитга айланмоқда. Фото ва видеоконтент, тезкор мулоқот, интерактив ёндашув кабиларнинг барчаси бугунги журналистиканинг ажралмас қисмига айланди.
Шу маънода, мазкур конференция фақат бир тадбир эмас, балки янги босқичга ўтишдаги муҳим қадам бўлди. У тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва келгуси вазифаларни белгилаб олишда ўзига хос йўл харитасини тақдим этди.
Бизда, яъни журналистика соҳасида анча вақт илм олами ва амалиётчилар орасида узилиш бўлиб қолгани сир эмас. Ушбу конференция ана шу узилишни тиклади. Гап матбуотнинг конвергенцияси ҳақида кетар экан, бош муҳаррирларни бу каби илмий конференцияларга, қолаверса, илмга тортишимиз зарурлиги англашилди. Чунки илмни ҳурмат қилмаган бош муҳаррир бундай ўзгаришларни қилолмайди.
Конференциянинг дастлабки қисмида чиқишлар қилган муассис ва бошқа ОАВга дахлдор раҳбарларнинг чиқишлари алоҳида эътирофга лойиқ. Илмий қисмида эса бугун кўпгина босма нашрлар фаолиятида кузатилаётган муаммолар, таҳририятларнинг асосий молиявий манбаси бўлган обуна ва реклама билан боғлиқ масалалар бўйича замонавий ёндашувлар тадқиқотчи олимлар томонидан атрофлича таҳлил қилиб берилди. Маъруза билан иштирок этган тадқиқотчилар анжумандаги бош мавзунинг турли жиҳатларини очиб беришди.
Эътироф этиш керак, «Ishonch» газетаси таҳририяти илмга асосланиб фаолият юритмоқда. Шунинг учун ҳам унинг бугунги иш кўлами замонга мослашиш нуқтаи назаридан тўғри кетмоқда. Кундан-кунга янги тенденциялар пайдо бўлади, янгича талаблар келиб чиқади. Бунда, албатта, илм аҳли билан ҳамкорликда иш тутган, назария ва амалиётни уйғунлаштирган таҳририятлар ютади. Демак, бундай анжуманлар ва ҳамкорлик бардавом бўлиши фақат фойдалидир.
Хусусан, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, тадқиқотчи Ҳамида Мирсултонова дунёдаги интернет фойдаланувчиларининг 93,8 фоизи ҳар доим ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини таъкидларкан, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларига шахсий янгиликлари билан бирга, жамият ҳаётига дахлдор хабарларни ҳам юклаб боришлари, мазкур тенденция анъанавий ОАВ аудиториясини қисқартираётгани, шундай экан ОАВ рақобатбардош бўлиш учун электрон шаклга ўтиш билан бирга, ижтимоий тармоқларда ҳам ўз платформаларини яратиши зарурлигини ўз тадқиқотлари ва халқаро тажрибалар асосида исботлаб берди.
Тадқиқотчи Маҳфират Худойбердиева постжурналистика, яъни «Ҳақиқий, тоза ахборот беришдан кўра, ҳиссиётлар уйғотувчи, манипуляция қилувчи, чақириқлар ва лайкбозликка, аудитория диққатини жалб қилишга қаратилган медиа маконда қайси йўлдан борган маъқул?» деган муҳим масалани ўртага ташлади ва унга касаба уюшмалари нашрини ривожлантириш нуқтаи назаридан бир қатор таклифлари аҳамиятли бўлдики, ундан бошқа ихтисослашган нашрлар ҳам унумли фойдаланишлари мумкин.
Тадқиқотчи олим ахборотни шунчаки тарқатиш эмас, балки визуал контент (видео, инфографика) орқали таъсир ўтказиш, датажурналистикадан фойдаланиб, ишчиларнинг аҳволини рақамлар ва қиёсий таҳлиллар билан исботлаш, тезкор муносабат тизимини йўлга қўйиш лозимлиги, бунинг учун касаба уюшмалари постжурналистикани фақат «хавф» деб эмас, балки кенг омма билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун қудратли қурол сифатида қабул қилишлари зарурлигини айтиб, Германияда касаба уюшмалари анъанавий босма нашрлардан воз кечмаган ҳолда, постжурналистик трендларни ўз фаолиятига муваффақиятли татбиқ этганлигини мисолларда кўрсатиб берди. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) ўқитувчиси Мукаррам Отамуродова «Ishonch»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини таҳлил қилар экан, ҳар бир ижтимоий тармоқ учун алоҳида ривожланиш стратегияси тузилиши заруратини асослаб берди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети катта ўқитувчиси Аъзамжон Дадахонов чиқиши ҳам маҳаллий ва халқаро тажрибаларга асосланди:
– Медиа конвергенция шароитида таҳририятга маблағлар реклама, обуна, фреемиум, ҳомийлик рекламаси ва платформалараро ҳамкорлик йўллари орқали келади. Турли монетизация моделлари шаклланиб, амалиётга кенг жорий этилмоқда. Улар орасида энг кенг тарқалгани реклама моделидир. Бунда медиа компаниялари аудиториясини реклама билан боғлаб, рекламачилар учун кўриниш жойларини сотади. Рекламадаги асосий даромад механикаси – тарғиботчи маҳсулоти ёки хизматлари акс этган баннер, видео ёки матнли жойлар учун тўлов олиш. Телерадио каналларида, интернет-сайтларда, ижтимоий тармоқларда реклама баннерлари, ҳомийлик контенти ва видеореклама шаклида бўлади. Бу моделнинг афзалликлари: катта аудиторияга эга платформаларда юқори даромад; рекламалар турли форматларда чиқиши мумкинлиги; фойдаланувчидан тўлов талаб қилинмаслиги кабилардир. Масалан, онлайн нашрлар Google Аd Manager ёки маҳаллий ДSP платформаларига уланиш, мақсадли аудиторияни аниқлаш, баннер ва видео резерв элементларини яратиш орқали бошлашлари мумкин. Ўзбекистон мисолида (2018 йилдаги панел) маълумотларига кўра, интернет-нашрларнинг асосий даромади ҳанузгача рекламадан келади, – дейди тадқиқотчи.
Бугун иқтисодий ривожланишни истайдиган таҳририятлар учун айни муддао эмасми, олим айтган бу фикрлар?!
ЎзЖОКУ тадқиқотчиси Соҳиба Муллаева контент яратиш ва узатишда анъанавийлик ҳали устунлик қилаётганини таъкидларкан, мухбирларнинг «матн+видео+фото» форматида иш олиб боришлари, бироқ шу учта форматни ҳам бирдек ва бир вақтда ўзи қила оладиган конвергент ходимлар камчиликни ташкил қилишини, уларнинг сафини кенгайтиришга фақатгина кадрлар малакасини ошириш, назария ва амалиётни уйғунлаштириш орқали эришиш мумкинлигини асослади.
Тадқиқотчи Эътибор Атақулова эса полемик (баҳс-мунозарали) мавзуларнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги ўрни ҳақида маъруза қилди. Фақат ахборот тарқатишга ружу қўймасдан полемик мақола ҳамда контентларни кўпайтириш, бунда журналистларнинг тўғри ҳамда профессионал ёндашуви таъсирида жамоатчилик орасида бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда ўз фикрини баён этиш, ўзгалар фикрига тоқатли бўлиш каби хусусиятларни ҳам ривожлантириш заруратини «Ishonch» газетасида эълон қилинган полемик мақолалар мисолида асослади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ахборот оқими жадаллашган, аудитория талаби ўзгарган шароитда фақат анъанавий усулларга суяниш етарли бўлмай қолмоқда. Конвергенция, рақамли платформалардан самарали фойдаланиш, контентни визуал ва интерактив шаклларда тақдим этиш замон талаби сифатида намоён бўлмоқда. Бугунги медиа муҳитда муваффақиятга эришиш учун тезкорликнинг ўзи етарли эмас ва у албатта илмий ёндашув, таҳлил ва пухта стратегия билан уйғунлашиши шарт. Илмий тадқиқотлар асосида иш юритган таҳририятларгина ўзгаришларга мослаша олади, рақобатда устунликка эришади ва аудитория ишончини сақлаб қолади. Шу жиҳатдан, бундай конференция каби мулоқот майдонлари нафақат фикр алмашиш, балки келгуси ривожланиш йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Демак, замонавий журналистиканинг келажаги – илмга таянган амалиётда, инновацион ёндашувда ва аудитория билан очиқ, ишончли мулоқотни таъминлашдадир.
Ҳалим САИДОВ,
ЎзЖОКУ профессори, филология фанлари доктори