Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Чиқиндилар  билан кураш: қайси томон ғолиб бўлмоқда?

«Бизнинг она заминдан бошқа борадиган жойимиз, ўзга бошпанамиз йўқ! Ер – бизнинг ягона уйимиз ва биз ундаги муаммолардан қочиб-қутулиб, бошқа ҳеч қаёққа кетиб қола олмаймиз.

Чиқиндилар   билан кураш:  қайси томон  ғолиб  бўлмоқда?

Шундай экан, ҳар бир шахс, шу сайёрада яшовчи ҳар бир одам замин учун нимадир қилишга ҳаракат қилиши лозим...»

Бизни қуршаб олаётган «тоғ»

Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар аллақачон глобал аҳамият касб этиб, инсоният олдига жиддий ва тезкор чоралар кўриш талабини қўймоқда. Бир неча йил олдин кечаги озиқ-овқат қолдиқлари, батареялар, сумкалар, пластик ва шиша бутилкалар қаерга тушгани ҳақида деярли ҳеч ким ўйламаган. Биз фақат чиқинди машинаси келиб, контейнерларни бўшатиб, чиқиндини қаергадир олиб кетаётганини кўрардик. Бу табиий, чунки муаммолар кўз ўнгингизда пайдо бўлмагунча, унинг хавфи ва оқибатларини сезмайсиз. Бугун эса, ўша «қаергадир олиб чиқиб кетиладиган» чиқинди муаммосига ҳаммамиз дуч келяпмиз. Атрофимизни ҳар томондан ҳар турдаги чиқиндилар уюми тобора қуршаб олмоқда.

Муаммонинг қанчалик жиддийлигини англаш учун айрим рақамлар ва улар ортидаги хавфни тасаввур қилишнинг ўзи етарли.

Мисол учун, ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 300 миллион тонна пластмасса чиқиндига айланади – бу бутун ер юзи аҳолисининг вазнига тенг. Ўша чиқиндиларнинг бешдан биридан камроқ қисми қайта ишланади, чорак қисми ёндирилади ва ярмидан кўпи чиқиндихоналарда қолиб кетмоқда. Йилига ўртача 80 миллион тонна пластик чиқиндилар тегишли қоидаларсиз, шунчаки, атроф-муҳитга ташланади. Мутахассисларнинг фикрича, 2060 йилга бориб атроф-муҳитни ифлослантирувчи пластик чиқиндиларнинг йиллик ҳажми 265 миллион тоннагача ўсиши мумкин. Ишлаб чиқарилган пластмассанинг учдан бир қисми бир марталик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлатилади (йилига 130 миллион тоннадан ортиқ). Улар деярли бир зумда чиқиндига айланади. Бу чиқиндининг 35 фоизи ёндирилади, 31 фоизи чиқиндихонага ташланади, 19 фоизи табиат бағрига ташланади ва фақат 15 фоизигина қайта ишланади.

Муаммонинг кўлами кенг ва бунинг ечими борасида ҳар бир мамлакат ўз имкониятидан келиб чиқиб чора изламоқда.

Ҳозиргача чиқиндининг 800 дан ортиқ тури қайд этилган бўлиб, келажакда бу кўрсаткич янада ошиши мумкин. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш саноатида фойдаланиладиган материаллардан ҳосил бўлган чиқиндилар атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбага айланяпти.

Уларни эътиборсиз қолдириш эса табиий ресурслар ва табиатнинг кутилмаган ўзгаришларига сабаб бўлади.

Табиатни танг аҳволда қолдираётган чиқиндилар ичида «қироли» албатта ҳар доимгидек плас­тиклардир. Масалан, экологлар узоқ вақтдан бери дарёлар ва денгизларнинг, уммонларнинг пластик билан ифлосланиши муаммосидан хавотирда.

Гап шундаки, табиий шароитда пластмасса деярли парчаланмайди, лекин у тирик мавжудотларнинг тўқималарида тўпланса, уларга зарар етказади. Шу билан бирга, денгиз ҳайвонлари ҳар доим ҳам пластмассани оддий овқатдан ажрата олмайди.

Яқинда ўтказган тадқиқотида Стенфорд университети мутахассислари пластикни китлар қанчалик тез ейишини аниқлашди. Китларнинг кўп турлари фильтрлаш орқали озиқланади – улар мўйловлари орқали сувни тортишади. Мутахассислар китларнинг одатий яшаш жойларини океандаги пластик қолдиқларнинг тарқалиш харитаси билан солиштиришди. Шунингдек, улар ҳайвонларнинг озиқ-овқат излаш учун ифлосланган сувларда қанча вақт сарфлашлари ҳақидаги маълумотларни ҳам ҳисобга олишди.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, китлар доимо пластикларни истеъмол қилишади. Шундай қилиб, фин китлар ва кўк китлар кунига тахминан 10 миллион дона пластмасса истеъмол қилади. Думли китлар эса 500 мингга яқин пластик чиқинди зарраларини еб юборади.

Хулоса қилиш мумкинки, инсоннинг табиатга нотўғри муносабатидан, нафақат ўзи, балки океандаги китлар, бошқа жониворлар ҳам жуда катта зарар кўрмоқда.

 

Энг тезкор ечим – экологик тарбия

Учинчи минг йилликнинг бошланиши муҳим икки тамойил билан характерланади. Биринчидан, ҳозирги цивилизация глобал экологик муаммолар (иқлим ўзгариши, озон қатлами емирилиши, ичимлик сув ифлосланиши ва етишмаслиги, ўрмон ва тупроқ инқирози, биохилма-хиллик қисқариши, ортиқча ҳажмдаги чиқиндилар ҳосил бўлиши ҳамда уларни зарарсизлантириш муаммолари ва бошқалар) билан тўқнаш келди.

Шунинг учун ҳам бугунги кун авлодлари учун экологик таълим-тарбиянинг аҳамияти жудаям улкан. Айниқса, чиқинди саралаш маданиятини оммалаштириш, имкон қадар табиатга кам зарар берувчи маҳсулотлар ва қадоқлардан фойдаланишни ёш авлодга боғча ёшиданоқ ўргатиш, миясига сингдириш кераклигини таъкидлаб чарчамаяпмиз. Минг афсуски, бу борада ҳали биз экологлар қўйган мақсадларга, режаларга эриша олганимизча йўқ. Аммо ҳаракатда баракат дейишганидек, тарғибот, ташвиқотдан тўхтаганимиз йўқ. Зеро, биргина болакайда табиатга меҳр уйғота олсак, чиқиндиларнинг қанчалар зарарли эканини 10, 100 инсонга бўлса ҳам тушунтира олсак, аста-секин бўлса ҳам маррага яқинлашамиз.

Масалан, Япония нафақат чиқиндини қайта ишлаш, балки унга тўғри ёндашув бўйича ҳам дунёда биринчи ўринда туради. Бу ерда чиқиндиларни шунчаки аралаштириб ташлаб бўлмайди. Ҳар бир чиқинди турига қараб алоҳида идиш­ларга ташланиши шарт.

Янги уйга кўчиб кирилганда, одатда тақвим берилади. Унда ҳафтанинг қайси куни қайси турдаги чиқиндилар олиб кетилиши ранглар билан белгилаб қўйилади. Яшаш жойига қараб чиқиндиларнинг ҳар бир тури қайси куни олиб кетилиши фарқланади. Масалан, айрим жойларда бир турдаги чиқинди ҳар ҳафта фақат душанба куни олиб кетилади. Бошқа куни бу турга кирадиган чиқиндиларни олиб тушиш мумкин эмас. Гавжум ҳудудларда эса, ҳафтада 2-3 марта олиб кетилиши мумкин.

Чиқиндилар асосан 4 хил турга ажратилади. Ёнувчан чиқинди: қоғоз, елим идишлар ва маҳсулотлар ёрлиғи, пўчоқлар ва овқат қолдиқлари. Ёнмайдиган чиқинди: шиша, металл ва консерва идишлари. Пластик: бир марталик полиэтилен идишлар, баклашка қопқоқлари ва пластик стаканлар. Пластик баклашкалар. Пластик баклашкаларни шундоққина ташлаб бўлмайди. Қопқоғини ажратиб, алоҳида ташланади, қоғоз ёрлиғи эса ёнувчан чиқиндига ташланади, баклашкаси алоҳида идишга солинади.

Япониянинг қайси қисмида яшашга қараб, бу тўрт катта гуруҳ ўз ичида яна кичик гуруҳчаларга бўлиниши мумкин. Айрим ҳудудларда чиқинди солиш учун алоҳида пакет сотиб олиш керак. Ўша пакетсиз чиқинди олиб кетилмайди.

Ҳар бир кўп қаватли уйлар ўртасида чиқиндилар учун алоҳида бино қилинади. Унинг ичида ҳар хил чиқинди тури учун алоҳида катта-катта идишлар бўлади.

Катта ўлчамдаги маиший буюмлар, масалан, телевизор ёки велосипедни чиқиндига ташлаш учун алоҳида пул тўланади. Пул тўланганлик ҳақидаги хабарнома ёпиштириб қўйилсагина у чиқиндига олиб кетилади.

Айрим ҳудудларда чиқинди турига қараб пакет ранги турлича бўлади. Масалан, ёнувчан – яшил, ёнмайдиган – қизил, пластик – кўк.

Хуллас, японлар ҳар бир чиқиндига алоҳида эътибор кўрсатиши оқибатида ҳам уларни қайта ишлаб, унумли фойдаланишади, ҳам улар орқали юзага келиши мумкин бўлган экологик хавфнинг олдини олишади.

Аслида экологик таълим-тарбия боланинг боғча ёшиданоқ сингдирилиши айнан бугун учун долзарб масала. Чунки ҳар биримиз келажакда фарзандларимиз яшайдиган дунёни яратамиз. Фарзандларимиз эса ўз зурриётлари учун келажакни яратишади. Шундай экан, бола мурғаклигиданоқ ҳар қандай табиий бойликнинг, ресурсларнинг, ичимлик сув ва ўсимликларнинг абадий эмаслигини англаб улғайса, унинг атроф-муҳитга бўлган муносабати ҳам фақатгина ғамхўрликдан иборат бўлади. Худдики бола ўз онасига ғамхўрлик қилганидек.

Демакки, ҳалиям кеч қолмаслик учун япон ва корейс халқи каби экологик таълимни гўдакликданоқ одамлар онгига сингдираётган давлатлардан ўрнак олиб, боғча ва мактабларда экологик таълим йўналишини йўлга қўйиш керак ва зарурдир.

Энди ўйлаб кўринг. Экологик таълим ва тарбиясиз бундай натижага эришиб бўладими? Биз бу борада жудаям орқада қолиб кетмадикмикан? Ҳар дақиқада асаббузарлик даражасида бериладиган дори-дармон рекламаларининг атиги 10 фоизи ўрнига экологик муаммоларнинг аянчли оқибатлари, чиқиндиларни саралашга қаратилган роликлар берилганда ҳозир вазиятимиз бошқача бўлар эди.

Экологик вазият борасида ҳар дақиқа, лаҳза ғаниматлигини тушуниб етганимизда эса кеч бўлмаса деб қўрқамиз.

 

«Яшаб қолай десангиз...»

Чиқиндиларни зарарсизлантиришнинг биринчи усули уларни компостлаш бўлиб, бунда мураккаб аэробли биологик органик моддалар тез чирийди ва ўсимликлар томонидан яхши ўзлаштириладиган ҳолга келади. Жараён гумус деган моддаларни ҳосил бўлиши билан боради. Компостлаш натижасида маиший чиқиндидан гумус (бир хил рангли, гўнгга ўхшаш модда) олинади.

Чиқиндиларни зарарсизлантиришнинг иккинчи усули уларни иссиқхоналарда зарарсизлантириш бўлиб, бунда шаҳар чиқиндилари тош, темир, ойна синиқларидан холи қилингач, иссиқхоналарнинг тупроғи остига февраль ва март ойларида солинади. Чиқиндидаги биокимёвий жараёнлар экзотермик (иссиқлик ажралиб чиқиши) ҳолда ўтгани учун юқори ҳарорат иссиқхонани иситади, бу иссиқликдан фойдаланиб иссиқхонада ҳар хил эртапишар экинларни етиштириш мумкин. Ҳосил бўлган чиқинди эса ўсимликлар учун яхши озуқа ўрнини босади.

Ҳозирда кўплаб такомиллашган чиқиндихоналар сони ортмоқда, бунда чиқиндилар ер остига маълум чуқурликда кўмилади ва кейинчалик ушбу жойлар дарахтзорларга айлантириб юборилади.

Хулоса қилиб айтганда, чиқинди муаммоси дунёда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Уни ечишда чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан тўғри фойдаланиш тўғрисида лойиҳалар кўрилиб, кўплаб чиқиндиларни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналар барпо этилмоқда. Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам чиқиндиларни турларига қараб алоҳида йиғиш учун пластиклар учун алоҳида, қоғоз учун алоҳида ва бошқа турдаги чиқиндилар учун алоҳида идишлар жойланмоқда. Бу усул билан ажратиб олинган чиқиндилар қайта ишлаш учун корхоналарга юборилади. Лекин чиқиндиларни қайта ишлашда ва улардан тўғри фойдаланишда энг катта вазифа ер юзидаги, шу жумладан, юртимиздаги ҳар бир инсон зиммасида десак, янглишмаймиз. Биз учун белгиланган вазифа шуки, исрофнинг олдини олиш ва ўзимиз ҳосил қилган чиқиндиларни белгиланган тартибда, турларга ажратган ҳолда ташлаш. Биз учун белгиланган барча вазифаларни ўз ўрнида бажарсак чиқинди муаммосини ечишга оз бўлсада ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Шундай экан ўзим, фарзандларим, инсоният соғлом табиат бағрида яшаб қолсин десангиз, экологик муаммоларга бефарқ бўлманг. Чиқиндиларни баҳоли қудрат сараланг. Фарзандлари­нгизга қадрият сифатида ўргатинг. Она табиатни қутқаринг!

Камол ЖУМАНИЁЗОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий кенгаши
раиси ўринбосари




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔5

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔70

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 5    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 70    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 74    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 101    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар