Табиат      Бош саҳифа

Наврўзнинг арзанда қизи

Биров учун бойчечак – меҳнаткаш, жафокаш инсон; яна биров учун – етим қизалоқ; кўпчилик одамлар учун умид ва шодлик бағиш­ловчи хосиятли баҳор чечаги.

Наврўзнинг    арзанда қизи

Наврўз... Қадим даврлардан бери аждодларимиз томонидан нишонлаб келинаётган шукуҳли баҳор байрами. Бу байрамнинг қатор удумлари, рамзий таомлари, мавсумий қўшиқлари, даракчи гуллари бор. Ана шу гуллардан бири бойчечакдир.

Бойчечакни кўкламнинг жасур, матонатли, айни чоғда, нафис ва назокатли ҳамда барча учун баробар севимли қаҳрамони дейиш мумкин. Унинг шаънига куйланадиган махсус қўшиқлар халқ орасида кенг тарқалган.

Бойчечагим бойланди,

Қозон тўла айронди,

Айронингдан бермасанг,

Қозон-товоғинг вайронди.

Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,

Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.

Бойчечак юртимизнинг қир-адирларида, соз тупроқли, тошлоқ ва қумлоқ ерларида қор кетиши билан бўй кўрсатадиган кўп йиллик пиёзли ўсимлик бўлиб, аксарият ҳолларда сариқ рангли гул очади.

«Бойчечак» қўшиғи ўзбек халқ оғзаки ижодига мансуб туркум қўшиқлар мажмуидан иборат. «Бойчечак» туркумидаги матнлар Наврўз нашидасини «Бойчечак» маросими хусусиятларини акс эттириши билан диққатга сазовор.

«Бойчечагим бойланди» дейилгандаёқ гулнинг жажжи экани (пояси 7-20 сантиметр), уни бойлаш йўли билангина гулдаста ҳолига келтириш ва тақдим этиш мумкинлиги англашилади. Қўшиқдаги «қозон тўла айрон» туркий халқларнинг сайилларда, халқ байрамларида меҳмонларга таклиф этиладиган анъанавий тетиклаштирувчи, чанқоқбосди, шифобахш ичимлигидир. Бу ичимлик қадимдан қатиқ ёки сузмага сув, туз, шивит, ялпиз, кўпинча райҳон қўшиб тайёрланган. Байрам таомларини ҳазм қилишда, қишдан заифлашиб чиққан танамизнинг дармондори ва озуқа моддаларига бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим ўрин тутган.

«Бойчечак» қўшиғининг ҳар тўрт мисрасидан кейин «Қаттиқ ердан қатраб чиққан бойчечак, Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак», тарзидаги нақарот куйланади. Нақаротда бойчечакнинг тошлоқ ерлардан «қаталаб», қумлоқ ерлардан «юмалаб» чиқиши ҳам бу гулнинг ўсиш ва тарқалиш ҳудуди – ареалига мутаносибдир.

Бошқа бир ўринда бойчечак ва тилло муқоясаси қуйидагича намоён бўлади.

Бойчечаклар очилди,

Қирга тилло сочилди.

Бойчечакнинг ранги сариқлиги уни тилло билан қиёслашга асос беради. Кенг ҳудудларни эгаллагани, тиллодай товлангани бу чечакнинг бойчечак деб аталишига сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Қирга сочилган тиллони териб олиш ва уни бозор муносабатлари асосида сарфлаш қандай кечади? Бунга алоқадор мисраларда: «Бойчечаклар бойланди, Тегирмонлар айланди...» дейилади.

Бир жиҳатдан, тилло тўқлик, тўкинлик келтиради. Бошқа жиҳатдан, баҳорнинг келиши билан тоғлардаги қорларнинг эриши ва кўп ёмғир ёққани натижасида сой-у анҳорларда сув сатҳи кўтарилиб, оқимининг шиддати ортади. Бу ҳолат сув тегирмонлари паррагини айлантиради. Тегирмоннинг новидан зарб билан тушаётган сув парракка урилганда, тегирмон тоши ҳаракатга келади. Тегирмон тошининг айланиши захирадаги донларни янчишга, тўкинчиликка йўл очади.

Кўчама-кўча юриб, хонадонларга бойчечаклар тарқати­лишида халқимизга хос қадимий тушунчаларнинг излари мавжуд.

 Кишилар қадимда баҳор элчиси бўлган бойчечак хонадонлардан қишни қувиш учун хизмат қилади, эл-юртга тўкинлик, шодлик, хуррамлик олиб келади, деб ҳисоблаганлар. Бугун эса болалар келтирган гулни янги баҳорга етганликлари шукронасига «Омонлик, сомонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик» тарзидаги эзгу айтимлар, яхши ниятлар билан кўзларига суртувчи кишилар бор.

«Бойчечак» қўшиғининг кўплаб баҳс ва тортишувларга сабаб бўлган тўртлик банди қуйидагича:

Бойчечакни тутдилар,

Тут ёғочга осдилар.

Қилич билан чопдилар,

Бахмал билан ёпдилар.

Юқоридаги банд ўз вақтида қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган. Қўшиқнинг ушбу банди бир ўринда «Тут ёғочга осдилар», бошқа ўринда «Сим ёғочга осдилар» тарзида куйланади. Бойчечакни нега «осдилар», нега «қилич билан чопдилар» деган саволга аниқ жавоб топиш мушкул.

Албатта, қўшиқни тинглаган киши уни ўзича тушунади ва қабул қилади. Лекин барча учун суюмли, баҳорнинг илк чечаги бўлган бойчечакни ким, нима учун ёмон кўриши, уни қаттиқ жазолаши мумкин? Бу саволга жавоб излаган ҳар бир инсон ўзининг тахминий фаразини яратади.

Биз ҳам, кўпчилик қатори, ўзимизни бе­зовта қилган саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрдик. Жавобни, табиийки, бу ўсимликнинг доимий ҳамроҳи бўлган номидан бошладик. Ўсимликлар ҳақидаги фанда бойчечакнинг лотинча номи «gagea stipitata» – «ғоз пиёзи» деб аталаркан.

Мутахассислар бойчечакка «ғоз пиёзи» деб ном беришганининг сабаби, қор кетиши билан иссиқ ўлкалардан қайтаётган ғозлар сув ҳавзалари бор қумлоқ, тошлоқ жойларга дам олиш учун қўнишар экан. Очиққан ғозларга бойчечак тўйимли хўрак бўлиб хизмат қиларкан. Жиззах вилоятидаги Айдаркўл қўриқхонасида ҳар баҳор бу ҳолни кузатиш мумкин экан.

Бойчечакнинг емиш сифатидаги хусусияти яйловга эрта олиб чиқилган қўй ва эчкиларга салбий таъсир кўрсатар экан. Қиши билан қуруқ хашак еб яшил озуқани соғинган ҳайвонлар бойчечакни юлиб-юлқаб еб олишаркан. Натижада қўй ва эчкиларнинг жигари ва ўпкаси шишиб, жон берар эканлар. Чўпонлар бўғизлаб ҳалоллашга ҳам улгурмай қолишаркан. Қўй ва эчкиларнинг таналарини ҳандаклар қазиб кўмишга тўғри келаркан. Бизнингча, бойчечакка берилган «бойкандак», «илон пиёзи» номларининг келиб чиқишига, балки, шу ҳолат сабаб бўлиши мумкин.

Катта сурувнинг эгалари, табиийки, бой чорвадорлар бўлишган. Жаҳл устида бойчечак­ларни юлиб, чопиб, пиёз илдизини қуритишни исташган. Келгусида бундай мудҳиш ҳол юз бермаслиги учун, огоҳлантирувчи тадбирлар қўллашган.

Бойчечакни машҳур қилган турли номлар, унинг шаънига айтилган қўшиқлар, унинг юз очганидан шодланиш маросимлари – буларнинг ҳаммаси бойчечак Наврўзнинг эрка қизи, арзандаси эканидан далолат беради. Бойчечак туркумидаги қўшиқлар эса ҳар баҳорда куйланиб, янги-янги бандлар билан бойиб бораверади.

 

Мунаввара ЁҚУББЕКОВА,

филология фанлари доктори,

фолклоршунос,

Наргиза ҲАМИДОВА,

халқ таълими аълочиси




Ўхшаш мақолалар

Она табиатни асрашда  бизнинг ҳам улушимиз бор

Она табиатни асрашда бизнинг ҳам улушимиз бор

🕔20:42, 19.04.2024 ✔18

Бугун барча соҳалар жадаллик билан ривожланиб боргани сайин дунё бўйлаб янги-янги технологиялар, турли хилдаги корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда.

Батафсил
Кимёвий заҳарлардан  «ногирон»  бўлган ерлар

Кимёвий заҳарлардан «ногирон» бўлган ерлар

🕔22:12, 12.04.2024 ✔23

Миришкор деҳқон йил ўн икки ой меҳнат қилади, деб бежиз айтилмаган. Ҳақиқатан ҳам ердан ризқ ундиришдек олий мақсадни олдига қўйган одам ҳар доим она замин билан тиллашиб яшайди.

Батафсил
Қушлар саноғи  ўтказилди

Қушлар саноғи ўтказилди

🕔22:37, 07.04.2024 ✔27

Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимизнинг қушлар ва ҳайвонот дунёси жуда бой минтақаси саналади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Она табиатни асрашда  бизнинг ҳам улушимиз бор

    Она табиатни асрашда бизнинг ҳам улушимиз бор

    Бугун барча соҳалар жадаллик билан ривожланиб боргани сайин дунё бўйлаб янги-янги технологиялар, турли хилдаги корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда.

    ✔ 18    🕔 20:42, 19.04.2024
  • Кимёвий заҳарлардан  «ногирон»  бўлган ерлар

    Кимёвий заҳарлардан «ногирон» бўлган ерлар

    Миришкор деҳқон йил ўн икки ой меҳнат қилади, деб бежиз айтилмаган. Ҳақиқатан ҳам ердан ризқ ундиришдек олий мақсадни олдига қўйган одам ҳар доим она замин билан тиллашиб яшайди.

    ✔ 23    🕔 22:12, 12.04.2024
  • Қушлар саноғи  ўтказилди

    Қушлар саноғи ўтказилди

    Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимизнинг қушлар ва ҳайвонот дунёси жуда бой минтақаси саналади.

    ✔ 27    🕔 22:37, 07.04.2024
  • Осмонда учади, аммо ерни  ҳимоя қилади

    Осмонда учади, аммо ерни ҳимоя қилади

    Орнитологларнинг огоҳлантиришича, агар ерда қушлар йўқ бўлиб кетса, экологик фалокат юз беради.

    ✔ 25    🕔 22:36, 07.04.2024
  • Ширинмияни қутқаринг!

    Ширинмияни қутқаринг!

    Қуйи Амударё минтақаси ширинмияга бой саналади. Бу ўта фойдали ўсимликнинг ариқ ва зовур бўйлари ёки ўзлаштирилмаган ерларда бўй чўзиб ўсиб ётганини кўришингиз мумкин.

    ✔ 50    🕔 14:42, 29.03.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар