Саломатлик      Бош саҳифа

Экологик ноқулай шароитда тўғри овқатланиш қоидаларини биласизми?

Ҳозирги  пайтда инсониятнинг яшаш муҳит-шароити бундан 50-60 йил бурунги ҳолатига қараганда йилдан-йилга ёмонлашиб айрим касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бундай умумий экологик вазиятнинг бузилишида ҳам табиий, ҳам техноген омиллар ўзининг салбий жиҳатлари билан иштирок этяпти.

Экологик  ноқулай шароитда  тўғри овқатланиш  қоидаларини биласизми?

Ушбу омиллар ичида антропоген омил энг сезиларли ва хавфли бўлиб, бу борада кишилар билиб-билмасдан ўзи яшайдиган экологик муҳитни яроқсиз қилиб қўймоқда. Дунё бўйича двигателли транспорт воситаларининг кўпайиб кетиши боис улардан атмосферага чиқаётган қолдиқлар (СО2 ва бошқа органик ва анорганик бирикмалар), асфальт йўл юзасининг ғилдираклар билан ишқаланиб тарқаладиган хавфли кимёвий бирикмалар, заводлар, ҳавога электростанциялар ва бошқалардан буруқсиб чиқаётган тутунлар ҳавонинг ўта ифлосланишига олиб келмоқда. Кейинги йилларда кузатилаётган йирик шаҳарларда (масалан, Пекин каби кўп миллионли аҳоли яшайдиган мегаполисларда) кўча-кўйда ифлосланган ҳаводан нафақат нафас олиш, ҳатто атрофни кўриш ҳам кескин хиралашиб бориши айтиб ўтилган фикрларимизнинг айнан далилидир.

Боз устига, кундалик бозор-ўчарлар учун ишлатиладиган полиэтилен халталар, сув ва бошқа ичимликлар учун фойдаланиладиган пластмасса идишларнинг улардан осонгина қутилиш мақсадида ёқиб юборилиши ҳавонинг ўта хавфли моддалар билан аралашишидан келадиган зарарнинг қиёси йўқ. Шуни ҳам қайд қилиш жоизки, инсоният тараққиётининг ҳозирги даврига келиб ядро энергиясидан фойдаланмасликни тасаввур қилиш қийин, чунки бошқа энергия манбалари тобора камайиб бормоқда. Бу ҳол ўз навбатида АЭСларидан фойдаланиш зарурлигини кўндаланг қилиб қўймоқда. Бу дегани атроф муҳитга ҳар қанча эҳтиёткор чоралар кўрилишига қарамасдан АЭСлардан радиоктив изотоплар тарқалиши ва ундан тирик табиатнинг зарарланишига олиб келади. Сайёрамизда амалга оширилган ва келажакда бундай портлатишлар содир бўлмаслигига кафолат йўқлиги айтилган хавф-хатарни янада кучайтиради. Антропоген омиллар таъсирида қуёшдан тарқаладиган зарарли нурлардан ҳимоя қилиб келган озон қатламидаги туйнукларнинг кенгайиб бориши ҳам ўта ташвишли ҳол.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш мақсадида ишлатиладиган пестицидлар, ўғитлар ва бошқа моддалар орқали тупроқ, сув, ҳаво ва истеъмол қилинадиган маҳсулотларнинг заҳарланиши инсоният соғлигига офат бўлмоқда. Бундай зарарли моддаларнинг вужудга ўтишида ҳаводан кейин озиқланиш омили энг муҳим ўрин эгаллайди. Айниқса, кейинги пайтларда экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик сувининг тақчил бўлиб бораётгани ўта ташвишли ҳол ҳисобланяпти. Бунинг олдини олишда қайд қилинган шароитда қандай овқатланиш кераклиги ва уни соғломлаштириш борасида тегишли нутриентив саводхонликни ошириш энг муҳим чора-тадбир ҳисобланади.

Ҳозирги замон нутрициологияси ва диеталогияси эришилган ютуқларни халқ оммаси орасида кенг кўламда тарғиб қилиниши организмга турли йўллар билан кириб қолган ёт моддаларнинг вужуддан тезроқ чиқиб кетишини таъминлашда ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи табиий омиллардан ҳимояланишда ёки улар таъсирини камайтиришда алоҳида аҳамият касб этади. Нутриентлардан кальций айрим заҳарли моддаларнинг (масалан, фторнинг) суякларда узоқ вақт сақланиб қолишига қаршилик кўрсатса, витамин С унинг вужуддан чиқиб кетишини таъминлайди. Кўпгина ёт моддалар, заҳарли моддалар организмда доимий суратда рўй бериб турадиган оксидланиш, қайтарилиш ва гидролитик парчаланиш натижасида (жигар ва бошқа аъзоларда) зарарсизлантирилади, тер, пешоб, сўлак, ахлатлар, нафас чиқариш билан чиқариб юборилади.

Кейинги пайтларда бошқа экологик ноқулайликларга қараганда радиактив моддалардан тарқаладиган нурдан тирик табиат, шу жумладан, инсон организми кучли салбий ўзгаришларга учраб унинг барча тизим ва аъзолари меъёрий физиологик ҳолатлардан четга чиқиб кетмоқда. Улардан имкон даражасида кам зарарланиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўриш борасида ҳамма учун муҳим бўлган радиактив моддаларнинг умумий ҳолда бўлса-да ўзига хос хусусиятлари, манбалари, истеъмол таомларида учраши ва озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш йўллари билан танишиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Даставвал шу нарсани айтиб ўтиш жоизки, радионуклидлар таъсирида нурланишнинг биологик асосида тўқима ва ҳужайраларда эркин радикаллар (Н, ОН, Н2 ,­
О2) ҳосил бўлиб, улар ДНК ва РНК миқдорини кескин камайтириб юборади, уларнинг янгиланиш жараёнлари издан чиқади. Радио­нуклидлар табиий ва техноген хусусиятли бўлиб тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув орқали инсон организмига ўтади. Улар тупроқ таркибида узоқ йиллар давомида сақланиш хусусиятига эга. Денгиз маҳсулотлари, артезиан ва булоқ сувлари таркибида радионуклидлар кам бўлса, ёмғир, қор ва эриган сувларда ҳамда улар билан суғориладиган ўсимликларда (денгиз, полиз, ҳайвон маҳсулотлари, мева-чевалар ва бошқалар) эса мўл бўлади. Нон ва ун маҳсулотлари билан вужудга энг кўп радионуклидлар кирар экан. Иккинчи ўринда сут ва учинчи ўринда картошка, полиз, сабзавотлар, кейин гўшт, гўшт маҳсулотлари киради.

Тананинг турли қисмларига кириб қолган радионуклидларнинг вужудни тарк этиш муддати ҳар хил бўлади, масалан, юмшоқ тўқималар ва ички аъзоларга озиқ-овқат маҳсулотлари билан етиб борган цезий, молибден, йод, теллурлар суяк тўқималарига ўрнашиб олган плутоний, борий, цирконий, стронций ва лантаноидларга қараганда тезроқ чиқиб кетади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги радионуклидлардан уларни ювиш, тозалаш йўллари билан яхшигина қутилиш мумкин. Сабзавотлар ва мевалар чой содаси қўшилган сув билан ювилганида айтилган радио­нуклидлар тез ажралиб кетади. Шундай сув билан ювилган сабзи, помидор ва исмалоқлар 20–22 фоиз, лавлаги ва картошкада 30–40 фоиз дуккаклиларда 60 фоизгача радионуклидлар камайган. Илдиз мевали маҳсулотларнинг (сабзи, лавлаги, шолғом) бош қисмида радиоктив ва бошқа зарарли элементлардан (кадмий, симоб, қўрғошин) 80 фоизгача тўпланган бўлади. Шунинг учун уларнинг бу қисмини истеъмол қилишдан олдин 1-1,5 сантиметргача кесиб ташлаш керак. Карамнинг бундай моддаларга бой қисми унинг ўзаги ҳамда ташқи ўраб турган барги ҳисобланади. Шунинг учун уларнинг ушбу қисмларини ишлатмаслик керак. Шунингдек, меваларнинг пўстида радионуклидлар кўп тўпланган бўлади, шу боис уларни содали сувда яхшилаб ювиш ёки арчиб ташлаш лозим.

Маҳсулотлар тоза сувда қайнатилганда улардаги радионуклидларнинг 40 –50 фоиз сувга чиқиб кетади. Агар гўшт балиқ, картошка ва бошқалар ёғда қовурилса, улардаги радиактив моддалар қарийб камаймас экан, чунки қирсиллаб синадиган маҳсулот юзасидан бу моддалар жуда қийин ажралади. Шунинг учун таомларнинг соғлом бўлишида қайнатиб тайёрлаш йўлини танлаш кони фойда, яъни бундай овқатлар, биринчидан, осонлик билан ҳазм бўлса, иккинчидан, радионуклидлардан етарли даражада тозаланади.

Ўлкамизда қайнатма шўрва энг севимли таом ҳисобланади. Лекин ҳозирги пайтда танасига маълум миқдорда радионуклидлар сингмаган ҳайвонларни (қўй, товуқ, қора мол, балиқ) топиш қийин. Уларнинг емишида, ичадиган сувида экологик ноқулайликлар боис айтилган моддалар бисёр. Шунинг учун шўрва тайёрлашда унинг юзига чиққан кўпикни қолдирмасдан олиб ташлашни унутмаслик керак. Ҳар қандай  гўшт қайнатилиб тайёрланган суюқ таомлар шўрвасидан иложи борича камроқ истеъмол қилиш лозим. Ҳеч бўлмаганда гўшт совуқ сувга солиниб ўн дақиқа давомида қайнатилганидан кейин суюқликни тўкиб ташлаш ва яна қайтадан тоза сув солиб тайёрланган шўрвадан фойдаланиш танамизга кирадиган радионуклид­ларни икки баравар камайтирар экан.

Таомлар билан организмга кириб қолган радионуклидларни ўз вақтида чиқариб юборишда айрим озиқ моддаларнинг ўзи ҳам қатнашади. Уларга даставвал кальций элементи киради. У стронцийнинг чиқиб кетишини енгиллаштиради. Тухум пўчоғидаги кальций организм томонидан осон ўзлаштирилади, шу боис уни майда кукун ҳолига келтириб эрталаб творог ёки бўтқа билан истеъмол қилиш (кунига 2-6 г) танани радионуклидлардан ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди. Шундай хусусияти билан бедана тухуми алоҳида ажралиб туради. Ундан истеъмол қилиб туриш организмни радиактив моддалардан ҳимояланишида яхши самара беради. Шундай усул билан Чернобиль фожиасида нурланган болалар даволанган. Бедана тухумининг бундай хусусияти унинг таркибида оқсиллар, аминокислоталар ва витаминларнинг бошқа маҳсулотларга қараганда кўплигидир.

Қора жавдар унида фитин моддаси кўп бўлгани сабабли бундай нон организмни радиактив стронцийдан яхши ҳимоя қилади. У ичаклар орқали радионуклидлар сўрилишига тўсқинлик қилади.

Шундай ўсимликлар ҳам борки, улар туп­роқ ва сувдаги радиактив моддаларни ўзларига қабул қилмай ўсиб яхши ҳосил беради. Бундай ўсимликлар сирасига ернок киради. Ернокнинг яна бир хусусияти борки, унинг таркибида глюкоза бўлмасдан фақат фруктоза бўлади. Бу ҳол унинг мевасидан истеъмол қилиш қандли диабет билан хасталанганлар учун асқотишини кўрсатади.

Кимёвий заҳарланиш ҳолларида даволовчи ва соғлом овқатланишга ўтишда рацион таркибидан шўр, аччиқ, дудланган маҳсулотлардан бутунлай воз кечиб, аччиқ қалампир, сирка, майонез қўшилган таомлардан фойдаланмаслик даркор. Таомларни асосан қайнатиб ва буғда пишириб истеъмол қилиш кони фойда.

 

Шониёз ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор,

 

Гулноза БЎРОНОВА,

биология фанлари бўйича фалсафа доктори




Ўхшаш мақолалар

Чойни  қоғоз стаканда ичсангиз...

Чойни қоғоз стаканда ичсангиз...

🕔20:38, 15.02.2024 ✔122

Йўл-йўлакай бир марталик идишларда иссиқ ичимликлар – чой, қаҳва сотиб олиб ичиб кетишга одатланганмиз. Эҳтиёжга яраша бугун қоғоз стаканларга бўлган талаб ҳам ошяпти.

Батафсил
Идиш ювиш воситалари – ҳам соғликка, ҳам табиатга зарар

Идиш ювиш воситалари – ҳам соғликка, ҳам табиатга зарар

🕔22:33, 09.02.2024 ✔131

Ошхона идиш­ларини ювишда кўпчилик кимёвий геллардан фойдаланади. У ёғни яхши кетказади, идишни ярқиратади. Бироқ бундай турдаги воситалар ўта зарарли эканини биласизми?

Батафсил
Касалликлар профилактикаси бўйича ҳар куни  SMS хабар  оласиз

Касалликлар профилактикаси бўйича ҳар куни SMS хабар оласиз

🕔16:47, 25.01.2024 ✔106

Ўзбекистонда ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига масъуллигини ошириш режалаштирилмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар