Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилХалқ орасига кириш, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш ҳамда уларнинг дардини эшитиб, оғирини енгил қилиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан. Сайловчилар оғирини енгил қилиш, аҳолига муносиб шарт-шароит яратиб беришда депутатлар фаоллиги керак бўлади.
Халқ депутатлари Ғузор туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатлар ҳам халқ вакили сифатида аҳоли билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билгани ҳолда фаолият юритишмоқда. Хусусан, аҳоли мурожаатларини тинглаш, жойига чиқиб ўрганиш, партиянинг мақсад ва ғояларини сайловчилар орасида тарғиб этиш депутатлик гуруҳининг доимий фаолият мезонига айланган.
Партиямиздан Ғузор туман кенгашига сайланган тўрт нафар депутат томонидан сайловчиларни қийнаб келаётган муаммолар – аҳолини газ, электр энергияси, кўмир, ичимлик сув билан таъминлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, йўлларни таъмирлаш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш каби жами 100 га яқин мурожаатлари эшитилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мурожаатларнинг аксарияти ўз ечимини топган. Айримлари рад этилган, вақт ва ўрганиш талаб этиладиган баъзи мурожаатлар эса мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал этилмоқда. Мурожаатларни тинглаш ва ҳал этишда Халқ депутатлари Ғузор туман Кенгашидаги Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи вакиллари Тўлқин Алманов, Комил Исмоилов, Нилуфар Раупова ҳамда Ғанишер Бароқовнинг жипслиги, тажрибаси ҳамда изланишлари қўл келмоқда. Аҳоли оғирини енгил қилишда, муаммоли мурожаатларни ўз вақтида ҳал этишда ўзаро ҳамжихатликда иш олиб борилмоқда.
Куни кеча Халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзЭП депутатлик гуруҳи аъзоси Ғанишер Бароқов ҳам сайловчилар билан учрашганида муҳим масалаларга эътибор қаратди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммо ва таклифлари тингланиб, ҳудуддаги эҳтиёжманд сайловчилар ҳолидан хабар олинди.
Янги ўқув йили бошланиши олди эмасми, бозорларда мактаб формаси ва ўқув қуроллари сотиб олиш авж олган. Табиийки, нархлар ҳам бироз қимматлашди. «Гулистон» маҳалласида яшовчи чин етим Асал Қодирова ҳамда отасиз Дилдора Нурмаматованинг оиласидаги етишмовчиликлар сабаб мактаб учун керакли уст-бош ва ўқув қуроллари сотиб олишга имкон топилмади. Бундай оилалар ҳолидан доимий хабар олиб келаётган депутат Ғ.Бароқов ташаббуси билан Асал Қодирова, Дилдора Нурмаматова каби эҳтиёжманд оилада яшаётган ўқувчи ёшларга мактаб формалари, сумка ва бошқа ўқув қуроллари ҳомийлик асосида олиб берилди.
Шунингдек, халқ вакили 20 дан ортиқ фуқароларнинг ўйлантираётган масалалари хусусида фикрлашди, ишсизлар бандлигини таъминлаш, тиббий ёрдам бериш, моддий ёрдам тайинлаш, йўл, электр энергияси билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатларига ечим излаб тегишли масъулларга белгиланган муддатларда бартараф этиш юзасидан таклифлар киритилди. Эҳтиёжманд оилаларга кўмир, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Депутатнинг хайрли ишлари бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.
«Батош»нинг бардошли депутати
Халқ депутатлари Ғузор туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, «Аёллар қаноти» фаоли, тумандаги «Батош» маҳалласи раиси Нилуфар Раупова ҳудуддаги меҳнатсевар аёл – фидойи депутат сифатида эътироф этилади. Унинг аралашувида фуқароларни қийнаётган кўплаб муаммолар ҳал этилмоқда.
Нилуфар Раупова партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, инсонлар саломатлигини асраш ва аҳолининг экологик саводхонлигини оширишга эътибор қаратади. Шу мақсадда аҳоли ўртасида тез-тез оммавий ҳашарлар, дарахт экиш акциялари ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилиб, тарғибот тадбирлари ўтказилади.
Унинг бевосита ташаббуси билан ободончилик ишлари доимий амалга оширилиб келинади. Ободлик бор жойда барака бўлади, деган ақидага амал қилади Нилуфархон. Зеро, тозалик, озодалик барчамизнинг қон-қонимизга сингиб кетган эзгу фазилат саналади.
Аҳолини қийнаётган барча муаммолар депутат аралашувида бирма-бир ҳал этилмоқда. Жумладан, яқинда маҳалла аҳолиси эски симёғочлар фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолганлигини айтиб, депутат ҳузурига келишган эди. Ўрганишларга кўра, «Батош» маҳалласи Катта қишлоқ кўчаси аҳолиси йиллар давомида симёғочлар яроқсизлигидан азият чекиб келган. Кўп йиллар давомида аҳоли эътирозига сабаб бўлиб, турли ноқулайликларни келтириб чиқарган эски симёғочларни янгисига алмаштириш унчалик осон бўлмади. Депутатнинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати сабаб масъул идоралар билан биргаликда ниҳоят муаммо ҳал этилди. Қишга тайёргарлик олдидан ҳудудга янги симёғочлар ўрнатилиб, хавф бартараф этилди.
Ҳудудда юзага келган яна бир муаммо ҳақида фуқаро Феруза Раҳматуллаева депутатга мурожаат қилди. Унинг айтишича, зовур ковланиши жараёнида қурувчиларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида кўприк бузилган. Ушбу мурожаат жойига бориб ўрганилди ва қурувчилар ҳамда кўчабошилар билан биргаликда ҳашар тарзида янги кўприк қуришга келишиб олинди.
Маълумки, Ғузор туманида ичимлик сув муаммо ҳисобланади. Ўтган ой давомида «Батош» маҳалласининг «Коркин Батош» кўчасида ичимлик сув қувурлари ўтказилиб, 100 та хонадон ичимлик сув билан таъминланишида ҳам депутат ташаббус кўрсатди.
Сайловчиларни қийнаётган масалалардан яна бири ички йўлларни таъмирлаш эди. «Батош» маҳалласи ҳудудидаги 1,5 километр масофадаги йўлнинг асфальт килинишида ҳам Н.Раупова бош-қош бўлди.
Депутатнинг яна бир ажойиб иши ёшлар, хотин-қизлар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказиб туришидир. Соғлом турмаш тарзини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш мақсадида волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби мусобақалар одат тусига кирган. Беллашувлар давомида ғолиб деб топилган иштирокчиларга эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар топширилади. Йиғилганларга соғлом турмуш тарзига амал қилиш, оилаларда ҳам эрталабки бадантарбия машқларини йўлга қўйиш, тўғри овқатланиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилади.
Айниқса, хонадонма-хонадон юриб, кимнинг уйида қандай муаммоси ёки имкониятлари борлигини ўрганиб боришни депутатимиз доимий одатга айлантирган. Шунга қараб оилаларнинг эҳтиёжи қондирилади, ёрдам қўли чўзилади.
– Атроф муҳитни муҳофаза қилиш борасида ўтказиладиган тарғибот тадбирларимизга маҳаллалардаги намунали оилалар вакилларини таклиф қиламиз, – дейди Нилуфар Раупова. – Айниқса, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида қилинаётган ишлар қамровини кенгайтириш мақсадида ёшларнинг иштироки кўпроқ таъминланмоқда. Ёш табиатсеварлар кўмагида эҳтиёжманд хонадонларга бепул кўчатлар тарқатилиб, экишга ёрдамлашилади. Шунингдек, хонадонлар атрофини тоза тутиш, дарахтлар ва гуллар экиш бўйича доимий кўрсатмалар берилади. Экилган дарахтлар парвариши эса доимий назоратда.
Албатта, амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлардан сайловчилар миннатдор. Фидойи депутатлар эса галдаги вазифалар, режалар ҳақида бош қотириб, эзгуликлар сари йўл олаверади.
Сожида АЛЛАЁРОВА,
ЎЭП Қашқадарё вилоят кенгаши
Ёшлар, аёллар ва ОАВ билан ишлаш бўйича бош мутахассиси
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил