Миллат руҳи ва қалби, орзу-интилишлари ифодаси
Ислом цивилизацияси марказининг очилиши халқимизнинг тарихий ўрни ва маънавий қудратини дунёга яна бир бор намоён этган муҳим воқелик бўлди.
БатафсилБугунги кунда туризм соҳаси дунё мамлакатларида миллий иқтисодиётга салмоқли даромад келтирувчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу соҳанинг жадал ривожланиши, айниқса экотуризм, агротуризм, археологик, этнографик ва экстремал ноанъанавий туризм йўналишлари тўғридан-тўғри табиат ва унинг бебаҳо ресурслари билан уйғунликда амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг сўлим табиий масканларида, хусусан, тоғ ва тоғолди ҳудудлари ҳамда сув объектларида туризм инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур эътибор туризм инфратузилмасини яратишда халқаро талаблар даражасида хавфсиз ва кафолатли муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу сабабли, бугунги кунда туризмни ривожлантиришда табиатдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни келажак авлодлар учун асраш муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Тошкент вилоятида ҳам туризм ва қурилиш соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шундай лойиҳалардан бири – Бўстонлиқ туманида барпо этилиши кутилаётган «Sea Breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасидир.
Ҳар қандай йирик қурилиш лойиҳаси, биринчи навбатда, атроф-муҳитга таъсири нуқтаи назаридан қонунчиликка мос келиши ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Бу борада жамоатчилик экологик назорати институтидан фойдаланиш туризм объектларининг қурилишини назоратга олиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низом талабларида атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турлари объектлари қурилиши учун ер участкаларини танлаш, ажратиш материаллари, қурилиш ва ишга тушириш, технологик ўзгартиришларни ўз ичига олган лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда жамоатчилик эшитувларида қўллаб-қувватланган тақдирда давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгилаб қўйилган.
Яқинда Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида Чорвоқ сув омбори соҳилида «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ томонидан барпо этилиши режалаштирилаётган умуммавсумий халқаро туристик маркази лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувининг амалга оширилгани бунга яққол мисолдир.
Сўнгги ойларда ушбу объект қурилиши билан боғлиқ мавзу ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчиликнинг хавотири ва муҳокамаларига сабаб бўлган эди. Шу боис, «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳасининг экологик жиҳатлари маҳаллий аҳоли ва экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, экофаоллар ва давлат идоралари иштирокида очиқ ва шаффоф муҳокама қилинди. Тадбирга Озарбайжон, Словения, Корея Республикаси, Беларусь ва қўшни Қозоғистон мамлакатларидан халқаро экспертларнинг таклиф этилиши муҳокамаларнинг холисона ўтишига кафолат бўлди.
Лойиҳа тақдимотида 2035 йилгача босқичма-босқич амалга ошириладиган «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси миллий ва халқаро экологик стандартларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда ҳаётга татбиқ этилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, лойиҳада атроф-муҳит муҳофазаси борасида Ўзбекистон шароитига мос замонавий экологик-муҳандислик ечимларининг қўлланилиши, ер муносабатларида адолатли ёндашув, маҳаллий аҳолининг ижтимоий муҳофазаси, қўшимча иш ўринлари яратилиши ва бошқа муҳим жиҳатларга эътибор қаратилди.
«Sea Breeze Uzbekistan» корхонаси масъуллари таъкидлаганидек, лойиҳа билан боғлиқ қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда мажмуа фаолиятида 8 мингга яқин иш ўринлари яратилади. Ҳудуд тўлиқ кўкаламзорлаштирилади, биринчи босқичнинг ўзида 10 мингдан ортиқ дарахт ва ўсимлик экилади. «Sea Breeze Uzbekistan» – бу экологик меъёрларга мувофиқ амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳаси бўлиб, йўллар, муҳандислик тармоқлари, канализация тизими, коммуникациялар, қирғоқ ҳудудини ободонлаштириш каби ишлар йиллар давомида минтақа ривожига хизмат қилади.
Тақдимот давомида лойиҳа объектлари қаторида ҳудуд аҳоли пунктлари учун оқава ва ичимлик сув тизимларини қуриш, аҳоли учун санитария-гигиена шароитларини яхшилаш каби жиҳатлар намойиш этилди. Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёси каби сув объектларига оқова сув ташлашга йўл қўйилмаслиги, канализация тизими такомиллаштирилиши, оқава сувлар тозаланиб, марказлашган тизимга йўналтирилиши кафолатланишига алоҳида урғу берилди.
Лойиҳа объекти муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга чегарадош бўлгани сабабли, ҳудуд биохилма-хиллигини асрашга, курортнинг ҳамма учун бирдек очиқ бўлишига ва ижтимоий масалалар инобатга олинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лойиҳани амалга оширишда атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш учун энг замонавий ва хавфсиз тизимлар ўрнатилиши ҳамда ушбу жараёнлар лойиҳа доирасида бунёд этиладиган ҳар бир объект учун тайёрланадиган давлат экологик экспертизаси талабларида ўз аксини топиши кўрсатиб ўтилмоқда.
Лойиҳа масъуллари туризмнинг табиат билан уйғун ҳолда ривожланиши жуда муҳимлигини, «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси экологик хавфсизликка, замонавий тозалаш технологияларига ва аҳоли билан очиқ мулоқотга таянишини ҳамда барча асосли таклифларни инобатга олишга тайёрлигини маълум қилмоқдалар.
Вазирлар Маҳкамасининг «Sea Breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2025 йил 1 августдаги қарорида қуйидагилар келтирилган: «Лойиҳани экологик талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, шу жумладан, лойиҳани амалга ошириш даврида ва лойиҳа ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқава сувларнинг Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўймаслик, оқава сувларни Чирчиқ шаҳри оқава сув тозалаш иншоотига йўналтириш чораларини кўриш «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖнинг асосий мажбуриятларидан бири этиб белгиланади. Бунда ушбу талабга риоя этмаслик лойиҳани тўхтатишга ва ерга бўлган ижара ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади».
Мамлакатимизда ушбу жамоатчилик эшитувларининг деярли барча йирик саноат ва хизмат кўрсатиш объектларида шаффоф ўтказилиши соҳада демократик қадриятларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасидир. Янги Ўзбекистон даврида жамоатчиликнинг экологик қарорларни қабул қилишдаги иштирокини таъминлаш борасида қабул қилинаётган қонунлар том маънода ўз самарасини бермоқда.
2025 йилда қабул қилинган «Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида»ги қонун халқаро ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб бергани билан аҳамиятлидир. Ушбу қонун глобаллашув жараёнларида атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида давлат ва жамоат экологик назорати институтлари уйғунлигини таъминлаш орқали мамлакатнинг экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Янги ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, жамоат экологик назорати институтида янги йўналиш – жамоат экологик экспертизаси жорий этилди. Бунда жамоат экологик экспертизаси экологик асосланиши талаб этиладиган ҳар қандай фаолият соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ташаббуси билан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Ҳудудларда ташкил этилаётган жамоатчилик эшитувлари Конституцияда белгиланган – давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шароитлар яратиши ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши ҳақидаги нормаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ғайрат МУҲАМЕДОВ,
Давлат экологик экспертизаси
маркази бош директори
Ислом цивилизацияси марказининг очилиши халқимизнинг тарихий ўрни ва маънавий қудратини дунёга яна бир бор намоён этган муҳим воқелик бўлди.
БатафсилЯнги Ўзбекистоннинг энг катта стратегик ресурси бўлган навқирон авлод вакиллари жўшқин шижоати, креатив фикрлаши ва янгиликка интилувчанлиги билан инновацион ривожланиш ва барча жабҳада ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
БатафсилБугунги кунда туризм соҳаси дунё мамлакатларида миллий иқтисодиётга салмоқли даромад келтирувчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу соҳанинг жадал ривожланиши, айниқса экотуризм, агротуризм, археологик, этнографик ва экстремал ноанъанавий туризм йўналишлари тўғридан-тўғри табиат ва унинг бебаҳо ресурслари билан уйғунликда амалга оширилмоқда.
Батафсил