Фуқаролик жамияти ривожи
Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада эътироф топмоқда
2025 йилнинг 1 декабрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га старт берилган эди.
Куни кеча мамлакатимиз яна бир тарихий йиғинга мезбонлик қилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этган бу халқаро саммит ўзининг муҳимлиги, минтақадаги энг долзарб масалалар бўйича келишувга эришилгани билан тарихий аҳамият касб этди, дейиш мумкин.
Кутилганидек, Тошкент учрашуви Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга, жорий ва истиқболдаги умумий вазифалардан келиб чиққан ҳолда, минтақавий аҳамиятга молик масалаларни биргаликда ҳал қилишга интилишлари муштарак эканини намоён этди.
Озарбайжон Республикаси Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилгани бу тузилманинг салоҳияти сезиларли ошаётганидан дарак беради. Зотан, бу давлат билан нафақат тарихий илдизимиз бир, балки бугун туркий давлатлар доирасида шерик эканимиз, маънавий бирлигимиз бизни аллақачон қон-қардош халқларга айлантириб бўлган. Қолаверса, жуғрофий жиҳатдан яқинмиз – Каспийнинг у томони Озарбайжон бўлса, бу соҳилида Қозоғистон ва Туркманистон бор. Иқтисодий муносабатларимиз, сиёсий ҳамжиҳатлик – олий даражада. Мамлакатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, бу муштарак тарих, қардошлик ришталари, маънавий ва маданий яқинлик билан узвий боғланган халқларимиз манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Саммит қатнашчилари ушбу стратегик қадам Маслаҳат учрашувларига янги шиддат ва суръат бахш этишига, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор тараққиёт масалалари бўйича ҳамжиҳатликда қарорлар ишлаб чиқиш учун янги уфқлар очишига ишонч билдирди. Бу билан Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақалари ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этилди, ягона ҳамкорлик макони шаклланишига йўл очилди.
Учрашувда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни ижро этиш масалалари диққат марказида бўлди. Президентлар иқтисодиёт, маданият, хавфсизлик ва албатта, экология билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Таъкидлаш жоизки, Маслаҳат учрашувлари бошланган 2017 йилдан кейинги нисбатан қисқа даврда Марказий Осиё давлатлари тарихий аҳамиятга молик катта йўлни босиб ўтди. Очиқ ва ўзаро ишончга асосланган конструктив мулоқотлар, фаол амалий саъй-ҳаракатлар натижасида кўплаб долзарб муаммоларга самарали ечим топилди. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал қилинди, чегара пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, транспорт алоқалари тикланди, фаол савдо-инвестициявий ва гуманитар алоқалар учун қулай шароит яратилди. Буларнинг барчаси замирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси, дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган фаол дипломатияси турганини Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари раҳбарлари ҳам алоҳида таъкидлашмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ Марказий Осиё барқарор ўсиш ва фаровонлик учун янги имкониятлар очилаётган жадал тараққиёт ва самарали ҳамкорлик маконига айланмоқда.
Ўзбекистоннинг раислиги ўта сермазмун ва самарали бўлганини айтиб ўтиш керак. Бу даврда йигирмадан зиёд минтақавий тадбир ташкил этилди.
Бош вазир ўринбосарлари даражасида минтақалараро ҳамкорлик форуми иши йўлга қўйилди, илк бор мудофаа идоралари ва махсус хизматлар раҳбарларининг, шунингдек, геология, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва маданият вазирларининг йиғилишлари ўтказилди. Пойтахтимиз Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқотига ҳам шоҳид бўлди.
Тошкент саммитида Ўзбекистон Президенти минтақа давлатларининг келгуси ҳамкорлиги учун долзарб бўлиб турган қатор ташаббус ва таклифларни баён этди.
Аввало, айтиш керакки, Маслаҳат учрашуви формати ўзининг тарихий миссиясидан юқорилаб бўлди. У том маънода минтақавий ҳамкорлик тузилмаси даражасига кўтарилди. Шуни инобатга олиб, саммитда уни «Марказий Осиё ҳамжамияти» стратегик платформасига айлантириш таклифи илгари сурилди. Бу – табиий. Кўзланган поғона ошиб ўтилганидан кейин навбатдаги мўлжал белгиланади.
Минтақа давлатлари ўзаро савдо ҳажмини (дастлабки босқичнинг ўзида) 1,5-2 карра ошириш имкониятига эга. Шунинг учун 2035 йилгача бўлган даврни ўз ичига оладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш, Марказий Осиёда ягона инвестиция маконини шакллантириш, электрон тижоратни ривожлантириш таклифи мамлакатларимиз келажаги учун алоҳида аҳамиятлидир.
Ягона сармоявий макон – кўп томонлама манфаатли тадбир. Маълумки, Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ва сармоявий салоҳият жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Бирига назар солган хорижий сармоядор иккинчисини эътибордан четда қолдириши мумкин. Ҳолбуки, биз – қўшнилармиз. Бир-биримизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг энг кўп эҳтимолли харидори ўз-ўзимиз бўламиз. Бу – биринчидан. Иккинчидан, меҳнат ресурслари ҳам фарқланади. Дейлик, бир давлатда электр энергияси нисбатан арзон, яна бирида хомашё нархи пастроқ. Учинчисининг жуғрофий жойлашуви мақбулроқ бўлади. Бундай шароитда хорижий инвесторга шундай имконият ва имтиёзларни таклиф этиш мумкинки, у рад этишни хаёлига ҳам келтира олмай қолсин. Шу тариқа сармояларни ўзаро ҳимоялаш, икки ё кўп томонлама солиқлардан қочиш, божхона сиёсатини умумминтақавий миқёсда мувофиқлаштириб, пировардида бирхиллаштириш масалалари кун тартибига чиқади. Бу эса минтақавий интеграция ривожининг яққол белгиларидан биридир.
Электрон савдо бугун бутун дунёда амал қилади, биз ҳам энди бу йўналишдаги алоқаларни фаоллаштиришимиз зарур. Глобаллашув шароитида «телефонлашиш», «почталашиш» усуллари илғорликни англатмай қўйган. Ахборот технологиялари – вақт тежашнинг энг қулай воситаси. Масалан, ҳозир ноябрь ойи, маҳсулот декабрь ярмига бориб тугайди, демак, етказиб берувчини огоҳлантириб, нима, қачон, қанча миқдорда кераклигини буюртма қилиб қўйиш керак. Ҳозир бундай ишларни компьютерлар бажаряпти. Муддат яқинлашаверса, харидор томонидан буюртма юборилади, нариги томондан эса, белгиланган вақтда маҳсулот етиб келади. Пахта ярмаркаси яхши мисол бўлади: маҳсулот савдоси бир йил олдин пишитиб қўйилади.
Навбатдаги ташаббус инфратузилма ва транспортга тегишли бўлди. Ҳа, ҳамма соҳа бир-бирига боғлиқ ва бирининг негизидан иккинчиси келиб чиқади. Маҳсулот олиб чиқишда ҳам, олиб киришда ҳам транспорт воситаси ва йўл керак. Ўзбекистон «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли, Трансафғон йўлаги ва Транскаспий йўналишларини кенгайтириш каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда минтақа давлатларини биргаликда ҳаракат қилишга чақирди. Инфратузилмани ривожлантириш бўйича Кенгаш тузишни таклиф қилди.
Трансафғон йўлагининг ўзи аввало Ҳинд океани ва Форс кўрфази бандаргоҳларига масофани қисқартиради. Ёқилғи, техника ресурслари, энг муҳими, вақт тежалади. Экология камроқ зарар кўради. Масаланинг иккинчи томони ижтимоий аҳамиятга эга. Йўл барпо этилар экан, унинг бўйида кафе-ресторанлар, меҳмонхоналар, дўконлар, дам олиш масканлари ва бошқа турдаги инфратузилма объектлари қурилади. Бу билан минглаб одамлар иш билан таъминланади.
Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкамлиги муайян жиҳатдан Афғонистондаги вазиятга боғлиқ. Ҳозир бу мамлакат анча осуда ҳаёт кечирмоқда. Лекин бу осудаликни узоқ муддатли асосда кафолатлаш керак. Бунинг учун Афғонистонни тўлалигича тинч ҳаётга қайтариш тақозо этилади. Саммит иштирокчиларига Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда Таҳдидлар ва хавфлар каталогини тақдим этган Ўзбекистон раҳбари шунинг учун ҳам Афғонистонни минтақавий энергетика ва транспорт лойиҳаларига имкон қадар чуқур интеграциялаш муҳимлигини таъкидлади.
Бехавотир ҳаёт кишининг эътибор ва салоҳиятини илмга, маданият ва санъатга йўналтиради. Биз минтақавий мусиқа ё кино фестивалларида, илмий симпозиумларда, турли мавзуларга бағишланган сиёсий, иқтисодий ё ижтимоий конференцияларда, хорижлик сайёҳлар орасида Афғонистон вакилларини доимий равишда кўришдан ғоят мамнун бўлар эдик. Бора-бора Кобул ё Ҳиротда ташкил қилинган минтақавий анжуманга таклиф этилсак, бошимиз кўкка етарди. Ҳар йили маънавий мерос ва маърифатпарварлик ғояларига бағишланган Халқаро конгресс ўтказиш, Минтақавий илмий тадқиқотлар жамғармасини тузиш каби таклифлар замирида мана шундай истиқболга умид ва ишонч учқунлари бор.
Албатта, Марказий Осиёдек мураккаб табиатга, бугунгидек экологик вазиятга эга минтақа раҳбарлари бир даврага йиғилар экан, иқлим ва сув масалалари кун тартибига чиқади.
Саммитда мамлакатимиз раҳбари 2026-2035 йилларни «Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги» деб эълон қилишни, шунингдек, Сув хўжалиги соҳасида компетенциялар минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Биламизки, сув ресурслари Қирғизистон ва Тожикистондан келади, энг катта истеъмолчилар – Ўзбекистон ва Қозоғистон. Лекин ҳали-ҳануз қайси давлат қачон, қанча сув истеъмол қилишининг аниқ умумий ҳисоб-китоби йўқ. Тўғри, истеъмолчи давлатлар асосан вегетация даврида катта эҳтиёж сезади, лекин баъзан қаердадир гидроэнергетик мақсадларда ҳам сув ишлатилади. Кўрсаткичлар эса ўта юзаки. Қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика ва саноатни умумминтақавий асосда прогнозлаш, бунга фақат шу соҳа одамлари эмас, балки маркетологлар, фермерлар, ташқи савдо муассасалари, транспорт корхоналари ва бошқа манфаатдор соҳалар вакилларини жалб этиш орқали аниқ манзара ҳосил қилинса, қабул қилинадиган чора-тадбирларнинг самарадорлиги яна ҳам юқори бўлади.
Сув муаммосининг ўткир ижтимоий жиҳатлари ҳам бор. Биз, Марказий Осиё халқлари, ҳали-ҳануз сувдан тежамли фойдаланиш усулларини тўлиқ ўзлаштира олганимиз йўқ. Кундалик ҳаётда ҳам сув тежамкорлиги шароитимиз талаб қилаётган даражада эмас. Ваҳоланки, шароит талаб қилмаган тақдирда ҳам экологик маданиятимизнинг ўзи бизни ресурслардан унумли фойдаланишга ундаб туриши керак.
Ўзбекистон ташаббуслари амалий ҳаётда ўз инъикосини топса, минтақадаги барча халқлар юксак экологик маданият ташувчилари намунасига айланса, бу муаммолар ҳам ҳал бўлади, албатта. Чунки, биз, Марказий Осиё аҳли, бугун чинакамига бирлашганмиз, чинакамига жипслашганмиз. Ечими йўқдек кўринган қанчадан-қанча муаммоларга биргаликда барҳам бердик. Бу ёғига ҳам шу таомилни сақлаб қолажакмиз.
Президентимиз таъкидлаганидек, «Бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда».
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари
Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада эътироф топмоқда
2025 йилнинг 1 декабрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га старт берилган эди.
Депутат ёрдамчиси лавозими депутатнинг самарали фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг вазифалари фақатгина техник ишларни бажариш билан чекланмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев таъкидлаганидек, ёрдамчининг асосий миссияси халқ ва депутат ўртасидаги ишончли кўприк бўлишдан иборат.
БатафсилКуни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда шу куннинг долзарб муаммоларига ечим берадиган, аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган муҳим Қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Батафсил