Табиат      Бош саҳифа

Чўл бағридаги мўъжизавий маскан

Сир эмаски, бир неча йиллардан буён мамлакатимизда экотуризмни ривожлантириш ҳақида кўп гапирилиб келинмоқда.

Чўл бағридаги мўъжизавий  маскан

Бироқ бу борада аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенгроқ тушунча ҳосил қилиш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги борасида аниқ тавсиялар кам учрайди. Бу борада «Варнет» ботаника боғи кўпчиликка ибрат бўлиши шубҳасиз. Қизилқум чўлини қоқ иккига бўлиб ўтган магистрал йўл бўйлаб кетаркансиз, кутилмаганда рўпарангиздан чиққан иссиқхона типида бунёд қилинган бу боғ ёнида бирпас тўхтаб, дам олмай ўтсангиз, қаттиқ янглишган бўласиз. Чунки ушбу боғ борлиғи билан ажойиботлар маскани саналади.

Бухоро асрлар давомида илм, маданият ва туризм маркази сифатида эътироф этилган. Шаҳар қуруқ ва чўл ҳудудида жойлашган бўлса-да, табиат мўъжизаларини бу ерда ҳам кўриш мумкин. Марказдан 10-15 чақирим узоқликда жойлашган «Варнет» ботаника боғи ана шундай жой, шаҳар шовқинидан холи, табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш учун энг мақбул ҳудуд ҳисобланади.

Боғ Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, нафақат ноёб ўсимликлари, балки йилнинг исталган фаслида гўзал ва қулай муҳит билан маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларни жалб қилади. Кунига 2 минг кишини қабул қилиш қуввати мавжуд бўлган мазкур боғда 10 мингдан ортиқ ўсимлик турлари, дарахтлар, гуллар ва ландшафт дизайни билан яратилган зоналар мавжуд. Шаҳар шароитида қуруқлик ва иссиқ ҳавога қарамай, «Варнет» боғида яшил макон яратиш мумкинлиги ташриф буюрувчиларни ҳайратга солади.

Боғнинг энг муҳим афзалликларидан бири – ёпиқ ҳолда ташкил этилганидир. Бу тизим тўрт фасл давомида бир хил кўринишни сақлайди ва ички ҳавонинг мўътадил ҳарорати таъминланади. Ўсимликларнинг кўплиги ва намлик даражаси кислородга бой муҳитни яратади. Боғнинг ҳар бурчаги ташриф буюрувчилар учун эстетик завқ манбаи ҳисобланади.

«Варнет» боғида ҳайвонот ва ўсимликлар хилма-хил. Бу ерда 4-5 турдаги қушлар, 5-6 турдаги балиқлар, 50 турдан ортиқ гуллар, кўчатлар ва тропик мевалар, жумладан папая, арония, авокадо, банан етиштирилади. Айниқса, товусларнинг одамлар орасида бемалол ҳаракатланиши ташриф буюрувчиларни қувонтиради. Бироқ жониворларни озиқлантиришга рухсат берилмайди.

Боққа ташриф буюрувчиларнинг қизиқишини оширадиган жиҳатлардан бири – папая мевасининг етиштирилиши. Баъзи манбаларда у «жаннат меваси» деб аталади. Папая таркибида витаминлар, минераллар ва ҳазм қилиш ферментлари мавжуд. Ташриф буюрувчилар боғда пишган папаядан татиб кўришлари, сотиб олишлари ва унинг парвариш жараёни билан танишишлари мумкин.

«Варнет» ботаника боғи нафақат табиатдан баҳраманд бўлиш, балки ўзига хос гастрономик саёҳатни ҳам тақдим этади. Бу ерда турк миллий таомлари ва ширинликлари махсус рецептлар асосида тайёрланади. Маҳаллий нархлар вилоят марказига нисбатан ҳамёнбоп бўлиб, ташриф буюрувчилар туркча нонушта, ҳолва, паҳлава каби ширинликлардан баҳраманд бўлишади.

Болалар ва оилавий ташрифчилар учун ҳам қулай шароитлар мавжуд: болалар ўйингоҳлари, махсус аравачалар (ногиронлиги бўлган шахслар ва қариялар учун) бепул тақдим этилади. Боғнинг 200 кишига мўлжалланган залида концерт-шоу ва бошқа маданий дастурлар ҳам мунтазам ташкил этилади. Шунингдек, боғда ранг-баранг гул кўчатлари сотиладиган зона мавжуд бўлиб, ташриф буюрувчилар турли гулларни арзон нархларда харид қилиб кетишлари мумкин. Боғнинг иш вақти дам олиш кунларисиз давом этиб, эрталаб соат 08:00 дан то тунги 22:00 гача ташриф буюрувчиларни қабул қилади.

Айнан мана шундай масканлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 19 ноябрда имзоланган «Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талаб­ларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга тўла уйғун келади. Фармон экотуризмни ривожлантириш, аҳолининг сифатли дам олиш имкониятларини ошириш ва экологик барқарор бошқарув тизимини яратиш каби вазифаларни белгилайди. Шу нуқтаи назардан, «Варнет» ботаника боғи Бухорода замонавий экотуризм маркази сифатида намунадир.

 

Жаҳонгир ШАРИПОВ,

ЎЭП Бухоро вилоят кенгаши раиси

ўринбосари,

Халқ депутатлари Бухоро вилояти

Кенгаши депутати




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔53

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔100

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔104

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар