Инсониятга хизмат қилган, оғирини енгиллатган кўплаб қулай воситалар вақти келиб табиат учун «оғир юк»ка айланиши сир эмас. Бугун биз йиллаб пул йиғиб сотиб олаётганимиз, ҳашамат сифатида қараётганимиз миллионлаб автомобилларнинг яроқсиз аҳволга келиб қолганлари чиқинди уюмларига айланган.
Рухсат этилгандан 40 баробар юқори
2015 йилда Калифорниянинг Викторвил шаҳрида сотувдан қайтариб олинган юз минглаб автомобиллар ҳанузгача ўзларини қайта ишлашга юборилишларини ёки утилизация қилинишларини кутмоқда. Шу йилда АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги Volkswagen автомобиль компаниясини дизель ёқилғиси билан ишлайдиган автомобилларга ёлғон ахборот берувчи, сохта дастурий таъминотни ўрнатишда айблаган. Чунки автотранспорт воситаларининг асл азот оксиди чиқиндилари кўрсаткичи рухсат этилган стандартлардан 40 баробар юқорини кўрсатган эди. Бу эса ушбу машиналарнинг касодга учраб, сотувдан қайтишига сабаб бўлди. Ва бу компаниянинг ўтмай қолган маҳсулотлари катта машиналар «қабристони»га айланди.
Камёб ўсимликлар «қотиллари»
Кауфдорфда жойлашган автомашиналардан иборат чиқинди полигони қўрқинчли тус олган. Бу жой 1930 — 1960 йилларга оид юзлаб машиналарни ўз ичига олади. Машиналарни сақлашдан асосий мақсад фойдали ва нодир эҳтиёт қисмларни сақлаш бўлган. Бироқ ёғингарчиликлар сабаб вужудга келган юқори даражадаги намлик транспорт воситаларининг чиришига олиб келди.
2009 йилда экологик ташкилотларнинг қарорига асосан ноёб флора ва фаунага бой бу жой машиналардан тозаланиб, экоҳудудга айлантирилиши керак эди. Аммо қарор ижро қилинмади, камёб ўсимликлар машиналарнинг «қурбони»га айланишди.
«Мактаб қабристони»
АҚШнинг Жоржия штатида Уейд Алонсонинг автомобиль эҳтиёт қисмларини сақловчи ҳовлисини маҳаллий аҳоли «Мактаб қабристони» деб атайди. Сабаби, Алонсо мактаб автобусларини бирлаштирган ҳолда баланд ва ноодатий девор қурган. Кейинчалик рассомлар ушбу деворга расм чизиш учун Алонсодан изн сўрашганида у қаршилик билдирмаган. Бу эса ғайриоддий санъат галереясининг яралишига сабаб бўлган.
Эски машиналар шаҳри
Жоржия штатида яна «Old Car City» ҳам жойлашган бўлиб, у дастлаб 1931 йилда автосалон сифатида ишга туширилган. Бугунги кунга келиб бу ер 4 мингдан ортиқ автомобиллар жойлашган дунёдаги энг катта чиқинди автомобиллар омбори ҳисобланади.
Сунъий тоғ
2016 йилда тадқиқотчилар Уэлс конида «Автомобиллар тоғи»ни топишди. Машиналар шифер конининг тубига 1970 йилдан буён тўпланган деб тахмин қилинган. Ҳудуд ҳозирги кунда фотосуратчиларнинг севимли жойларидан бирига айланиб улгурган.
Баъзи автомобиль қабристонларида автомобиль ва мотоцикл каби транспортлардан ташқари махсус транспортлар ҳам мавжуд. Франция ҳукумати ёнғинни ўчирувчи машиналар тарихини сақлаш мақсадида XX аср бошларига тегишли бўлган ўт ўчириш машиналари омборини ташкил қилди.
Носоз пойгачилар
Яна бир эътиборга молик жой Шимолий Каролинада жойлашган НАСCАР ҳайдовчиси Дейл Эрнхардтга тегишли бўлган пойга автомашиналари «қабристони»дир. Бу жой пойга вақтида носоз ҳолга келган 500 дан ортиқ автомобилларнинг сўнгги манзилига айланган.
Бундай «қабристон»лар табиатга зиён етказмаса, аҳоли яшаш жойидан узоқда бўлса, балки бунинг ёмон томони йўқдир. Лекин бу каби «коллекция»лардан табиатга зиён етиши тайин. Яхшиси, уларни қайта ишлашга юбориш орқали яшашга яроқли ҳудудларда инсоният учун керакли биноларни барпо этиш ўринли бўлади.
Мафтуна БАХТИЁРОВА,
ЎзЖОКУ талабаси
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔5
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔70
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил