Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилМиришкор деҳқон йил ўн икки ой меҳнат қилади, деб бежиз айтилмаган. Ҳақиқатан ҳам ердан ризқ ундиришдек олий мақсадни олдига қўйган одам ҳар доим она замин билан тиллашиб яшайди.
Ерга нима керак ёхуд у нимага эҳтиёжманд? Буни ўз вақтида сезмаган, тушунмаган одамни деҳқон деб бўладими ахир?!
Олдинлари жамоа хўжалиги ишчилари қиш бўйи далаларга гўнг тўкиш билан машғул бўлишарди. Қатор-қатор тракторлар тиркамаларида бўрдоқичилик базаси ёки колхоз фермасидан тинимсиз гўнг ташиларди. Фақатгина гигант техникаларда ташилаётган тонна-тонна гўнг билан кифояланиб қолинмасди. Битта бригаданинг 60-70 нафар ишчиси эса ҳар бир хонадон оғилхонасидаги бир мисқол гўнггача олиб, замбилларда кўча томонга ташир ва у ердан араваларга ортишарди. Беш-олтита от ёки эшак арава ҳам кун бўйи маҳаллий ўғитни далага ташиб, иш унумига ижобий таъсир кўрсатарди.
– 14 ёшдан жамоа хўжалигида ишлай бошлаганман. Биринчи иш куним 10-15 йилдан бери қуёшда қуриб ётган эски рошларни далага замбилда ташиш бўлган. Ўшанда ҳайрон ҳам қолганмиз. Бу чанги қўқиб ётган тупроқни далага тўкиб нима қилишар экан, деб ўйлаганмиз. Кейинчалик билсак, суғорилмасдан чангиб ётган рош тупроғи узоқ йиллар қуёшдан куч-қувват олиб тургани боис турган-битгани кони фойда экан. Уни яқин йилларгача ўғит ўрнида ишлатишиб, тупроқ унумдорлигига эришилган, – дейди биз билан суҳбатда элдошимиз Комил Саидвафоев.
Олдинлари қишлоқда эски уйини бузмоқчи бўлган одам жуда қадрли саналарди. Унинг олдига колхоз раиси ёки бригадирлар келиб, «Тила тилагингни!» дейишарди. У нимани сўраса, беришиб, бузилган уйнинг эски деворларини далага олиб бориб тўкишарди.
Тажрибали ҳосилотларнинг айтишича, эски девор ва эски рош тупроқлари тўкилса, ҳосилдорлик кескин ошиб бораверар экан.
Қишлоқда яшовчи тажрибали томорқачиларда яхши бир одат сақланиб қолган. Улар кеч кузакда ширинмия ўсимлигининг юқори қисмини ерга кўмиб чиқишади. Бундай ерга нима экилса, ҳеч қандай кимёвий ўғитларсиз мўл ҳосил бераверади.
Ҳа, ота-боболаримиз ерни меҳр билан боқиб, ботмон даҳсир ёғ олиш ҳадисини жуда яхши билишган. Бугунги кунда миришкорман деб кўкрагига ураётган фермерларнинг ерга муносабатини кўриб, ачиниб кетасан киши. Қиш бўйи сиҳатгоҳлар ёхуд шаҳарма-шаҳар саёҳатлардан бери келмайдиган «замонавий миришкорлар» ерни маҳаллий ўғит билан озиқлантиришни хаёлига ҳам келтиришмайди. Эрта баҳор ерга тонна-тонна кимёвий ўғитларни тўшайди-да шудгорлашни бошлаб юборишади. Униб чиққан экинлар «кимё бангиси» бўлгани боис то ҳосилни йиғиштириб олгунга қадар аммоний фосфор, корбамит, сульфат, калий, суферфос каби қатор кимёвий дорилар билан устма-уст тўйинтирилаверади. Энди бундай шароитда етиштирилган ҳосилнинг инсон саломатлигига таъсири қандайлигини тасаввур қилаверинг.
Дарҳақиқат, маҳаллий ўғит минг йиллардан бери тупроқнинг дармони саналиб келади. Ундан унумли фойдаланиш фермерлар томонидан йил сайин унутилиб бораётгани жуда ачинарли ҳолат.
Бугунги кунда қишлоқ жойларда ҳар бир хонадонда қорамол боқилиши натижасида тонналаб гўнг уюлиб қоляпти. Уни ҳар бир шахс ўзининг томорқасига ташиган тақдирда ҳам адо бўлмайди. «Тоза ҳудуд»нинг чиқинди ташувчи машиналари эса уни ташиб адо қилолмайди. Фермерлар эса оёғи остидаги шундай тупроқ дармонини менсишмайди. Кўчаларда тонналаб қорамол гўнгининг уюлиб қолаётгани натижасида атроф-муҳит тозалигига ҳам жиддий зарар етказилмоқда.
Дарвоқе, агар бирор бир фермер хўжалиги раҳбаридан нима учун далаларга маҳаллий ўғит ташилмаётганини сўрасангиз, тракторлар учун дизель ёнилғиси қиммат эканини айтишади.
Ҳақиқатан ҳам эндиликда техникани ҳаракатга келтириш осон бўлмай қолди. Ҳар қандай тур ёнилғининг баҳоси йил сайин осмонга чиқиб бормоқда. Бироқ қаловини топса, қор ҳам ёнади, деганларидек, изланган имкон топаверади.
Эътибор қаратилса, ҳар бир фермер хўжалигида 2-3 та трактор мавжуд. Бундай ҳолда ҳар ким ҳам техникани авайлаш, баҳорги ва ёзги ишларга асрашни ўйлайди. Трактори 5-6 та бўлган фермерни учратиш қийин.
Бироқ ота-боболаримиз яқин йилларгача қўллаган усулларни ҳам қўллаб туриш фақат кони фойда саналади. Жумладан, от кучидан фойдаланиш – ҳеч қачон зарар келтирган эмас. Бир қиш мавсумида иккита от аравада 30-40 гектар ерга гўнг ташиш мумкин. Бу ишга от араваси бор одамларни мавсумий тарзда ёллаш ҳам мумкин-ку ахир. Қишлоқ йигитлари иш топилганига минг чандон хурсанд бўлиб, ўзининг шахсий от ёки эшак аравасида фермерларнинг далаларига гўнг ташиб бермайди, деб ҳеч ким айтолмайди.
Яқин йилларгача қишлоқларда қиш келди деганча «тўким мавсуми» бошланарди. Бунда мингта замбил ёки мингта арава гўнг ташиб берган кўнгилли колхоз раиси ёки бригада бошлиқлари томонидан рағбатлантириб бориларди. Мукофот ва рағбат илинжида ёш ўсмирлар, аёл-қизлар бу ишда фаол иштирок қилишарди.
Биз «она тупроқ», «она ер», «она замин» ибораларини оғиз кўпиртириб ишлатамиз. Аммо унга меҳр беришга келганда ҳафсаласизлик қиламиз. «Кимё бангиси»га айланиб қолган ерларни соғломлаштириш, уларни фойдали маҳаллий ўғит билан тўйинтириш масалаларига маҳаллий ҳокимликлар ва қишлоқ хўжалигига масъул идоралар раҳбарлари жиддий эътибор қаратишлари лозим. Бу борада фақат варақ-варақ қоғозларни ёлғон ҳисоботлар билан тўлдириш ўрнига кенг далаларга, қишлоқ жойларига чиқишса, айни муддао бўлармиди?!
Ана шундагина ернинг ҳақиқий аҳволи аён бўлади.
Эрпўлат БАХТ
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил