Табиат      Бош саҳифа

Ўзбекистон жонли Табиатидаги Сўнгги йўлбарс қисмати

«Амударё дельтасида сўнгги йўлбарс 1949 йили Тахтакўпир туманида отиб ўлдирилди...»

Ўзбекистон жонли  Табиатидаги  Сўнгги  йўлбарс қисмати

Бу маълумот «Природа Каракалпаки» китобида келтирилган.

Яқинда бир даврада ўтирганимизда атроф-муҳитнинг ўтмиш ва бугуни тўғрисида гап кетди. Шунда бир кам саксон баҳорни қоралаб қолган Тонготар Избосқонов деган замондошимиз қуйидаги воқеани гапириб берди.

«1963 йилнинг сентябрь ойи эди. Бизлар Қўнғрот шаҳридан 20-25 километр шимоли-ғарбдаги ҳудудда тракторга тиркалган махсус аппаратда пичан ўраётган эдик. Мен, Еливбой, Ўтеген, Қутлимурод деган жўраларим билан айни қизғин иш устидамиз. Еливбойнинг уйи бу ердан 2-3 километр нарида. Шу боис у уйидан қатнаб ишлайди. Қолганларимиз кечаси ҳам иш жойида – очиқ майдонда тунаб қоламиз.

Кунлардан бир куни ярим тун чоғи пашшахона ичида ухлаб ётганимизда «аа-уу-фф» деган наърали овоздан чўчиб уйғониб кетдик. Зимистон қоронғулигида эшитилган бу даҳшатли сас пичанзорликнинг шундоқ ёқасида жойлашган «Буғрохон ота» қабристони томондан чиққан эди. «Йўлбарс!» деб юбордик бараварига беихтиёр вужудимизни титроқ босганча.

Болалигимизда ҳаммамиз ота-боболаримиздан «Йўлбарс тун ярмида мозористонга зиёратга келади. Бунинг сабаби шуки, бу жонивор ўн икки йилда бир туғади ва у ҳам кўпинча битта бўлади. Жонивор авлиёлар руҳидан мадад тиларкан», каби ривоятомуз гапларни эшитиб ўсганмиз. Бу гапларда қанчалик ҳақиқат бор, ҳалигача аниқ билмайман. Шунингдек, «Ҳамма ҳайвонлар, ҳатто йўлбарс ҳам оловдан қўрқади», деган гап ҳам кичкиналигимиздан қулоғимизга қуйилган. Шу боис ухламасдан кечаси билан ўт ёқиб чиқдик.

Эрталаб Еливбой ишга келди. Тракторидан тушар-тушмасдан бизлардан сўради:

– Тунда йўлбарснинг наъра тортганини эшитдингларми?

Демак, йўлбарснинг ўкириғи анча олисдаги овул одамларига ҳам эшитилибди.

Бизлар юрак ютиб, минг бир ҳадик билан «Буғрохон ота» қабристони ичкарисига кирдик. Мақбара олдида ҳар бири тавоқдай-тавоқдай келадиган излар кўзга яққол ташланар эди. Излар йўлбарснинг тўғри шимол томондан келган ва яна шу томонга қайтганини кўрсатиб турарди.

Ана шундан сўнг бирон марта ҳам «Йўлбарс Буғрохон отани зиёратлаб келибди», деган хабарни эшитмадим...»

Суҳбат қизғин кетаётган ушбу даврада «Эркин» овулидан келган олтмиш тўққиз ёшли Турғонбек Истибоев ҳам бор эди.

– Бу гапингизда жон бор, – деди у Тонготар оғага қараб. – Раҳматли онамиз Бўлғон момо «Буғрохон ота»дан икки-уч километр наридаги қабристонга зиёратга борганида йўлбарс изларини кўради ва уйга қайтгач, бу ҳақда овул катхудоларига хабар беради. Онамнинг гапларига кимдир ишонган, кимдир эса ишонмаган. Сиз айтган воқеага онам айтиб берган гаплар ҳам тўғри келяпти. У пайтда мен мактабда биринчи синфда ўқирдим.

Олим, ёзувчи ва журналистларнинг мақолалари жамланган «Орол мадад сўрайди» китобида журналист Шерали Сокин Мўйноқ туманига сафари чоғида ёзилган «Денгиз яшаши керак» сарлавҳали мақоласида таъкидланишича, «Орол бўйларидаги тўқайзорлар, қамишзорлар, ўсимликлар, қушлар, ҳайвонлар йўқ бўлиб кетди ёки йўқолиш арафасида. Менга шу ерлик чол сўнгги Турон йўлбарси 1968 йили овланганини чуқур изтироб-қайғу билан ҳикоя қилиб берди».

Мен бу маълумотга нисбатан Тонготар Исбосқонов ва Турғонбек Истибоев ҳикоясига қадар муаллиф янглиш эшитган ёки нашриёт хатоси деган тушунчада бўлиб келдим. Энди эса 1968 йилги отиб ўлдирилган йўлбарс биз аввал бошда ҳикоя қилган 1949 йилда отиб ўлдирилган ўша ноёб ҳайвоннинг жуфти бўлганига асло шубҳа йўқ. Шериги йўқ қилингач, жонивор шунча йил овлоқда одамлар кўзидан яширин жон сақлаб юрган, э-воҳ!

 

Жабборберган ШОМУРОДОВ,

Қўнғирот тумани




Ўхшаш мақолалар

Бола ривожланишида  табиатнинг  ўрни

Бола ривожланишида табиатнинг ўрни

🕔15:04, 11.06.2026 ✔73

Болалар касал бўлиб қолса, аксарият ота-оналар сабабни вируслардан, овқатланишдан ёки иммунитетдан излайди. Аммо шундай омиллар борки, улар ҳар куни фарзандларимиз билан бирга нафас олади, улар ичадиган сувга, истеъмол қиладиган озиқ-овқатга ва ҳатто руҳиятига таъсир кўрсатади. Бу – экологик муҳит.

Батафсил
Денгиз  иштиёқи

Денгиз иштиёқи

🕔15:01, 11.06.2026 ✔74

Тоғнинг тик қояси бағридаги уяда бургут палапони дунёни юқоридан кузатиб турибди. Борлиқ жуда кўркам. Охири уфққа туташиб кетган денгиз. Тўлқинлар узра ўйноқлаб учган қушлар. Эҳ-ҳе, ҳавасинг келади!

Батафсил
Ҳеч ким  кўрмаса...  чиқинди  ташлаш  мумкинми?

Ҳеч ким кўрмаса... чиқинди ташлаш мумкинми?

🕔16:53, 04.06.2026 ✔127

Тасаввур қилинг: тонг отмоқда, қуёш нурлари юртимизнинг бепоён кенглик­ларини ёритмоқда. Сиз фарзандингиз билан маҳалла четидаги ариқ бўйига сайрга чиқдингиз. Лекин кўзингиз тиниқ сувга эмас, балки ариқ ичига ташланган турли чиқиндилар, қурилиш материаллари бўлаклари, шамолда учаётган полиэтилен пакетларга тушади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Бола ривожланишида  табиатнинг  ўрни

    Бола ривожланишида табиатнинг ўрни

    Болалар касал бўлиб қолса, аксарият ота-оналар сабабни вируслардан, овқатланишдан ёки иммунитетдан излайди. Аммо шундай омиллар борки, улар ҳар куни фарзандларимиз билан бирга нафас олади, улар ичадиган сувга, истеъмол қиладиган озиқ-овқатга ва ҳатто руҳиятига таъсир кўрсатади. Бу – экологик муҳит.

    ✔ 73    🕔 15:04, 11.06.2026
  • Денгиз  иштиёқи

    Денгиз иштиёқи

    Тоғнинг тик қояси бағридаги уяда бургут палапони дунёни юқоридан кузатиб турибди. Борлиқ жуда кўркам. Охири уфққа туташиб кетган денгиз. Тўлқинлар узра ўйноқлаб учган қушлар. Эҳ-ҳе, ҳавасинг келади!

    ✔ 74    🕔 15:01, 11.06.2026
  • Ҳеч ким  кўрмаса...  чиқинди  ташлаш  мумкинми?

    Ҳеч ким кўрмаса... чиқинди ташлаш мумкинми?

    Тасаввур қилинг: тонг отмоқда, қуёш нурлари юртимизнинг бепоён кенглик­ларини ёритмоқда. Сиз фарзандингиз билан маҳалла четидаги ариқ бўйига сайрга чиқдингиз. Лекин кўзингиз тиниқ сувга эмас, балки ариқ ичига ташланган турли чиқиндилар, қурилиш материаллари бўлаклари, шамолда учаётган полиэтилен пакетларга тушади.

    ✔ 127    🕔 16:53, 04.06.2026
  • Келажак  боғлари

    Келажак боғлари

    Бугунги кунда Ўзбекистон боғдорчилигида «функционал озиқ-овқат» яратиш даври бошланди. Энди боғбонларимиз меванинг йириклиги билан бир қаторда унинг таркибидаги инсон саломатлиги учун фойдали моддалар миқдорини ошириш устида ҳам изланиш олиб бормоқдалар.

    ✔ 104    🕔 16:40, 04.06.2026
  • Зарафшонда  депутатлар назорати:  Иссиқ сув муаммоси, кўчадаги чиқиндилар...

    Зарафшонда депутатлар назорати: Иссиқ сув муаммоси, кўчадаги чиқиндилар...

    Бугун ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда санитария ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

    ✔ 116    🕔 15:52, 21.05.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар