Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилЎсимликлар дунёси ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Тадқиқотларга қараганда, 1 гектар майдондаги дарахтзор бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади.
Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, тўртта дарахт бир кишининг кислородга эҳтиёжини қондиради. Шу боис, яшилликни асраш ва кўпайтириш масаласи доимо долзарб.
Мамлакатимизда мазкур йўналишда ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда яшил майдонларни кенгайтириш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш баробарида экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масаласига жиддий эътибор қаратиляпти.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, республика аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси қабул қилинди. Концепция доирасида тизимли равишда тегишли «йўл харита»лари ва давлат дастурлари амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, қимматбаҳо навли дарахт ва буталар кесилишига мораторий жорий қилиниб, мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида экологик йўналтирилган ёндашув мамлакатнинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлиб ҳисобланишини англаган Ўзбекистон Экологик партияси дарахт кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасида муҳим иштирокчи сифатида фаоллик кўрсатмоқда. Партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси жамиятда экологик ҳуқуқбузарликларга қарши парламент ва жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириб келмоқда.
Умуман олганда, экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифаси жамиятда экологик онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кўришдан иборат. Бироқ экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмагани ва уларга комплекс ёндашилмаётгани, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш самарадорлиги мавжуд эмаслиги кутилаётган натижаларни бермаяпти. Жамиятда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш соҳасида, ер, сув ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиши борасида экологик ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда, улар сонининг ошиб бориши эса экологик барқарорликка путур етказмоқда.
Ваколатли органларнинг етарли даражада ташаббус кўрсатмагани, лозим даражадаги идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилмагани, амалга оширилган чора-тадбирларнинг ўзаро номутаносиблиги экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришни талаб этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий институти жорий этилган. Лекин, бугунги кунда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий институтини мақбул даражада ишлаяпти, деб баҳолай олмаймиз. Хусусан, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари 2020 йилда 3960 та, 2021 йилда 4703 та, 2022 йилда 4673 тани ташкил этган, амалдаги жарималарнинг етарли даражада тийиб туриш таъсирига эга эмаслигини кўрсатмоқда.
Шу сабабли сўнгги вақтларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътирозларини келтириб чиқармоқда. Жумладан, ўтган 2022 йил давомида электрон оммавий ахборот воситаларида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилишига доир 50 дан ортиқ материаллар эълон қилинган.
Мисол учун, яқинда Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудида қурилиши режалаштирилган халқаро автомобиль йўлини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилояти ҳудудида 21,8 минг, Бухоро вилояти ҳудудида эса 28,9 минг, жами 50 мингдан ортиқ дарахтларнинг кесилиши мумкинлиги эътирозларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Экологик партиясининг вакиллари ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, эксперт ва мутахассислар ҳамкорликда жорий йилнинг 29 июль куни Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида ўрганиш ишларини олиб боришди. Ташкил этилган махсус ишчи гуруҳи томонидан кесилишга тушган барча дарахт ва буталар инвентаризациядан ўтказилди ва уларни сақлаб қолиш бўйича тавсиялар берилди. Бугунги кунда йўл қурилиши лойиҳасига ушбу таклифларни инобатга олган ҳолда ўзгартишлар киритишга эришилди.
Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ижроси юзасидан олиб борилган парламент назорати натижаларида республика бўйича 2022 йилда жами 4,5 млн. кўчат суғориш тизимини ҳисобга олмасдан экилгани,
2022 йил баҳор мавсумида экилган 79,7 млн. кўчатдан 2,7 млн. тупи сувсизликдан, 1,9 млн. тупи қумли, тошли ерларга, мавсумдан кечикиб ёки касалланган ҳолатда экилиши оқибатида қуригани аниқланган.
Экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда бу бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида қуйидагилар тавсия этилади:
– фуқароларнинг экологик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, шу жумладан, бу борада аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотларни йўлга қўйиш;
– экологик ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали экологик ҳуқуқбузарликлар содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш;
– ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг мукаммал иш шакли ва услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек ижтимоий фикр, профилактик ишлар натижасидан фуқароларнинг қониқиш ҳосил қилиши ва аҳоли билан ҳамкорлик даражасини инобатга оладиган баҳолашнинг аниқ мезонларини жорий этиш;
– идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан видеокузатув, электрон ҳисобга олиш ва ўзаро ахборот алмашиш, идоралараро маълумотлар базалари тизимларини профилактик ишларга кенг жорий этиш;
– жамоатчилик экологик назоратини кучайтириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш;
– ҳуқуқбузарликлар профилактикасига фуқаролар ва жамоат ташкилотларини, шу жумладан уларни моддий ва бошқача тарзда рағбатлантириш орқали жалб этиш механизмларини такомиллаштириш лозим.
Бир сўз билан айтганда, экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органларининг, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, ўзимиз, оила аъзоларимиз табиат ва жамият олдидаги масъулиятни доимо ҳис қилиб яшаш, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан муносабатда бўлмаслик, табиат неъматлари қадрига етиб яшаш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.
Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик
партияси фракцияси аъзоси
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил