Табиат      Бош саҳифа

Ноёб табиат ёдгорлиги нега эътибордан четда қолмоқда?

Хоразм заминининг ёзда 40-45 даражагача иссиқ, қишда ҳам шу даражада совуқ бўладиган об-ҳавоси, барибир, деҳқончилик учун қулай имкониятларни яратган. Қандай қилиб дейсизми?

Ноёб табиат ёдгорлиги  нега эътибордан  четда қолмоқда?

Пахта, ғалла, мева-сабзавотлар, табийки, ўта иссиқни ёқтирадиган қишлоқ хўжалиги экинлари тоифасига киради. Тасаввур қилинг, 40 даражадаги саратонда қандай қилиб бу экинларни парвариш қилиш мумкин? Ҳар бир йирик-йирик далалар ўртасида қурилган ҳовузлар атрофидаги соя-салқин, барглари сувга тегай-тегай деб турган баравж гужумлар ҳордиқ онларида одамларни ўз бағрига чорлайди. Чиннидай озода, атрофига сув сепилган сўриларда аёллар бир тараф, эркаклар бир тараф бўлиб, тўкин дастурхон атрофида гурунг қилишлари қишлоқ меҳнат аҳлининг такрорланмас онларидир.

— Гужум ҳақиқатан ҳам воҳа табиатининг рамзи саналади, – дейди яқинда муборак саксон ёшини қаршилаган, узоқ йиллар собиқ Огаҳий номли жамоа хўжалигида раис вазифасида меҳнат қилган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Отаназар ака Пирназаров. — Кечагидек эсимда: ўтган асрнинг етмишинчи йилларида она табиатимизга аэропландан бутефос сепдик. Бу қилмишимиз гарчи пахтани тезроқ очилишига хизмат қилган бўлса-да, боғ-роғларга, ўсимлик оламига, қолаверса, одамлар соғлигига анча зарар етказди. Оқибатда табиат мувозанати бузилди, ҳар хил зарарли ҳашоротлар кўпайди. Улардан бири дов-дарахтлар ҳамда пахсали уйларга қирон келтирган «шаҳар мўйловдори», яъни термит қуртидир. Бундан, айниқса, ҳозирда долзарб муаммога айланаётган навқирон гужумлар кўпроқ азият чекди. Натижада 100-150 йиллик дарахтлар турган жойида қурий бошлади. Илмий-тадқиқот муассасалари олимлари ўрганишларига қарамай, термитни бутунлай йўқотишга бирон-бир чора топилмади. Қайтанга мажлисбозлик, йиғилишлар кўпайди.

— Ўшанда мен бунинг бошқача чорасини ўйлаб топдим, – дея яна сўзини давом эттиради Отаназар ака. – Қишлоқдаги кўпни кўрган, элга меҳнати синган қария­ларни бир жойга чақирдим. «Қани, отахонлар, эл бошига мана шундай кунларда иш тушса, қараб ўтириш ярамайди, бирор чорасини топмасак бўлмайди», — дедим. Ким нима деса, деди, аммо бирор тўхтамга келолмадик. Шунда мен гапнинг пўсткалласини айтдим.

— Фақат бир йўли бор. Қуриганларини кесиб, ўрнига иккитадан-учтадан нарвон (гужумни Хоразмда нарвон ҳам дейишади) экамиз. Қараб ўтиришдан фойда йўқ. Термит бақувват танани емиради. Ёш ниҳол ўсишдан тўхтамайди, қолаверса, томирларида сув югуради. Табиийки, термит сувдан қўрқади.

Қариялар фикримни қўллаб-қувватлашди. Бутун қишлоқ бўйлаб, минг тупдан ортиқ гужум экдик. Бизнинг ишимизни кўриш учун вилоятдан раҳбарлар ҳам етиб келишди.

— Манаман деган олимларнинг ҳам етти ухлаб тушига кирмаган ишни қилдингиз. Баракалла!

— Бир вақтлари Хива туманига раҳбарлик қилган Мадаминжон ака Маткаримовнинг самимий эътирофидан сўнг Эски Қиётда – Огаҳий туғилган қишлоқда туғилган ташаббусимиз бутун вилоят бўйлаб ёйилди. Хушхабарнинг қаноти бор, деганларидек эзгуликдан ўрнак олганлар сафи кўпайди. Дала шийпонлари, ҳовуз бўйлари, ҳатто хонадон олдиларига ҳам гужум ниҳоллари ўтқазилди.

Ҳозир ўйлаб қарасак, хайрли ишларимизнинг бошланганига эллик йилдан ошибди. Тўғри, ҳаммаси бир текис тутиб, гужумдек соя берди, деб айтолмайман. Минг тупидан қарийиб 50-60 фоизи камолга етганига аминман.

Ёмоннинг эгаси йўқ, яхшиликнинг эгаси кўп, дейишади. Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ деганларидай, гужумлар вилоятимизнинг кўрку жамолини янада яшнатиб юборди. Дала ўртасидаги жаннатмонанд, қалин гужумлар соя берган ҳовуз бўйида бир пасгина салқин шабададан баҳра олганга нима етсин?!

Хива — сайёҳлар шаҳри. Қадимий қалъанинг катта ва баланд, очиқ айвон саҳнидаги у ер-бу ерида сақланиб қолган кекса гужумларга хорижий меҳмонлар ҳам суқланиб боқишади. Дунёнинг ҳеч бир жойида учрамаган бу дарахт турига ажабланмасдан илож йўқ.

— Айтинг-чи, гужумларни бошқа вилоятларда ҳам кўчириб ўтқазиш тажрибаси қўлланилганми? — сўрадим Отаназар акадан.

— Бунисини билмадим-у, лекин астойдил, чин кўнгилдан бу ишга бош қўшишса, меҳр қўшилган жойда, албатта, хоҳлаган дарахт кўкаради.

Шу ўринда Отаназар аканинг ўринли сўзига иқтибос келтирмоқчиман. Ўзбекис­тонимизнинг яшил марвариди Фарғона вилоятидаги Водил қишлоғида минг йиллик чинорлар яшнаб турибди. Ана шундай азим дарахтнинг таг-тубкасида чойхона борлигига нима дейсиз?!

Ҳа, ўлкамиз чинакам бетакрор ажойиботларга, ғаройиботларга тўла.

Сурхону Қашқадарёга йўлингиз тушса, кенг сарҳадлар бўйлаб туташиб кетган арчазорларга кўзингиз тушади. Бамисоли ўрмонзор дейсиз. Кейинги йилларда арча дарахтларини Хоразм шароитида ўстириш мақсад қилинди. Бу ўзининг самарали мевасини бера бошлади. Лекин иссиқ саратон пайтида ҳеч бир дарахт гужумчалик ўрин босолмаса керак.

Президент навбатдаги ташаббусларидан бирини «Яшил йиллик» деб бежиз атамади. Ҳар бир жонзот табиатнинг бағридан баҳра олишга интилади. Шу боис яшил бойлигимизни асраш учун умуммиллий ҳаракат бошланди. «Бирни кессанг, ўнни эк!» деган ота-боболаримиз. Лекин шу таомилга ўзимиз риоя қиляпмизми? Афсуски, йўқ. Кейинги йилларда она табиатимизга, хусусан, дов-дарахтларга қирон келтираётганимиз кечирилмас ҳолдир. Оролнинг қуриган қисмига саксовул ва буталар уруғини неча минг километрдан олиб келиб экаётган бир пайтда ёнгинамиздаги одамлар ўсиб-яшнаб турган дарахтларнинг танасига болта урса-я!

Табиатимизга бундай эътиборсизлигимиз, шафқатсизлигимиз учун охир-оқибат табиат биздан ўч ола бошлайди. Ҳеч кимга сир эмас, тўфонлар, тошқинлар, бўронлар шуларнинг силсиласидир.

Яна Отаназар аканинг ҳовуз бўйидаги гужум соясида айтган гурунгларига қайт­сак.

— Давлат раҳбари айтмагунча, биз она юртимизни кўкаламзорлаштиришга эътибор қаратмаётган эдик. Қадимдан ажойиб урф-одатларимиз, улуғ анъаналаримиз, боқий қадриятларимиз бизнинг кимлар авлодидан эканимизни билдириб туради. Фарзандларимизга атаб дарахт кўчатлари ўтқазишни нега унутдик? Лоақал экилганлар парваришига нима учун эътибор қаратмаяпмиз?

Гужумларнинг соясида гап-гаштак қиламизу нега уларни ўстириш, янгиларини ўтқазиш тўғрисида ўйламаймиз? Уч-тўрт ишчига иш ўрни яратдик, деб бонг урамизу уч-тўрт дарахт ўтқазишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Биз келажак авлодга нима қолдирамиз?

Жавоби тезроқ топилмайдиган саволлар олдида яна ўйланиб қоламиз. Фақат изланиш, кашфиётлар яратиш табиат мувозанатини тўғри ўзанларга буриб юборишга хизмат қилади. Қолаверса, она табиатни, унинг бағрида бўй чўзган гужумдек табиат ёдгорликларини асраш сизу бизнинг қўлимизда. Демак, яшил бойлигимизни янада кўпайтиришни асосий бурчимизга айлантирайлик!

 

Шержон МАШАРИПОВ,

«Хива тонги» газетаси муҳаррири




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔12

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔16

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔12

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 12    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 16    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 12    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 37    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 30    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар