Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Мактабдаги муаммолар қачон тизимли ҳал этилади?

Мана, ўқув йили ҳам якунланиб мактаб таълими тизими бироз нафас ростлаётгандек. Аммо бу тизимдаги мавжуд муаммолар ҳақида бош қотириш, уларни тезкор ҳал этиш ва янги ўқув йилига тайёргарликнинг айни палласи ҳозир.

Мактабдаги  муаммолар қачон тизимли  ҳал этилади?

Зотан мактаб атрофидаги муаммолар етарлича, уларнинг айримларини ҳал этиш учун ўқув йили якунланиши кутилаётган бўлиши ҳам мукин.

Ҳозир Ўзбекистонда педагоглик касби жозибадор эмас, мактабларда малакали ўқитувчилар кам. Синфларда болалар сони кўп, ўқув материалларида қўпол хатоликлар бор. Шаҳар ва қишлоқдаги болаларнинг ўқишдаги имкониятлари нотенг. Бу хулосалар ва вазиятни яхшилаш учун тавсиялар «Тараққиёт стратегияси»нинг мактаб таълими ҳақидаги изланишларида келтириб ўтилган.

 

«Қониқарсиз» ўқитувчилар

Дастлаб, муаммонинг асосий сабабларидан бири сифатида ўқитувчилик касбининг кутилган ва ҳақиқий шароитлар ўртасидаги фарқини келтириш мумкин. Соҳа кам иш ҳақи ва оғир меҳнат шароитларини ўз ичига олган ва бу омиллар юқори малакали номзодларни ўқитувчиликни танлашдан қайтаради. 2023 йил августдаги маълумотларга кўра, 220 минг нафар ўқитувчининг 86 минг нафари, 37 фоизининг малакаси «қониқарсиз» деб баҳоланган. Айниқса, талаб юқори бўлган информатика, инглиз тили, физика, математика ва кимё фанлари бўйича ўқитувчилар орасида вазият жуда ташвишли.

Марказнинг ёзишича, соҳада малакали кадрларнинг етишмаслиги ўқитувчиларни танлашнинг шаффоф тизими йўқлигидан ҳам бўлиши мумкин.

Касб эгаларининг аксарияти ишга қабул қилиниш жараёнида адолатсиз ҳолатларга дуч келиши айтилган.

Яъни мактаб раҳбарлари ўқитувчиларни лавозимга тайинлашда кўпинча таниш-билиш ёки коррупцион усуллардан фойдаланган шахсларга устунлик бериши, касбий маҳорат ва адолат тамойиллари бузилаётгани таъкидланган.

 

Бир синфда 40-50 та ўқувчи

Синфдаги ўқувчилар сонининг кўплиги ўқитиш жараёнида ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиш ва эътибор беришни қийинлаштириши, бу эса таълим сифатини пасайтириши – кўп жиҳатдан исботланган факт. Мутахассисларга кўра, мактабларда ўринлар етишмаслиги сабаб респуб­ликадаги айрим синфларда болалар сони ўртача 40-50 нафарни ташкил этади. Ҳолбуки, расмий тартибда синфдаги ўқувчилар сони 35 кишидан ошмаслиги белгилаб қўйилган.

Соҳа вакиллари муассаса қувватидан ҳам кўпроқ болалар ўқиётганини қабул жараёнига турли шахсларнинг аралашуви борлиги билан боғлаган. Масалан, Тошкент шаҳридаги бир мактаб директори ўқувчилар сони икки баравар кўп бўлишига қарамай, бир йилда юзта болани қабул қилиш бўйича илтимослар келиб тушишини айтган.

Тадқиқотларга кўра, синфлардаги ўқувчилар сонининг кўпайиши болаларнинг таълимдаги муваффақият даражасига салбий таъсир кўрсатади ва хулқ-атвор муаммоларини кучайтиради. Бундан ташқари, ўқувчилар зичлиги юқори бўлган мактабларда дарсларни қолдириш ҳолатлари кўпроқ кузатилади.

 

Замондан орқада қолаётган тизим

Ўрганишларга кўра, Ўзбекистондаги кўплаб таълим муассасалари технологик янгиланиш ва жиҳозларни яхшилаш, шунингдек, замонавий ўқув ресурсларидан фойдаланиш заруратига дуч келмоқда. Бу нафақат компьютер техникаси ва дастурий таъминотни янгилаш, балки ўқув материалларини, яъни уларни замонавий таълим стандартларига мослаштиришни ҳам ўз ичига олади.

Ўқув материалларининг сифати ҳам таълим жараёнининг муҳим қисмини ташкил этади. Тарихий ёки географик объектларнинг нотўғри жойлашуви каби дарсликлардаги хатолар таълим самарадорлигини сезиларли даражада пасайтириши мумкин.

Ташкилот вакиллари мисол тариқасида 3-синф ўқувчилари учун ўқиш саводхонлиги дарслигида Ичан-Қалъанинг Бухорода жойлашган деб кўрсатиб ўтилганини келтиришган. Бу ўқувчиларни чалғитиши, ўз мамлакати тарихи ва географияси ҳақидаги тушунчаларини бузиши мумкинлиги таъкидланган.

 

Шаҳар ва қишлоқлардаги нотенглик

Таълим ресурслари ва имкониятлари тенг тақсимланмагани таълим сифатида катта фарқланишга олиб келади. Шаҳарда ўқийдиган ўқувчилар қишлоқдаги тенгдошларига қараганда, математика ва табиий фанларни ўзлаштириш бўйича яхшироқ натижаларга эришмоқда.

Бундай тенгсизликлар давлат ва таълим ташкилотларининг эътиборини жалб қилиб, ҳудудлар ўртасида таълимдаги фарқларни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, Ўзбекистондаги барча болалар учун сифатли таълимга тенг имкониятларни таъминлашни талаб қилади.

 

Ота-оналар масъулиятсизлиги

Айтилишича, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг таълим жараёнида пассив иштироки болаларнинг таълим сифатига сезиларли таъсир кўрсатади. 2023 йилда Ўзбекистонда 12 мингдан ортиқ ота-она фарзандларини тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармагани учун жаримага тортилган. Бу муаммонинг ёрқин мисоли бўлиб, ота-оналарнинг таълим-тарбия жараёнига фаол жалб этилиши, оила, мактаб ва маҳалла ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш зарурлигини кўрсатади.

 

Таълим сифатини ошириш учун нима қилиш керак?

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда мақсадли параметрларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун қуйидаги чораларни кўриш таклиф этилмоқда:

1. Ўқитувчиликка танлашнинг шаффоф ва адолатли тизимини яратиш керак. Таъкидланишича, номзодларнинг барчаси учун аниқ, холис ва бир хил қабул қилиш шартлари, мезонлари жорий этилиши лозим.

2. Япониянинг илғор амалиё­тини ҳисобга олган ҳолда, мактаблараро педагогик тажриба алмашинуви ташаббуси амалга оширилиши лозим. Япониялик ўқитувчилар ҳар бир неча йилда дарс берадиган мактабини ўзгартириб туришлари ва ўзларининг касбий фаолиятлари давомида камида бир марта қишлоқдаги кичик мактабда ишлашлари зарур. Ушбу ёндашув ўқитувчиларнинг касбий ривожланишига ёрдам беради ва мамлакатда таълимнинг умумий сифатини оширади.

3. Мактаб синфларида ўқувчилар сонининг ҳаддан ташқари кўпайишига йўл қўймаслик учун ўқувчиларни қабул қилиш устидан қатъий назоратни ўрнатиш лозим. Бунда ҳар бир синфда 35 кишилик чегаранинг қатъий риоя қилинишини таъминлаш зарур.

Ўқув хоналарининг бандлигини реал вақтда my.maktab.uz дастури ёрдамида синчковлик билан кузатиб бориш натижасида янги ўқувчиларни қабул қилиш жараёнини ташкил этиш мумкин. Бу дастур Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, синфларнинг зичлиги ва ўқувчиларни яшаш жойи бўйича қабул қилиш билан боғлиқ ҳар қандай қоидабузарлик­лар тўғрисида масъул органларга автоматик равишда хабар бериши ва тегишли чоралар кўрилишини таъминлаши муҳим.

Ўқувчиларнинг яшаш жойи бўйи­ча мактабларга қабул қилиниши йўлга қўйилган Эстония амалиёти мисол қилинган. У ерда мактабни танлашда уйга яқинлиги 3 км.дан ошмайди, шунингдек, бир мактабда ака-ука ва опа-сингилларни ўқиш имконияти каби мезонлар ҳисобга олинади. Агар маълум бир ҳудудда болалар маҳаллий мактабдаги ўринлар сонига нисбатан кўпроқ бўлса, яшаш жойи рўйхатдан ўтган вақти ҳисобга олинади, яъни олдинроқ рўйхатдан ўтганларга устунлик берилади.

4. Мактаб дарсликлари сифатини назорат қилиш стандартларини кучайтириш жуда муҳим. Ўқув материаллари мазмунини текшириш тизимини такомиллаштириш уларнинг сифатини оширишнинг асосий омили ҳисобланади. Дарслик­лар чоп этилиши ва тарқатилишидан олдин нашриётлар томонидан уларда хатолар бор-йўқлиги диққат билан кўриб чиқилиши зарур.

Шунингдек, дарсликларни тайёрлаш ва чоп этишнинг барча босқичларида коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.

5. Таълим жараёнида инновацион технологияларни жорий этишни рағбатлантириш лозим. Ўқув жараёнини бойитиш, ўқувчиларда ижодий фикрлашни ривожлантириш ҳамда уларни компьютерда дастурлаш ва дизайн асослари билан таништириш имконини берувчи 3D-принтер технологияси ана шундай янгиликларга мисол бўла олади.

6. Ўқув жараёнини мониторинг қилиш учун янги технологияларни жорий этиш керак. Хитойда таълим муассасаларида юзни таниш технологиясига асосланган инновацион тизим жорий этилган бўлиб, бу тизим ўқитувчиларга синфда тартибни янада самарали сақлаш имконини беради. Тизим ўқувчиларнинг юз ифодаларини таҳлил қилишга, уларнинг ўқув жараёнидаги фаоллик даражасини аниқлашга қодир учта камерадан иборат.

Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида бундай тизимдан фойдаланиш таълим сифатини ҳам, дарсдаги тартиб-интизомни ҳам сезиларли даражада ошириши, ўқитувчи ва ўқувчиларга фойда келтириши мумкин.

7. Ота-оналар билан учрашувларнинг масофадан туриб ва индивидуал шаклларини қўллаш орқали бола тарбиясида уларнинг ўрнини ошириш керак. Бугунги кунда масофадан туриб ота-оналар йиғилишларини ташкил этиш тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Ота-оналар билан индивидуал учрашувлар ҳар бир ўқувчининг таълим олиши ва ривожланиши учун мақбул шароитлар яратишга қаратилган ва ўқитувчилар ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга ёрдам беради.

 

«Тараққиёт стратегияси» маркази изланишлари асосида тайёрланди.




Ўхшаш мақолалар

Тежаш – табиатга  юкни камайтиради

Тежаш – табиатга юкни камайтиради

🕔09:43, 14.06.2024 ✔59

Келажак қайта тикланувчи энергия ресурслариникидир, қайта тикланмайдигани эса тугаб бормоқда

Батафсил
Мактабдаги  муаммолар қачон тизимли  ҳал этилади?

Мактабдаги муаммолар қачон тизимли ҳал этилади?

🕔15:53, 10.06.2024 ✔34

Мана, ўқув йили ҳам якунланиб мактаб таълими тизими бироз нафас ростлаётгандек. Аммо бу тизимдаги мавжуд муаммолар ҳақида бош қотириш, уларни тезкор ҳал этиш ва янги ўқув йилига тайёргарликнинг айни палласи ҳозир.

Батафсил
Қурилиш чиқиндилари катта даромад  манбаига айланишига қандай омиллар  тўсқинлик  қилмоқда?

Қурилиш чиқиндилари катта даромад манбаига айланишига қандай омиллар  тўсқинлик қилмоқда?

🕔10:03, 10.06.2024 ✔48

Қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш ва иккиламчи ресурс сифатида иқтисодиётда фойдаланиш муаммолари юзага кела бошлади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар