Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилоятининг шимолий туманларида давлатимиз раҳбарининг фармонлари, қонунлар ижроси ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Аҳоли билан учрашувларда уларни қийнаётган экологик ва ижтимоий масалалар Денов, Узун ва Сариосиё туманлари мисолида кўриб чиқилди.
Денов туманида ижтимоий масалалар, жумладан, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, электр ва иссиқлик энергияси етказиб беришдаги юзага келаётган камчиликлар таҳлил қилинди. Оқова сувларни тозалаш ва деҳқончиликда қайта фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ масалалар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, қуёш панелларини ўрнатишдаги муаммолар мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳ маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бирга алоҳида гуруҳларга бўлинган ҳолда муаммоларни жойига чиқиб ўрганишди.
«Экобоғ» учун эътибор зарур
Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда партия фракцияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Денов туманидаги «Экобоғ» ҳолати билан танишди. Мутахассислар иштирокида боғдаги дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, уларни парваришлаш, янги дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича боғ маъмурияти ва илмий ходимларга тушунтиришлар берилди.
– Очиғини айтиш керак, салкам бир асрлик тарихга эга бу боққа охирги йилларда эътибор камайгани боис бугун дарахтлар парваришга муҳтож, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари А.Ҳамзаев. – Аммо кўп йиллик ва ноёб дарахтларга тўла бу боғни худди Тошкент Ботаника боғидек, аҳолининг севимли масканига айлантириш мумкин. Бу боғ одамлар тоза ҳаводан баҳраманд бўладиган жой бўлиши керак. Айни шу мақсадда бугун мутасаддилар билан гаплашиб, зарур тавсияларни бердик.
2023 йилда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Узун туманидаги «Қарашиқ» маҳалласида жойлашган, қарийб 5 гектар боғ тадбиркорларга берилгани ва тадбиркорлар боғдаги дарахтларга зарар етказаётгани ҳақида муносабат билдирилиб, масъуллардан бунга бефарқ бўлмасликлари сўралган эди.
Сурхондарё вилоятида ўрганиш олиб бораётган Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда партия вакилларидан иборат ишчи гуруҳ мазкур боғнинг ҳолати билан танишди. Ҳозирда боққа масъуллар томонидан эътибор қаратилиб, уни тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш, янгиларини экиш ва аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун шароит яратиш бўйича лойиҳалар тақдим этилди. Экопартия мазкур боққа 10 турдаги 500 тупга яқин дарахт кўчатлари берадиган бўлди.
Узун туманидаги 23-умумтаълим мактабида ўтган сайловчилар билан учрашувда туман ҳокими Ҳабибулла Бозоров, мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Учрашувда фуқароларнинг йўл қурилиши, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти, бандликни таъминлаш, ижтимоий ва иқтисодий масалаларга оид бошқа муаммолари тингланди. Туман ҳокими бошчилигида муаммоларни шу ернинг ўзида ҳал қилиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда партия фракцияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Узун давлат ўрмон хўжалигига қарашли кўчатхонада бўлишди. У ерда 30 гектар майдонда ниҳолхона ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 1 млн 734 минг донадан зиёд ниҳол ўстирилмоқда. Шунингдек, 23 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилган бўлиб, 509 минг 117 туп кўчат парваришланаётир.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг жорий йил баҳорги мавсумига кўчатларни бешикаст етказиш ва уларга кўрсатиладиган агротехник қоидалар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди.
Муқобил энергия таъминоти
Бугун муқобил энергия русурсларидан фойдаланиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада Узун туманида ҳам салмоқли ишлар олиб борилаётгани эътиборлидир.
Узун туманидаги «Жануб электр тармоқлари» МЧЖ томонидан 2,5 гектар майдонга 2000 киловаттли қуёш панели ўрнатилган бўлиб, бу орқали 500 та хонадонни электр таъминоти билан таъминлаш кўзда кутилган. Жорий йилнинг январь ойида ишга туширилиши кўзда тутилган ушбу муқобил энергия манбасининг 3/2 қисми ишга тушди.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни янада кенгайтириш, аҳоли ва юридик шахсларга унинг афзалликларини кўрсатиб, тарғиб қилиш кераклиги ҳақида мутасаддиларга тавсиялар бериб ўтди.
Ишчи гуруҳ вакиллари Сариосиё туманидаги «Сурхон сифат текстиль» хусусий корхонаси билан танишди. 8 гектар майдонда жойлашган ушбу корхонада 600 нафар иш ўрни яратилган.
Эътиборли жиҳати, жорий йилнинг биринчи чорагида корхонада 3,5 мегаваттли қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган. Бу орқали ишлаб чиқаришга кетадиган электр энергиясининг 3/2 қисми қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинади.
Ишчи гуруҳ ва мутахассислар томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш орқали корхонанинг даромади янада ошиши, бу эса янги линияларни ишга тушириш орқали аҳоли бандлигига замин яратишини таъкидлаб ўтишди.
Чиқиндиларни хомашёга айлантириш
Денов тумани «Дахана» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Туман тоза ҳудуд» ДУКга қарашли чиқинди полигони аҳолининг кўплаб мурожаатларига сабаб бўлаётган эди. Ишчи гуруҳ ушбу чиқинди полигони ҳолатини ўрганди.
Ўрганиш давомида чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш, атрофда яшовчи аҳолига ноқулайликлар туғдирмаслиги учун яшил «белбоғ»ларни жорий қилиш бўйича камчилик ва муаммолар таҳлил қилинди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди. Шунингдек, партия томонидан доимий жамоатчилик назорати ўрнатиладиган бўлди.
Денов тумани «Сурнайтепа» маҳалласидаги учрашувда аҳолини қийнаётган ижтимоий ва экологик масалалар ўрганилганда маҳалла ҳудудидан ўтган дарё бўйларига чиқинди ташлаб кетилаётгани, бу эса экологик ҳолатга салбий таъсир қилаётгани бўйича фикрлар билдирилди. Депутатлар ҳолат билан яқиндан танишиб, мутасаддиларга муаммони бартараф этиш бўйича таклифлар беришди. Ҳудуд чиқиндилардан тўлиқ тозаланмагунга қадар маҳаллий Кенгаш депутатлари назоратида туради.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Денов туманидаги чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашга ихтисослашган «Абу Хай фаровон» МЧЖ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Корхона 2018 йилда иш бошлаган бўлиб бугунги кунда 35 нафар аҳолини иш билан таъминлаган. Чиқиндиларнинг 30 фоизини қайта ишлаётган корхона раҳбарининг сўзларига кўра, керакли технологиялар олиб келгач қайта ишлашни 80 фоизга чиқаришни мақсад қилган.
Мутасаддилар иштирокида қайта ишлашни кўпайтириш бўйича зарур ёрдамни кўрсатишга келишиб олинди.
Ишчи гуруҳ вакилларининг Сариосиё туманидаги сайловчилар билан учрашувида фуқаро Мўминқул Шермаматов тумандаги 2-мактабнинг ўнг томонидаги кўча ёнига чиқинди ташлаб кетилаётгани ва ҳозирда кўплаб тўпланиб қолганини ташвишланиб гапирди. Ушбу мурожаат жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, мутасаддилар жалб этилиб чиқиндилар олиб кетилди. Шунингдек, масъулларга белгиланмаган жойларга чиқинди ташланишининг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.
Юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларнинг ҳар бирида инсон омилининг табиат ва атроф-муҳитга нотўғри муносабати акс этиб турибди. Уларнинг ечим топиши учун аҳолининг экологик маданияти юксалиши зарур. Акс ҳолда, табиатнинг жавоби ҳаммамиз учун аянчли бўлиши мумкин.
ЎЭП Марказий кенгаши
матбуот хизмати