Табиат      Бош саҳифа

Агрономия – қариётган соҳами?

Табиатни асраш, атроф-муҳит муҳофазаси борасида ҳар куни ўн марталаб бонг урилмоқда. Экологик муаммоларни бартараф қилиш мақсадида эса давлат сиёсати даражасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида барча бирдек иштирок қилаётгани қувонарли, албатта.

Агрономия – қариётган  соҳами?

Мен ана шу улуғвор ишларни бажаришда ўта муҳим бир масалага аҳамият берилмаётганини ҳис қиламан. Бу масала – агрономларга бўлган эътиборнинг йил сайин сустлашиб бораётганидир.

Биламизки, агрономлар деҳқончилик ва боғдорчиликнинг, хусусан, она табиатнинг табиблари саналади. Яшиллик дунёсини уларчалик пухта ва асосли илм воситасида ўрганган бошқа касб эгаларини топиш қийин. Дарахт ва ўсимлик дунёсининг баравж ривожланиши, турли хил касалликларнинг олдини олиш чораларини агрономлар жуда яхши билишади. Жамиятимиз ҳар доим уларнинг тавсия ва кўрсатмаларига муҳтожлик сезади.

Афсуски, кейинги йилларда агрономлик қариб бораётган касбга ўхшаб қолаяпти. Узоқ йиллик тажрибага эга мутахассислар кексайгач, нафақада тинчгина даврон сурмоқда. Ўрта ёш аксарият агрономлар эса ўз касбини ўзгартириб, ўзини бошқа соҳага уриб кетди. Бунинг, албатта, жиддий сабаблари бор.

2005 йилга келиб мамлакатимизда жамоа ва ширкат хўжаликлари тугатилиб, фермер хўжаликлари ташкил қилина бошлади. Бунга довур бу хўжаликларда ўнга яқин агрономлар меҳнат қилишарди. Улар деҳқончилик ва боғдорчиликда учраши мумкин бўлган сара уруғ муаммоси ва турли касалликларнинг олдини олиш учун зўр жонбозлик қилишгани ҳар доим эътирофга лойиқ. Фермерчилик ривожлангач, ушбу соҳа вакилларининг аксарияти ишсиз қолганини яширишга мутлақо ҳожат йўқ.

Ҳозирги кунда битта фермер хўжалиги раисининг ўзи ҳам раҳбар, ҳам бухгалтер, ҳам агроном саналади. Уларнинг кўпчилиги мутахассислиги жиҳатидан умуман бошқа соҳа вакили экани эса ачинарли ҳолат.

Олий ўқув юртида ўсимликшунослик, қишлоқ хўжалиги ёки деҳқончилик соҳасидан мутлақо узоқ йўналишларда таълим олиб, дипломга эга бўлган ёхуд ўрта маълумоти ҳам бир нави бўлган одамлар бир думалаб фермер бўлиб олганини ҳеч тушуниб бўлмайди. Шу боис бўлса керак, аксарият фермерлар агрономларни ишга қабул қилиш орқали ўз ишини яхшилиб боришни хаёлига ҳам келтириб кўрмайди.

Эътибор берган бўлсангиз, 2023 йилда шоличилик ва сабзавотчиликда катта қийинчиликлар бўлди. Етилиб улгурмаган ҳосилни номаълум бир касаллик нобуд қилиб юборди. Бу қандай касаллик? Уни бартараф қилишнинг чоралари борми? Фермерлар ва томорқачилар бу борада жиддий бош қотириб ҳам кўрмайди. Ҳар ким ўзича кимёвий перепаратларни қўллайверди.  Маҳаллий матбуот, телевидение ва радиода эса бу ҳақда лом-лим дейилмади ҳам.

Бунга малакали мутахассисларнинг бир четга суриб қўйилгани сабаб, албатта. Агар ҳар бир фермер хўжалигида улар фаолият олиб боришса, бундай нохушликларнинг олди олинган бўларди, деб ўйлайман.

Эътибор қаратган бўлсангиз, ариқ ва зовурлар бўйларига, бўш ётган ерларга дарахт кўчатлари экилмоқда. Кейинги йилларда иқлимга мос терак ва дарахтлар ҳам гуркираб ривожланиши қийин кечмоқда. Негаки, уларга ҳам турли хил касалликлар, айниқса, занг ва ҳашаротлар зарар келтирмоқда. Буларнинг олдини олишда ҳам агрономларнинг ўрни катта.

Бугун фермер хўжаликлари йил сайин иқтисодий жиҳатдан ривожланиб боряпти. Таклиф сифатида айтмоқчиманки, ҳар бир фермер хўжалигига бир нафар агроном мутахассис сифатида штат бирлигида ишга биркитилса, айни муддао бўлар эди. Ҳар куни дала айланиб, зироат ва дов-дарахтларни кўздан кечирса, фойдали бўларди. Агроном бор жойда, сўзсизки, муаммолар бирмунча камаяди. Бунга қишлоқ хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар жиддий эътибор қаратиши зарур, деб ўйлайман.

 

Суҳроб ХЎЖАНИЁЗОВ,

Урганч давлат университети

Агрономия бўлими 3-курс талабаси




Ўхшаш мақолалар

Хитойнинг чўлланишга қарши тажрибасини  Навоийда қўллаш мумкинми?

Хитойнинг чўлланишга қарши тажрибасини Навоийда қўллаш мумкинми?

🕔10:57, 24.03.2026 ✔29

Хитойнинг Нинся-Хуэй автоном райони Хитойда чўлланиш хавфи юқори бўлган ҳудудлардан бири бўлиб, қуруқ иқлим, шамол эрозияси, қум кўчиши, ер деградацияси ва сув танқислиги таъсирида узоқ йиллар давомида қийин экологик шароитда ривожланган.

Батафсил
Инсон ва табиат муносабати:  Зиддият  ёки муштараклик?

Инсон ва табиат муносабати: Зиддият ёки муштараклик?

🕔10:55, 24.03.2026 ✔28

Инсон муқаррар равишда табиат бағрида дунёга келади. Бугунги кунда бу муносабат қандай шаклда бўлиши кераклиги ҳақидаги савол эса ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.

Батафсил
Табиатдан  бегоналашиб бораётган болалар

Табиатдан бегоналашиб бораётган болалар

🕔10:54, 24.03.2026 ✔25

Инсоният минг йиллар давомида она табиатнинг бағрида вояга етди. Тупроқ иси, баргларнинг шитирлаши ва қушларнинг навоси биз учун бегона эмас.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар