Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.
Аксинча, дам олиш, байрам кунларида, кўп ҳолларда иш вақти тугагандан кейин ҳам ишлаш кўпчилик учун одатий ҳолга айланган. Қонунчиликда бундай ҳолларда ходимдан ёзма розилик олиш кераклиги, икки ҳисса пул тўланилиши белгиланган, бироқ бу норма қачон амалиётга жорий этилиши борасида жўяли бир нарса дейиш қийин.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати давлат хизматчилари ўртасида уларнинг иш жойларида иш вақтига қанчалик риоя этилишига оид аноним сўровнома ўтказди.
Сўровномада жами 560 нафар давлат хизматчиси иштирок этиб, уларнинг 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари ишга жалб этилиши аниқланган, 81,7 фоиз ҳолатда қўшимча ишлаган вақти учун қўшимча ҳақ тўлаб берилмайди.
Шу ўринда давлат идоралари ходимларининг иш вақтидан ташқари ишлашига нима сабаб бўлаётгани ҳақида табиий савол туғилади. Иштирокчиларнинг:
47,7 фоизи – бунга иш ҳажмининг ортиб кетгани;
22,8 фоизи – турли ортиқча топшириқлар ҳаддан зиёд кўплиги;
17,6 фоизи – ўз вазифасидан ташқари ишларнинг юклатилиши ва йиғилишларнинг чўзилиб кетиши;
12 фоизи – раҳбари кетмагунча иш жойидан кетмаслигини сабаб қилиб кўрсатган.
Бундан ташқари, респондентлар меҳнат таътилига тўлиқ чиқа олмаслиги, таътилдан чақириб олишлари ва таътилга чиқиш ҳужжатлари расмийлаштирилиши, аммо умуман дам олмасдан ишлашини маълум қилган. Тўғри, юқоридаги рақамлар бутун мамлакат ҳудудидаги ҳолатни тўлиқ акс эттирмаса-да, меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлайди.
Кўплаб давлатлар иш соатларини қисқартираётган, ҳафтада 4 кун ишлаш тизимига ўтаётган бир даврда юқоридаги каби ҳолатлар салбий қарши олинади, албатта. Қолаверса, тадқиқотлар иш соатининг узунлиги самарадорликни тушириб юборишини, турли касалликларга сабаб бўлишини кўрсатган.
Иш вақтидан ташқари иш = инсульт ва юрак касалликлари
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорликдаги тадқиқотига кўра, иш вақтидан ташқари иш инсон саломатлигига салбий таъсир қилади.
2016 йилда дунё бўйлаб ҳафтасига 55 соатдан кўп ишловчи 745 минг нафар одам инсульт ва юракнинг ишемик касаллигидан вафот этгани қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, ходимларнинг дам олишсиз ишлаши уларда стрессни келтириб чиқаради. Қолаверса, ишхонада кўп вақтини ўтказувчи инсонлар бола тарбиясига етарлича вақт ажрата олмаслиги ҳам салбий баҳоланади. Бунинг натижасида оиладаги барқарорликка путур етади. Бу каби омилларнинг жамият учун зарари ҳали баҳоланмаган бўлиб, бунинг салбий таъсири янада кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.
Касбий чарчоқ ҳақида эшитганмисиз?
Кунига 12 соат ишласангиз ҳам, сиздаги самарадорлик ошиб кетмайди. Узоқ иш куни, табиийки, чарчоққа олиб келади. Касбий чарчоқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро касалликлар таснифига киритилган.
Одам тобора кўпроқ ишлайди, профессионал муаммоларни ҳал қилишга ёки катта мукофот олишга ҳаракат қилади. Шу ҳолатнинг ўзи ходимлар меҳнат унумдорлигининг ёмонлашишига, кечикиш ва ишга бормасликнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, узоқроқ ишлаш орқали ҳар доим ҳам самарадорликка эришиб бўлмайди. Классик 40 соатли иш ҳафтаси узоқ вақтдан бери самарасиз деб ҳисобланади.
Давосда бўлиб ўтган 2023 йилги Халқаро иқтисодий форумда Ранстанд халқаро инсон ресурслари компанияси раҳбари Сандер Норденде ҳам истеъдодлилар камайиб бораётган дунёда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бизнес зарурати эканини таъкидлаганди. Унинг айтишича, иш берувчилар ходимларига худди мижозлар сингари муомала қилишлари ва истеъдодларига муносиб баҳо беришлари керак.
Самарадорлик ошиб, харажатлар камайган
Техника инқилобидан олдин одамлар дам олиш кунларисиз, кунига 10 соатдан ортиқ ишлаган бўлса, кейинчалик 8 соатлик иш кунига, сўнг 5 кунлик иш ҳафтасига ўтилган. Ҳозир эса қатор мамлакатларда 4 кунлик иш ҳафтасини жорий этиш устида тадқиқотлар олиб бориляпти.
2022 йилда «4 week global» нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда Ирландия, АҚШ, Австралия ва Янги зеландиялик иш берувчилар 4 кунлик иш ҳафтасини синовдан ўтказди. Натижаларга кўра, иш вақти камроқ бўлса ҳам, ходимлар иш унумдорлиги ортади.
Ходимлар жисмоний ва ақлий саломатлиги яхшиланганини, иш ва шахсий ҳаёти баланси мувозанатлашганини, ҳаётдан қониқиш ҳисси ошганини айтишган. Аҳамиятлиси, бир кун кўпроқ дам олишса ҳам, ишчилар доимги вазифаларини бажаришган ва кўпроқ самарадорликка, яхши кайфиятга эришишган.
4 кунлик иш ҳафтаси
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг маълумотларига кўра, Нидерландия аҳолиси учун ўртача энг қисқа иш ҳафтаси 29,3 соатни ташкил қилса, Данияда ҳафтасига 32,4 соат, Норвегияда эса 33,8 соат. Германия, Швейцария, Ирландия, Белгия, Австрия, Австралия, Италия каби давлатлар ҳафтасига 35 соатдан ортиқ ишхонада вақт ўтказадилар.
Дунёдаги энг қисқа иш ҳафтаси Голландияда, ҳафтада тўрт кун, етти соат, яъни ҳафтасига 28 соат, тушлик танаффуси бир соат. Давлат ўз ходимларининг шахсий ҳаёти ва иш ўртасидаги мувозанат ҳақида қайғуради. 2000 йилларнинг ўрталарида голландияликлар дунёда биринчи бўлиб иш ҳафтаси 30 соатдан кам бўлган иш вақтини жорий этишди. Ажабланарлиси шундаки, бу иқтисодиётга умуман таъсир қилмади.
Бу борада юртимиздаги вазиятни юқорида таъкидлаб ўтдик. Беш кунлик иш кунига эга айрим давлат ташкилотлари ходимлари олтинчи кун ҳам ишга жалб қилинади одатда. Олти кунлик иш кунидан ташқари яна қўшимча иш вақтида ишлайдиганлар ҳам бор.
Тадқиқотлар натижалари орқали англаш мумкинки, меҳнат учун кўп вақт сарфлаб самарага эришиб бўлмайди. Аксинча, ўз вақтини бошқарадиган одам ишга бутунлай боғланган одамга қараганда хотиржам, соғлом ва самаралидир.
Шаҳруза САТТОРОВА