Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Қурилиш чиқиндилари катта даромад манбаига айланишига қандай омиллар  тўсқинлик қилмоқда?

Қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш ва иккиламчи ресурс сифатида иқтисодиётда фойдаланиш муаммолари юзага кела бошлади.

Қурилиш чиқиндилари катта даромад  манбаига айланишига қандай омиллар  тўсқинлик  қилмоқда?

Юртимизда қурилиш ишларини амалга ошириш жараёни атмосфера ҳавоси, атроф-муҳит, ер усти ва ер ости сувлари ифлосланишига таъсир этмоқда. Ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш учун қўшимча ер майдонларига бўлган талаб мутаносиб равишда ортиб боряпти. Натижада, қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш ва иккиламчи ресурс сифатида иқтисодиётда фойдаланиш муаммолари юзага кела бошлади.

Дунё миқёсида иккиламчи ресурс бўлган чиқинди маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш тажрибаси кенг кўлам билан Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 декабрдаги «Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу йўналишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда ва кенг имкониятлар очиб бермоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан бинолар ва иншоотлар, шунингдек, йўллар ва муҳандислик коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ёки бузиш ишларида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда қурилиш жараёнида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ҳажмларини ва уларни тўплаш жойларини белгилаш, улар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш назарда тутилиши белгилаб қўйилгани соҳага қаратилаётган жуда катта эътибордир.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги кўрсатмасига биноан, ҳудудий экология бошқармалари атроф-муҳит ифлосланиши, белгиланмаган жойларга қурилиш чиқиндилари чиқарилишининг олдини олиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда қурилиш чиқиндихоналарини ташкил этиш ва тартибга солиш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мамлакатимизда 1991 йилга қадар қурилиш чиқиндихоналари деярли ташкил этилмаган. Респуб­ликада 1998 йилда 1 та, 2015 йилда 1 та, 2017 йилда 1 та, 2021 йилда 16 та ва 2022 йилда 1 та, жами – 33 та қурилиш чиқиндихоналари ташкил этилган бўлиб, 264 гектар ер майдонини эгаллаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 40-сон қарори билан тасдиқланган «Қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом»да қурилиш чиқиндилари ҳосил бўлиши объектларида қурилиш чиқиндиларини фақат махсус ажратилган (шу жумладан жиҳозланган) майдончаларда вақтинча сақлашга йўл қўйилиши ҳамда кўмиш учун йўналтириладиган қурилиш чиқиндиларини вақтинча сақлашнинг чекланган муддати ўттиз календар кундан ошмаслиги белгилаб қўйилди.

Мазкур қарор ижроси бўйича республикада биринчилар қаторида қурилиш чиқиндиларини иккиламчи ресурслар сифатида қайта ишлаш Тошкент вилоятида жойлашган «Bio eko service» МЧЖ томонидан йўлга қўйилди. Ушбу корхона 2023 йилда 1 миллион тоннадан зиёд қурилиш чиқиндиларини қабул қилиб, шундан бетон, темир-­бетон чиқиндиларидан 244 минг тоннаси ёки 21,3 фоизи қайта ишланиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Бундан ташқари, иккиламчи ресурс бўлган 40 тонна пластик чиқиндилар, 750 тонна қора металл, 30 минг куб метр ёғоч чиқиндилари ва 42,8 минг тонна бошқа чиқинди ресурслари қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилди. Бир сўз билан айтганда, қабул қилинган қурилиш чиқиндиларининг 31,8 фоизи иккиламчи ресурс сифатда қайта ишланди.

Ҳозирда тупроқ чиқиндиларидан хом ва пишиқ ғишт ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида лойиҳа ва ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Демак, қурилиш чиқиндиларидан иккиламчи ресурс сифатида фойдаланиш имкониятлари чексиз, деб бемалол айтиш мумкин.

Чиқиндилардан иккиламчи ресурс сифатида фойдаланиш масалалари айниқса, қурилиш чиқиндиларидан фойдаланишнинг илмий асослари ҳанузгача тўлиқ ўз ечимини топгани йўқ. Маиший чиқиндилар тўғрисида кўплаб илмий изланишлар, мақолалар чоп этилган, таҳлиллар олиб борилган бўлса-да, қурилиш чиқиндиларидан иккиламчи ресурс сифатида фойдаланиш масаласи эътибордан четда қолмоқда. Бу борада республикамизда мутахассис ва олимларнинг илмий тадқиқотлари, мақолалари, илмий манбалари ва соҳага оид адабиётлар кам учрайди.

Ҳозирда қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашни бошқариш соҳасида бир қатор камчиликлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Жойларда қурилиш ташкилотлари томонидан объектларни бузиш жараёнида атмосфера ҳавоси ифлосланмоқда, чиқиндиларни ташиш, тушириш, сақлашда ҳам ҳавога кўп миқдорда зарарли қум-чанг ва бошқа зарарли моддалар кўтарилмоқда. Чиқиндилар белгиланмаган бош­қа жойларга жойлаштирилиши натижасида харажатлар ошиб кетмоқда.

Биз объектларни бузиш жараёнида темир-бетон, бетон чиқиндиларнинг жойида қайта ишлайдиган мобиль механизмларни яратиш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ҳамда майдаланган бетон чиқиндиларидан йўлакларни, болалар майдончаларини, автомобиль турар жойларини, спорт майдончаларини қуришда иккиламчи ресурс сифатида фойдаланишни тавсия қиламиз. Натижада, қурилиш чиқиндиларини ташиш, сақлаш, қайта юклаш ва қайта ишлаш каби технологик жараёнларга кетадиган харажат ва ресурсларни камайтириш имконига эга бўлар эдик.

Ўйлаймизки, дарё ва сойлардан қум, шағал қазиб олишга мораторий жорий қилиниши муносабати билан иккиламчи ресурс – қурилиш чиқиндиларни қайта ишлаш самарадорлигини оширишга мутасадди қурилиш ташкилотлари ва тадбиркорлар катта эътибор қаратишлари зарур. Жумладан, қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш асосий стратегияси ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. «Ўзбекистон – 2030 стратегияси»нинг 73-мақсадида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларини 10,5 фоизга камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлашни 65 фоизга етказиш вазифалари белгилаб берилган.

Қурилиш чиқиндиларидан иккиламчи ресурс сифатида мақсадли фойдаланишда илмий-тадқиқот институтлари томонидан илмий асосномалар, йўриқномалар ва тавсиялар ишлаб чиқилишида фаолликни кучайтириш – давр тақозоси бўлиб қолмоқда. Бу борада жамоатчилик ўз муносабатларини билдирса, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Нўъмонжон ШОКИРОВ,

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассиси,

эркин изланувчи

 

 




Ўхшаш мақолалар

Иссиқхоналар экологик  ХАВФСИЗМИ?

Иссиқхоналар экологик ХАВФСИЗМИ?

🕔14:57, 06.02.2025 ✔15

Катта шаҳарларда атмосфера ифлосланишининг олдини олиш масаласи бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Атмосферага чиқариладиган ташламалар, айниқса, қиш ойларида кўпроқ бўлиши кузатилади.

Батафсил
Йод етишмаслиги  аҳолининг IQ даражасига  таъсир қилади...ми?

Йод етишмаслиги аҳолининг IQ даражасига таъсир қилади...ми?

🕔14:56, 06.02.2025 ✔16

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра мамлакатимиз йод танқислиги касалликлари кенг тарқалган эндемик минтақалар сирасига киради.

Батафсил
Қишлоқ хўжалиги соҳаси  Қонун ҳимоясига олинмоқда

Қишлоқ хўжалиги соҳаси Қонун ҳимоясига олинмоқда

🕔16:04, 10.01.2025 ✔69

Бугунги кунда глобал даражада об-ҳавонинг кескин ўзгариши, сув танқислиги ва бошқа табиий офатлар натижасида кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқотилишига олиб келмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар