Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларнинг неча минг йиллик тарихи қадимий «Авесто» китобига, Геродотнинг «Тарих» асаридаги маълумотларга, кўҳна туркий битикларга, халқ яратган оғзаки адабиёт намуналари, мақол ва маталларига бориб тақалади.
«Авесто»да дунёнинг моддий асоси ҳамда инсон фитрати ва жисмининг омили бўлган ер, сув, ҳаво, олов улуғланган. Тупроқ ва ҳаво шундай эъзозланганки, ҳавони булғаш, ифлос қилиш катта гуноҳ ҳисобланган.
Жамиятнинг табиатга ва унинг ривожланишига таъсири натижасида Курраи заминда жиддий ўзгаришлар содир бўлмокда. Табиат неъматларидан инсон ва жамият эҳтиёжи учун фойдаланиш имкониятининг ортиб бораётгани оқибатида табиий муҳит ва мувозанат кескин ўзгара бошлади. Кўп ҳолларда инсоният табиатга кўр-кўрона муносабатда бўлиши оқибатида унга катта зиён етказмоқда. Айрим ҳолларда инсоният табиатни турли йўллар, аввалo, қуролли тўқнашувлар, уруш йўли билан ҳам онгли равишда топтамоқда.
Табиатга одамнинг билиб-билмай аралашиши туфайли ҳам катта зиён етяпти. Ер, сув, ҳаво ифлосланмоқда, радиактив моддалар ва турли кимёвий унсурлар, автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар атмосфера ҳавосини кескин заҳарламоқда.
Инсоннинг табиат жараёнларига ана шундай муносабатда бўлиши оқибатида XX аср охирига келиб, умумбашарий, минтақавий, маҳаллий, экологик муаммолар авж олиб кетди. Булар ичида «ёқилғи муаммоси» – ёқилғи-энергетика ресурсларининг камайиб бориши ҳозирнинг ўзидаёқ инсониятга хавф солмоқда. Табиий газ ва нефть 90-100 йил, тошкўмир 120 йилга етиши тахмин қилиняпти.
Кейинги 100 йил ичида ер юзининг ўртача ҳарорати 0,5-1 даражага ортгани аниқланган. Бу атмосферада (СО2) карбонат ангидрит миқдорининг ортиб бориши туфайлидир.
Атмосферанинг саноат ва автотранспортдан чиққан чиқиндилар билан зарарланиши шундай давом этса, XXI аср охирларига бориб, ер юзининг ҳарорати 1,5-4,5 даражага ортиши прогноз қилиняпти. Иқлимнинг бундай ўзгариши чўлга айланиш жараёнининг жадаллашувига олиб келади. Ёғингарчиликлар камайиб кетади, географик зоналар ўзгаради, музликлар эриши тезлашиб, уммонлар сатҳи кўтарилади. Атмосферага ҳар йили киши бошига 300 кг.дан ҳар хил чиқинди чиқарилади. Битта автомобиль бир йилда 100 кг.гача зарарли газларни атмосферага чиқаради.
Шунча миқдордаги кислородни эса, тахминан 25-30 минг гектар ўрмон 8 соат ичида ишлаб чиқара олади. Ваҳоланки, бугунги кунда дунё бўйича ёғочни қайта ишлаш саноати 1 секундда 40 гектар ўрмонни кесиш қудратига эга ва шундай бўлаяпти. Бу эса, ўз навбатида, атмосферада озон тўпланишига йўл қўймайди ва бу ҳолат «озон туйнуги» катталашишига олиб келмоқда. Ернинг атмосфера қобиғини ўраб олган озон қатлами баҳорда ўзининг энг зич кўринишига – 446 допсон бирлигига тенг бўлади. 1 допсон бирлиги яъни, 1 ДБ – 0,001см га тенг (нормал ҳарорат ва босимда) озоносферадаги озон қобиғининг йиллик ўртача меъёри 300 ДБ, ёки нормал шароитда 3 мм қалинликда бўлади.
Маълумки, озон қобиғи қуёшдан келадиган зарарли нурлардан бутун мавжудотни ҳимоялайди. Мабодо озон қобиғи ўзининг табиий – экологик меъёридан 5 фоизгагина камайса, инсонлар орасида тери раки (мелонома ва карционома) 10 фоизга ортади.
Шу камгина миқдордаги озон қобиғи юпқалашса ёки ўзининг табиий меъёридан четга чиқса, албатта жиддий экологик инқирозларга олиб келади. Бугунги кунда табиат мусаффолигига саноат чиқиндилари ҳам жиддий хавф солиб, инсон саломатлигига ҳам катта таъсир ўтказмоқда.
1953 йили Япониянинг Миномата шаҳрида сирли бир касаллик пайдо бўлади. Унга чалинган бемор икки ҳафтадан сўнг эсини, нутқ ва эшитиш қобилиятини ҳам йўқотади. Бу касалликка чалинган беморларнинг 43 таси вафот этган. Қолган 73 таси бутунлай соғайиб кета олмаган. 1959 йили бу сирли касаллик тарихи тўлиқ ўрганилди. Натижа шу бўлдики, Миномата шаҳрида завод оқавасидаги симоб чиқиндилари дарё – кўлларга ташланар экан. Балиқ танасида тўпланган симоб инсон организмига ўтиб, унга аста-секин таъсир этган. Шу сабабли ҳам, бу касаллик «Миномата» касаллиги номини олган.
Ҳақиқатдан ҳам, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, табиий бойликларни сақлаш тўғрисида ғамхўрлик қилиш инсониятнинг бундан кейинги ривожи учун шарт-шароитларни таъминловчи ресурслардан оқилона фойдаланиш – давримизнинг олижаноб, шу билан бирга мураккаб вазифасидир. Зеро атроф-муҳитни муҳофаза қилмасдан туриб, халқимизнинг моддий фаровонлигини, турмуш даражаси ва маънавиятини юксалтириш ҳақида жиддий гап бўлиши мумкин эмас.
Салоҳиддин НИШОНОВ,
Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги
15-сонли мактаб ўқитувчиси
«Тоза маҳалла» – тўғри кимёвий билим ва юксак экологик маданиятдан бошланади
🕔08:57, 23.04.2026
✔45
Мактаб даражасида яхши билимга эга инсон экологияга ҳеч қачон зарар етказмайди. Албатта, агар унда экологик маданият кучли бўлса. Нима учун мактаб даражасида деяпмиз?
Батафсил
Миллион йиллик «вақт капсуласи» кашф этилди
🕔08:54, 23.04.2026
✔50
«Инсонлар ер юзига келишидан олдин вулқонлар ва иқлим ўзгаришлари натижасида ҳаёт қайта шаклланган». Янги Зеландияда топилган миллион йиллик ғорни ўрганган мутахассислар шундай хулосага келишди.
Батафсил
Табиат болалар нигоҳида
🕔08:51, 23.04.2026
✔44
Боланинг тасаввури соф ойна. Унда борлиқ қандай бўлса, шундай акс этади. Яқинда юртимиз бўйлаб ўтказилган «Табиат болалар нигоҳида» республика расмлар танловининг якунлари бизни ана шу ойнага боқишга мажбур қилди. Аслида, мақсадимиз жажжи ижодкорлар қалбидаги гўзалликни кўриш, уларни табиатга меҳр руҳида тарбиялаш эди.
Батафсил