Миллат руҳи ва қалби, орзу-интилишлари ифодаси
Ислом цивилизацияси марказининг очилиши халқимизнинг тарихий ўрни ва маънавий қудратини дунёга яна бир бор намоён этган муҳим воқелик бўлди.
БатафсилЯнги Ўзбекистоннинг энг катта стратегик ресурси бўлган навқирон авлод вакиллари жўшқин шижоати, креатив фикрлаши ва янгиликка интилувчанлиги билан инновацион ривожланиш ва барча жабҳада ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатларнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ёшларининг интеллектуал салоҳияти, илм-фан ва таълим соҳасида эришган ютуқларига қараб ҳам белгиланади.
Пойтахтимиздаги Кўксарой қароргоҳида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашуви мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди. Мулоқотда ёш авлод равнақи йўлида устувор вазифалар белгиланди, йигит-қизларнинг ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароит яратиш масаласи кун тартиби марказида турди.
Биз юртимиз аҳолисининг салмоқли қисми ёшлардан иборат экани билан фахрланамиз. Албатта, бу катта потенциал бўлиб, навқирон авлод замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши учун барча имконият ишга солинади. Президентимиз ёшларнинг тил ва касб-ҳунар ўрганиши, спорт билан шуғулланиши, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларини амалга ошириши учун барча раҳбарлар масъул эканини алоҳида таъкидлади.
Яратилган имкониятлар самараси ўлароқ, жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш, 221 та бронза медаль қўлга киритилгани, Гарвард, Ел, Принстон, Колумбия, Корнелл каби нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётган ёшларимиз 500 нафардан, ТОП-100 таликдаги олийгоҳларда ўқиётган йигит-қизларимиз 3,5 минг нафардан ошгани барчамизни қувонтиради.
Халқимизда «Оққан дарё оқмай қолмас», деган нақл бор. Ўзбекистон замини қадимда Биринчи ва Иккинчи ренессансга бешик бўлган. Айни пайтда мамлакатимизда яна бир буюк уйғониш жараёни кечмоқда – Учинчи ренессанс пойдевори сифатли таълим-тарбияга таяниб қўйилмоқда.
Ёшларимизнинг олий маълумот олиши, билимли, малакали ва рақобатбардош бўлиши давлат ва жамият ривожи учун муҳим аҳамият касб этади. Шу боис олий таълим қамрови кескин оширилди, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касблар бўйича кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўрни келганда таъкидлаш жоиз, келажакда ҳамма соҳа экология билан ҳамоҳанг бўлади. Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги қарори асосида ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида замонавий экологик йўналишлар қамраб олинган. Мазкур олий таълим муассасаси бутун фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгаришлари соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган минтақадаги илк ихтисослашган университет бўлиб, унда атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, атроф-муҳит ва иқтисодиёт, экология ва давлат бошқаруви, барқарор ривожланиш, барқарор молия, экология ҳуқуқи, атроф-муҳит соҳасида оммавий коммуникациялар йўналишлари очилган. Ўқув жараёни кредит-модул тизими асосида амалга оширилади, таълим ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашувида волонтёрлик фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг 10 фоиздан ортиғи волотёрлик билан шуғулланмоқда. Волонтёрлик бу шахснинг ўз ихтиёри, моддий манфаат кутмаган ҳолда жамиятга фойда келтиришига қаратилган фаолият бўлиб, инсоннинг эзгу ниятларини амалда кўрсатиш имконини беради.
Эковолонтёрлар экологик мувозанатининг бузилиши, биологик хилма-хилликнинг камайиши, сув ҳавзаларининг ифлосланиши, чиқиндиларнинг тўпланиб қолиши, дарахтлар кесилиши каби муаммоларни ҳал қилишга интилади. Улар бу борадаги билимларини атрофдагилар билан баҳам кўради.
Эковолонтёрлик ҳаракатида иштирок этиш орқали ёшлар табиат ҳодисаларини, улардаги ўз ролини чуқурроқ англайди.
Юртимизда ҳуқуқий асослар яратилгани ҳисобига волонтёр ёшлар 5 карра кўпайиб, экология, тиббий хизмат, таълим, фавқулодда вазиятларда кўмаклашиш йўналишларидаги волонтёрлар сони 100 мингдан ошди. Волонтёрлар мактаби, олийгоҳларда шундай марказлар ташкил этилгани ўғил-қизларимизнинг кўнгилли сифатида бу ҳаракатга қўшилиши, волонтёрлик бўйича алоқа ўрнатиши, тажриба алмашишида қўл келмоқда.
Эндиликда волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича Васийлик кенгаши тузилиши, Ёшлар ишлари агентлигида «Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш» жамғармасини ташкил этилиши, бу жамғармага ҳар йили бюджетдан 20 миллиард сўм, қўшимча равишда маҳаллий бюджетлардан 3 миллиард сўмдан ажратилиши мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Ёшларнинг волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грант берилиши, «ижтимоий фаоллик картаси» орқали балл тизими жорий этилиши уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширади.
Китоб – одамзод ақл-идроки ва истеъдоди туфайли яратилган энг бебаҳо бойликлардан бири. У билимлар хазинаси, тафаккур қаноти ҳисобланади. Гарчи илдизи миллий заминдан озиқланса-да, шохларида умумбашарий мева унади. Китоб ҳар бир миллатга ўз маданиятини намоён этиш, айни чоғда, бошқа халқларнинг урф-одатлари ва анъаналари билан танишиш имконини беради. У тараққиёт ва маданий ранг-баранглик кўзгуси, ўтмиш билан бугунни, бугун билан келажакни боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Шу боис китоб ўқиган, айниқса, бадиий адабиётга меҳр қўйган одам эзгуликка ошно тутинади. Ўз билими, дунёқараши, руҳияти ва маънавиятини бойитиб, оламни теран англай бошлайди.
Мулоқотда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишда билдирилган ташаббусларнинг аниқ механизми кўрсатиб ўтилди.
Халқимиз азал-азалдан китобхон бўлган. Бугун компьютер техникаси, интернет, мобиль телефонлар ҳар бир хонадонга кириб боргани учунми, нафақат ёшлар, катталар ҳам китобхонликдан бироз йироқлашгандек. Афсуски, бу ҳақиқат. Китобсиз билим, тафаккур, интеллектни ошириб бўлмайди. Шу боис янги кутубхоналар ташкил этиляпти, китоб дўконлари кўпайтириляпти, китобхонлик юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ёшлар билан учрашувда «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш» жамғармаси орқали энг истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртма берилиши, энг сара хорижий адабиётлар ўзбек тилига ҳамда миллий адабиётни хорижий тилларга таржима қилиниши белгиланди. Янги ўқув йилига қадар энг яхши 100 та асардан иборат тўпламни тайёрлаб, барча мактаб ва техникумларга етказиш, энг фаол китобхон ўқувчиларни 10 миллион сўмдан мукофотлаш вазифаси қўйилди.
Кутубхона, «Book Cafe» ва китоб дўкони очиб, ойига 10 минг донадан ортиқ китоб сотувини йўлга қўйган тадбиркорларга 3 йилга 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда бериш механизми назарда тутилгани ҳам китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан юзма-юз мулоқоти самимий руҳда ўтди. Навқирон авлод камолоти йўлидаги янги ташаббуслар, янги имкониятлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи устуворлигини яна бир бор намоён этди.
Бахтиёр ПЎЛАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси
Ислом цивилизацияси марказининг очилиши халқимизнинг тарихий ўрни ва маънавий қудратини дунёга яна бир бор намоён этган муҳим воқелик бўлди.
БатафсилЯнги Ўзбекистоннинг энг катта стратегик ресурси бўлган навқирон авлод вакиллари жўшқин шижоати, креатив фикрлаши ва янгиликка интилувчанлиги билан инновацион ривожланиш ва барча жабҳада ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
БатафсилБугунги кунда туризм соҳаси дунё мамлакатларида миллий иқтисодиётга салмоқли даромад келтирувчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу соҳанинг жадал ривожланиши, айниқса экотуризм, агротуризм, археологик, этнографик ва экстремал ноанъанавий туризм йўналишлари тўғридан-тўғри табиат ва унинг бебаҳо ресурслари билан уйғунликда амалга оширилмоқда.
Батафсил