Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ўзгараётган иқлим дунё ва одамлар ўзгаришини кутмоқда

Сўнги йилларда аномал сўзи тилимизга ўрнашиб қолди. Аномал иссиқ, аномал совуқ, аномал чанг-тўзон... Жазирама кунларда ҳаммамиз глобал исиш ҳақда кўп ўйлаймиз, келажак ҳақида қайғурамиз. Об-ҳавонинг сўнгги даврлардаги бундай инжиқликларини умумий қилиб «иқлим ўзгариши» дейиш тўғри бўлади.

Ўзгараётган  иқлим  дунё ва  одамлар  ўзгаришини  кутмоқда

Иқлим ўзгариши муаммоси йилдан-йилга долзарблашиб бормоқда. Нима сабабга кўра иқлим бунчалик инжиқ бўлиб қолди? Бу ҳолатни ўзгартириш учун биз нима қилишимиз лозим? Бизни келажакда нималар кутмоқда?

Яқинда АҚШнинг «New York Times» газетасида эълон қилинган мақолада ушбу мавзу турли ракурсларда таҳлил этилган. Мақолада келтирилган аргументлар бугунги кунда бизни ўйлантираётган экологик масалаларга ҳам бевосита дахлдор эканини ҳисобга олиб, ушбу мақола таржимасини эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

 

Нима юз бермоқда?

Глобал исиш билан бир қаторда, иқлим ўзгариши муаммоси қаторига ёғингарчиликларнинг бир маромда эмаслиги, гоҳида қурғоқчилик бўлиши, гоҳида эса бирдан ёғингарчиликлар кўпайиб ҳудудларни сув босиши ҳам киради. Аслида иқлим ўзгариш­ларининг сабаби нимада? Келинг, бир бошдан, ҳозирги даврдаги ҳолатни таҳлил қилишдан бошлаймиз.

 

Ернинг кўтарилиб бораётган ўртача ҳарорати

Бор-йўғи 1 °C дан озгина кўпроққа – бу аслида сиз тасаввур қилаётгандан-да ёмонроқ кўрсаткич. 1980 йилдан, яъни маълумотлар глобал даражада қайд этилиш бошлангандан бери ва 2017 йил ҳолатига солиштирадиган бўлсак, Ер сайёрасининг ўртача ҳарорати 1 °C га ошган. Бу рақам сезиларли эмасдек кўриниши мумкин, аммо унга сайёра юзасидаги ўртача кўрсаткич сифатида қарайдиган бўлсак, ўзгариш катта эканлигини, оқибатда музликлар эриётганини ва денгизлар даражасининг кескин кўтарилаётганини кўришимиз мумкин. Агар иссиқхона газларининг тарқалиши тўхтамаса, олимлар Ер сайёраси ўртача ҳароратининг 4 °C га ошишини прогноз қилишмоқда. Бу эса қуруқликнинг катта қисмини инсон ҳаёти учун яроқсиз ҳолга келтириб қўяди.

 

«Иссиқхона эффекти» ва унинг иқлимга таъсири

Бунга ишониш қийин, лекин инсоният «иссиқхона эффекти» ҳақида бир асрдан кўпроқ вақт давомида хабардор. ХIХ асрда олимлар айрим газларнинг Ердан чиқадиган иссиқликни ушлаб туришини ва уларнинг ёрдамисиз бу иссиқлик коинотга чиқиб кетишини аниқлашди. Бу жараёнда асосий ролни карбонат ангидрид ўйнайди: усиз сайёра музлаган чўлга айланган бўлар эди. 1896 йилда иссиқхона газлари концентрациясининг ошиши сабабли сайёрадаги ҳароратнинг ошиши ҳақида илк бор башорат қилинган. Бугунги кунда уларнинг атмосферадаги сони саноат инқилобидан олдинги даврга нисбатан 43 фоизга ошди ва Ернинг ўртача ҳарорати олимлар башорат қилган қийматгача кўтарилди.

Атмосферадаги карбонат ангидрид концентрациясининг ошаётгани учун айнан инсон жавобгар дея таъкидлаш мумкинми?

Албатта! Саноат иссиқхона газлари тарқалишининг улушини аниқлаш учун радиоактив нурланишдан фойдаланилган тадқиқотлар каби ишончли далиллар мавжуд. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ортиқча газ инсон фаолиятининг натижасидир. Карбонат ангидрид даражаси ҳар доим табиий равишда кўтарилган ва тушиб кетган, аммо бу ўзгаришлар минглаб йиллар давом этган. Геологларнинг таъкидлашича, одамлар иқтисодий фаолият давомида карбонат ангидридни атмосферага табиатдан кўра кўпроқ интенсив равишда чиқаради.

 

Нега инсонлар иқлим ўзгариши фактини рад этишади?

Асосий сабаб — идеология. Баъзи консерваторлар бозорга асосланган иқлим ўзгариши сиёсатини муҳокама қилиш ўрнига, илмий далилларга қарши чиқиш орқали глобал исишни инкор қилмоқдалар. АҚШнинг собиқ президенти Трамп бир неча бор олимлар жамоатчиликни алдаш учун бутун дунё бўйлаб ёлғон ўйлаб топилаётганини ёки глобал исиш Америка саноатини беқарорлаштириш учун Хитой томонидан ўйлаб топилганини таъкидлаган. Скептикларнинг аргументлари шу қадар шубҳали бўлиб қолдики, ҳатто нефт ва кўмир ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам бундай мунозаралардан ўзларини четга олишди. Ваҳоланки, уларнинг баъзилари ҳали ҳам шундай қарашдаги сиёсатчиларнинг сайлов кампаниясини молиялаштирмоқда.

 

Оқибатлари қандай бўлади? Биз дуч келган муаммо қанчалик катта?

Аҳволимиз чатоқ. Олимларнинг таъкидлашича, яқин 25-30 йил ичида иқлим янада иссиқлашади ва об-ҳаво шароити кескинлашади. Маржон қоялари ва бошқа заиф яшаш жойлари аллақачон йўқ бўлиб кета бошлади. Атмосферага иссиқхона газлари чиқиндилари назоратсиз равишда тарқалишда давом этса, олимлар бунинг узоқ муддатли жиддий оқибатларга олиб келишидан қўрқишмоқда: булар, дунё тартибининг бузилиши, кенг кўламли миграция, Ер тарихидаги ўсимликлар ва ҳайвонларнинг олтинчи оммавий йўқ бўлиб кетишининг тезлашиши, музликлар эриши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва дунёнинг қирғоқбўйи шаҳарларининг кўп қисмини сув босиши каби оқибатлардир. Ушбу хавфларни келтириб чиқарадиган газлар ҳозирдан ўз таъсирини кўрсатмоқда ва бу бизнинг авлодимиз учун олдимизда турган чуқур ахлоқий саволлар борасида бош қотириш учун бир имкониятдир.

 

Иқлим ўзгариши бизни ҳавотирга солиши керакми?

Сиз ўз авлодларингизни ҳимоя қила оладиган даражада боймисиз? Аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, одамлар, баъзида буни сезмаган ҳолда, аллақачон иқлим ўзгариши оқибатларини бошдан кечиришмоқда. Мисол учун, денгиз сатҳининг кўтарилиши сабабли «Сенди» тўфони вақтида Нью-Йорк ва Нью-Жерсининг 83 мингга яқин аҳолиси зарар кўрди, олимларнинг фикрича, барқарор иқлим шароитида бу ҳолат содир бўлмаган бўлар эди. Ўн минглаб одамлар аллақачон глобал исиш туфайли кучайган иссиқлик тўлқинлари оқибатида нобуд бўлмоқда. Дунё бўйлаб сиёсий вазиятни беқарорлаштирган қочқинлар оқими – қисман иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Албатта, бошқа ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларда бўлгани каби биринчи ва энг оғир зарбани камбағаллар қабул қилиб олади.

 

Денгизлар сатҳи қанчалик кўтарилиши мумкин?

«Қанчалик ўсиши» эмас, қанчалик тез ўсиши аҳамиятлироқ. Денгиз сатҳи кескин суръатларда кўтарилмоқда ва ҳозирда ҳар 100 йилда 0,3 метр тезлик билан кўтарилмоқда, бу ҳукуматлар ва мулк эгаларини қирғоқ эрозиясига қарши курашиш учун ўнлаб миллиард доллар сарфлашга мажбур қилмоқда. Аммо бу тенденция ўзгармаса, бундай ўсиш оқибатларини назорат қилиш мумкин, дейди экспертлар.

Бироқ, хавф шундаки, денгиз сатҳининг кўтарилиши давом этаверади. Ер тарихини ўрганувчи олимлар, энг ёмон ҳолатда, гарчи бу эҳтимолдан йироқ бўлса-да, ўн йил ичида сув ярим метрга кўтарилишига ишонишади. Кўпгина экспертларнинг фикрича, эртага иссиқхона газлари чиқиндилари тўхтаган тақдирда ҳам, денгиз сатҳининг 4-6 метрга кўтарилиши муқаррар ва бу кўплаб шаҳарларни сув босиши учун етарли. Албатта, агар уларни ҳимоя қилиш учун триллионлаб доллар сарфланмаса. Бу қанча давом этиши номаълум. Аммо агар бу шундай давом этса, у охир-оқибат 24-30 метргача кўтарилиши мумкин.

 

Яқинда юз берган табиий офатларнинг иқлим ўзгаришига алоқаси борми?

Баъзилари – ҳа. Олимлар иссиқлик тўлқинларининг сабаби глобал исиш эканлиги ҳақида ишончли далилларни эълон қилишди. Инсонлар яшаш тарзи туфайли чиқаётган чиқиндилар оқибатида глобал денгиз сатҳи кўтарилгач, тропик ёмғирлар ва тошқинлар кучаяди. Глобал исиш Яқин Шарқдаги қурғоқчиликни кучайтирди ва яқинда Калифорния­даги қурғоқчиликка ҳисса қўшган бўлиши мумкин.

Кўпгина бошқа ҳолатларда, бўрон каби табиат ҳодисаларининг глобал исиш билан боғлиқлиги аниқ ёки баҳсли эмас. Аммо иқлим таҳлилининг замонавий усуллари олимларга табиат ҳодисалари ҳақидаги билимларини доимий равишда яхшилаш имконини беради.

 

Муаммонинг ечими борми?

Бор, лекин қарорлар жуда секин қабул қилинмоқда. Инсоният узоқ вақт давомида ҳеч қандай чора кўрмади, шунинг учун олимларнинг фикрига кўра, ҳозирда вазият умид бахш этмайди. Аммо Ер юзида қазиб олинадиган ёқилғи бор экан, ҳаракат қилиш учун ҳали ҳам кеч эмас. Атмосферанинг қизиши фақат иссиқхона газлари чиқиндилари нолга туширилганидагина, потенциал бошқарилиши мумкин бўлган кўрсаткичга келади.

Яхши янгилик: автомобиллар учун ёқилғи тежамкорлиги стандартлари, жиддий қурилиш қоидалари ва электр станциялари учун эмиссия чегаралари каби дастурлар натижасида ҳозирда кўплаб мамлакатларда газ чиқиндилари миқдори камаймоқда. Аммо мутахассислар иқлим ўзгаришининг энг ёмон оқибатлари олдини олиш учун қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириш керак, деган фикрда.

 

Париж келишуви ўзи нима?

Кўплаб давлатлар келажакда газ чиқиндиларини чеклашга келишиб олишди. 2015 йил декабр ойида Париж яқинида муҳим келишувга эришилди. Келишувга кўра, чиқиндиларни камайтириш мажбурий эмас ва жиддий оқибатларнинг олдини олиш учун ваъдаларнинг ўзигина етарли бўлмайди. Мамлакатлар умумий эълон қилинган мақсадга эришишда ўз ҳиссаларини ошириш­лари учун шартнома бир неча йилда бир марта кўриб чиқилиши керак. Доналд Трамп 2017 йилда АҚШ Париж келишувидаги иштирокини тўхтатаётганини эълон қилди. Бошқа давлатлар, АҚШ ниятидан қатъи назар, ўз мақсадларига эришиш учун олдинга силжишларини айтишди.

 

Экологик соф энергия иқтисодиётга зарарми?

Қайта тикланадиган энергетика соҳасида аҳоли бандлиги юқори суръатларда ўсиб бормоқда. Қайта тикланадиган энг кам энергия манбаларига шамол турбиналари, қуёш панеллари, гидро­электростанциялар ва атом электр станциялари киради. Табиий газда ишлайдиган электр станциялари ҳам кўмир ёқадиганларга қараганда камроқ газ чиқиндиларини чиқаради. Қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш қисқа муддатда қимматга тушиши мумкин, аммо узоқ муддатда барча инвестициялар иқлимга етказилган зарарни қоплаш ва ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ касалликларни камайтириш орқали оқланади. Қайта тикланадиган энергия бозорининг кенга­йиши уларнинг таннархини пасайтиради ва натижада тоза энергия дунёнинг бир қанча мамлакатларида ишлаб чиқарилган «ифлос» энергиядан арзонроқ бўлади.

Тоза энергияга ўтиш кўмир компаниялари каби айрим саноат тармоқларига зарар етказади, аммо, янги иш ўринларини ҳам яратади. Мисол учун, АҚШ қуёш энергетикаси саноатида ҳозирда кўмир қазиб олиш саноатига нисбатан икки баравар кўпроқ одам ишлайди.

 

Фрекинг ёки тоза кўмир-чи?

Иккала технология ҳам энергияни тоза қилишга ёрдам беради. Фрекинг — бурғулаш технологияси бўлиб, одатдаги газ қазиб олиш учун ортиқ яроқли бўлмаган ёки фойда келтирмайдиган бўш турган қудуқларни «жонлантириш» имконини берди. Электр станцияларида кўмир ўрнига газни ёқиш қисқа муддатда чиқиндиларни камайтиради, гарчи газ ҳали ҳам қазиб олинадиган ёқилғи бўлиб, уни босқичма-босқич тўхтатиш керак бўлади. Фрекинг ҳам маҳаллий ифлосланишни юзага келтириши мумкин.

«Тоза кўмир» – бу печларда ёниш пайтида чиқариладиган карбонат ангидридни ушлаш ва уни тупроққа олиб ташлаш имконини берувчи технологиялар тўплами. «Тоза кўмир» иқтисодий жиҳатдан фойдали эканлиги ҳали исботланмаган, бироқ баъзи экспертларнинг фикрича, бу технологиялар узоқ муддатли истиқболда муҳим роль ўйнаши мумкин.

 

Электромобиллар ҳақида нима дейиш мумкин?

Савдо даражаси ҳамма жойда ҳали ҳам паст, лекин у тез ўсиб бормоқда. Электромобиллар тунги вақтда электр тармоғидан қувватланади ва атроф муҳитни ифлослантирмайди, кундузи шаҳар бўйлаб ҳаракатланади. Улар ёнувчи двигателли транспорт воситаларига қараганда анча самаралидир ва ҳатто қайта зарядлаш учун зарур бўлган электр энергияси кўмир ёқишдан келиб чиққан тақдирда ҳам тараққиётга хизмат қилади. Албатта, электр транспорт воситалари тоза энергия билан зарядлангандагина бебаҳо бўлади. Электротехника саноати шу қадар тез ривожланмоқдаки, баъзи мамлакатлар 2030 йилдан бошлаб ички ёнув двигателли автомобилларни сотишни тақиқлашни муҳокама қилмоқда.

 

Углерод солиғи, углерод сотиш ва углерод компенсацияси нима?

Бу фақат ифлосланишдан келиб чиққан харажатларни аниқлаш шартлари холос. Инсон фаолияти натижасида чиқариладиган иссиқхона газлари одатда қисқача «углерод эмиссияси» деб аталади. Бунинг сабаби шундаки, иккита асосий газ, карбонат ангид­рид ва метан таркибида углерод мавжуд. Баъзи бошқа ифлослантирувчи моддалар, ҳатто улар таркибида углерод бўлмаса ҳам, солиқлар ва квоталарга тортилади.

Солиқлар, углерод учун квоталарни сотиш ва компенсациялар ҳақида эшитганингизда, шуни билингки, бу иқтисодчилар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришда муҳим қадам деб ҳисоблайдиган эмиссия нархини белгилаш усулларидан бир нечтасидир.

 

«Иқлим ўзгариши мени қўрқитмоқда. Вазиятга шахсан қандай таъсир қилишим мумкин?»

Мутахассисларнинг таъкидлашича, муаммони фақат кенг кўламли коллектив ҳаракатлар билан ҳал қилиш мумкин. Бутун штатлар ва давлатлар энергия саноатини тоза, мавжуд бўлган барча усуллардан фойдаланган ҳолда ва жуда тез ишлашга қарор қилишлари керак. Шундай экан, сиз ўз қонуний ҳуқуқингиздан фойдаланган ҳолда қилишингиз мумкин бўлган энг муҳим иш: муаммо ҳақида очиқ-ойдин гапириш ва ўзгаришларни талаб қилишдир.

Ўзингиз сабабли юзага келаётган углерод зарарини камайтиришнинг оддий усуллари мавжуд, бу сизга, шунингдек, пулни тежаш имконини ҳам беради. Кундалик ҳаётда электр энергиясидан оқилона фойдаланиш мумкин: бунинг учун инттелектуал термостат ўрнатиш лозим, ёруғлик лампаларини энергияни тежайдиган лампалар билан алмаштиринг, хонадан чиқаётганда чироқларни ўчиринг. Бундан ташқари, бошқа одамларга қўшилиб, жамоат транспортидан фойдаланиш орқали ҳам қисқароқ масофаларга етиб боришингиз ва шу билан машинангиздан чиқадиган зарарни камайтиришингиз мумкин. Ниҳоят, ўзининг истеъмол қиладиган озиқ-овқат миқдорини, айниқса, гўшт истеъмолини камайтиришингиз мумкин.

Йилига бир ёки иккита самолёт орқали парвоздан воз кечиш, умумий жиҳатдан олиб қараганда, зарарларни камайтириши мумкин. Агар имкон қадар кўпроқ ҳисса қўшмоқчи бўлсангиз, электр ёки гибрид автомобиль сотиб олинг ёки уйингизда қуёш панелларини ўрнатинг. Агар сиз яшаётган мамлакат рақобатбардош электр энергияси бозорига эга бўлса, 100 фоиз «яшил» энергия­га ўтиш ўзингизнинг қўлингизда.

Етакчи корпорациялар, жумладан, автомобиль заводлари каби йирик саноат корхоналари ўз фаолиятида давомида тоза энергиядан фойдаланишни бошлашди. Компанияларнинг сиёсатига эътибор беринг, уларнинг углерод зарарини камайтиришга ҳаракат қилаётганларни қўллаб-қувватланг ва бошқа компанияларга сиз улардан худди шундай нарсани кутаётганингизни билдиринг.

Бу қадамлар кичик бўлиб туюлиши мумкин, аммо булар сизнинг муаммо ҳақидаги хабардорлигингизни оширади ва атрофингиздагиларни бундан хабардор бўлишга ундайди. Аслида, дўстларингиз ва оилангиз билан иқлим ўзгаришини муҳокама қилишингиз сиз қўшишингиз мумкин бўлган энг мазмунли ҳисса бўлади.

 

Достон АҲАДОВ таржимаси




Ўхшаш мақолалар

Тежаш – табиатга  юкни камайтиради

Тежаш – табиатга юкни камайтиради

🕔09:43, 14.06.2024 ✔59

Келажак қайта тикланувчи энергия ресурслариникидир, қайта тикланмайдигани эса тугаб бормоқда

Батафсил
Мактабдаги  муаммолар қачон тизимли  ҳал этилади?

Мактабдаги муаммолар қачон тизимли ҳал этилади?

🕔15:53, 10.06.2024 ✔33

Мана, ўқув йили ҳам якунланиб мактаб таълими тизими бироз нафас ростлаётгандек. Аммо бу тизимдаги мавжуд муаммолар ҳақида бош қотириш, уларни тезкор ҳал этиш ва янги ўқув йилига тайёргарликнинг айни палласи ҳозир.

Батафсил
Қурилиш чиқиндилари катта даромад  манбаига айланишига қандай омиллар  тўсқинлик  қилмоқда?

Қурилиш чиқиндилари катта даромад манбаига айланишига қандай омиллар  тўсқинлик қилмоқда?

🕔10:03, 10.06.2024 ✔48

Қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш ва иккиламчи ресурс сифатида иқтисодиётда фойдаланиш муаммолари юзага кела бошлади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар