Экоолам      Бош саҳифа

Шўркўл манзаралари: Дард бор, малҳам қани?

Хоразм... Сўлим табиати, ширин ноз-неъматлари билан машҳур ўлка. Қадимдан Хоразм бозорлари мўллиги, нарх-навонинг арзонлиги эътироф этиб келинган. Ҳатто бир вақтлари Бағдод ҳалифалигига солиқ олтин ўрнига Хоразм қовуни билан тўланар экан. Унинг сахий тупроғи яқин-яқинларгача мўъжизалар яратиб келди, аммо...

Шўркўл манзаралари:  Дард бор,  малҳам қани?

Ёшлигимда ҳар бир қишлоқнинг ўз кўли бўлар эди. Баъзилари 30-40 гектар катталикда, ундан ҳам кенг. Кўлга қуйиладиган ариқчалар ярим соатга боғлаб турилса, ичида балиқлар талвасага тушиб қоларди. Икки юз қадам масофада қўл билан бир тўй оломонга етгудай «ҳалол луқма» ушлаш мумкин эди.

Ҳаваскор йигитлар чуқур сувларга қармоқ ташлаб, бир қулочдан бўйдор лаққаларни овлардилар.

Инсон омили сабаб табиатда юз берган кескин ўзгаришлар оқибатида бу ғаниматлардан ажраб қолдик. Юқорида таъкидлаганимиз қовунларнинг оқ гурвак, олахомма, қарри қиз, шилим печак, жийда япроқ каби навларидан айримлари бугун фақат кекса кишиларнинг хотирасида, гурунгларида сақланиб қолган.

Ишониб бўлмайдиган ғаройиб ҳодисалар, расм-русумларга бой замонлар эди.

Қарангки, қорнида оғриқ сезган одам ариқда ўйнаб оқаётган лойқа сувни ҳовучлаб ёки лабини унга босиб қониб ичарди ва шифо топарди.

Юрак қон-томир, қон босими, пешоб йўллари касалликлари деярли учрамасди. Маҳаллаларда саксон, тўқсон, юз ёшдан ошган отахон ва онахонлар бардам ва тетик ҳаёт кечирардилар.

1968 йилда дўстим Матжонбой касалланиб, шифохонага тушди. Терлатма билан оғриган, деб ташхис қўйдилар. Узоқ даволанди, натижа бўлмади. Икки ойлар чамаси вақт ўтиб, Тошкентдан келган шифокор унинг буйрагида тош борлигини айтди. Даво тўғри изга тушиб, бемор соғайиб кетди. Шунгача вилоят шифохонасида сийдик йўллари касалликлари бўйича мутахассис бўлмаган. Бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Энди-чи?

Минг йиллар ҳукм сурган табиий меъёрни бузиб қўйдик. Олдин сезмаганимиз бир хавф бугун ўзини «мана – мен» деб намоён қилмоқда. Яқинда азиз бир инсонимнинг таклифи билан Шўркўл соҳилларига бордим ва у ердаги вазиятни кўриб, қалбимда аламли изтиробни ҳис қилдим.

Кунларнинг бирида ўғлим Давронбек қўл телефонини менга тутиб:

– Отабой ака деган киши сўраяптилар, – деди.

Жавоб бердим. У ёқдан овоз эшитилди:

– Ассалому алайкум, Байрам ака. Мен сизнинг ашаддий мухлисингиз, оқмачитлик Отабой мулла бўламан. Бир дийдорлашиш иштиёқим бор эди.

– Имкониятингиз бўлса, кела қолинг. Ҳамқишлоғингиз Отабой Каримовни ҳам ёнингизга олинг. Уйи йўлингиз устида.

– Жоним билан, йўлга чиқдим.

Ярим соат ўтар-ўтмас меҳмонларни салқин айвонга таклиф қилдим. Отабой мулла ўрта бўйлидан пастроқ, ўзига ярашган жуссали, оқ юзли, истараси иссиқ киши экан. Ҳамроҳи, менинг эски ошнам узоқ йиллар Урганч давлат университетида домлалик қилган. Ўтиришлари билан суҳбат қаловини қураб, гапни бир-бирига улаб юбордик. Гурунг қизиб, «ёзувчилик касбим» устида тўхтади. Отабой мулла кулиб қараб турди-да:

– «Хоразм полвонлари» китобингизни ўқиб, ғоят таъсирландим. Эл шаънини орқалаб жаҳон кезиб, ўзига тенг рақиб топ­маган Норгалди полвон, жону жаҳонини саводсизликни тугатиш, халқ маорифини ривожлантиришга фидо қилган Қаландар полвон, уруш ногирони, ўзи қўлтиқтаёқда юришига қарамай икки марта Ўрта Осиё чемпиони бўлган Сафо қўрри, кураш майдонида ҳакамга мурожаат қилиб «мен Тошкентга бориб зўрлар билан кураш тушаман, деб орзу қилиб, бир ҳафта дарёда сузиб, яна бир кеча-кундуз «ўтли»да юриб, не машаққатлар билан етганимда қарши чиққанлар кўнглимни тўлғазмади». Тақимимни тўлдиргудай бирини беринг, йўқми шундайроғи», деб ўзига тенг рақиб талаб этиб, наъра тортган Солай калтанинг орияти қалбимни титратиб юборди. Уларни китобат қилиб жуда савобли ишга қўл урибсиз. Шу кунларда қаторимизда юрганлари борми?

– Худога шукр, остоналик Раҳимбой Матжонов, хонқалик Саъдулла Қурёзовлар соғ-саломат. Унинг қўшниси Озод Ражабов қанд касалига учраб, икки оёғидан ажраган бўлишига қарамай ўзини ўнглаб олган. Унинг руҳий қувватига қойил қолганман. Ясама оёқда бўла туриб, ҳали ёқа тутиш хуморим сўнмаган, дейди.

– Ана шу йигитларни бошлаб бориб, меҳмоним бўлсангиз. Дастурхон ёзиб, хизмат қилиш орзуим...

Бу истакни рўёбга чиқариш имконига кузнинг биринчи ойи охирларида эга бўлдик. Раҳимбой Матжонов ва Саъдулла Қурёзовларни ёнимга олиб, йўлга тушдим.

Отабой мулланинг хонадонида бир муддат ўтириб, ўтган азизларнинг руҳи покларига дуои фотиҳа қилгач, мезбон юзларида майин табассум билан шундай деди:

– Энди Яратган Эгам нимаики насиб қилган бўлса, Шўркўл бағридан терамиз.

Қишлоқдан чиқиб кўлга яқинлашаётганимизда тушуниксиз бир дард юрагимни ғижимлай бошлади.

«Хоразм денгизи» дея номланган, қаърида не-не сир-синоатларни яширган, ҳайбатидан одамни ваҳима босадиган, қирғоқлари кўз илғамас, чексиз, оромбахш кўл қаерда?!

Бизни текис асфальт йўл билан муҳташам қўшқават бинога бошлаб бордилар. У ярим гектар чамаси майдонда баланд пойдевор устида қад кўтарган. Саҳни ниҳоят озода, ҳар нарса ўз ўрнида. Атрофи ҳовузлар билан ўралган. Чўмилишни мақсад қилганлар учун махсус зинапоялар ўрнатилган.

Бу манзарани кузатар эканман, унда кимнингдир ҳаётга меҳри, муҳаббати балқиб тургандай туюлди. Туганиб бораётган табиат гўзаллигини қайтариш, уни чексиз соғинчи боис дили вайрон, дийдаси гирёнларга қўш қўллаб тутиш ғояси – ақлга сиғмайдиган бир истак ифода топгандай.

Ичкарига кирар эканмиз, иморатнинг аниқ ҳисоб-китоб, режа асосида қурилганига эътибор қаратдик. Кунчиқар томонда ойнаванд айвон, бу ердан Шўркўл кўринади. Нафс қурбонига айланиб улгурган, балиқчиларнинг у ер-бу ердаги капалари, омонат чортоқлардан иборат, асрий таърифу тавсифларига номуносиб Шўркўл!

Катта дастурхон четида қулай ўрнашиб олдик. Элда «сўзлатгич» деб номланган «заққум»дан бошқа ҳамма нарса бор. Аммо, самимий дўстлар даврасида унга ҳожат қолмас экан, тезда суҳбат қизиб кетди...

Ниҳоят, мезбондан рухсат сўраб, оёққа қалқдик. Отабой акага миннатдорлик билдираётиб:

– Кўшкни жуда қойим қилиб қурибсиз, – дегандим унинг мижжалари ёшланиб, билагимдан маҳкам ушлаб кўзларимга тикилди. Тили калимага келмади. Юрак ярасига текканимни пайқадим. Биз ҳузур қилиб, дам олган маскан, бу ердаги бунёдкорлик ишлари кенжа ўғли Мақсудбекнинг хизмати эканидан, эндиликда унинг азиз номи боқийликка дахлдорлигидан хабардор эдим.

Отабой ака дил дардига малҳам истайди. Бизни қўйиб юбормоқчи эмас. Узр сўрадим:

– Дийдор яна насиб этади, албатта. Шу кунни кутиб яшаймиз, – дедим.

Бу беш кунлик бозорга

ким кириб, ким чиқмади,

Ҳаёт сўзин маъносин

ким уқди, ким уқмади,

Нафс қурсин оғизга,

оҳ, неларни тиқмади,

Бағрида дур асраган

уммонларни сев, кўнглим.

 

Тўлқинлар ўрнида қумлоқ ер

Шўркўлда бўлмаганимга 28 йилдан ошибди. Энди ўркач-ўркач тўлқинлари йўқ унинг. Соҳил девонанинг нонидек кичик-кичик бўлакларга ажратиб ташланган. У тирналган, тимдаланган танани эслатади.

Кўзларимга ғилтиллаб ёш келди. Ўзимиз камол топган юз йилликни бунёдкорлик асри, деб ғурурланганимиз қаерда қолди, энди? Жаннатмонанд шаҳру қишлоқларни ўраб турган тирик табиатнинг томирларини қирқиб, мажруҳ вужудга айлантирмадикми? Шу эмасми, тентакнинг ўзи минган шохга болта ургани. Бошимизга ёғилаётган ҳар хил офатлар шу қилғиликларимиз касофати.

Кўринмас қўл елкамдан босиб, жавоб талаб қилаётгандай бўлади. Гапира олмайман. Нима ҳам дердим, ўша «бунёдкорлар» сафида ўзим ҳам бўлгач?

Бу ерларга «Оқмачит» ва «Чиқирчи» қишлоқларини бирлаштирган «Моск­ва» колхози эгалик қилар, бошқа хўжаликлар сингари у ҳам пахтачилик билан шуғулланарди. Воҳада ҳар йили октябрнинг 16-18 кунлари кучли қиров тушиб, барча турдаги экинларнинг ривожланишига нуқта қўярди. Хазон фасли бошланарди. Мен бир неча марта табиатнинг қировли қиличи бу қишлоқни четлаб ўтганини кўрганман. То қишнинг аёзли кунларигача илдизмевали сабзавотлар ўсишда давом этар, мевалар ҳам ажиб ширага минарди. Бу кўлнинг хосияти эди.

Бизнинг Қўриқтом қишлоғида ҳам катта-кичик кўллар бўлиб, эрта баҳордан кеч кузгача у ерларда мол боқардик. Энди билсам, бизнинг кўллар ҳам бирлашиб, табиат ғазабини сўндирар экан. Биз уларни қуритиб, экинзорларга айлантирдик.

Катта Озёрний коллектори ўтказилгач, юқорида надоматлар билан эслаганим кўллар – бошқача айтганда Хоразмни «ботқоқликка айлантириб» асрлар оша унинг довруғини жаҳонга танитган, асалдек ширин неъматларни етилтирган кўллар қуриб, ер остида «уйқуда» ётган ҳажжа (ганч) қатлами уйғониб, ўзининг «бойлиги» – натрий хлор тузларини юқорига чиқара бошлади. Қайта шўрланиш бериб, полиз, сабзавот маҳсулотлари, меваларнинг таъмини ўзгартириб юборди. Қудуқдаги асал сувлар шўртак таъм бера бошлади. Чунки, натрий хлор, оддий айтганда, ош тузи. Унинг ўсимлик ер усти қисмидаги шакар моддасини илдизга томон ҳайдаши мутахассисларга маълум. Бозорга чиқарилган қовун-тарвузлардан «туз дори» излашларининг маъноси шунда.

Илгари замонларда қудуқлардан сув олиш учун ёз ойларида чакар (қудуқдан сув тортиладиган , учига челак боғланган хода)га ип боғлашга тўғри келар, чунки сув жуда паст тушиб кетарди. Эндиликда сув қудуқнинг оғзига келиб туради. Ўйланаман, «Озёрний»нинг ботқоқликни қуритгани шуми? Энди «Озёрний»нинг ўзи ҳам йўқ ҳисобида. Амударёдан эса Қашқадарё, Бухоро вилоятларининг зах сувлари оқади. Шу сув билан биз далаларнинг шўрини ювамиз, ичимлик сифатида ҳам фойдаланамиз. Осмондан эса Оролнинг шўр пешанасидан сидирилган миллионлаб тонна туз устимизга ёғилади. Йилдан-йилга қурғоқчилик балоси зироатнинг йўлини, одамзотнинг ризқини кесмоқда.

Сувсизлик оқибатлари Шўркўл этакларида кўзга яққол ташланади. «Оқмачит» ариғида олдинлари оқар сув бўларди. Энди у йўқ. Қишлоқнинг кунботиш қисмидаги хонадонлар чорбоғида экин қолмай қуриб битган, ташландиқ майдонларга айланиб, оқбош-янтоқ каби ёввойи ўсимликлар эгаллаб олган. Кўл ва қумга туташ ҳудудларда эгалари ташлаб кетган томорқалар юлғунзорга айланиб улгурган. Қудуқлар ичишга сув бермайди...

Одам табиати қизиқ. Яратади – ҳузур-ҳаловат топади, бузади – бундан ҳам кўнгли ором олади. Ё тавба-а-а!..

Дунёда ҳакам бор табиат отлиғ,

Аслида ҳаётга у ўзи асос.

Меҳру муҳаббатга туҳфаси тотлиғ,

Шафқатсизлик учун олади қасос!

 

Мадрим МАДРАҲИМОВ,

Халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгаши депутати




Ўхшаш мақолалар

«Қўшним  йўлбарс боқмоқда...»

«Қўшним йўлбарс боқмоқда...»

🕔15:14, 10.05.2024 ✔30

Жонзотлар учун энг муҳим нарса бу озуқа бўлса, ёввойи ҳайвонлар учун иккинчи муҳим нарса бу уларнинг табиат қўйнида эркин яшашидир.

Батафсил
Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи  «бемор»

Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи «бемор»

🕔17:00, 02.05.2024 ✔52

Уйимизни қай даражада тоза сақласак, табиат ҳам худди шундай муносабатга муҳтож. Аммо атроф-муҳитга назар ташланса, бутунлай бошқача манзара. Табиат бизга, наҳотки, ўгай бўлса?!.

Батафсил
Табиатнинг  жонкуяр қизи

Табиатнинг жонкуяр қизи

🕔16:57, 02.05.2024 ✔44

Бир неча 10 йилдан сўнг дунё манзараси қандай бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Инсониятнинг ҳаёт кечириш тарзи қай тарзда ўзгариши мумкинлиги ҳақида-чи? Ҳозирги кунда тобора глобаллашиб бораётган экологик муаммолар таъсирида атроф-муҳит қай ҳолга келади?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Қўшним  йўлбарс боқмоқда...»

    «Қўшним йўлбарс боқмоқда...»

    Жонзотлар учун энг муҳим нарса бу озуқа бўлса, ёввойи ҳайвонлар учун иккинчи муҳим нарса бу уларнинг табиат қўйнида эркин яшашидир.

    ✔ 30    🕔 15:14, 10.05.2024
  • Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи  «бемор»

    Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи «бемор»

    Уйимизни қай даражада тоза сақласак, табиат ҳам худди шундай муносабатга муҳтож. Аммо атроф-муҳитга назар ташланса, бутунлай бошқача манзара. Табиат бизга, наҳотки, ўгай бўлса?!.

    ✔ 52    🕔 17:00, 02.05.2024
  • Табиатнинг  жонкуяр қизи

    Табиатнинг жонкуяр қизи

    Бир неча 10 йилдан сўнг дунё манзараси қандай бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Инсониятнинг ҳаёт кечириш тарзи қай тарзда ўзгариши мумкинлиги ҳақида-чи? Ҳозирги кунда тобора глобаллашиб бораётган экологик муаммолар таъсирида атроф-муҳит қай ҳолга келади?

    ✔ 44    🕔 16:57, 02.05.2024
  • «Кемалар  қабристони»да  табиатнинг  йиғиси  эшитилади

    «Кемалар қабристони»да табиатнинг йиғиси эшитилади

    Қорақалпоғистоннинг олис Мўйноқ туманида иккита ажойиб музей борлигини биласизми? «Мўйноқ экология музейи» ҳамда «Орол денгизи тарихи музейи» ҳамиша қизиқувчилар билан гавжум.

    ✔ 32    🕔 16:54, 02.05.2024
  • Соғлом ҳаёт  ва барқарор  келажакка шунчаки  эришиб бўлмайди!

    Соғлом ҳаёт ва барқарор келажакка шунчаки эришиб бўлмайди!

    Ҳамма бирлашсагина бирор натижага эришиш мумкин

    ✔ 22    🕔 16:44, 02.05.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар