Боғча атрофидаги бюрократия қачон барҳам топади?
Ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш – бугуннинг энг муҳим вазифаси. Бу борада мактабгача таълим муассасаларининг ўрни беқиёс. Буни тўғри англаган давлатимиз ушбу тарбия масканларига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида соҳага хусусий секторни жалб қилиб келмоқда.
Жойларда давлат шерикчилигидаги хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил қилина бошлади. Бироқ бундай тарбия масканлари қанчалик кўпаймасин, олдинда талай муаммолар учраётгани ачинарли ҳолатлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу муаммолардан каттаси – ҳар уч йилда Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги томонидан керакли ҳужжатларнинг ўз вақтида тасдиқланмаслигидир.
– Маълумки, ҳар уч йилда хусусий тадбиркорлар билан давлат шерикчилигида шартнома тузилади. Битим тугагач, уни яна қайта тузиш учун тадбиркор ойлаб ўз аризасига жавоб кутади. Энди битим имзоланди, деб хурсанд бўлиб, дўппингизни осмонга отишга шошилманг! Олдинда яна қанча ташвиш кутиб туради. Вазирлик мутасаддилари тадбиркорга онлайн базадан жой ажратиб, унга болаларнинг рўйхатини киритиб, жойлаштиргунча ҳам яна неча ой керак бўлар экан... билмадим.
Вазирлик эҳтимол бизга узоқлик қилар. Майли, ҳамма нарса электрон шаклда бўлгани яхшидир. Шаффофлик бу. Аммо бизнинг емирилган асабимиз-чи? Бу каби масалаларни ўзимизда, вилоятда ҳал қилиш имкониятини беришса, осонроқ бўлармиди, – дея куюнади тадбиркор М.Сапаева.
Аксарият оилавий давлат шерикчилигидаги мактабгача таълим муассасалари ишчи-ходимларига иш ҳақи давлат томонидан берилади. Шунингдек, зарур услубий қўлланма ва адабиётлар, жиҳоз ва кўргазмали қуроллар билан таъминлашни ҳам давлат ўз зимасига олади. Афсуски, баъзи хусусий боғчаларга кўргазмали қуроллар тарқатишга панжа орасидан қараб келинади. Кўпчилик тадбиркорлар давлат боғчаларига ажратилган моддий-техник база уларга берилмаётганидан нолийди. Ҳолбуки, бундай боғчаларда ҳам шу жамиятнинг болалари тарбияланади.
Дарҳақиқат, таълим-тарбияга катта эътибор қаратиш зарур экан, боғча тарбиячисининг ойлик маошини кўтариш шарт ва муҳим саналади. Боғча тарбиячилари паст ойлик олувчилар қаторида қолмоқда. Тегишли давлат ташкилотлари хусусий боғчаларга ўз вақтида пул ажратмагани сабаб кўпинча ойлик маошларини ўз вақтида ололмаслиги ачинарли ҳолат.
Хонқалик оилавий мактабгача таълим мудирлари О.Хўжаниёзов ва М.Сапаева молиялаштириш бўйича зарур ҳужжатларни вазирликка тақдим қилганига уч ойдан ошган бўлса-да, кечиктирилаётганидан нолишади. Уларнинг фикрига кўра, тарбиячилар иш ҳақини ўз вақтида ололмагач, ишни ташлаб кетишган.
– Битта болалар боғчасига тарбиячи, тил ўргатувчи, шифокор, ошпаз ва мусиқачи, албатта керак. Уларга ўртача 1 млн. 300 минг сўм ойлик маоши ёзилади. Шу озгина пулни ўз вақтида олмагач, ишни ташлаб кетишади. Баъзи ходимларнинг олаётган пули ишга келиб-кетиш йўлкирасига етмайди. Тилчи ва мусиқачи ҳар бир маҳаллада ҳам топилавермайди. Улар бошқа қишлоқдан қатнаб ишлашади, – дейди оилавий тадбиркор О.Хўжаниёзов.
– Яна бир масала: хусусий боғча очиш учун ариза берилса, аввало тегишли идоралар томонидан шу ҳудуднинг қамрови ўрганилади.
Қамровга кўра, боғчалар бола сонига тўғри бўлса, рухсат берилмайди. Бундай қилиш нотўғри деб ўйлайман.
Аслида ҳар бир ота-она битта маҳаллада ўнта боғча бўлса ҳам ўзи маъқул кўрган боғчага фарзандини беришга ҳақли. Айрим тадбиркорларга турли баҳоналарни рўкач қилиб, таълим муассасасини очишга рухсат бермаслик ҳолатларини Монополия ва рақобат қўмитаси ўрганса, айни муддао бўларди. Ахир рақобат бор жойда ривожланиш бўлади-ку!
Қаранг, биргина касалхонанинг гир атрофида ўн-ўн бешта дорихона очишга рухсат беришади. Битта ёки иккитагина дорихона очишса ҳам бўларди-ку?! Сизнингча, бу адолатданми? Дорихонага талаб бору, болалар боғчасига йўқми? Қайтанга, борига севинишса бўлмайдими? Битта маҳаллада ўнта боғча қурилсин, болалар рақобат туфайли шарт-шароити, таълим-тарбия сифатли ўсиб бораётган жойда улғайсин, – дейди хусусий боғча мудираси М.Сапаева.
«Азизлар» оилавий мактабгача таълим муассасаси мудираси М.Йўлдошеванинг таъкидлашича, моддий-техник базани шакллантириш биргина тадбиркор учун оғир масала. Негаки, ишни бошлашдан олдин моддий-техник базани шакллантиргунча тадбиркорнинг бели синиб кетади. Оқибатда, иш сифати ва унумдорлиги ҳам пасаяди.
Дарҳақиқат, жамиятимизга билимли, зукко ва соғлом ёш авлодни тарбиялашга тадбиркорлар ҳам бел боғлаган экан, тегишли вазирлик ва идоралар мавжуд муаммоларни ҳал қилишга эътибор қаратиши зарур. Зеро, келажак бугундан бошланар экан, бунга бефарқ қараб бўлмайди.
Пўлат ЭРМАТОВ
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔5
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔70
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил