Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 900 га яқин турлари қайд этилган бўлиб, ҳар йили дунёда чиқиндилар ҳажми 3 фоизга кўпаймоқда.
Афсуски мамлакатимизда ҳам чиқинди энг оғриқли масалалар қаторида турибди. Кўп миқдорда тўпланиши, тупроқ ва сувнинг ифлослантириши, атроф-муҳитга ва атмосферага зарарли таъсири юқорилигича қолмоқда. Чиқиндиларни қайта ишлаш кўрсаткичлари ҳалигача паст, саралаш ва хавфсиз утилизация борасида ҳам жаҳон тажрибасидан ортда қолаётганимиз сир эмас.
Аммо сўнгги йилларда бу йўналишдаги муаммоларга ечим топиш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ортидан янги-янги лойиҳалар амалга оширилаётгани яқин йилларда муаммолар барҳам топишига умид беради. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 мартда қабул қилинган «Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан бу йўналишдаги асосий вазифалар белгилаб олинган.
Қашқадарё вилоятида ҳам чиқиндиларни фойдали ресурсга айлантириш борасида бир қатор янги лойиҳаларга қўл урилмоқда. Жумладан, Қарши туманида жойлашган «Пахтакор» маҳалласи Янгибоғ қишлоғи ҳудудидаги 8 гектар ер майдонида қурилаётган чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариладиган завод муаммонинг ечими сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят партия ташкилоти раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Носир Ҳалимов партия фаоллари билан биргаликда ушбу заводга бориб, қурилиш жараёнлари билан танишди. Масъул компания масъуллари билан суҳбатлашиб, сўнгги технологиялар асосида қурилаётган заводнинг истиқболи ҳақида суҳбатлашишди. Суҳбат давомида партия фаоллари ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитга, ҳудуд аҳолисининг саломатлигига зарар етказмаслик, «Яшил белбоғлар» яратишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтишди.
Айни дамда чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариладиган заводнинг қурилиш жараёнлари қизғин олиб борилмоқда.
Масъулларнинг ахборот беришича, Қашқадарё вилоятидаги лойиҳада Хитойнинг «Shanghai SUS Environment» компанияси томонидан умумий қиймати 200 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилган. Корхона кунига 1,5 минг тонна ҳамда йилига 547 минг тонна чиқиндиларни қайта ишлаш имкониятига эга бўлиб, йилига жами 240 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Унда 150 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа 2026 йил охирида ишга тушурилиши режалаштирилган.
Қолаверса, электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ компания ишлаб чиқарган электр энергиясини 30-йил давомида «O‘zenergosotish» АЖга кафолатланган тарзда сотади.
Маълумот ўрнида: ушбу чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган ПҚ-118-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббуслар «яшил иқтисодиёт» тамойилларига мос келиб, Ўзбекистоннинг экологик барқарорлигини таъминлаши ҳамда келажак авлод учун тоза ва соғлом муҳит яратиши билан аҳамиятлидир. Унга кўра бугун Қашқадарё вилоятида мавжуд 776 та маҳалланинг 729 таси, яъни 94 фоизи, жумладан жами 2,6 млн нафар аҳоли санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинган бўлиб, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш даражаси 45,7 фоизни ташкил этади. Вилоятда абонентларга 13 та санитар тозалаш операторлари томонидан хизмат кўрсатилади.
Биргина Қарши шаҳрига хизмат кўрсатадиган «Қашқадрё эко транс» МЧЖ санитар корхонаси мисолида олиб қарасак, 59 та МФЙдаги 234 минг нафардан зиёд аҳоли хизмат билан қамраб олинган. Жараёнга 49 та чиқинди ташувчи махсус техника жалб этилган бўлиб, уларнинг ҳаммаси GPS тизимига уланган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоят бўйича чиқиндиларни ташувчи ҳамда бошқа махсус техникалар жами 335 тани ташкил этади. Ушбу техникаларнинг 332 тасига, яъни 99 фоизига GPS қурилмаси ўрнатилган ҳамда ҳудудлар 3438 та геоҳудудга ажратилган ҳолда хизмат сифати тўлиқ назоратга олинган.
Шунингдек, ҳудудда санитар тозалаш корхоналарининг техник базасини янгилаш мақсадида агентлик томонидан 2025 йилда 42 та ҳамда 2026 йилнинг ҳозиригача 5 та янги замонавий техникалар топширилган.
Таъкидлаш керакки, соҳада аҳолини рози қилиш, хизмат сифатини яхшилаш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан янги тартиб жорий этилиб, унга кўра абонентларда онлайн назорат ҳамда фақатгина кўрсатилган хизматлар учун операторларга ҳақ тўлаш тартиби йўлга қўйилган.
Инсонлар ҳаёти ва турмуш тарзига таъсир этувчи энг катта ташқи омил бу табиатдир. Атроф-муҳит қанчалик мусаффо бўлса инсон ақлан ва жисмонан соғлом бўлади, лекин атроф-муҳитда салбий ўзгаришлар рўй берса, бунинг инсон ҳаётига таъсири жуда катта бўлади.
Заводнинг қурилиши ҳудуддаги экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда электр энергияси ҳажмини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Сожида АЛЛАЯРОВА,
ЎЭП Қашқадарё вилоят кенгаши бош мутахассиси
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔18
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔19
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔15
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил