Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилТан олиш керак, одамларимиз дарахт экишдан кўра, кесишдан роҳат топаётгандек. Орамизда кўркам дарахтларни кесиб, ўрнига қурилиш қилаётган, савдо дўконлари қураётган, ҳатто виждонсизларча дарахтлар тагини цементлаб ташлаётганлар ҳам йўқ эмас.
Мамлакатимизда дарахткушлик ҳолатлари Ер юзидаги ўртача кўрсаткичдан-да ёмонроқ. Айни кунда яшил майдонлар юртимиз ҳудудининг ўн фоизига ҳам етмаган бир пайтда 2020 йили 7 минг 812 та, 2021 йилда 8 минг 243 та, 2022 йилда 4 минг 599 та, 2023 йилнинг 9 ойида эса 2427 та дарахт ноқонуний кесилган.
Ноқонуний кесилган дарахтлар учун кимларга қандай жазо берилгани бизга қоронғу. Очиғи, дарахт кесган (ёки кесишга буйруқ берган)ларнинг кўпчилиги мутлақо жазосиз қолгани, жазоланганлари ҳам ўзларининг чўнтаги учун арзимаган жарима билан қутулганига шубҳамиз йўқ.
Келинг, шу ўринда дунёнинг бошқа давлатларида дарахт кесганлик учун қандай жавобгарликлар белгилангани билан танишсак.
10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси
Ўрмонлар Саудия Арабистони умумий майдонининг атиги 0,5 фоизини ташкил этгани боис, бу ерда дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жиддий жарималар ва ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам кўзда тутилган. Подшоҳлик прокуратураси 2020 йили ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун жазо чоралари кучайтирилганини эълон қилган эди.
Экологик қонунчиликка мувофиқ, дарахтларни ноқонуний кесганлик, кундаков қилиб тозалаганлик ёки кўчириб ўтқазганлик, шохларини кесганлик, илдизини олиб ташлаганлик учун 30 млн риал (салкам 8 млн АҚШ доллари)гача жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин. Айрим ҳолларда жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси биргаликда тайинланиши ҳам мумкин.
Агар бир йил ичида ушбу қонунбузарлик такроран амалга оширилса, жарима миқдори икки баробар оширилади. Бундан ташқари, қонунбузар етказган зарарининг оқибатларини бартараф этиши ва қонунчиликка мувофиқ товон пули (компенсация) тўлаши лозим бўлади.
Дарахтшунослар хизмати
Ўрмонлар АҚШ ҳудудининг 33,9 фоизини ташкил этади. Бу ерда ҳар бир шаҳар ва туманда Дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича низом қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжат ҳудуддаги дарахтларни парваришлаш ва кесиш қоидаларини белгилайди. Мамлакатда дарахтларга хизмат кўрсатиш ва уларни парваришлаш бўйича сертификатланган мутахассислар – арбористлар (дарахтшунослар) хизмати ривожланган.
Ҳар бир шаҳар, округ ва штатда хусусий ҳудуддаги дарахтларни кесишни тартибга солувчи қонунлар бор. АҚШда берухсат дарахт кесганлик учун жарима миқдори 500 доллардан бошланиб, 10 минг долларгача етиши мумкин. Айрим ҳолларда ва баъзи штатларда энг катта жарима миқдори 100 минг долларни ҳам ташкил этиши мумкин.
АҚШ Жиноят кодексига кўра (18-бўлим, 1853-параграф), дарахтларни ноқонуний кесганлик ёки қасддан шикаст етказганлик учун, жарима жазосидан ташқари, бир йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам тайинланиши мумкин.
Жазо: 10 йил давомида парваришлаш
Буюк Британия ҳудудининг 13,2 фоизини ўрмонлар ташкил этади. 2023 йилгача ўрмонларни берухсат кесганлик учун белгиланган жарима миқдори бир дарахт танаси (пояси) учун 2,5 минг фунтни ёки қўлга киритилган ёғоч-тахта қийматининг икки баробарини ташкил этар эди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунга киритилган ва 2023 йил 1 январдан кучга кирган ўзгартишларга кўра, дарахтни ноқонуний кесган шахс кўчат экиб, уни 10 йил давомида парваришлаши лозим.
Буюк Британияда йўқ қилинган дарахтзорларни қайта тиклаш бўйича суд қарорини бажаришдан бош тортганларга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланиши мумкин.
Жониворлар яшайдиган дарахтларни кесиш қатъиян тақиқланган
Германияда ўрмонлар мамлакат ҳудудининг 32,7 фоизини ташкил этади. Ўрмон ресурслари давлатнинг қимматли мулкидир, шу боис улардан ноқонуний фойдаланиш жиноят ҳисобланади. Германия қонунчилигига мувофиқ, ўрмонларни муҳофаза қилиш давлат ва ҳар бир фуқаронинг мажбуриятидир, ушбу соҳадаги қоидабузарлар эса аҳолининг экологик хавфсизлигига путур етказишда айбланади.
Ўзбошимчалик билан дарахтларга зарар етказганлик ёки уларни кесганлик учун жарима миқдори ҳар бир федерал ер томонидан алоҳида белгиланади. Қўлланиладиган қонунчилик ва кесилган дарахт турига қараб, жарима суммаси 50 минг евродан 100 минг еврогача фарқланиши мумкин.
Германияда дарахтни қонунни бузмай кесиш учун узоқ давом этадиган бюрократик жараёндан ўтиш лозим, бу жараённи бузганлар эса 50 минг еврогача жаримага тортилиши мумкин. Шунингдек, дарахт кесишнинг федерал муддатларига ҳам риоя этиш лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича федерал қонунга кўра, мартдан октябрга қадар дарахт кесиш тақиқланган. Шохларига қушлар ин қурган ёки бошқа жониворлар яшайдиган дарахтларни кесиш эса қатъиян тақиқланган.
Жарималар ва компенсация тўловларидан тушган пуллар ўрмонларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклашга йўналтирилади.
Шахруза САТТОРОВА
тайёрлади.
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил