Давр нафаси      Бош саҳифа

Барчаси таълимдан, экологик маданиятдан бошланиши зарур АҚШ ва Канада тажрибаси ҳақида ёшлар нима дейди?

Экология билан ҳамнафас яшаш, табиатни англаш, уни ҳис қила билиш айниқса бугуннинг талабига айланиб улгурди. Инсон ва табиат ўртасида катта жарлик очилган.

Барчаси таълимдан, экологик маданиятдан бошланиши зарур  АҚШ ва Канада тажрибаси ҳақида ёшлар нима дейди?

Бу бўшлиқни тўлдира билмоқ, кеч бўлса-да, табиатни асрамоқ нафас олиб турган ҳар бир ақл-идрок соҳибининг ҳам бурчи, ҳам мажбурияти, десак муболаға бўлмайди.

Айни шу масала юзасидан 11 март куни Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаевнинг бир гуруҳ ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда АҚШ ва Канадада таҳсил олаётган ватандошларимиз – иқтидорли ёшлар иштирок этиб, Ўзбекистон экологиясини асрашда ўзларининг таклифларини баён этишди.

АҚШнинг Жанубий Флорида университетида таҳсил олувчи Муниса Маҳамаджонова ҳамда Канаданинг Торонто университети талабаси Шаҳриёр Бахтиёров она табиатимизнинг бугунги ҳолатини атрофлича таҳлил этиб, барча ёшлар атроф-муҳит муҳофазаси йўлида бирлашиши зарурлигини қайд этишди. Ўзбекистон Экологик партиясининг атроф-муҳит муҳофазаси йўлидаги саъй-ҳаракатларини қадрлашини, партия дастурий мақсадларини қўллаб-қувватлашини таъкидлашди.

Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, аҳолининг экологик ҳуқуқий онгини ривож­лантириш ва тарғиб этиш, барқарор экотуризмни йўлга қўйиш ва атроф-муҳитни сақлашда жаҳон тажрибаларини ўрганиш каби савол ва фикрлар юзасидан муҳокамалар ўртага ташланди. Суҳбат давомида ҳар икки талаба ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини ёшлар билан бўлишди.

«Менинг фикримча, таълим муассасаларида талабаларга табиат билан ҳамнафас яшашни ўргатиш лозим. Айтайлик, ёшларга маълум бир рағбатни таклиф қилиш эвазига уларда ҳаракат қилиш учун иштиёқ уйғотса бўлади. Турли мусобақа ва кўрик танловлар эса бунда айни қўл келади.

Масалан, Германияда тақдим этган лойиҳаларимни мисол қилмоқчиман. Германияда халқаро «Start Up» конференцияси бўлиб ўтди. Унда бизнинг жамоа тақдим этган биринчи лойиҳа Орол денгизи ва атроф-муҳитни сақлаш бўйича энг яхши экологик лойиҳа сифатида эътироф этилди. Лойиҳамизнинг асосий мақсади – экологик муаммоларимизни бартараф этиш ва вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшиш бўлди. Иккинчи лойиҳамиз эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаво ифлосланишини камайтириш, энергия самарадорлигини оширишга қаратилган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишига асосий сабаб автотранспорт воситалари заҳарли кондиционерларидан чиққан тутундир. Биз ана шу кондиционерлар ўрнига ишлатилиб, ҳаво орқали энергия ишлаб чиқарадиган янги мослама ва механизмларни ишлаб чиқдик. Айни мана шу таклифимиз эса ҳакамлар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун энг яхши лойиҳа сифатида тан олинди.

Айтмоқчиманки, мана шундай мусобақаларни Ўзбекистонда ҳам тез-тез ташкил этиб туриш ёшларни экологик йўналишда изланишга ва экологик маданияти оширишга ёрдам берган бўлар эди.

Иккинчи таклифим, бу ОАВдан имкон қадар кенг фойдаланишдир. Телевидение, радио ва интернет сегментида инсонларнинг экологик онгини юксалтириш учун мунтазам дастурлар ва лойиҳалар амалга ошириш зарур. Ижтимоий тармоқларда экология мавзусини фаол кўтариш, ёшлар орасида талаб юқори бўлган ижтимоий медиа платформалари орқали экологик мавзуларда тушунтиришлар олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.

Масалан, Канада телевидениесида экология учун очилган махсус канал бор. Бу каналда асосан олимлар билан экология борасидаги суҳбатлар бўлиб ўтади. Ўзбекистонда ҳам ОАВдан шу ҳолда фойдаланиш мамлакатда экологик қонунчиликни кучайтиришга ва экологик маданиятни ривожлантириша ёрдам беради.

Бирор ғоя ёки мақсадни амалга оширишда аввало инсон психологиясига таъсир қила билиш керак. Мисол учун, Канадада ҳар юз метрда чиқинди қутилари бор ва уларнинг устига «Қуртга ўхшаб атрофга зиён келтирма, одам бўл ва чиқиндини идишга ташла» деган ёзувлар тушириб қўйилган. Табиийки, ундаги ёзувни ўқиган ҳар қандай одам онг остида маълум таъсирланиш юзага келади. Ундан ташқари мамлакатда атрофга ташланган ҳар бир чиқинди учун 300 доллар миқдорида жарима жорий этилган. Таклиф сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистонда ҳам экологияга доир шу каби қонуний чораларни кучайтириш ва унинг ижросини мустаҳкам таъминлаш зарур», – деди Шаҳриёр Бахтиёров.

«Экологик таълимни йўлга қўйиш ҳам бу борада самарали ечим бўлиши мумкин. Лицей ва олий таълим муассасаларининг ёшларга экологик маданият ва экологик ҳуқуқий билимни ошириш учун АҚШ тажрибасини мисол қилиб айтадиган бўлсам, мамлакатдаги таълим муассасаларида атроф-муҳит масаласи ўқув дастурларининг бир қисми сифатида дарсликларга киритилган. Ушбу дарсларда талабаларга атроф-муҳит муаммолари ва уни асраш ҳақидаги билимлар кенг кўламда бериб борилади. Бундан ташқари, барча ўқув муассасаларида «Green place» – яшил майдонларни ташкил этиш талабаларга умумий академик вазифаларни бажариш билан бирга, диққатни бир ерга жамлаш учун ҳам ёрдам беради.

 

Яна бир таклифим шундан иборатки, Ўзбекистонда ёшлар етакчи дастурларини ташкил этиш керак. АҚШда «Миллий экологик таълим жамғармаси» ташкил этилган.

 

Унда инсонларга сайёра ва ўз ҳаётларини асраш кераклиги ҳақидаги қарашлар сингдириб борилади. Асосий мақсад эса, табиат ва унинг хавфсизлигини фуқаролар ҳаёти билан боғлашдир», – дея ўз таклифларини бериб ўтди АҚШ университети талабаси Муниса Маҳмуджонова.

Очиқ мулоқот давомида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев Ўзбекистонда ОТМларда фаолият юритувчи малакали профессорларни бир ерга жамлаган ҳолда ўқув дастурларига экология борасидаги ўзгартиришлар киритилаётгани, келгусида имкон қадар мамлакат ҳудудларида яшил майдонлар сони кўпайтирилиши мақсад қилингани ва айни дамда Ўзбекистонда экология­га оид янги-янги лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот бериб ўтди.

Бундан ташқари мамлакатимизда экотуризмни ривож­лантириш ва унинг самарадорлигини ошириш учун ҳам қатор таклифлар берилди. Экотуризмни ривожлантириш учун Ўзбекистонда табиий ҳудудларни кенгайтириш, боғ ва паркларни кўпайтириш, қўриқхоналар фаолиятини кучайтириш, мамлакатдаги очиқ ерларни асосан тадбиркорларга эмас, балки давлат муассасаларига топшириш каби масалалар муҳокамага ташланди.

«Тадбиркорлар ўзларига берилган ердан ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда завод ва ишлаб чиқариш фаб­рикаларини қуриб ташлашади. Оқибатда атроф-муҳит бундан катта зарар кўради. Канада қонунчилигида бундай очиқ ерлар давлат муассасаларига бўлиб берилади ва улар унга масъул этиб қўйилади. Агар Ўзбекистонда ҳам очиқ ерлар давлат ташкилотларига берилса, ушбу майдонлар ҳам эко ҳудудга айлантирилган бўлар эди», – дея қўшимча қилди Шаҳриёр Бахтиёров.

Мамлакатда катта-ю кичик бирдек табиат учун масъулиятни ҳис қилиши, ҳар бир хонадонда иложи борича кўчат ва ўсимликлар экилиши, яшил майдонларни кенгайтириш, экологик қонунчиликка қўшимчалар киритиш ва умуман олганда экологик маданиятнинг қарор топиши суҳбатнинг асосий хулосасидан ўрин олди.

 

Нилуфар УБАЙДУЛЛАЕВА




Ўхшаш мақолалар

Авлодларни хафа,  табиатни зада қилаётган чиқиндилар

Авлодларни хафа, табиатни зада қилаётган чиқиндилар

🕔20:50, 19.04.2024 ✔29

Муносабатимизни ўзгартирмасдан, муаммоларга ечим топа олмаймиз

Батафсил
Ер ва ер ости бойликлари  муҳофазаси  кучайтирилмоқда

Ер ва ер ости бойликлари муҳофазаси кучайтирилмоқда

🕔22:21, 12.04.2024 ✔19

2024 йил 8 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партия­си фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳар биримизнинг  виждон амримиз,  она табиатнинг  ҳақли талаби

Ҳар биримизнинг виждон амримиз, она табиатнинг ҳақли талаби

🕔22:44, 07.04.2024 ✔47

Юртимиз бўйлаб «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг 2024 йил баҳорги мавсуми қизғин давом этмоқда. Гўзал анъанага айланиб бораётган ушбу дарахт экиш лойиҳаси ўзида авлодларга обод ватанни, тоза, соф атроф-муҳитни, соғлом табиатни мерос қолдиришдек эзгу ва ҳаётбахш мақсадни жамлаган.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар