Янги йилимиз она табиат тақдирига бефарқ бўлмаган барча учун чинакам масъулият ва шарафли мақсадлар билан бошланди.
Мамлакатимизда 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилингани экология ва атроф-муҳитни асраш йўлида фаолият олиб бораётган ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, депутатлар, барча жамоатчилик фаоллари учун қувончли «сюрприз» бўлди. Она табиатимиз ҳимояси йўлида юз минглаб инсонларни бирлаштирган Ўзбекистон Экологик партияси учун дастурий мақсадларини амалга оширишда чинакам имкониятлар даври бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги фармони билан «Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда кенг жамоатчилик, халқаро ва маҳаллий экофаоллар, жумладан, Ўзбекистон Экологик партиясининг бир қатор таклифлари, партиянинг сайловолди дастурида кўзда тутилган муҳим ташаббуслар ўрин олган. Бу эса партиямизга, депутатлар корпусига, умуман, мамлакатимиз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизга катта масъулият юклайди.
Давлат дастурида мамлакатимизда экологик барқарорликка эришиш, «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун «яшил трансформация»сини амалга ошириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, унинг оқибатларини юмшатиш, аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, «яшил ривожланиш» моделига ўтиш бўйича жуда кўплаб муҳим вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон Экологик партияси Қонунчилик палатасидаги ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари билан биргаликда давлат дастурида белгиланган ҳар бир вазифани тўлақонли ва сифатли бажаришга қаратилган таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини олиб боришни мақсад қилган.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастурига кўра Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган устувор вазифалар юзасидан қўшма йиғилиш ташкил этилди. Унда партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, экофаоллар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
– Давлат дастуридан мамлакатимизда экологик барқарорликка эришиш, «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, «яшил ривожланиш» моделига ўтиш бўйича партиямизнинг сайловолди дастурида кўзда тутилган муҳим ташаббуслар ва партиямиз таклифлари ўрин олган, – деди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раиси Абдушукур Ҳамзаев. – Буни тўғри англаган ҳолда биз, депутатларнинг ҳар биримиз давлат дастурида белгиланган вазифаларни тўлақонли ва сифатли бажаришга қаратилган таъсирчан парламент назоратини олиб боришимиз зарур.
Мавжуд экологик муаммоларни бартараф этишда «яшил» технологиялардан фойдаланиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалаларга ижобий ечим топилиши учун мазкур кенг қамровли дастур катта қадам бўлди. Зеро, бугунги куннинг энг долзарб, дунё миқёсидаги глобал муаммолари экология ва унинг ёмонлашуви оқибатида келиб чиқмоқда.
Қабул қилинган давлат дастуридаги устувор йўналишлар:
Маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш – кўчаларда яшил майдонларни ошириш ва аҳоли учун қулай муҳит яратиш;
Аҳоли саломатлигини яхшилаш – экологик тоза турмуш тарзини шакллантириш;
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш – экологик барқарорликни таъминлаш ва ресурслар тежамкорлигини ошириш;
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш – биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш;
«Яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий этиш – иқлим ўзгаришига мослашган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш;
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш – давлат-хусусий шериклик асосида йирик «яшил энергетика» станциялари қуриш, аҳоли уйларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш кабилар юртимиз ривожи ва истиқболида катта аҳамият касб этади.
«Яшил иқтисодиёт» инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарур бўлган ресурсларни, атроф-муҳит ва экологияни бир бутун ҳолда сақлаб қолиб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисодиётни янада ривожлантиришни амалга оширишга асосланган иқтисодий фаолиятнинг янги йўналишидир. Содда қилиб айтганда, «яшил иқтисодиёт»да инсон, табиат ва иқтисодиёт бир-бири билан уйғун ва барқарор ҳолда ривожланади.
Қоғозда эмас – фақат амалда
Давлат дастурида белгиланган вазифалар Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурий мақсадларига тўлиқ мос келади ва партия фаолиятини янада самарали ташкил этиш учун мустаҳкам асос яратади.
Бундан ташқари, ушбу дастур экологик масалаларда жамоатчилик иштирокини, экологик таълим ва тарбияни кучайтириш, экологик қонунчиликни такомиллаштириш имкониятини беради.
Бу эса партиянинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим рол ўйнашини таъминлайди.
Ўзбекистон Экологик партияси ушбу давлат дастурини нафақат қўллаб-қувватлайди, балки бу дастур тўлиқ амалга ошишига эришилса, мамлакатимиз равнақига қуйидаги йўналишларда улкан ҳисса бўлиб қўшилишига қатъий ишонади.
Соғлом экологик муҳитни таъминлаш учун Ҳаво ва сув ифлосланишини камайтириш
Зарарли чиқиндиларни камайтириш чоралари қабул қилинса, инсон соғлиғи учун хавфли газлар, ҳаво ва сув ифлосланиши камаяди. Бу нафақат экологияни яхшилайди, балки одамларнинг ўртача умр кўриш давомийлигига ҳам ижобий таъсир қилади.
Чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш
Агар пластик ва маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар амалга ошса, чиқиндилар ҳажми камаяди ва иқтисодиёт учун қўшимча ресурс яратилади.
Ўрмон ва яшил майдонларни кўпайтириш
Дастур орқали янада кўпроқ дарахт экиш, кўчалар ва шаҳарларда яшил ҳудудларни кенгайтириш имконияти пайдо бўлади. Бу нафақат табиатни ҳимоя қилади, балки шаҳарларда иқлимни юмшатишга ва ҳаво сифатини яхшилашга ёрдам беради.
Мамлакат иқтисодиёт учун Яшил технологиялар ва инвестициялар
Агар давлат яшил энергетика, қуёш ва шамол электр станциялари, энергия тежамкор технологиялар учун имтиёзлар яратса, бу соҳаларга инвестициялар ошади. Бу янги иш ўринлари демак. Экспорт салоҳияти ошади, иқтисодий барқарорлик таъминланади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш
Агар мамлакат газ ва нефть ресурсларига қарамликни камайтирса, иқтисодиёт сезиларли мустаҳкамланади ва барқарорлашади. Энергия тежамкор тизимлар ва қайта тикланувчи энергия манбалари электр энергияси ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради.
Экологик бизнес ва стартаплар учун имкониятлар
Биопластик, органик қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати каби соҳалар ривожланса, бу янги тадбиркорлик йўналишларини яратади. Бундай лойиҳалар кичик ва ўрта бизнес учун янги-янги имкониятлар очади.
Жамият ва инсон саломатлиги учун Аҳоли соғлиғини яхшилаш
Ҳаво ва сув ифлосланиши камайса, касалликлар, айниқса, нафас йўллари касалликлари ва аллергиялар камаяди. Бу эса давлатнинг ижтимоий харажатларини камайтириб, умумий соғлом ҳаёт тарзини оширади.
Экологик тафаккурни шакллантириш
Агар мактаблар ва университетларда экология бўйича таълим кучайтирилса, ёш авлод экологик маданиятга эга бўлади. Бу келажакда жамиятда экологик масъулият ва атроф-муҳитга бўлган эҳтиёткорликни оширади.
Депутатлар ва жамоатчилик масъулияти Жамоатчилик назорати жамият ривожи ва давлат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишда муҳим воситадир. У ижтимоий адолатни таъминлаш, турли соҳаларда шаффофликни ошириш ва коррупциянинг олдини олишда катта роль ўйнайди.
Бўлиб ўтган йиғилишда давлат дастури ижроси устидан жамоатчилик назорати олиб боришнинг аҳамияти ҳамда партия ташкилотлари ва депутатларнинг бу йўналишдаги масъулияти алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди. Айниқса, 2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида атроф-муҳитга зарар етказувчи янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланиши экологик муҳофаза чораларининг кучайтирилишидан далолат беради. Шунингдек, электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш корхоналарида мазутдан фойдаланиш ҳам тақиқланади. Бундай чекловлар тасодифий амалга оширилаётгани йўқ. Бугунги кунда экологик муаммоларни жиловлаш нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки инсон саломатлигини асраш, яшаш сифати ва иқтисодий ўсиш моделини ўзгартириш учун ҳам жуда муҳимдир.
Дастур экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги – «яшил ривожланиш» моделига ўтишга хизмат қилади.
Шу муносабат билан Экологик партиянинг депутатлари жамоатчилик назоратини янада кучайтириб, экологик қонунчиликни такомиллаштиришда фаоллик кўрсатишлари лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда экологик ислоҳотларни амалга оширишда партиянинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари янада фаол бўлиши зарурлиги таъкидланди. Бу нафақат янги қонунларни ишлаб чиқиш, балки мавжуд қонунчиликнинг самарали ижросини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтиришни ҳам ўз ичига олади.
– Фуқароларнинг жараёнларда бевосита иштироки ва экологик ташаббусларга бўлган эътибори ушбу ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга ошишида катта аҳамиятга эга, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов. – Шунинг учун ҳам депутатлар, экофаоллар ва жамоатчилик вакиллари доимий равишда ҳамкорликда иш олиб боришимиз лозим.
Экологик барқарорлик ва «яшил иқтисодиёт»га ўтиш нафақат ҳукумат, балки бутун жамиятнинг масъулиятидир. Жамоатчилик назорати фаол бўлса, қабул қилинаётган қарорлар самарали ижро этилади ва экологик ислоҳотлар амалий натижа беради. Шунинг учун ҳам ҳар бир фуқаро ўзининг атроф-муҳитга таъсирини қайта кўриб чиқиши ва масъулиятни ҳис қилиши зарур.
Барқарор келажак йўлида бундай ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳамма учун манфаатли ҳисобланади. Бу нафақат бугунги авлод, балки келажак насллар учун ҳам соф табиат, тоза ҳаво ва мустаҳкам экологик муҳитни кафолатлайди.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири