Табиат      Бош саҳифа

«ЯШИЛ БЕЛБОF»ЛАР Уларни бугун яратишимиз керак, эртага кеч бўлади

Ер юзида аҳоли сони кўпа­йиши қатор демографик муаммоларни келтириб чиқарди, хусусан, глобал исишга олиб келди. Бугун дунё бўйлаб ҳаво ҳарорати 1,5 даража кўтарилгани кузатилмоқда.

«ЯШИЛ  БЕЛБОF»ЛАР  Уларни бугун  яратишимиз керак, эртага кеч бўлади

Шунингдек, қанчадан-қанча унумдор майдонлар деградацияга учраб, экин экишга яроқсиз ҳолга келди. Чучук сув танқислиги дунё бўйлаб сезилмоқда, тупроқ шўрланмоқда. Аҳоли озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда. Музликлар эриб, ер остидаги қазилма бойликлар, энергия манбалари кун сайин камайиб, айримлари тугаб бораётгани ҳам ҳақиқат.

 

Яшилликка бурканаётган саҳролар

Бугун дунёда саҳроларни яшилликка буркаш лойиҳаси устида ишланмоқда. Тупроқ чўлланиши, деградацияга учрашининг олдини олиш учун чўлларга, саҳроларга дарахт экилмоқда. Масалан, Хитой ўз ҳудудидаги Такламакон саҳросини яшилликка айлантириш борасида катта ишларни бошлади. Уч минг километр узунликдаги майдонга 30 миллион тупдан ортиқ дарахт экилди ва Синьцзян шаҳрининг шимоли-шарқий ҳудудида яшил ҳудуд барпо этиляпти.

Саудия Арабистони ҳудудидаги катта саҳрони яшилликка буркашга бел боғлаган. Мамлакат лойиҳа асосида 2030 йилгача 400 миллион туп дарахт экиб, ҳудудга Африканинг шимолий ва ғарбий ҳудудидан тез-тез кўчиб келадиган қум бархани йўлини тўсишни мақсад қилган. Бу ҳудудда 60 фоиз аҳоли сув танқислигидан азият чекади. Шунга қарамай, 30 фоиз майдонни табиий қўриқхонага айлантирмоқчи. Келгусида 50 миллиард туп дарахт экишни мақсад қилган.

Бундан ташқари, саудияликлар кам бўлса ҳам ёмғир сувини тўплашни йўлга қўйган. Улар бу иш билан қадимдан шуғулланиб келади. Бунинг учун ярим ой шаклидаги катта майдонда чуқур қазилади ва ёмғир суви ана шу чуқурга тўпланади. Чуқурнинг теварагига дарахтлар экилади. Дарахтлар илдизи ана шу намликда ривожланади.

Нигерия ва яна бир неча давлат биргаликда Африка қитъасини иккига бўлиб, «яшил девор» лойиҳасини ишга туширмоқда. Лойиҳа иштирокчилари фақат дарахтлар эмас, қурғоқчиликка чидамли жўхори, кунжут, тариқ каби экинларни ҳам экмоқда. Сув тўпланадиган чуқурлар атрофида яшил ўсимликлар, турли хил бир йиллик ва кўп йиллик ўтлар табиий равишда ўса бошлайди. Секин-аста ҳайвонлар ва қушлар учун озуқа манбаи вужудга келади.

Саҳроларда ўрмонлар барпо этиш эвазига атмосферада кислород кўпаяди. Иқлим ўзгаради, юмшайди, дала-даштнинг кўриниши яхшиланади. Экилган дарахт ва буталарнинг илдизи ўз атрофида бўлган қум, тузни кўчишдан сақлайди ва маҳкамлайди. Дарахтлар ёки яшиллик бор жойда салқин микроиқлим юзага келади, кислород кўпаяди. Заҳарли моддалар камаяди. Мисол учун, бир туп саксовул ўзидан 0,8 тонна кислород чиқаради ва атмосферадан 1,1 тонна карбонат ангидридни ўзлаштиради. Демак, саксовул ёки бошқа дарахтлар экиш ва кўкартириш ҳавони зарарли газдан тозалашга ёрдам беради.

 

Оғриқли саволлар

Мутахассислар таъкидича, Ўзбекистонда янги ўрмонлар барпо этиш дунёдаги бошқа ҳудудларга қараганда 2-3 марта арзон тушади. Бизда бир гектар янги ўрмон барпо этиш учун 150-200 доллар сарфланса, бошқа мамлакатларда бу харажат 500 долларни ташкил қилади.

Жорий йил мамлакатимизда Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили деб номланди. Хўш, бу йилдан қандай умидимиз бор? Атроф-муҳитни сақлаш учун нима қилишимиз керак?

Шу ўринда бир ўйлаб кўрайлик: бу борада биз нима иш қилдик? Ҳеч бўлмаса, бир туп кўчат экдикми ёки экилган бир туп кўчат парваришини зиммамизга олдикми? Экинларга қуйиладиган сувни оз бўлса-да, исроф қилмай суғоришнинг янги усулига ўтдикми? Челакка сув олиб, машиналарни ювишни одатга айлантирдикми? Афсуски, бугун бу саволларга ижобий жавоб бера олмаймиз.

Президентимизнинг 2024 йил 30 декабр­даги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, маданий экинлар экилган дала чети ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тизимини йўлга қўйиш белгилаб берилди. Энди қаерда бўш майдон бўлса, албатта, шу жойга кўчат ёки бошқа озуқа экинлари экиш мумкин.

Мамлакатимизда 4 миллион гектар суғориладиган майдон бор. Унинг ҳудудидан оқадиган ариқлар, зовурлар четида – намлиги етарли жойда турли дарахт кўчатларини экиш имконияти ҳам бор. Масалан, барча вилоят экин майдонларининг ўқариқлари бўйида ҳеч нарса экилмай, бўш ётибди. Шу жойлардан сув оқиб ўтади, демак, экилган кўчатлар кўкариб кетишига 90-100 фоиз кафолат бор. Ана шу бўш жойларга турли дарахт кўчатлари экилса, албатта, бир кун келиб, уларни ёғоч сифатида ишлатиш мумкин. Бундан ташқари, бу дарахт­лар атроф-муҳит ҳавоси тозаланишига ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, жойларга экиладиган дарахт ва бута турларини экологик нуқтаи назардан ўйлаб режалаштириш керак. Чунки айрим дарахтларнинг ҳашарот ва касалликлари шу атрофда ўсаётган маданий экинларга зарар етказиши мумкин. Шунингдек, бир неча минг километрлаб чўзилган йўллар ёқасининг биринчи ва иккинчи қаторига манзарали, кейинги қаторларига мевали дарахтлар экилса, жуда фойдали бўлади. Сабаби биринчи ва иккинчи қатордаги манзарали дарахтлар орқа томонда қолган мевали дарахтларни кўчадан кўтарилаётган чанг ва газдан ҳимоя қилади. Орадан уч-тўрт йил ўтгач, пишиб етилган меваларни истеъмол қилиш ёки қайта ишлаш мумкин. Шу ўринда бир мисол келтириб ўтсам. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида Самарқанд – Тошкент йўлининг Самарқанд вилоятига кириш чегарасида ўрик кўчатлари экилган. Бу дарахтлар ҳозир баҳорда ўтганингизда ҳам чиройли гуллаб туради. Демак, бу борада бизда тажриба етарли.

 

Ўзимизнинг дарахт бор-ку!

Бизда асли келиб чиқиши Ўзбекистон бўлган бир дарахт бор. Кўпчилик бу дарахтга кўп ҳам эътибор беравермайди. Бу – хандонписта. У биологик хусусиятига кўра жуда чидамли. Олимларнинг маълумотига кўра, 40 даража совуқ ва 55 даража иссиққа чидайди. Бугун писта каби қурғоқчилик ва совуққа чидамли дарахтни топиб бўлмайди. 1960 йилларда Тошкент – Самарқанд йўлининг Зомин ва Ғаллаорол ҳудудидан ўтган қисми четига хандонписта кўчатлари экилган. Бу буталар орадан қарийб 60-70 йил ўтган бўлса-да, ҳамон кўкариб турибди. Улар бутун ёз бўйи деярли бир марта ҳам суғорилмайди. Қанчадан қанча қаттиқ совуққа бардош берганини ёши катта мутахассислар ва шу яқин орада яшовчи аҳоли яхши билади. Демак, хандонписта қурғоқчиликка ва совуққа ўта чидамли. У 350-450 йилгача умр кўрадиган дарахтлар турига киради.

Бугун мамлакатимиз ҳудудида «яшил белбоғ»лар барпо этиш пайти келди. Албатта, бунинг учун совуққа ва қурғоқчиликка, барча ноқулайликларга чидамли, узоқ яшайдиган ўсимликларни танлаш керак.

Мамлакатимизда иқлими ва экологияси энг оғир ҳудудлардан бири — Навоий вилояти. Вилоятда йирик кимё ва саноат корхоналари мавжудлиги туфайли шаҳар атмосферасида зарарли газ миқдори рухсат этилган меъёрдан кўп. Яна ҳудуд қуруқ иқлими, ҳаво намлиги пастлиги, чанг бўрони тез-тез кузатилиши ва ёзда ҳарорат юқори бўлиши билан ажралиб туради. Бундай шароитда «яшил» ҳудуд яратиш билан экологияни, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мумкин.

Шу йил баҳорда Навоий шаҳрини «яшил белбоғ» билан ўраш лойиҳасига киришилса, жуда зўр иш бўлар эди. Бунинг учун эни 12 метрли полоса олинади ва бу жойга тўрт тупдан хандонписта кўчати экилади. Албатта, бу аниқ чегара эмас. Қаторлар сони кўпроқ бўлса, янада яхши. Шаҳар тўлиқ «яшил белбоғ» билан ўраб олинса, бу ҳолат экологияга ижобий таъсир кўрсатади. Хуллас, «яшил белбоғ»ларни дастлаб экологик ҳолати оғир бўлган ҳудудлардан бошлаш зарур.

Вилоятдаги иккинчи «яшил белбоғ» билан ўраладиган ҳудуд деб Зарафшон шаҳрини танлаш мумкин. Чунки шаҳар атрофини Қизилқумнинг катта конлари эгаллаб ётибди. Аммо бу конларга бир неча юз километрдан, яъни Амударёдан катта қувурларда сув тортиб келинган. Ушбу қувурлар усти тупроқ билан ёпилган бўлса-да, атрофига писта, ўрик, қарағай дарахтларини экиш ижобий натижа беради. Чунки сув ўтган жойлар ёпиқ бўлишига қарамай, зах етарли даражада бўлади.

 

Табиий занжирни тиклаш эҳтиёжи

«Яшил белбоғ»ни нафақат Навоий ва Зарафшон шаҳарларида, балки Қашқадарё, Сурхондарё ёки Қорақалпоғистондаги катта саноат корхоналари жойлашган барча ҳудудларда барпо этиш мумкин. Қорақалпоғистонда Оролнинг қуриган тубидан ташқари ҳам деградацияга учраган майдон кўп. Ана шу жойларда режа асосида ишлаш зарур. Саноат корхонаси атмосферага карбонат ангидрид гази чиқаряптими, демак, бу корхона ўзида хизмат қилаётган инсонларнинг соғлиғи, қолаверса, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун яшил полосалар ташкил қилишга киришиши лозим.

Мамлакатимиз ҳудудида «яшил белбоғ»лар ташкил қилсак, биринчидан, табиатни, экологияни яхшилаймиз. Иккинчидан, орадан тўрт-беш йил ўтгач, тонналаб писта, ўрик ҳосилини йиғиб ола бошлаймиз. Ахир бугун бозорларимизда энг қиммат қуруқ мевалардан бири хандонписта. Орадан йиллар ўтиб, биз катта миқдордаги писта ва ўрик, туршак экспортчисига айланишимиз мумкин.

Учинчидан, «яшил белбоғ» барпо этиш натижасида эко ёки агротуризм ривожланиб, сайёҳлар жалб қилинади. Янги иш ўринлари очилади ва халқ хўжалигининг кўплаб тармоқлари ривожланади. Хуллас, «яшил белбоғ»ларни босқичма-босқич шакллантиришга киришиш зарур. Албатта, бунинг учун техника воситалари, кўчатлар, мутахассислар ва ишчи кучи керак.

«Яшил белбоғ»лар натижасида секин-аста янги ер майдонлари пайдо бўлади. Шунингдек, шаҳарларда ҳаво ҳарорати нисбатан юмшайди. Бундан ташқари, салқинлаш ва озуқа топиш учун қушлар, ҳайвонлар кела бошлайди, янги экотизимга асос солинади.

Биз бу ишларни бугун бажаришимиз керак. Эртага кеч бўлиши мумкин. Дунёда бу борада катта ишлар бошланган. Ҳар бир мамлакат ўз аҳолиси, соғлиғи, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида яшил иқтисодиётга ўтишнинг турли йўллари ва усулларини излаб топмоқда.

Ўтмишда Орол денгизини қуритиш билан боғлиқ катта хатога йўл қўйганмиз. Энди бу каби хатоларни такрорламаслик, келажак авлодга яшил мамлакат қолдириш учун бу ишларни бажаришимиз шарт.

Дилором ЁРМАТОВА,

қишлоқ хўжалиги

фанлари доктори, профессор




Ўхшаш мақолалар

Фарзандларни ТАБИАТдан, ОНАдан узоқлаштирмайлик

Фарзандларни ТАБИАТдан, ОНАдан узоқлаштирмайлик

🕔15:41, 27.03.2025 ✔8

«Японияда озода ҳаёт тарзига тез кўникасан» – ижтимоий тармоқда бу фикрни ўқиб, хаёлимда болалик, ўсмирлик йилларим билан боғлиқ хотиралар жонланди: эрта баҳордан то кеч кузгача тонг ғира-ширасида Марғилоннинг деярли барча маҳаллаларидаги дарвозалар очилиб, кўчаларга сув сепилиб, деворларнинг тагигача қиртишлаб супуриларди.

Батафсил
Қаттиқ маиший чиқиндиларни  ёқиб,  электр   энергияси олинади

Қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиб, электр   энергияси олинади

🕔15:39, 27.03.2025 ✔9

Ўзбекистонда йилига 14 млн тонна чиқиндилар ҳосил бўлади, лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли филтратлар ер остига сингади. Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали эса унинг ҳам табиатга таъсирини камайтириш, ҳам фойда олиш мумкин.

Батафсил
Музликлар эриши  2 миллиард кишини  сувсиз    ва озиқ-овқатсиз  қолдиради

Музликлар эриши 2 миллиард кишини сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолдиради

🕔15:36, 27.03.2025 ✔7

Австрия музликлари мисли кўрилмаган даражада тез эримоқда: экспертларнинг прогнозларига кўра, 40-50 йилдан кейин улардан асар ҳам қолмайди. Музликлар сувнинг табиий резервуари вазифасини бажаргани, иқлимни совитиши ҳамда кўплаб ҳайвон ва ўсимликлар учун яшаш муҳитини ҳосил қилгани боис экотизимда муҳим роль ўйнайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Фарзандларни ТАБИАТдан, ОНАдан узоқлаштирмайлик

    Фарзандларни ТАБИАТдан, ОНАдан узоқлаштирмайлик

    «Японияда озода ҳаёт тарзига тез кўникасан» – ижтимоий тармоқда бу фикрни ўқиб, хаёлимда болалик, ўсмирлик йилларим билан боғлиқ хотиралар жонланди: эрта баҳордан то кеч кузгача тонг ғира-ширасида Марғилоннинг деярли барча маҳаллаларидаги дарвозалар очилиб, кўчаларга сув сепилиб, деворларнинг тагигача қиртишлаб супуриларди.

    ✔ 8    🕔 15:41, 27.03.2025
  • Қаттиқ маиший чиқиндиларни  ёқиб,  электр   энергияси олинади

    Қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиб, электр   энергияси олинади

    Ўзбекистонда йилига 14 млн тонна чиқиндилар ҳосил бўлади, лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли филтратлар ер остига сингади. Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали эса унинг ҳам табиатга таъсирини камайтириш, ҳам фойда олиш мумкин.

    ✔ 9    🕔 15:39, 27.03.2025
  • Музликлар эриши  2 миллиард кишини  сувсиз    ва озиқ-овқатсиз  қолдиради

    Музликлар эриши 2 миллиард кишини сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолдиради

    Австрия музликлари мисли кўрилмаган даражада тез эримоқда: экспертларнинг прогнозларига кўра, 40-50 йилдан кейин улардан асар ҳам қолмайди. Музликлар сувнинг табиий резервуари вазифасини бажаргани, иқлимни совитиши ҳамда кўплаб ҳайвон ва ўсимликлар учун яшаш муҳитини ҳосил қилгани боис экотизимда муҳим роль ўйнайди.

    ✔ 7    🕔 15:36, 27.03.2025
  • Чиқинди  мойлар қаерга  сингиб  кетмоқда?

    Чиқинди мойлар қаерга сингиб кетмоқда?

    Атроф-муҳитга катта зарар етказаётган ушбу ҳолат юзасидан мутасаддилардан ва депутатлардан изоҳ кутамиз

    ✔ 32    🕔 15:47, 20.03.2025
  • Ўзбекистон жонли  Табиатидаги  Сўнгги  йўлбарс қисмати

    Ўзбекистон жонли Табиатидаги Сўнгги йўлбарс қисмати

    «Амударё дельтасида сўнгги йўлбарс 1949 йили Тахтакўпир туманида отиб ўлдирилди...»

    ✔ 31    🕔 15:41, 20.03.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар