Мамлакатимизда айни буғдой ўрими авжга чиқди. Тез ора ҳайҳотдай далалар яйдоқликка айланади.
Баъзи жойларда иккинчи экин сифатида сабзавот маҳсулотлари экишади. Айрим ерлар эса то куз фаслигача бўм-бўшлигича қолиб кетади. Аслида ана шу буғдойдан бўшаган ерлар аҳолига бўлиб берилган тақдирда ҳар бир оила фаровонлигига муносиб ҳисса қўшилган бўларди.
Бугун Ўзбекистонда давлат одамларни рози қилиш, уларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш учун шарт-шароит яратиш борасида муҳим стратегик тадбир ва режалар амалга оширилмоқда. Бу борада халқ манфаати йўлида ўртага ташланган ҳар қандай таклиф ва лойиҳалар эътибордан четда қолдирилмаяпти. Ана шуни инобатга олган ҳолда мен ҳам қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли турмуш тарзини юксалтириш, фаровонлигини таъминлашга оид муҳим таклиф ва мулоҳазаларимни очиқламоқчиман.
Ўзбекистонда неча фоиз одам қишлоқда яшайди?
Бу саволга жавоб ижтимоий тармоқларнинг маълумотлар базасида тайёр. Бироқ «Уларнинг неча фоизи доимий иш билан таъминланган?» деган саволга жавоб топиш анча мушкул. Бор жавобларга эса шубҳалар етарли. Аслида, ҳар бир қишлоқ ва овулларда ишсизлик – энг оғриқ нуқта саналади. Бу муаммони ҳал қилиш учун маҳаллий ҳокимлик ва жамоат ташкилотлари томорқа хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича муҳим тавсияларни мунтазам равишда бериб келади.
Афсуски, қишлоқда яшовчи ҳаммада ҳам қўшимча томорқа мавжуд эмас, ҳамма ҳам тадбиркорликни эплай олмайди. Тадбиркорликни бошлаш учун банкдан кредит олишга ҳамманинг ҳам юраги бетламайди. Олинган кредитни ўз вақтида қайтариш учун иқтисодий билим зарур. Ҳар кимнинг билим-савияси эса турлича...
Тадбиркорлик қўлидан келмайдиган одам деҳқончиликнинг уддасидан чиқиши мумкин. Ахир, қишлоқ одами – дала фарзанди, зироатчилик илми унга она сути билан киради. Бироқ бугун ҳамма жойга кластер ёки фермер хўжайин. Ҳайҳотдай қишлоқни битта кластер ёки тўртта фермер бошқармоқда. Уларда неча нафар ишчи ишлаётгани билан қизиқаётган раҳбарнинг ўзи йўқ.
Мисол учун, 150 гектар ерга эга фермер хўжалигида ҳужжатларга кўра 10 нафар ишчи меҳнат қилади. Ҳар бир ишчига масъуллик 15 гектар ердан тўғри келади. Хўш, бир нафар ишчи 15 гектар ерни назорат қилиб, кам-кўстига қарашга улгуроладими? Мутлақо йўқ! Ҳали Ўзбекистонда ғўза ниҳолларини ягоналаш, бегона ўтлардан тозалаш, чеканка қилиш каби ишларни бажарадиган техника жалб қилинмаган. Бундай ишлар қўлда бажарилади. Агар бир нафар ишчи кучи 1 гектар ер майдонини бегона ўтлардан тозалаш, чеканка қилиш ва сув тараш ишларига етишини инобатга олсак, қолган 14 гектар ер қаровсиз қолади. Шу сабабдан ҳам бугун жойлардаги аксарият далаларни бегона ўт босиб ётибди. У ерга пахта экилганми ёки шувоқ – фарқига бориш жуда мушкул. Бу ҳолат эса ҳосилдорликка кескин салбий таъсир етказишини қишлоқ хўжалиги мутахассислари жуда яхши билишади.
Бир замонлар қишлоқ хўжалигида оилавий пудрат усули синаб кўрилган эди. Оилавий пудрат асосида ерлар бўлиб берилганида ҳар бир хонадонга бир ёки икки гектар ер тақсимланади. Ўзига бириктирилган ерда бутун оила бор меҳри ва эътибори билан меҳнат қилади. Қарабсизки, меҳр билан парвариш қилинган ерда ҳосилдорлик ростакамига ошади. Бугунгидай фақат қоғозда эмас.
Бизнингча, бугунги кунда қишлоқ хўжалигини кенг тармоқли усулларда ривожлантириш зарур. Фақат кластер ва фермер хўжалиги шаклидаги усуллар қаторида оилавий пудрат шаклини ҳам қўллаш давом эттирилса, нур устига нур бўлармиди?!
Бугунги кунда кластер ёки фермер хўжалигида ҳужжатлар бўйича ишчи бўлиб ишлаётганлар рўйхатига эътибор қаратиладиган бўлса, улар орасида бегона одамнинг ўзи йўқ: фермернинг хотини, келини, қизи, ўғли, ака, ука, опа, сингил, жиянлари...
Таассуфки, ҳақиқатан далада меҳнат қилиб, ишчи сифатида ёлланган йигит-қизлар ана шу фермернинг қариндошлари номи билан ишлашади. Тўғри, ойлик маошини шу қоракўзлар олишади, лекин меҳнат дафтарчаси фермернинг яқинлари номига ёзилади.
Эрта-индин пенсияга чиқиб, пенсия пулини нақд санаб оладиган ҳам фермернинг яқинлари. Чинакам меҳнатни қилганлар эса шалвираб қолаверади. Бу – бугун тамал тоши қўйилган келажак фожиаси эмасми?
Аксарият жойларда ҳар бир кластер ёки фермер ўз хўжалигида 50-60 гектар кузги буғдой етиштиради. Ана шу «кузги буғдой» деган тушунча давлат кўзини шамғалат қилишдир, холос. Кластер ва фермер буғдой етиштириш орқали давлат омборини донга, ризқ-насибага тўлдиради. Орқасидан эса миллион-миллион сўм маблағни ўмариш билан шуғулланади.
Очиқроқ тушунтириш мавриди келди. Ёзнинг илк кунлариданоқ кластер ва фермерлар ғалла ҳосилини ўриб, янчиб топширади. Маҳаллий ҳокимлик томонидан буғдойдан бўшаган ўнлаб гектар ерга иккиламчи экин сифатида мош ва бошқа сабзавот экинларини экиш тавсия қилинади. Кластер ва фермерлар эса қоғозда бу тавсияларни аъло даражада бажаришади. Ҳа, фақат қоғозда! Амалда эса одамларга ҳар бир гектар ерни 15-16 миллион сўм атрофида баҳолаб, ўзлари хоҳлаган экинни экиш учун сотишади. Баъзи жойларда одамларнинг бўсағасигача шолипояга айланган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамаси тавсия ва йўриқномаларига кўра шоли аҳоли яшайдиган ҳудуддан 2 км. олис масофада экилиши шарт. Чунки шоли сувда парваришлангани боис ерни тез захлатиб юборади. Оқибатда гуркираб турган дарахтлар тезда қуриб, нобуд бўлади.
Ер сотиб кекириб юрган кластер ва фермерлар учун бу тавсия ва йўриқномаларнинг сариқ чақачалик қиймати йўқдай. Негаки, улар хоҳлаган жойга: одамлар ҳовлисига шундоқ бир қадам майдонгача шоли экишяпти.
Шоли экилгани, албатта яхши, чунки у – ризқ, паловхонтўра дегани. Лекин кластер ва фермер бунинг ортидан, меҳнат қилаётган деҳқоннинг ризқи ҳисобидан қанчалик мўмай пул ишлаб олаётганини бир таҳлил қилиб кўрсак: 1 гектар буғдойдан бўшаган ер майдонини фермер 15-16 млн. сўмдан сотишини инобатга олсак, бундай ер майдонининг 50 гектари 750-800 млн. сўм бўлади.
Хўш, бу пул кимнинг чўнтагига кирмоқда? Шубҳасиз, давлатимиз бошини кўп силаб, тантилатиб қўйган кластер ва фермернинг-да. Гап уларнинг шахсий чўнтаги ҳақида кетяпти.
Агар бу маблағ банк ҳисоб рақамига кирим қилинганида эди, ҳар бир кластер ёки фермер йил давомида неча нафар қишлоқ кишисини иш билан таъминлаш имконияти вужудга келиши аниқ бўлар эди.
Масаланинг иккинчи томони шуки, буғдойдан бўшаган ер майдонларини 50/50 услубида деҳқонларга тақсимлаб берилганда, давлат хазинаси янада бойиши шубҳасиз. 50/50 услуби азалдан халқимизда «яримчи» деб аталиб келинади. Бунда фуқаро ҳосилнинг 50 фоизини ерни ижарага берувчига топширади.
Тасаввур қилинг, 1 гектар ер майдонидан ўртача 6 тонна шоли олинган тақдирда, унинг 3 тоннаси ер берувчига топширилади. 3 тонна шолидан 2-2,5 тонна гуруч олинади. Гуручнинг бугунги кундаги ўртача нархи билан ҳисоблаганда бу 45 миллион сўм пул бўлади. Давлат 50 сотих ердан шунча фойда кўряпти. Яна шунча фойда эса ижарага олувчига қолмоқда. Бу 1 гектар ердан келадиган фойда. Қишлоқ хўжалигида минглаб гектар ер майдонлари буғдой ўриб-янчиб олингач, бўшаб қолади. Ана шу бўшаган майдонлар фақатгина бир нафар кластер ёки фермернинг чўнтагини қаппайтирмоқда. Албатта, улар ерни ноқонуний сотади ва қонунга зид равишда даромадга эга бўляпти. Бу даромадидан давлатга на бир сўм солиқ тўламоқда, на бир ишчилар нуфусини ошириб, уларни ойлик маоши билан таъминламоқда.
Биргина қишлоқ хўжалигидаги ана шу бошбошдоқлик тартибга солинса, қисқа тўрт ой давомида давлат хазинасига миллиард-миллиард сўм маблағ кирим қилиниб, юртимиз иқтисоди янада ўсган бўлар эди. Ачинарлиси шундаки, бу оддий арифметикага на маҳаллий ҳокимлик, на қишлоқ хўжалиги вазирлиги жиддий эътибор қаратаётир.
Баъзи жойларда буғдойдан бўшаган ерлар «Ёшлар дафтари»да турган йигит-қизларга бўлиб берилиши роса овоза қилинган эди. Бироқ бу хайрли ишлар фақат номигагина ёки таниш-билишчилик асосида қилиниб, аксарият ҳақиқий ишсиз ёшлар эътибордан четда қолиб кетгани ачинарлидир. Эндиликда эса буғдойдан бўшаган ерларни кимошди савдосида аҳолига сотиш ҳақида гап-сўзлар ҳам кўпаймоқда. Агар камбағалликни қисқартириш бош мақсадга айланар экан, аукцион асосида ер тақсимлаш масаласини ҳозирча бир четга қўйиб турган маъқул. Бугунги кунда аукционнинг ҳам минг бир фириблари урчиётгани сир эмас. Бу ҳақдаги кузатувларимизнинг ўзи алоҳида бир мақолага мавзу бўлиши шубҳасиз.
Дарҳақиқат, фермер бойимоқда. Оддий қишлоқ одами, йўғ-э давлат хазинаси эса...
Э.Бахт