«Яшил» иқтисодиётга ўтиш ишлари қониқарлими?
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири парламент сўровига жавоб берди
БатафсилСўнгги кунларда қабул қилинган муҳим қонунчилик ҳужжатлари давлатимиз экологик сиёсатини юқори босқичга олиб чиқади ва пировардида глобал иқлим ўзгаришларини юмшатиш, экологик вазият кескинлашишининг олдини олиш, самарали давлат бошқаруви назоратини йўлга қўйиш ҳамда фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқининг конституциявий механизмларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 2023 йил 30 апрелда мамлакатимизда ўтказилган умумхалқ референдуми асосида янги таҳрирда қабул қилинди. Конституциямизда «шахс – жамият – давлат» тизимининг ҳуқуқий мақоми белгиланган бўлиб, биринчидан, миллий давлатчилик тажрибамиз ва қадриятларимиз, иккинчидан, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ва учинчидан, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган замонавий норма ва тамойиллари мужассам этилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциямизда давлатимиз экологик сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқаролар ва юридик шахсларнинг экологик ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид қоида-талаблар ҳам мустаҳкамланган. Бош қонунимиз муқаддимасида «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», – дея белгиланиши ўз навбатида, давлатимизнинг экологик муаммоларнинг олдини олиш, биохилма-хилликни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф табиий муҳит ҳолатини яхшилаш орқали ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги давлатнинг стратегик мақсад ва вазифаларини ифодалайди.
Конституциямиз мазмун-моҳиятини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ ҳуқуқий кафолатлар ташкил этади. Хусусан, 49-моддада «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади», – деб мустаҳкамланган. Ушбу модданинг аҳамияти шундаки, биринчидан, фуқароларнинг яшаш учун мақбул бўлган табиий шароитларга эга бўлишдек муҳим ҳуқуқини, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг атроф табиий муҳит ҳолати ва унда бўлаётган ўзгаришлар ҳақидаги ахборотни олиш ҳамда танишиш имконига эга бўлишини белгилайди. Ушбу ҳуқуқларнинг белгиланиши Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган халқаро ҳужжатларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилишни таъминлайди. Иккинчидан, фуқароларнинг муҳим экологик ҳуқуқларини давлат органлари томонидан амалга ошириш механизмларини белгилашга хизмат қилади. Жумладан, экология соҳасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, дастурлар ва шаҳарсозлик ҳужжатларининг ижроси юзасидан жамоатчилик назорати олиб борилиши, шунингдек, барпо этилаётган уй-жой, ижтимоий иншоотлар ва саноат объектларига оид қурилиш ҳужжатларининг лойиҳаларидан жамоатчиликни хабардор қилиш, жамоатчилик эшитуви ва экспертизасидан ўтказилиши каби муҳим чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, мазкур моддада «Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради», деб ифодаланган.
Фуқароларнинг ҳуқуқий мақомида уларнинг мажбуриятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Конституциямизнинг бир нечта моддаларида экологик мажбуриятлар ва талаблар ҳам белгиланган. Хусусан, 61-моддада «Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт. Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади», деб ифодаланган. Ўзбекистон замини нафақат тарихий, илмий ва ижтимоий мерос объектларига балки, табиатнинг ноёб, қайта тикланмас, такрорланмас ва гўзал масканларига бой ҳисобланади. Баъзилари ҳаттоки, ЮНЕСКО маданий ва табиий мероси объектлари руйхатига киритилган. Шунинг учун ҳам ушбу ноёб табиий ёдгорликлар асраб-авайланиши ва ҳар томонлама муҳофаза қилиниши фуқароларимизнинг конституциявий бурчи ҳамда давлат органларининг устувор вазифалари сифатида эътироф этилган.
Асосий Қонунимизнинг 62-моддасида «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар», деб алоҳида таъкидланган. Табиатни муҳофаза қилиш, турли чиқиндиларни ташлашнинг олдини олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга фақат давлат органларининг фаолиятини такомиллаштириш билан эришиб бўлмайди. Ҳар бир фуқаро ўзининг оиласи, маҳалласи, ўқиш ва иш жойида табиатни муҳофаза қилиш қоида-талабларига қатъий риоя қилгандагина ўзининг экологик маданиятини намойиш этиш орқали атроф табиий муҳит ҳолатини соғломлаштириш ва яхшилаш имконини беради. Ушбу конституциявий норма табиатни муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг кундалик юмуши ва ташвишига айланишини талаб этади.
Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши фонида барча давлатларда саноатнинг ривожланиши ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжини кескин оширмоқда. Шунингдек, атроф-муҳитга салбий антропоген таъсирни кучайтирмоқда ва иссиқхона газлари ажратмаларининг ортишига олиб келмоқда. Мулкдор ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда тадбиркорлар томонидан аҳолининг турли эҳтиёжларини қондириш мақсадида ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини олиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Конституциямизнинг 66-моддасида «Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак», – деб қатъий мустаҳкамланган. Ушбу норманинг аҳамияти шундаки, биринчидан, у мулкдорнинг мулкий ҳуқуқларини кафолатлайди, иккинчидан, мулк эгаларининг ҳар қандай ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини экологик норматив ва стандартлар доирасида амалга ошириш мажбуриятини белгилайди. Бу эса ўз навбатида, «яшил иқтисодиёт» тизимини шакллантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси экологик сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади. Конституциямизнинг 68-моддасида «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир», – деб мустаҳкамланиши давлат экологик сиёсатининг муҳим стратегиясини белгилайди. Ушбу норма, ҳар бир давлатнинг суверенитети авваламбор унинг ҳудудидаги табиий ресурс ва бойликларга мустақил эгалик қилиш ҳуқуқи билан белгиланади. Шунинг учун ҳам табиий ресурсларга нисбатан мулк масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳалқимизнинг умуммиллий бойлиги яъни давлатимизнинг мулки сифатида конституциявий норма билан мустаҳкамланган. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш принципи асосида яъни, белгиланган экологик қоидалар ва талабларга амал қилган ҳолда улардан турли мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги алоҳида белгиланган. Бу эса табиий ресурсларнинг ҳуқуқий ҳолати бевосита давлат органларининг энг муҳим вазифаси сифатида муҳофаза қилинишини таъминлайди.
Ўз навбатида, ушбу муҳим конституциявий норманинг амалга ошириш механизмлари бевосита бир қатор қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.
Бош Қомусимиз 68-моддасида қуйидаги таҳрирдаги норма мустаҳкамланган: «Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин». Ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқининг жорий этилиши илк марта Конституция даражасида эътироф этилди. Албатта, ер мамлакатимиз экологик тизимининг энг муҳим ресурси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи, биринчидан, ер майдонларидан фақат оқилона фойдаланиш принципига тўлиқ амал қилган ҳолда, иккинчидан, ерни халқимизнинг миллий бойлиги ва давлатимизнинг мулки мақомидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Асосий Қонунимизнинг 79-моддаси биринчи қисмида «Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради», – деб белгиланган. Бу эса ўз навбатида, аҳолимизнинг энг фаол қатлами ҳисобланган ёшларга нисбатан давлат сиёсатининг асосий йуналишлари сифатида уларнинг экологик ҳуқуқлари яна бир бор қувватланишини таъминлашга хизмат қилади.
Конституциямиздаги экологияга оид нормаларнинг аҳамияти шундаки, у фуқароларнинг экологик ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тамойилини энг олий ҳуқуқий мақомдаги қоида сифатида мустаҳкамлаб, давлат экологик сиёсатининг конституциявий-ҳуқуқий механизмларини кафолатлайди.
Шуҳрат ФАЙЗИЕВ,
ЎЭП Марказий Кенгаши аъзоси,
юридик фанлари доктори, профессор
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири парламент сўровига жавоб берди
БатафсилСўнгги кунларда қабул қилинган муҳим қонунчилик ҳужжатлари давлатимиз экологик сиёсатини юқори босқичга олиб чиқади ва пировардида глобал иқлим ўзгаришларини юмшатиш, экологик вазият кескинлашишининг олдини олиш, самарали давлат бошқаруви назоратини йўлга қўйиш ҳамда фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқининг конституциявий механизмларини ривожлантиришга хизмат қилади.
БатафсилМамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан жамият ҳаётида рўй бераётган коррупцион ҳолатлар бу иллатга қарши курашда бир зум ҳам тўхтамасликни талаб этади.
Батафсил