Нурота тоғ тизмаларини гумбурлатиб қўшиққа солган Эргаш Жуманбулбул ўғли Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғида туғилиб, вояга етган. Жўш воҳаси дея тарифланадиган бу жой кейинги йилларда янада обод бўлаётир. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейи янгиланган бинода ўз фаолиятини бошлади. Эргаш шоирнинг уй-музейини кўргани келувчилар сезиларли даражада ошди.
Қўшработ – Нурота тоғ тизмаси ва Оқтов тизмалари оралиғида жойлашган. Бу эл қадимдан чорвачилик билан шуғулланиб келган, деҳқончилик борасида асосан донғи кетган қора майиз таёрланадиган узум навларини етиштиради.
Тоғ халқи табиат инжиқликлари билан курашиб яшайди. Бир йил қурғоқчилик бўлиб, булоқлар қуриб кетса, бошқа йили ёғингарчилик кўплигидан сел ва кўчкилар аҳолини қийнайди. Қаттиқ шамол ва бўронли кунлар томларни учирган, электр токи ўчган, симёғочлар қулаган... Матонатли халқ ҳаммасини изга тушириб, яна ўз ишида давом этаверади.
Ҳар гал пойтахтдан қишлоққа борар эканман, қўшработлик шоир Равшан Файзнинг «Кўнглима орзулар солган қишлоғим» сатрлари шууримда айланаверади. Тоғлар «Кел» деб чорлаётганга ўхшайди. Узоқ йиллар олдин шу юртга келин бўлиб тушганман. Болаларим ҳар ёзги таътилда қирма-қир ошиб катта бўлишди. Очиғини айтсам, мен Қўшработга – турмуш ўртоғимнинг юртига улардан кўп бораман. Баҳор ва куз фаслидаги табиатни яхши кўраман.
Ҳар фаслда ўзгача тароват касб этадиган тоғли қишлоқларимиз кўрки йилдан-йил ўзгариб бормоқда. Бу дилга хавотир солади.
Анча йиллар олдин тоғда ёввойи бодом, дўлана каби бута-дарахтлар кўп бўлар, баҳорда гуллаб, кузда ҳосили тўкилиб ётарди. Аҳоли кўпайиши ва уйлар қурилиши, чорва молларининг тоғларда ўтлаши натижасида буталар камайиб, деярли йўқолиб кетди.
Табиат ҳам эъзозга, меҳрга муҳтож. Унинг неъматларидан фойдаланиб, қаровсиз қолдириш тоғнинг флораси ўзгариб кетишига сабаб бўлади.
Қўшработнинг Учқўл дараларида қишлоқ аҳли тоғ бодоми, арча, дўлана каби дарахтларни қайта тиклаш ишларини бошлади. Меваларнинг уруғи етилтириб, тоғ ён-бағирларига экиб чиқилди. Мингга яқин уруғ ва кўчатларни Оллоёр Жонтоев бошчилигида қишлоқ аҳли, ёшлар ерга қадамоқда. Оллоёр аканинг айтишича, уруғ ва кўчатларни куз фаслида экиш янада унумли натижа берар экан, насиб этса, кузда бодом экиш ишларини яна давом эттирамиз, дейди Оллоёр ака.
Баҳор келиши билан бошланган бу хайрли иш кўчатлар парвариши билан давом этмоқда. Чорва молларидан асраш, суғориш кўп меҳнат талаб қилади. Бунда фидойи табиатсевар Оллоёр ака ёшларни, меҳмонга келган қариндошларини, қишлоқдошларни ишга солмоқда.
Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган гап бор. Табиат инжиқликлари ва ташқи таъсирлар кўчатларни нобуд қилиши мумкин. Агар 50 фоиз буталар сақлаб қолинишига эришилса ҳам тоғ тизмалари яшил маконга айланади. Бу ҳудудларда ўсиб турган ҳамма шифобахш неъматлар табобатда ишлатилади.
Оллоёр Жонтоев бошлаган хайрли иш бошқа жойлардаги тоғ аҳолисига ўрнак бўлишига умид қиламиз.
Бу тупроқдан чиққан кўплаб олимлар, шоирлар, ҳокимлар, муаллимлар, шифокорлар, муҳандислар бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида меҳнат қилмоқда. Қўшработлик шоирлар, адибларнинг хотира кечалари, турли тадбирлар кўп ўтказилади. Мана шундай хайрли кечалар қишлоқларга, тоғларга кўчса, бу ерга келган меҳмонлар яна қайта келиш истагида қайтса, нур устига нур бўларди.
Қизғин меҳнатда баҳорни бошлаган қишлоқ билан хайрлашиб, пойтахтга қайтар эканмиз, тоғлар кафтини дуога очиб, хўшлашаётганга ўхшади. Ҳали бу ерлар Зомин тоғларига ўхшаб кўкалам бир жой, қуюқ дарахтзор бўлишидан умидвормиз.
Манзура ШАМС
Ховосда янги боғлар, янги имкониятлар
🕔17:58, 16.04.2026
✔7
Сирдарё вилояти Ховос туманида бугун табиат билан инсон ўртасидаги азалий боғлиқлик яна бир бор ўз ифодасини топмоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар нафақат табиатга яшил либос кийгизмоқда, балки одамлар ҳаётига умид, хонадонларга барака олиб кирмоқда.
Батафсил
Қўшработ қир-адирлари ҳам дарахтларга бурканадими?
🕔17:55, 16.04.2026
✔6
Нурота тоғ тизмаларини гумбурлатиб қўшиққа солган Эргаш Жуманбулбул ўғли Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғида туғилиб, вояга етган. Жўш воҳаси дея тарифланадиган бу жой кейинги йилларда янада обод бўлаётир. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейи янгиланган бинода ўз фаолиятини бошлади. Эргаш шоирнинг уй-музейини кўргани келувчилар сезиларли даражада ошди.
Батафсил
Павловния – биз учун ишончли табиий ҳамкор
🕔17:50, 16.04.2026
✔6
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида миллионлаб кўчатлар экилиб, яшил майдонлар кенгаймоқда.
Батафсил