Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

Аммо сўнгги йилларда бизнинг бу мақтанишга арзийдиган «кўрсаткичларимиз»га заха етаётгандек. Чунки сўнги статистикалар бизни «чириган Ғарб»дан ортда қолмаётганимизни кўрсатмоқда.

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь — июнь ойларида Ўзбекис­тонда никоҳдан ажралишлар сони 25 400 тани ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 828 тага кўпайган. 2022 йилда никоҳ қуриш ҳолатлари ўтган йилларга нисбатан камайган бўлса, ажримлар сони эса кўпайган: қайд этилган никоҳлар сони 296,7 мингтани ташкил этиб, сўнгги 5 йилда сезиларли камайгани кузатилган. Мисол учун, 2018 йилда 311,4 мингта, 2019 йилда 310,9 мингта, 2020 йилда 296,8 мингта, 2022 йилда 305,2 мингта никоҳ қайд этилган.

Никоҳдан ажралишлар сони эса ўтган йилда 48,7 мингтани ташкил этиб, сўнги 5 йилда сезиларли кўпайган. Масалан 2018 йилда 32,3 мингта, 2019 йилда 31,4 мингта, 2020 йилда 28,2 мингта, 2021 йилда 39,3 мингта никоҳдан ажралиш қайд этилган эди. 2022 йилда никоҳдан ажрашганларнинг энг кўпи – 50,5 фоизи ёш оилалар ҳиссасига тўғри келади.

Кўриб турганингиздек, оилавий ажрашишлар бугун жамиятдаги оғриқли нуқтага айланиб улгурди. Юртимизда жар ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолишга, болаларни тирик етим қилмасликка жиддий эътибор қаратилаётган бўлса-да, маҳалла фаоллари, диний уламолар, маънавият ва маърифат тарғиботига дахлдор ташкилотлар ва кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларига қарамай, афсуски, ажрашаётган оилалар сони камаймаяпти.

Шу ўринда бир савол туғилади: Хўш, оила деб аталмиш қўрғоннинг бу даражада омонат бўлиб бораётганининг сабаби нима?

Оилада низоли ҳолатлар сони тобора ортиб бормоқда. Сабаблари ўрганилганда ёш оилаларнинг ажралиб кетишига 41 фоиз ҳолатларда характерларнинг тўғри келмаслиги, 13 фоиз ҳолатда бефарзандлик, 15 фоизида моддий қийинчиликлар, 34 фоизида учинчи шахс аралашуви, 25 фоизида зарарли одатлар сабаб сифатида кўрсатилган.

 

«Қайнонам билан чиқиша олмадим...»

«Қайнонам билан чиқиша олмаганим сабабли турмушим бузилган. Аслида эрим яхши инсон эди, аммо ҳеч қачон ёнимни олмас, уйда жанжал бўлса, доим мени айбларди. Қайнонам бошқа қизни келин қилмоқчи бўлган, турмуш ўртоғим эса мени танлаган. Шу сабабдан қайнонам мени ёқтирмас, қилган ишларимдан фақат камчилик топар эди. Охири, ота уйимга қайтдим. «Мен керак бўлмасам ҳам, эрим боласи учун бизни олиб кетиб, алоҳида уйда яшайди», деб ўйлагандим. Афсуски, хато қилибман. Бирорта жиддий муаммо бўлмаса ҳам, биз ажрашдик. Эрим онаси айтган қизга уйланди. Атиги 1,5 йил яшадик, бир ўғлим бор», – дей­ди хоразмлик Шалола Каримова.

Касб тақозоси билан халқ орасида юрар эканмиз, эшитганларимиз ичида юқоридаги ҳолат энг оддийсидек туюлиб қолади. Яна ажримлар кўпайиб кетди, ёшлар енгилтак, ёшлар бузилиб кетди деган гапларни ҳам кўп эшитамиз. Аммо тарбия берувчи катталарнинг ўзи тарбияга муҳтожлигига мисоллар етарли. Ҳар қадамда қайнона-келин, қайнсингил-келин можаролари ҳақида эшитамиз. Озгина тушунмовчилик бўлса ҳам дарров онасига қўнғироқ қиладиган, онаси эса югуриб келиб қизини уйига олиб кетадиган оилалар ҳам тез-тез қулоғимизга чалинади. Хуллас, оилаларнинг ажрашиб кетишига энг кўп сабаб сифатида учинчи шахснинг оила ишларига аралашуви эмасмикан аслида?!.

 

«Маошим камлиги ажрашишимга сабаб бўлди»

«Наманган давлат университети тарих факультетини тамомлаганман. Қишлоғимда яхши иш топа олмаганим учун, уйлангач, оилам билан шаҳарга кўчиб келдик. Отам деҳқон, онам ҳеч қаерда ишламайди, мендан бошқа иккита укам ҳам бор, шу сабабдан улардан ёрдам сўрай олмасдим. Шаҳарга келгач, ишга кирдим, икки ярим миллион маош олардим. Бу пул эса ижара ҳақи, йўлкира, еб-ичишимизга аранг етарди. Хотиним ўзига тўқ оилада ўсган. Яхши яшагиси, турлича кийингиси, истаган нарсасини сотиб олгиси келарди. Албатта, унинг бу истаклари учун менинг қўлим калталик қиларди, шуни устидан тез-тез жанжаллашиб қолардик. Ижарама-ижара яшаш, моддий етишмовчиликлар ортидан оилам дарз кетди. Уч йиллик турмушдан сўнг ажрашдик», – дейди исми сир тутилишини хоҳлаган қаҳрамонимиз.

Оилавий ажрашишларнинг сабабларидан бири моддий етишмовчилик, деб кўрсатилар экан, ота-онасининг қистови билан ҳали оила боқишга тайёр бўлмай оила қураётган ёшларни кўп учратамиз. Ёки бирор касб-корни эгалламаган, илм олмаган ўғлини ҳам тезроқ уйлантириб қўйишга ҳавасманд ота-оналар ҳам талайгина. Ижтимоий тармоқда «Оилавий ажримларга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?» саволи билан ўтказилган кичик сўровномада ҳам тармоқнинг аксарият фойдаланувчилари урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк тама қилиши, келинларнинг ота уйига «гап ташиши», телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақиллиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса «хўп»дан йироқлиги, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик кабиларни санаб ўтишди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо энг ачинарлиси, ажримларнинг катта қисми бирор жиддий сабабларсиз келиб чиқмоқда.

 

Оилада масъулият фақат аёлда эмас

Биз негадир қизларимизни ёшлигиданоқ келинликка тайёрлаймиз. Тенги чиқса текин бер, деб тенги эмасгаям қизимизни қўшқўллаб топширамиз. Кейин эса характери тўғри келмади, куёв ичувчи экан, қайнона золим экан, қайнота палон экан дея ажратиб олиб, болаларни етим қиламиз. Ўрта жойда боласига алимент ҳам тўлолмайдиган эркакнинг фарзандларига қийин бўлгани қолади.

Шу ўринда савол туғилади, нега биз ўғилларимизни ҳам қизларимизни ҳаётга тайёрлагандек тайёрламаймиз?

Уларга келин ҳам бировнинг гулдек фарзанди эканлигини, уни ҳимоя қилиш, боқиш, едириш-ичириш, уй-жой билан таъминлаш эркакнинг вазифаси эканлигини ёшлигидан миясига қуймаймиз? Нега уни ҳақиқий эркак қилиб тарбия қилмаймиз? Агар биз миллат эркакларини шундай тарбия қилолганимизда эди, ожизага қўл кўтарганлар, бунинг ортидан келиб чиқаётган катта рақамлардаги ажримлар бўлмасди. Афсус, бор ташвишларимизни бир четга қўйиб, тарбияга асосий эътиборимизни қаратмас эканмиз, оиладаги ажрашишлар сони йилдан-йилга ошиб бораверади.

– Турмуш бир текис кечмайди. Ҳамма оилаларда ҳам қийинчилик, ўзига яраша ташвишли кунлар, баланд-паст гаплар бўлади. Ана шундай пайтда эркагу аёлнинг донолиги, олган тарбияси қўл келади. Бунда эркак, айниқса, тарозининг икки палласини тенг тута олиши керак бўлади. Тўғри, оилавий ажрашиш­ларни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди. Бу – турмуш, турмушнинг эса «мушти»га чидашга ҳамманинг ҳам иродаси етмайди. Аммо оила қўрғонини мустаҳкамлашга эришиш мумкин, – дейди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Оилавий, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси бошлиғи Зарифа ИСКАНДАРОВА. – Фарзандларимизни мол-дунёга эмас, илмга муҳаббатли қилиш, сеп-сидирғалар қаторига бир даста китобларни ҳам қўшиш, қизу ўғилга ўз вазифаларини тўғри тушунтира олиш, уйи­мизга келган келинга ўгай кўз билан қарамасдан, унга қулдек муомала қилмасдан, бу дунёда инсондан фақатгина эзгулик қолишини фарзандлар онгига чуқур сингдириш орқали бузилаётган оилалар сонини камайтириш мумкин.

Рўйи заминда бир никоҳ бузилганда арши аъло ларзага келар эмиш. Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига қанчалик салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа, натижа эса амалда бошқача тус олмоқда.

Оилавий ажрашишлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, «лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти»дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда. Жамиятнинг оғриқли нуқтаси аслида ана шу ерда.

Шаҳруза САТТАРОВА




Ўхшаш мақолалар

Еттинчи синфда  унаштирув

Еттинчи синфда унаштирув

🕔15:57, 08.01.2024 ✔102

ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

Батафсил
Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

🕔17:36, 23.11.2023 ✔179

Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Батафсил
Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

🕔10:24, 27.10.2023 ✔188

Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Еттинчи синфда  унаштирув

    Еттинчи синфда унаштирув

    ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

    ✔ 102    🕔 15:57, 08.01.2024
  • Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

    Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

    Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

    ✔ 179    🕔 17:36, 23.11.2023
  • Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

    Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

    Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

    ✔ 188    🕔 10:24, 27.10.2023
  • Фикр  От қачон  қозиғини  топади?..

    Фикр От қачон қозиғини топади?..

    Ўзбекнинг мақоли: «От айланиб қозиғини топади», дейди. Лекин бизнинг таълим-тарбия отимиз узлуксиз айланмоқда. Бир италиён Монтессори, ... кейин корейс, энди фин услубиётига бошини уриб кўрмоқда. Ҳозиргина ўқиб қолдим, Саудия Арабистони таълимини андоза қилишар эмиш...

    ✔ 206    🕔 13:18, 06.09.2023
  • Япониялик келин

    Япониялик келин

    Бундан роппа-роса уч йил муқаддам Микако Сугаваранинг қизиқарли тақдири ҳақида газетамизда ёзган эдик. Яқинда яна унинг хонадонида меҳмон бўлдик, дилдан ўтган суҳбатимиз таассуротларини сизларга ҳам илиндик.

    ✔ 222    🕔 13:15, 06.09.2023
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар