Донишмандлардан бири шундай деган экан:
«Ҳар қандай халқнинг маданияти, маънавияти, олижаноблигини одамларнинг саломлашиш одобидан билиб олса бўлади».
Дарҳақиқат, киши кўзига оддий бўлиб кўринадиган хатти-ҳаракатларда ҳам маданият, маънавият, одоб-ахлоқ ўз ифодасини топади. Инсонийликнинг, одоб-ахлоқнинг бутун мазмун-моҳияти оддийгина саломлашувда, десак, муболаға эмас.
Саломлашиш одамлар қалби ва меҳрини ўзаро боғлайди. Самимий саломлашиш, сўрашиш, ўзаро илиқ илтифот, меҳрибонлик, одамшавандалик ва эъзозлаш каби фазилатларнинг мажмуидир.
Саломлашиш ҳар бир одамнинг инсоний бурчи, одоб-ахлоқининг кўзгуси экани тўғрисида Имом Бухорийнинг «Одоблар хазинаси» асарида ушбу ҳадислар баён қилинган: «Саломни тарқатинг, саломат бўласиз», «Салом Оллоҳ таолонинг исмларидан бир исмдир, Оллоҳ уни ер юзига қўйган. Бас, ораларингизда саломни ёйинглар». «Бир-бирингиз билан саломлашиб юринглар. Шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади».
Инсоний муносабатларнинг энг муҳим белгиларидан ҳисобланган саломлашишнинг ўзига хос одоб қоидалари мавжуд. Бир киши иккинчисига «Ассалому алайкум» («Сизга тинчлик, саломатлик тилайман»), деб салом берса, иккинчи киши дарҳол «Ва алайкум ассалом» («Сизга ҳам тинчлик, саломатлик тилайман»), дея алик олиб, саломга жавоб қайтаради. Қўлларни кўкракка қўйиб, камтарлик ва тавозе билан салом бериш шарқона ахлоқий таомилдир.
Саломда «саломатлик» маъноси бор бўлиб, инсонлар бир-бирини кўрганида доимо саломлашиб юрса, тинчлик-хотиржамлик, ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат қарор топади. Сидқидилдан ва самимий салом берган кишининг юзидаги ёғду ва кўзларидан чақнаган табассум нури алик олувчининг дилини равшан қилиб юбориши бежиз эмас.
Шарқнинг буюк алломаларидан бири Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Ахлоқий Муҳсиний» асарида: «Агар сендан неча мавридда саломлашиш керак, деб сўрасалар, етти ҳолатда деб, жавоб бергин. Аввало ота-она, ёру дўстларни, ака-укаларни кўрганда саломлашиш керак. Жамоат жойларига борганингда салом бериш лозим. Бирор хонадонга борсанг, у ерга салом бериб киргин. Бир ерда жам бўлиб ўтирган кишилар даврасига кирсанг, саломлашгин. Кишилар ҳузуридан тураётганингда ҳам саломлашишни унутма, у хайрлашув саломи дейилади. Мақбарага, қабристонга борсанг, салом бер. Ўз хонадонингга кирганингда ҳам оила аъзоларига салом беришни канда қилма», деб баён қилинган.
Оилада фарзандлар гўдаклигидан катталарга салом беришга ўргатилади. Саломлашиш ўзаро муомала-муносабатнинг боши бўлиб, ўзига хос илиқлик, самимият, очиқ кўнгиллик бахш этиши билан бир қаторда, кишилар ўртасида муҳаббат пайдо қилиб, гина ва кудуратларни кетказади. Ўзидан катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат юзасидан инсонни эъзозлашда саломлашиш ахлоқий мезонлардан биридир.
Акрам АКМАЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими
Муносабат Экология кодекси лойиҳаси: Замонавий экологик бошқарув асоси
🕔15:15, 23.07.2026
✔138
Ҳозирга қадар атроф-муҳит ҳимояси, атмосфера ҳавоси, чиқиндилар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, экологик назорат, экологик аудит ҳамда иқлим ўзгаришига оид муносабатлар алоҳида қонунлар билан тартибга солинган бўлса, эндиликда уларни ягона тизимга бирлаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Батафсил
Экологик Партия мақсадларига ҳамоҳанг
🕔15:14, 23.07.2026
✔131
Экология кодекси лойиҳасида келтирилган нормалар нафақат амалдаги экологик қонунчиликни ягона тизимга солади, балки давлат, жамият ва бизнеснинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги масъулиятини янада аниқ белгилаб беради.
Батафсил
Умр моҳияти нимада?
🕔16:43, 04.06.2026
✔225
Бу дунёда чумолидан тортиб энг катта мавжудот – китгача ўз бажарадиган вазифаси бор. Борлигидан хабаримиз бўлмаган кўз илғамас нарсалар ҳам аниқ ва муайян вазифага эга. Уларнинг барчаси инсонга хизмат қилади.
Батафсил