Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш стратегияси жадал ривожланиб, минтақадаги экологик ва иқтисодий барқарорликка катта ҳисса қўшадиган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хўш, ҳозиргача қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда қандай натижаларга эришдик? Бу мамлакатимиз энергобарқарорлигига қанчалик таъсир кўрсатмоқда? Келгуси режалар қандай?
Ўзбекистонда 2027 йил якунига қадар умумий қуввати 7 минг 57 МВтга тенг бўлган 12 та замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилиши маълум қилинди. Мазкур инвестиция лойиҳалари халқаро тажрибага эга Германия, Франция, Нидерландия, Япония, Қатар ва Туркия давлатларининг компаниялари томонидан умумий қиймати 4 млрд 860 миллион АҚШ долларига тенг бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда, 2025-2027 йиллар мобайнида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан қиймати 2 млрд 214 миллион АҚШ доллари, умумий қуввати эса 2 минг 87 МВт бўлган 4 та йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши ҳам режалаштирилган.
Энергетика вазирилиги берган маълумотларга кўра, олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2022 йилда Бухоро, Тошкент, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида умумий қуввати 1 374 МВт бўлган 6 та, 2023-2024 йилларда Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут тумани ҳудудларида қуввати 1 500 МВт бўлган битта иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.
Хусусан, 2024 йил декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 4 млрд 501,3 млн кВт соатни ташкил қилди. Мазкур ҳажмдаги электр энергияси 2 млн 46 мингта хонадоннинг 11 ойлик ёки 1 млн 875,5 мингта хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасини ташкил қилди.
Амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар Ўзбекистоннинг энергия соҳасида муҳим ислоҳотлар ва давомли ривожланишни таъминлашга бўлган интилишини намоён этмоқда. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларига ва замонавий иссиқлик электр станцияларига сармояларнинг ортиши экологик барқарорликни таъминлашда муҳим қадамдир. Бунинг натижасида энергия ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, табиий газ истеъмолини қисқартириш ва атмосферага зарарли газ чиқарилишини камайтириш каби долзарб масалалар ҳал қилиниши мумкин.
– Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар экологик ва иқтисодий жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Наврўзбек ЮСУПОВ. – Экологик нуқтаи назардан эътибор қаратсак, қайта тикланувчи энергия манбалари, айниқса қуёш ва шамол электр станциялари, атмосферага углерод газларини чиқармайди. Бу иқлим ўзгаришини камайтиришга ёрдам беради. Анъанавий углеводородлар асосида ишлайдиган электростанциялар билан солиштирганда, замонавий иссиқлик ва қайта тикланувчи энергия станциялари ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Бу инсон саломатлигига ҳам жуда катта фойда келтиради.
Қайта тикланувчи энергия станциялари кўп ҳолларда сувдан кам фойдаланади ёки умуман фойдаланмайди. Бу сув ресурслари чекланган Ўзбекистон каби мамлакатлар учун жуда муҳимдир.
Яшил энергетика истиқболи
Сўнгги етти йил мобайнида Ўзбекистонда яшил иқтисодиёт, хусусан, яшил энергетикани ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича муҳим вазифалар мақсад қилинган.
Хорижий компаниялар билан имзоланган битимларга асосан, 2027 йилга қадар Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1 573 МВт, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида қуввати 1 560 МВт ва Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида қуввати 550 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциялари ишга туширилади. 2025 йилда эса Бухоро вилоятининг Пешку, Ғиждувон ва Олот туманларида умумий қуввати 1,25 ГВтга тенг бўлган 3 та қуёш ва шамол ҳамда 2030 йилгача Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 10,3 ГВтга тенг бўлган 10 та шамол электр станцияси ишга тушади.
Бундан ташқари, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан 2024 йилда Тошкент иссиқлик электр марказида қуввати 64 МВт бўлган 2 та газ турбина қурилмалари ишга туширилган бўлиб жорий йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Сергели туманларида умумий қуввати 3,5 МВт ва 17,4 Гкал бўлган когенерация қозонхоналари ишга туширилиши режалаштирилган.
Жорий йилда умумий қуввати 2600 мегаватт бўлган 10 та, жумладан, Навоий вилоятининг Томди, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманларида, қолаверса, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида қуёш ҳамда шамол электр станциялари фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Ҳукумат томонидан белгиланган режаларга кўра, 2026 йилга қадар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қуввати 9 минг 947 мегаваттга етиши кутилмоқда.
Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 20 минг мегаваттдан ошади. Лойиҳалар тўлиқ амалга оширилса, йилига 50 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бундай энергия ишлаб чиқариш орқали ҳар йили қарийб 15 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бу ресурсни эса экспорт қилиш ёки ички бозорда бошқа тармоқларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш мумкин бўлади.
Амалга оширилиши режа қилинаётган ушбу лойиҳалар фонида атмосферага 21 миллион тонна зарарли газ чиқарилишининг олди олинади. Бу нафақат иқлим ўзгаришига қарши курашга ҳисса қўшади, балки аҳоли саломатлигини сақлашда катта ёрдам бўлиб, мамлакатнинг энергия манбаларига бўлган қарамлигини қисқартиради, энергетик мустақилликка эришиш имконини беради.
Депутат Наврўз Юсуповнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўзининг яшил энергия имкониятларидан тўғри ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиши орқали барча соҳаларни ва фуқароларни барқарор энергия манбалари билан таъминлашга эришилади.
«Халқаро экологик стандартларга жавоб берадиган янги технологиялар ва энергия объектларини қуриш жараёнида кўплаб иш ўринлари пайдо бўлади. Қайта тикланувчи энергия технологияларига сармоя киритиш инфратузилмани яхшилайди. Ушбу лойиҳалар нафақат экологик муаммоларни ҳал этиш, балки мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади», – дейди депутат.
Нилуфар УБАЙДУЛЛАЕВА
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔5
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил