Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Япониялик келин

Бундан роппа-роса уч йил муқаддам Микако Сугаваранинг қизиқарли тақдири ҳақида газетамизда ёзган эдик. Яқинда яна унинг хонадонида меҳмон бўлдик, дилдан ўтган суҳбатимиз таассуротларини сизларга ҳам илиндик.

Япониялик келин

Япониялик Микако Сугавара Хоразм вилояти Қўшкўпир туманининг Ғозовот қишлоғида яшовчи Нурбек Рўзметов билан турмуш қуриб, бугун бахтли ҳаёт кечирмоқда.

...Нурбек акаси Умиджон ва бошқа ҳамқиш­лоқлари билан Тошкентда қурилиш фирмасига ишга киради. Уларнинг зиммасига янги қурилган катта бир ошхона биносининг сўнгги пардозлаш ишлари топширилади. Ишчилар бинонинг тайёр бўлган қисмида ётиб юришарди.

Кунлардан бир кун... фалокат оёқ остида деганларидай, саҳармардонда бинода ёнғин чиқади. Олов кўз юмиб очгунча бинонинг ҳамма жойини эгаллаб олади. Чўчиб уйғонган йигитлар ташқарига чиқишга уринадилар, бироқ қоронғи зимистонда чиқиш йўлагини топа олишмасдан аччиқ тутунда бўғилиб ҳушидан кетишади.

Бу фалокат туфайли Нурбек олтмиш фоиз куйиш жароҳатини олади. У Тошкентда касалхонада даволанарди. Кутилмаганда шифохонага Япониядан уч нафар шифокор хизмат сафари билан ташриф буюришади. Уларнинг орасида Микако Сугавара ҳам бор эди. Унинг зиммасига Нурбекка қараш вазифаси юклатилган эди. Микако беморнинг боши узра парвона бўлиб, иссиғи ва қон босимини ўлчар, қошиқ билан овқат едириб қўярди. Бу меҳрибонлик Нурбекка ижобий таъсир қилиб, тез тузала бошлади. Аммо танасининг кўп қисми куйгани боис қайта-қайта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. У икки йил касалхонада ётиб даволанди.

2011 йил кузида Нурбек қўлтиқтаёққа суянганча касалхонадан уйига қайтди. У шунга ҳам жуда хурсанд бўлди. Ахир, у деярли жонсиз танага айланиб қолганди-да.

Микако бир мунча муддат хоразмлик йигитдан хабар олиб турди. Сўнг эса ўз юртига жўнаб кетди. Нурбек унга ўрганиб қолган экан, ўзини жуда ёлғиз ҳис қила бошлади. Аксига олиб, қизнинг телефон рақамини ҳам олмаганди. Россияда ишлаётган оғаси Умидбекдан интернет орқали Микакони излаб топишни илтимос қилди. Ният холис бўлса, Худо мададкор бўларкан, орадан беш йил ўтиб Нурбек Микакони топди...

Ўзбек ва япон ёшлари турмуш қуриш тарихи ана шулардан иборат.

Бугунги кунда Микако Сугавара ва Нурбек Рўзметов жуда бахтиёр жуфтлик саналади. Яратган уларга бир нафар паҳлавондек ўғил ато қилган.

Ғозовот қишлоғидаги Рўзметовлар хонадонига ташриф буюрганимизда бизни саранжом-саришта, анвойи гуллар барқ уриб ўсиб турган ҳовли дарвозаси олдида ўзбекона кийинган япон аёли таъзим билан кутиб олди. Ҳовлидаги 30 килолик дошқозонда билқ-билқ этиб осмашўрва қайнаб турибди. Бош баковул Микако Сугавара экани маълум, чунки у  чўмичда бир томчигина шўрва олиб, кафтига томизди ва секингина ялаб, таом тузининг меъёрини текширган бўлди. Биз ундан нега чўмичнинг ўзида татиб кўрмаганини сўрадик. У овқат кўпчиликка тайёрланаётгани, шу боисдан қозонга ботирилаётган чўмич ёки қошиққа ҳеч кимнинг оғиз урмаслиги зарур эканини тушунтирди. Бу санитария-гигиена қоидаларига ҳам мувофиқ эканини таъкид­лади. Бизнинг ота-боболаримиз ҳам таом пиширишганида айнан ана шундай тартибда иш тутишарди.

– Бугун овсиним Муҳайё опанинг туғилган куни, қирқ ёшга киряпти. Ҳадемай қариндошлар келишади. Қўчқор сўйиб, нишонлаяпмиз, – дейди Микако қозондаги таомнинг тузини татиб кўраркан.

Ташрифимиз давомида Микако Сугавара билан экологик маданият ва атроф муҳит муҳофазаси ҳақида гурунг қилдик.

– Янга, – деймиз ҳовлидаги кат четида омонатгина ўтирганча, – туғилган юртингиз Япониядан Хоразмга келин бўлиб тушганингизга ҳам бир неча йил бўлди. Бизнинг ўлканинг табиатига кўникиш осон бўлмаган бўлса керак?

– Албатта, кўникишим осон бўлмади, чунки Японияда ҳамма ёқ кўм-кўк, табиат ҳар доим кишига завқ ва ором бағишлаб туради, – дея табассум билан гурунг қилади уммон орти ўлкаси вакили Микако Сугарава. – Қолаверса, Японияда ҳар доим иқлим ва об-ҳаво мўътадил, ёғингарчилик кўп бўлгани боис ҳаво мусаффо. Хоразмга келган кунимдаёқ теварак-атроф чанг-тўзон эканини кўриб анча ҳадиксираганман. Бу саломатлигимга жиддий таъсир қилса керак, деб ўйлаган эдим. Не бахтки, келин бўлиб тушганимга беш йилга яқинлашиб қолдики, бирор марта ҳам соғлиғимдан нолиганим йўқ. Мен доимий ҳаракатдаман, жисмоний иш билан банд бўламан. Уй ишлари: супир-сидирдан ташқари томорқада деҳқончилик қилиш, ҳар хил гуллар, дарахтларни парвариш қилишни яхши кўраман. Қаранг, ҳовлимизда турли хил гуллар! Уларни ўзим экиб, ўстирганман. Инсон меҳнати билан энг ёмон жойни ҳам гўзал маконга айлантира олади. Буни ҳар бир киши дилдан ҳис қилса, ҳаммаёқ обод ва кўркам бўлиб кетиши мумкин.

Микако бизни фахр билан ўзи яратган гулзор томон бошлайди. Гулларнинг уруғи ва кўчатларини туғилиб-ўсган юрти – Япониядан олиб келганини таъкидлайди. Яна у қовоқ, қовун-тарвуз уруғларини олиб келиб экиб, Хоразм тупроғида мўл ҳосил олганини айтиб берди.

– Қовоқ Японияда етиштирилганида унчалик ширин бўлмайди. Лекин Ғозовотдаги томорқамизга эккан эдик, ҳосили баракали ва бирам ширин бўлди. Бунинг сабаби нимада эканини ҳалигача билолмаяпман, – дейди жилмайганича Микако янга.

– Айтинг-чи, японларда табиатга, атроф муҳит тозалигига муносабат қандай?

– Табиатга меҳр, теварак-атрофни мусаффо ва озода сақлаш каби экологик маданият японларда оиладан шаклланади. Болалар оилада ота-оналар томонидан қушлар, ҳайвонлар, гуллар ва дарахтларга жуда меҳрли қилиб тарбияланади. Қолаверса, боғча ва мактабларда экомаданиятни оширувчи машғулотлар жуда кўп. Япон болалари агар қирғоққа чиқиб қолган балиқни кўришса, дарҳол сувга олиб бориб қўйиб юборишади. Ёввойи ҳайвонлар ва қушларни ҳеч қачон беҳуда ўлдиришмайди.

Японлар ҳеч қачон кўча ва хиёбонларга чиқинди ташламайди. Музқаймоқ, конфет қоғозлари ёки ичимликдан бўшаган идиш­ларни ўзлари билан олиб кетиб, ҳафтанинг маълум бир белгиланган кунлари келиб-кетадиган ахлат ташувчи машиналарга бериб юборишади. Одамлар, ҳатто ит ва мушуги бирор ўтлоқ ёки кўча-хиёбонларга нажас тушилса, уни елим халтачалар билан олиб, уйидаги чиқинди қутисига ташлашади.

Чиқиндилар ҳар бир хонадоннинг ўзидаёқ навларга ажратилади. Емак ва ичимликлардан бўшаган идишлар алоҳида, овқат қолдиқлари алоҳида, қоғоз- алоҳида қутиларга солинади. Ахлат ташувчи машиналар уларнинг ҳаммасини бирданига аралаш-қуралаш қилиб олиб кетмайди. Ҳафтанинг ҳар бир куни маълум бир тур ахлатни, яъни масалан, якшанба куни овқат қолдиқларини, душанба куни шиша идишларни, сешанба куни пластмасса ва целлофанлардан иборат чиқиндиларни олиб кетишади. Одамлар қайси куни ва қайси соатда кўчага қандай ахлатни чиқаришни билишади. Энг асосийси, ахлат ташувчи машиналар ҳеч қачон белгиланган соатдан бир дақиқа ҳам кечикмайди. Кечикиш – одамлар учун хиёнат саналади. Агар ахлат ташувчи машина кечикадиган бўлса, сабаблари очиқланиб, ижтимоий тармоқ ёки маҳаллий радио орқали эълон берилади. Ўзбекистонликлар японларнинг ана шу жиҳатини ўргансалар арзийди.

Япониялик келин одамларнинг ариқ ва зовурларга ювинди ва бошқа тур чиқиндиларни ташлашини айтиб, «Она табиатга суиқасд» деб баҳолашини таъкидлади.

Хоразмнинг олис бир қишлоғидаги Рўзметовлар хонадонида япониялик келинчак ўзбекона кийинганча қўни-қўшниларга таъзим қилади, ҳовли супиради, ош дамлайди, боласига аллалар айтади. Унинг касби шифокор, лекин у бугунги кунда Хива шаҳридаги Ичанқалъа музей-қўриқхонасида гид-таржимон ва хусусий ўқув марказларидан бирида япон тили ўргатувчиси бўлиб ишлаяпти. Суҳбат давомида Микако фарзанди Нажотбекнинг иммунитети кучли бола бўлиб улғаяётганини айтиб, фахрланиб қўйди.

– Япония қанчалик мусаффо ва кўркам ўлка бўлмасин, ёш болаларнинг саломатлиги жуда нозик бўлади. Уларнинг ожиз жиҳати шундаки, улар сизнинг фарзандларингиз каби чанг-тупроқ кўчаларда ўйнашса, дарров касал бўлиб қолишади. Ўзбек болаларининг иммунитети кучли эканининг асосий сабаби бу серқуёш заминда етиштирилаётган мева ва сабзавотларнинг турли хил фойдали дармондориларга бой эканида деб биламан, – дейди Кунчиқар юрт фарзанди бўлмиш Микако Сугавара. – Ҳозир мен Хоразм иқлимига тўла мослашиб улгурдим. Бунга ўзимнинг тиришқоқлигим, меҳнатсеварлигим сабаб бўлди, деб ўйлайман.

У ўлкамиз мева-чева ва сабзавотларининг жуда тотли эканини оғзидан бол томиб мақтаб ҳам қўйди. У билан хайрлашарканмиз, «Инсон ҳар қандай жойни ҳам ўзининг меҳнати билан обод ва кўркам маконга айлантиришга қодир», деган сўзлари қулоғимиз остида яна бир бор жаранглагандек бўлди. Бу миқтигина меҳнаткаш ва тиниб-тинчимас япон аёлининг улкан қалб соҳиби эканига яна бир карра амин бўлдик.

 

Эрпўлат БАХТ,

Шоира ЖАҲОН




Ўхшаш мақолалар

Еттинчи синфда  унаштирув

Еттинчи синфда унаштирув

🕔15:57, 08.01.2024 ✔107

ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

Батафсил
Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

🕔17:36, 23.11.2023 ✔183

Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Батафсил
Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

🕔10:24, 27.10.2023 ✔192

Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Еттинчи синфда  унаштирув

    Еттинчи синфда унаштирув

    ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

    ✔ 107    🕔 15:57, 08.01.2024
  • Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

    Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

    Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

    ✔ 183    🕔 17:36, 23.11.2023
  • Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

    Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

    Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

    ✔ 192    🕔 10:24, 27.10.2023
  • Фикр  От қачон  қозиғини  топади?..

    Фикр От қачон қозиғини топади?..

    Ўзбекнинг мақоли: «От айланиб қозиғини топади», дейди. Лекин бизнинг таълим-тарбия отимиз узлуксиз айланмоқда. Бир италиён Монтессори, ... кейин корейс, энди фин услубиётига бошини уриб кўрмоқда. Ҳозиргина ўқиб қолдим, Саудия Арабистони таълимини андоза қилишар эмиш...

    ✔ 209    🕔 13:18, 06.09.2023
  • Япониялик келин

    Япониялик келин

    Бундан роппа-роса уч йил муқаддам Микако Сугаваранинг қизиқарли тақдири ҳақида газетамизда ёзган эдик. Яқинда яна унинг хонадонида меҳмон бўлдик, дилдан ўтган суҳбатимиз таассуротларини сизларга ҳам илиндик.

    ✔ 223    🕔 13:15, 06.09.2023
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар