Маиший ва саноат чиқиндиларини безарар утилизация қилиш бугунги кундаги энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб қолмоқда. Бир қанча ривожланган давлатларда бу масалага муаммо сифатида эмас, ишлаб чиқариш учун иккиламчи хомашё манбаи деб қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бизда эса бундай ҳаракатларнинг дастлабки уринишлари йўлга қўйилган, холос. Рашид Картбаев ўз ташаббуси билан чиқиндини қайта ишлашга ихтисослашган хусусий корхона ташкил қилган эко-тадбиркорлардан бири.
– Қорақалпоғистон бўйича кунига ўнлаб рейс чиқинди чиқади. Шундан фақат битта тўла машинадагиси утилизация қилинади холос. Агар барча рейс чиқинди утилизация қилинганида 90 фоиз фойда олинади. Фақат ўн фоизгина чиқим-зиён ҳисобида бўлади.
– Ҳозир Нукус шаҳрида олтита корхона чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланади. Улар кунига 4 рейсдан чиқинди чиқаради. Ушбу чиқиндига иккинчи «ҳаёт» бериш керак, яъни қайта ишлов керак, – деди Рашид тўлиб-тошиб ичидагиларни ифодалашга уринаркан. – Бизнинг асосий мақсадимиз чиқиндиларни йўқ қилиш эмас, балки улардан мақсадли фойдаланишдан иборат. Мана, бизнинг меҳнат жамоамизни олайик. Унинг асосий вазифалари – полиэтилен чиқиндиларни тозалаб, навларга ажратиш. Ишчиларимиз целлофанни тозалаб, иккинчи цехга топширади.
Улар меҳнатларининг орқасидан муваффақиятга эришмоқда: ўғил-қизларини ўқитишяпти, уй қуришмоқда, машина олишяпти.
Корхонада чиқиндиларни қайта ишлайдиган цехлар кўп экан. Бир цех хомашёни ювиб берса, иккинчи цех ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарар экан. Целлофан, елим идишлардан турли ўлчамларда қувурлар ишлаб чиқарилмоқда.
Гулқоғоз цехида тонна-тонна саноат чиқиндилари зичланмоқда.
– Бу текстиль чиқиндилари Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятидан келади. Ювиб, рангига қараб саралаб навлаб, қайта ишлаб, гулқоғоз тайёрлаймиз, – дейди Рашид юзларида мамнуният уфириб. – Биз ишлаб чиқараётган маҳсулот бозорда хорижникидан икки баробар арзон сотиляпти. Устига-устак сифати ҳам хорижникидан анча афзал.
Рашид Картбаев «Мустанаб Ҳилол» корхонасини бошқаради. У айни дамларда саноат чиқиндисини қайта ишлаш учун қўшимча цех қурилишини бошлаган.
Корхонада чиқиндига айланган жундан ажойиб кигиз ишлаб чиқарилмоқда. Жундан ишланган куртка, пальтоларга тайёр астарлар ҳам ўта харидоргир бўлмоқда. Аксарият қишки кийимлар астарлари кейинги пайтларда сунъий матолардан иборат бўлиб қолмоқда. Бу эса уларнинг совуқ ўтказувчанлигини оширади.
Тадбиркор учун суяк кўпчилик ўйлаганидек қайта ишлаб бўлмайдиган чиқинди эмас, балки турган-битгани калцийга бой емиш саналар экан. Шу сабабли суякдан ун шаклида озуқа ишлаб чиқариш цехи ишга туширилган. У ерда қайта ишланган маҳсулотдан фермерлар қорамол ҳамда товуқлар учун қўшимча озуқа сифатида фойдаланишмоқда.
Терини қайта ишлаш цехида эса ошланган хомашёдан телпак, пўстинлар тайёрланаётганини кўриб, ҳайратландик.
Чиқинди полигонида юзлаб туяқуш, ҳисоби йўқ қуёнлар, товуқлар тухумдан энди бош чиқарган жўжаларини эргаштириб юрибди. Бу ер гўё тиниб-тинчимайдиган тадбиркорнинг тажриба майдонига ўхшайди. Юрагида юз хил режа ва мақсадлар қайнаб турган бу шижоатли йигит бугунги кунда эллик нафар кишини иш билан таъминлаб, уларнинг оиласининг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшаётир. Ишчиларнинг аксарияти корхона ташкил топган 2006 йилдан бери бирга ишлаб келмоқда. Уларни кўриб Рашидга «Ҳорманг, баракалла иним!» дейман! Бу йигитнинг ғайратига, ўйлаб топилмалар қилишига, меҳнаткашлигига ҳайрон қоламан.
Қизиғи шундаки, тадбиркор тайёр маҳсулотни ҳеч қаерга олиб бормайди. Харидорларнинг ўзлари шу ерга оқиб келиб, маҳсулотларни талаш қилиб олиб кетишади.
Саховатпеша, кўнгли очиқ бу тадбиркор кўплаб кам таъминланган оилаларга ёрдам қилиб келади. У кам таъминланган фуқароларни ишга олиб, доимий маош билан таъминлаб келмоқда.
Бундай фойдали ишларни ҳамма жойда оммалаштириш, йўлга қўйиш керак. Ана шунда атроф-муҳит янада тоза ва мусаффо бўлишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Оралхан САПАРОВА,
Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати,
ЎЭП аъзоси
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔166
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил
Шўрланган тупроқнинг тузи ариди
🕔12:23, 29.08.2024
✔350
Навоий вилоятида турли миллат вакиллари бирдам ва иноқликда яшаб келишади. Улар жамиятнинг турли соҳаларида эл-юрт учун муносиб хизмат қилишаётгани, албатта эътирофга муносиб.
Батафсил
Даромад келтираётган чиқинди
🕔11:43, 29.08.2024
✔423
Маиший ва саноат чиқиндиларини безарар утилизация қилиш бугунги кундаги энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб қолмоқда. Бир қанча ривожланган давлатларда бу масалага муаммо сифатида эмас, ишлаб чиқариш учун иккиламчи хомашё манбаи деб қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Батафсил