Табиат      Бош саҳифа

Яна тунда миллирд сўмлик дарахтлар кесиб кетилди

Бугун виждон деса фақат пулни кўраётган баъзи «тадбиркор»лар томонидан табиатга қилинаётган аёвсиз муносабат, дарахтларнинг кесиб кетилаётгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Яна тунда  миллирд сўмлик дарахтлар  кесиб кетилди

Бироқ, афсуски, бундай норозиликларнинг кучи дарахткушликни тўхтатиб қолишга етмаяпти. Барибир дарахтлар кесиляпти, тадбиркорлар эса унинг ўрнига бирор бино ёки уй қуриб сотиб чўнтагини қаппайтирмоқда.

Яқинда Яшнобод туманидаги «Илтифот» маҳалласи ҳудудида қимматбаҳо дарахтлар кесиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маҳалла фуқароларининг сўзларига кўра, қурилиш ишлари бошланишидан олдин ушбу ҳудудда 140 га яқин дарахт бўлган, ҳозирда эса уларнинг сони 30 тани ҳам ташкил этмаслиги маълум бўлди. Демак, йўқ қилинган дарахтлар сони ва етказилган зарар миқдори бундан-да кўпроқ бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар етарли.

Давлат экология қўмитаси раи­си Нарзулло Обломуродов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Носиржон Аминов ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари мазкур маҳаллада бўлиб, ҳолат билан яқиндан танишишди. Давлат экология қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Яшнобод тумани «Илтифот» маҳалласида «Yangi zamon bino» қурилиш компанияси томонидан олиб борилаётган объектда 16 туп қимматбаҳо дарахт ноқонуний кесиб ташланган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 3 млрд. 514 млн. 200 минг сўмни ташкил этмоқда ва бу маблағ ҳозирда тўлиқ ундирилган.

Шу куннинг ўзида «Илтифот» маҳалласидаги ушбу ҳудудга қурилиш ташкилоти томонидан 200 тупдан зиёд ноёб ва қимматбаҳо манзарали дарахтлар келтирилиб, экилди. Уларнинг униб-ўсиб кетиши учун масъулият ҳам ўша тадбиркор зиммасига юклатилди.

Буни қарангки, кесилган дарахт­ларнинг кундаси совимасдан Тошкент шаҳрининг қоқ марказидаги истироҳат боғи яқинида ҳам дарахтлар кечаси кесиб кетилгани ҳақида жамоатчилик хабар топди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан маълумот берилишича, Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси «Дўстлик» боғи яқинида ярим тунда дарахтлар кесилгани тўғрисида маълумот келиб тушган. Шундан сўнг, Давлат экология қўмитаси мутасаддилари, Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, Тошкент шаҳар экология бошқармаси, Яккасарой туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўрганиш ўтказилган.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, «Vinera tower» МЧЖ томонидан қурилиш қилиш мақсадида ҳудуддаги 2 туп қимматбаҳо ва 4 туп кам қимматли бўлган жами 6 туп дарахт тегишли рухсатномасиз, қонунчиликка зид равишда бошқа жойга кўчириб ўтказилгани оқибатида дарахтлар нобуд қилинган. Шунингдек, қурилиш учун қазиш ишлари туфайли 4 туп дарахтнинг илдизига шикаст етказилган. Яна маълум бўлишича, «Vinera Tower» МЧЖ аввал ҳам ҳудуддаги 6 туп дарахтни ноқонуний равишда кесган ва ўсимлик дунёсига
430 млн. 515 минг сўм миқдорида зарар келтирган.

Ҳолат бўйича «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 32, 37-моддалари талаби бузилиб, дастлабки ҳисоб-китоб­ларга кўра, ўсимлик дунёсига 218 млн.­ 370 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди. Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қурилиш лойиҳаларини амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Аниқланишича, мазкур қурилиш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган.

Яшнаб турган дарахтларни бемалол кесиб эртага ўрнига ниҳол қадаб қўйиш билан ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки бир дарахтнинг вояга етиб, атроф муҳитга фойдаси тегадиган даражага етиши учун йиллар керак бўлади.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда яшил майдонлар яратиш, ўрмонзорларни кенгайтириш, мавжуд яшиллик дунёсини муҳофазалаш бўйича бир қатор топшириқ ва вазифалар берилиб келинмоқда.

Икки йилдан бери қанча аҳоли, раҳбарлару, фермерлар, борингки ёшу қари, лойу ёмғирда ҳам дарахт экиб юрибди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Республикада ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш ва дарахтларни муҳофаза қилишни янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳам имзоланган бўлиб, унга мувофиқ, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилишни назарда тутувчи кўрсатмаларни ўз ичига олган ҳукумат фармо­йишлари, баённомалар, ёзма топшириқлар, идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг кўрсатмалари ва қарорларини қабул қилиш қатъиян таъқиқланган.

Хўш, шунчалик қаттиқ тартиб ўрнатилганига қарамасдан нима учун дарахтларни кесиш тўхтамаяпти? Ажабланарли томони, дарахт ёки унинг танаси керак бўлгани учун эмас, ўша дарахт турган ер керак бўлгани, қўлида ўша жойга эгалик ҳақидаги қоғозни кўтариб олган ҳолда содир этиляпти дарахткушлик. Унда ўша ерга қайси раҳбар, қайси маъмурий идора эгалик ҳуқуқини берган тадбиркорга? Нега бу ҳолатларга Тошкент шаҳар ҳокимлиги сукут сақламоқда?




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔54

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔100

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔104

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар